Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:19

Халқаро хабарлар

Қирғизистонда электр энергияси билан боғлиқ чекловлар олиб ташланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўтган ҳафта охиридан Қирғизистонда электр энергияси таъминоти бўйича чекловлар бекор қилинган.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги қайдича, мазкур қарор ҳарорат кўтарилиши ортидан электр энергияси истеъмоли камайгани билан боғлиқдир.

Вазирлик маълумотига кўра, ўтган ҳафта якунида мамлакат бўйлаб электр энергияси истеъмоли 61 млн 117 минг кВт/соатни ташкил этган, ваҳоланки 8 мартдан аввалги кунларда истеъмол 70 млн кВт/соатга етаётган эди.

Қирғизистонда электр энергияси таъминоти бўйича қисқа муддатга чекловлар киритилиши ортидан мамлакатнинг турли ҳудудларида яшаётган аҳоли вакиллари ҳар куни эрталаб ва оқшом пайти бир неча соат электрсиз қолаётганларини маълум қилишган.

Энергетика вазирлиги киритилган чекловларни келгуси кузги-қишки мавсумга ҳозирлик бошлангани ҳамда Тўқтоғул ва Учқўрғон ГЭСларининг эскирган гидроагрегатларини таъмирлаш ишлари билан изоҳлаган эди.

Кун янгиликлари

Россияда военкоматни ёқишга уринган шахс 10 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарадаги Марказий округ ҳарбий суди жорий ой бошида ҳарбий комиссариат биносини ёқишга уринган пермлик Владислав Дилмухаметовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. У террор фаолиятига кўмаклашганлик (Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1-қисми 1-банди) ҳамда террор хуружига ҳозирланганликда (РФ Жиноят кодексининг 30-моддаси 1-қисми ва 205-моддаси 1-қисми) айбдор деб топилган. Бу ҳақда “Зона солидарности” лойиҳаси маълум қилди.

Суд қаноатича, Дилмухаметов 2022 йилда Пермдаги военкоматлардан бирини қўлбола ёнувчи мослама ёрдамида ёқиб юборишни режалаган. У кўзлаган ишини амалга оширишга улгурмай туриб қўлга олинган. У 10 йиллик муддатнинг тўрт йилини қамоқда, қолган олти йилини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

Тергов иддаосича, Дилмухаметов бино ўт қўйишдан олдин бир таниши билан ёзишмалар олиб борган ва гўё “унда ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишда иштирок этиш истагини шакллантирган”.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён Россияда ҳарбий комиссариатларга ўт қўйишга уриниш ҳолатлари кўп кузатилган. Россиялик ҳуқуқ-тартиботчилар кўпинча “диверсантлар” биноларга ўт қўйишга “буюртма”ни “Украинадаги кураторлари”дан олганини иддао қилишади. Бунақа “кураторлар” ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ёки улар қўлга олинганига оид маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.

Германияда марказий осиёлик етти киши терроризмда гумонланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Германия федерал прокуратураси Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган етти нафар фуқарога террористик гуруҳ ташкил қилиб, унинг фаолиятида иштирок этганлик ва “Ислом давлати” террор ташкилотини дастаклаганликка оид айблов билдирди. Бу ҳақда прокуратура сайтидаги баёнотда айтилган.

Gazeta.uz хабарига кўра, айбланувчилар Германия ғарбида жойлашган Шимолий Рейн-Вестфалияда ўтган йил ёзида қўлга олинган ва ўшандан буён ҳибсхонада сақланмоқда. Қўлга олинганлардан беш нафари Тожикистон, бири Туркманистон, яна бири эса Қирғизистон фуқаролари экани айтилган. Прокуратура қайдича, бу одамлар “анчадан бери бир-бирларини танишади ва радикал исломий қарашларга эгалар”.

Баёнотда келтирилишича, айбланувчилар Германияга 2022 йил баҳорида Украинадан келишиб, мамлакатда ҳужумлар уюштириш учун террор гуруҳи тузишган. “Бунинг учун улар мунтазам равишда учрашишиб, ҳужум қилиниши мумкин бўлган объектларни кўздан кечиришган ҳамда қурол сотиб олишга уринишган”, дея иддао қилган прокуратура.

Айни пайтда, ҳуқуқ-тартиботчилар қайдича, қўлга олинган пайтда уларда конкрет ҳужум режаси бўлган эмас. Қўлга олинганлар ИДнинг Афғонистондаги “Хуросон” бўлинмаси аъзолари билан алоқада бўлишган.

Бундан ташқари, гуруҳдаги бир кишидан ташқари айбланувчиларнинг барчаси “Ислом давлати” учун пул йиғишган ва 2022 йил апрелидан 2023 йил майигача террорчиларга бир неча минг евро ўтказиб беришган.

Байден Украинага ҳарбий ёрдамга оид қонун лойиҳасини имзолади

АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйдаги брифингда, 2024 йил 24 апрели
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйдаги брифингда, 2024 йил 24 апрели

АҚШ президенти Украинага қарийб 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасига имзо чеккан. Бу ҳақда Жо Байден 24 апрель куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Бугун дунё учун ажойиб кун. Бу Американинг ҳамкорлари ўз суверенитетларига қарши хавф-хатарлар билан кураша олишлари учун уларга берилган ҳаётий жиҳатдан зарурий дастакдир”, деган Байден.

Оқ уй вакиллари Украинага қурол-аслаҳанинг биринчи партиясини етказиш зудлик билан, шу ҳафтанинг ўзида бошланишини билдиришган. Ҳарбий ёрдамнинг қиймати қарийб бир миллиард долларга тенг бўлган илк пакетига ҳавога қарши мудофаа тизимлари, артиллерия, ракета тизимлари учун ўқ-дорилар ва зирҳли техника киради.

Украина ва АҚШнинг иттифоқчилари саналган бошқа мамлакатларга кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича муҳокамалар Қўшма Штатлар ҳукуматида салкам ярим йилдан буён давом этиб келаётган эди. 21 апрель куни қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси томонидан маъқулланган, 24 апрель куни эса ҳужжат Сенат томонидан тасдиқланган.

Қонун лойиҳаси доирасида ёрдамнинг 60 миллиард 800 миллион доллари Украинага, 26,4 миллиарди Исроилга ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамига, 8,1 миллиарди эса Тайвань ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларига ажратилмоқда. Консерватив республикачиларга ён бериш ўлароқ ёрдам пакетининг 10 миллиард доллари Украинага кредит шаклида ажратилган, бироқ бу қарздан ҳам 2026 йилда президентнинг махсус қарори билан кечиб юборилиши мумкин.

Эронда таниқли рэпер Солиҳий қатл этиладиган бўлди

Тумаж Солиҳий
Тумаж Солиҳий

Эрон расмийлари машҳур рэпер Тумаж Солиҳийни ўлимга ҳукм этишди. Бу ҳақда 24 апрель куни Reuters агентлиги хабар қилди.

Солиҳийга нисбатан чиқарилган ҳукм унинг 2022-2023 йилларда Эронда кузатилган оммавий норозилик чиқишларидаги иштироки билан боғлиқ. Артист ўз қўшиқлари ва омма олдидаги чиқишларида норозиларни қўллаб-қувватлаган.

Солиҳий 2022 йил октябрида ҳибсга олинган эди. 2023 йили Эрон Олий суди уни 6 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бироқ Исфаҳон шаҳар суди Олий суд қарорини қайта кўриб чиқиб, рэперга ўлим ҳукмини чиқарган.

Солиҳийнинг адвокати Амир Раисиён шаҳар судининг бу ишини мисли кўрилмаган ҳолат деб атаб, ўз ҳимоясидаги шахс ҳукм устидан шикоят қилишини билдирган.

Эронда оммавий норозилик чиқишлари ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олингани ортидан вафот этган толиба Маҳса Аминий ўлимидан кейин — 2022 йил сентябрида бошланган. Полиция маълумотига кўра, Аминий инсультни бошдан кечирган, бироқ унинг яқинлари полициячилар қизни уриб ўлдиришганига шубҳа қилишмайди.

Кўча намойишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.

Россияда урушни истамагани учун таъқиб этилганлар сони 900дан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россияда урушга қарши бўлгани учун камида 902 кишига қарши иш қўзғатилган. Улардан 261 нафари озодликдан маҳрум этилган: улар тергов ҳибсхоналари, колониялар ёки мажбурий даволаниш жойларида сақланмоқда. Бу ҳақда Россиядаги “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик медиалойиҳаси маълумот тарқатди.

Лойиҳа қайдича, 285 киши фейкларга оид модда, 172 киши эса Россия армияси ёки расмийларини обрўсизлантирганлик моддаси бўйича таъқиб қилинмоқда. Бу моддалар РФ Жиноят кодексига Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кўп ўтмай киритилган. Россия судлари Украинадаги уруш ҳақида мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига мос ҳар қандай маълумотни фейк деб тан олишади. Обрўсизлантириш деганда эса судлар, масалан, Украинадаги уруш контекстида “уруш” сўзи ишлатилишини тушунишади. Бу “жиноятлар” учун Россияда узоқ йилларга қамалиш мумкин.

Терроризмни оқлаш моддаси бўйича 175 киши айбланмоқда. Уларга қарши иш қўзғатилишига бошқа сабаблар қаторида кремлпараст блогер Владлен Татарскийнинг ўлими ва Қрим кўпригининг портлатилиши тўғрисидаги постлар, шунингдек, Россияда ҳокимиятни куч билан алмаштириш чақириқлари асос бўлган.

Урушга қарши позиция учун очилган ишлар Россиянинг фақат тўртта ҳудудида — Чеченистонда, Қорачой-Черкесияда, Ненец мухтор округи ва Брянск вилоятида йўқ, холос. Урушга қарши бўлганларга нисбатан иш очиш энг кўп Москвада (159 киши), Санкт-Петербург шаҳрида (77 киши) ва Свердловск вилоятида (29 киши) кузатилган.

Айбланувчиларнинг камида 67 нафари қийноққа дучор этилган: ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни калтаклашган, зўрлашган, электр токи билан қийнашган, оғизларига скотч ёпиштиришган. Таъқиб қилинаётганларнинг 260 нафари айни пайтда Россияда эмас: уларга нисбатан суд ҳукмлари ва эҳтиёт чоралари сиртдан эълон қилинган.

Айбланувчиларнинг 122 нафарини фаоллар, 46 нафарини журналистлар, 43 нафарини сиёсатчилар ва 37 нафарини санъат арбоблари ташкил этади. Шунингдек, улар орасида ҳарбийлар, блогерлар ва ўқитувчилар ҳам бор. Улардан ташқари шахслар эса “бошқа касб” эгаларидир.

Шимолий Корея делегацияси музокара ўтказиш учун Эронга борди

Шимолий Кореянинг ташқи иқтисодий алоқалар вазири Юн Чжон Хо бошчилигидаги делегацияси Эронга етиб борган. Бу ҳақда хабар қилган КХДР Марказий телеграф агентлиги ташрифга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.

Шимолий Корея ва Эрон баллистик ракеталар яратиш дастурлари бўйича ҳамкорлик қилаётгани, ва эҳтимолки, ракеталар ишлаб чиқариш учун техник тажриба ва компонентлар алмашаётгани юзасидан шубҳа-гумонлар анчадан буён бор. “Америка овози” қайдича, Пхеньян ва Теҳрон махфий ҳарбий алоқаларга эга, деб кўрилади.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги шимолий кореялик юқори лавозимли мулозимнинг Эронга аввалги сафари 2019 йилда бўлиб ўтгани ҳақида ёзган. Ўша пайтда Шимолий Корея Олий халқ йиғини раисининг ўринбосари Пак Чол Мин Эрон парламенти раиси билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Жанубий Корея разведкаси тахминига кўра, Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроил ҳудудига зарба беришда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар — дрон ва баллистик ракеталардан фойдаланган бўлиши мумкин.

АҚШ эса Эрон ва Шимолий Корея Россияга қурол-аслаҳа етказиб беряпти ва Россия армияси бу қуроллардан Украинага қарши урушда фойдаланмоқда, деган гумонда. Теҳрон, Пхеньян ва Москва бу айбловларнинг барчасини рад қилиб келади.

Россияда мудофаа вазири муовини порахўрликда гумонланмоқда

Тимур Иванов
Тимур Иванов

Россияда мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси 23 апрель оқшомида маълумот тарқатди.

Тергов қўмитаси бу ишга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.

Россия Мудофаа вазирлиги сайтидаги маълумотларга кўра, 49 ёшли Тимур Иванов 1999-2012 йилларда ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналарида, кейин эса Москва вилояти ҳукуматида ишлаган. 2013-2016 йилларда “Оборонстрой” бош директори бўлган Иванов Россия президентининг 2016 йил майидаги фармони билан мудофаа вазири ўринбосари этиб тайинланган.

Тимур Иванов қўшинларни уй-жой билан таъминлаш, вазирлик объектларини қуриш ва капитал таъмирдан чиқариш ва ҳарбий ипотека масалаларини назорат қилади. Шунингдек у, РБК нашри қайдича, Россия Қуролли кучларининг бош черкови қурилиши масалалари билан шуғулланган.

Мудофаа вазири ўринбосари Иванов АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Канаданинг санкция рўйхатига киритилган.

2022 йил декабрида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг командаси Тимур Ивановнинг оиласи ҳақидаги суриштирувини эълон қилган. Мазкур материалда Иванов ва унинг хотини Светлана дам олиш, вилла ва яхталар ижараси, қимматбаҳо тақинчоқ ва кийим-кечакка миллион евродан кўпроқ пул сарфлагани, амалдор хотинининг шахсий харажатларини эса жанговар ҳаракатлар туфайли Украинанинг Мариуполь шаҳрида вайрон бўлган биноларни тиклаш билан шуғулланаётган фирма қоплагани айтилган.

АҚШ Сенати Украинага ёрдам пакетини маъқуллади

АҚШ Конгресси Сенатидаги кўпчилик лидери Чак Шумер
АҚШ Конгресси Сенатидаги кўпчилик лидери Чак Шумер

АҚШ Конгрессининг юқори палатаси (Сенати) 23 апрель оқшомида Қўшма Штатларнинг Украина дохил иттифоқчиларига 95,3 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга мувофиқ, умумий ёрдам пакетидаги маблағнинг қарийб 61 миллиард доллари Украинага ажратилган.

Қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан маъқулланган: ҳужжат қабул қилинишини 79 нафар сенатор маъқуллаган, 18 киши эса қарши чиққан.

Сенатдаги овоз бериш олти ойлик муроса йўли қидириш жараёнига нуқта қўйган. Бу вақт мобайнида юқори палатадаги консерватив республикачилар Оқ уйдан АҚШ жанубий чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва бошқа талаблар билан Украинага ёрдам ташаббусига тўсқинлик қилиб келишган. Уларнинг барча талаблари бажарилган эмас, бироқ ўтган ҳафтада Вакиллар палатаси Украина, Исроил, Тайвань ва АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига ёрдам ажратишни маъқуллаган. Эндиликда қонун лойиҳаси имзолаш учун АҚШ президенти Жо Байденга тақдим этилади.

“Бутун дунёдаги иттифоқчиларимиз сўнгги олти ой давомида Конгресс фаолиятини кузатиб, “энг муҳим масалага қачон қўл урилади, Америка кучини йиғиб, бирлашиб, марказдан қочадиган кучларни енгиб, он муҳимлигини англай оладими?” деган саволни бериб келаётган эдилар. Бугун тарихнинг сергак нигоҳи остида Сенат “ҳа” деб баралла жавоб берди”, дея билдирган Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер.

Сенат қарори ҳақида маълумот пайдо бўлганидан бир неча дақиқа кейин АҚШ президенти Байден бу қонунни эртага - ҳужжат унинг столида пайдо бўлиши билан “Украинага шу ҳафтанининг ўзида қурол-аслаҳаларни йўллашни бошлай олиш учун” қўл қўйишини эълон қилди.

“Биз қатъиян демократия ва эркинликни дастаклаб, зулм ва истибдодга қарши чиқмоқдамиз”, дея урғулаган Жо Байден.

Қонун лойиҳаси доирасида ёрдамнинг 60.8 миллиард доллари Украинага, 26,4 миллиарди Исроилга ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамига, 8,1 миллиарди эса Танвань ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларига ажратилмоқда. Консерватив республикачиларга ён бериш ўлароқ ёрдам пакетининг 10 миллиард доллари Украинага кредит шаклида ажратилган, бу қарздан ҳам 2026 йилда президентнинг махсус қарори билан кечиб юборилиши мумкин.

RFE/RL ва Қозоғистон ТИВ журналистлар аккредитацияси бўйича медиатив келишувга эришди

Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи
Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиакорпорацияси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги билан Озодлик қозоқ хизмати журналистларининг аккредитацияси билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга қаратилган медиатив келишувга эришди.

Биз Ташқи ишлар вазирлиги билан эришилган мазкур келишувни олқишлаймиз”, дейилган RFE/RL медиакорпорацияси президенти ва бош ижрочи директори Стивен Капус баёнотида.

Бутун бу жараён давомида биз истаган ягона нарса — журналистларимиз Қозоғистонда ўзларининг муҳим бўлган фаолиятларини хавфсиз, ён беришларсиз давом эттира олиши бўлган. Биз аввалгидек ўз аудиториямизга мустақил, ишончга сазовор репортажларни тақдим этишга интиламиз ва аминманки, бу келишув айнан шу ишни амалга оширишимизга имкон беради”, дея билдирган Стивен Капус.

2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодликнинг қозоқ хизматида (“Азаттиқ” радиоси) ишлайдиган 36 нафар журналистга аккредитация беришни рад қилган эди. “Азаттиқ”да ишлайдиган айрим мухбирлар аккредитацияси 2022 йил охиридан буён узайтирилмай келинаётган, шу муносабат билан Озодликнинг қозоқ хизмати даъво аризаси билан судга мурожаат қилган эди.

Пашинян: “КХШТ суяниш мумкин бўлган механизм эмас”

Арманистон бош вазири Никол Пашинян
Арманистон бош вазири Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян нима учун республика ҳалигача Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлиб қолаётганига оид саволга ўзида жавоб йўқлигини билдирди.

Британия нашрларига берган интервьюсида Пашинян КХШТ чегаралар делимитация қилинмаганини баҳона қилиб, 2021 ва 2022 йилларда Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Арманистон чегаралари бузилган пайтда жавоб механизмларини ишга туширмаганини қайд этган.

У КХШТ Россия, Арманистон ва бошқа аъзо мамлакатлар суяниши мумкин бўлган механизм ўлароқ мавжуд эмаслигини урғулаган.

“Бу КХШТнинг реакцияси ва айрим аъзо мамлакатларнинг баёнотлари билан асосланади. Жамиятимиз биздан: “Нима учун КХШТга аъзо бўлиб қолишда давом этяпсиз?” деб сўраяпти. Очиғини айтганда, менда бу саволга жавоб йўқ”, деган Пашинян.

Арманистон бош вазири Россия Жанубий Кавказ минтақасида сезиларли ва жиддий роль ўйнашини ҳам билдирган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилган.

Британиялик журналистларга берган интервьюсида Пашинян Ереван Арманистон армиясидаги ислоҳотлар ва модернизация юзасидан Озарбайжондан келаётган баёнотлардан ҳам хавотирда эканини қайд этган.

Бош вазирга кўра, бир мамлакатнинг жанговар салоҳиятли армияга эга бўлиш ҳуқуқига бошқа ҳеч бир мамлакат қарши чиқолмайди.

У жанговар салоҳиятга эга армия фақат уруш учун эмас, тинчлик учун, кучлар мувозанатини барпо қилиш учун ҳам муҳимлигини урғулаган.

“Биз урушга эмас, тинчликка ҳозирланяпмиз. Бошқа томондан эса бизда Арманистон Республикаси ҳужумга учрамаслигига ҳозирча ишонч йўқ ва табиийки, биз мудофаа қобилиятимизни ривожлантиришимиз лозим”, деган Пашинян.

Бош вазир ҳозирги пайтда Арманистон ўта муҳим бўлган чегара демаркацияси жараёнига киришаётгани, бу жараён, хусусан, хавфсизлик таҳдидларини камайтириш нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаган.

Россия ҳарбийлари Харьковдаги телеминорага зарба беришди

Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси
Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси

Россиялик ҳарбийлар Харьковдаги телеминорага зарба беришган. Бир қисми қулаган телеминора видеоси ва фотосуратлари маҳаллий телеграм-каналлар томонидан ёйинланган.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов зарба ортидан Харьков шаҳрида “телевизион инфратузилма объекти”га шикаст етганини, рақамли телевидение сигналини узайтишда узилишлар кузатилаётганини маълум қилган.

Айрим манбалар мазкур телеминорада Украина ҳавога қарши мудофаа тизимининг антеннаси ўрнатилган бўлганини айтишган.

Телеминора баландлиги 240 метр бўлиб, бу шаҳардаги энг юксак нуқта эди.

Россия Украина ҳудудига, шу жумладан одамлар яшаётган тураржойларга ҳар куни зарба бериб келмоқда. 23 апрелга ўтар кечаси россияликлар Одесса ва Киевга ракета ва "Шаҳед" дронлари билан ҳужум уюштиришган. Бунинг натижасида Одессада, маҳаллий расмийлар қайдича, икки бола дохил етти киши жабрланган.

"Ҳужум натижасида Одессадаги тураржой уйларига шикаст етди, ёнғин содир бўлди. Қутқарувчиларимиз уч бола дохил 34 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди. Етти киши тан жароҳати олган, улардан икки нафари болалардир", деб ёзган Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер.

Еврокомиссия TikTok бўйича иккинчи текширувни бошлади

Европа комиссияси TikTok ижтимоий тармоғига нисбатан иккинчи текширувни бошлади. ЕК сайтида 22 апрель куни чоп қилинган хабарномага мувофиқ, текширув орқали “ширкат Франция ва Испанияда TikTok Lite иловасини ишга туширишда рақамли хизматлар (Digital Services Act, DSA) тўғрисидаги қонунни бузиб-бузмаганини баҳолаш” назарда тутилган. Бу ҳақда “Немис тўлқини” хабар қилди.

Текширувни бошлашга фойдаланувчиларга TikTok Lite иловасининг балл тўплаш имкониятини берувчи функцияси асос бўлган. Еврокомиссия маълумотига кўра, мазкур мукофотлаш тизими “юзага келиши мумкин бўлган хатарлар” диққат билан ўрганилмасдан ишга туширилган, бу ерда гап, хусусан, “одатланиб қолиш эффекти билан боғлиқ хавф-хатар ҳақида бормоқда”.

17 апрель куни Еврокомиссия TikTok Lite иловаси туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатарларни баҳолаш ҳақида TikTok’дан ҳисобот сўраган. Ширкатда регуляторга ҳужжатларни тақдим этиш учун бир сутка вақт бўлган, бироқ TikTok вакиллари бу ишни амалга оширишмаган. Эндиликда ширкатда хатарларни баҳолаш бўйича ҳисобот тақдим этишга яна бир сутка ҳамда бошқа сўралган маълумотларни бериш учун 3 майгача муҳлат бор.

Агар TikTok бу шартни бажармаса, Европа комиссияси ЕИ ҳудудида TikTok Lite дастури фаолиятини тўхтатиб қўйиши ёки ширкатни жаримага тортиши мумкин.

TikTok ширкати Еврокомиссия томонидан бошлатилган текширув юзасидан таассуф билдирган.

Бу қарор бизни умидсизлантирди — TikTok Lite мукофотлаш тизимидан 18 ёшдан кичик бўлганлар фойдалана олмайди ва видеоларни кўриш учун кунлик лимит мавжуд. Биз Европа комиссияси билан муҳокамаларни давом эттирамиз”, деган ширкат вакили.

АҚШ Исроил батальонига қарши санкция киритмоқчи

Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари
Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари

АҚШ Давлат департаменти Исроил армиясининг “Нецах Йегуда” бўлинмасига қарши санкциялар жорий этиш ниятида. Департамент маълумотига кўра, бу бўлим аскарлари Урдун дарёси Ғарбий қирғоғидаги фаластинлик араблар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда, деб ёзган Axios ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда.

“Нецах Йегуда” батальонида мутаассиб диний жамоатлардан бўлган исроилликлар хизмат ўтайди. Санкциялар бу бўлинма АҚШдан ҳеч қанақа ёрдам ололмаслиги ёки америкалик инструкторлардан таълим ололмаслигини англатади.

Нашр суҳбатдошлари қарор АҚШ Давлат департаменти махсус комиссиясининг мазкур батальон фаолияти юзасидан олиб борган текшируви асосида қабул қилинганини айтишган. Текширув исроиллик ҳарбийларнинг фаластинликларга нисбатан амалга оширилган зўравонликка алоқадорлигига оид маълумотлар тушгани ортидан 2022 йил охирида бошлаган эди.

Текширув бошланишига сабаблардан бири, Axios маълумотига кўра, 2022 йил январида асли фаластинлик бўлган 78 ёшли америкалик Умар Асаднинг ўлими бўлган. “Нецах Йегуда” аскарлари уни Ғарбий соҳилдаги қишлоқлардан бирида жойлашган назорат-ўтказиш масканида қўлга олишган. Асад исроиллик аскарларнинг текширувдан ўтиш талабини рад этган. Улар америкаликнинг қўлига кишан тақишиб, совуқда қолдиришган. Бир неча соатдан кейин унинг юраги тўхтаб қолган. Шундан сўнг, нашрнинг ёзишича, исроиллик икки зобит эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.

2022 йил декабрида Исроил “Нецах Йегуда” бўлинмасини Ғарбий соҳилдан олиб чиқиб кетган. Шундан сўнг батальон асосан мамлакат шимолида хизмат ўтаган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Axios қайдича, бу АҚШ томонидан Исроил армияси бўлинмасига қарши санкция киритилиши бўйича биринчи ҳолат бўлади. Бунинг кетидан Ғарбий соҳилда ҳаракатланаётган ЦАХАЛ (Исроил армияси) бўлинмалари ва Исроил полициясига қарши ҳам шунга ўхшаш қадамлар қўйилиши мумкин. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу “Нецах Йегуда” батальонига қарши муҳтамал санкцияларни “бемаъниликнинг энг чўққиси” деб атаган.

Эронда ҳижоб назорати бўйича янги хизмат ташкил этилди

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳасан Ҳазанзода Теҳронда аёлларнинг кийинишда шариат талабларига риоя қилиши масалалари бўйича янги ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ташкил этилганини эълон қилди.

Мазкур хизмат ходимлари, ИИПК мулозимига кўра, аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб “янада масъулиятли тарзда” ўраб юришини таъминлаш учун махсус тайёргарликда ўтишган.

Бу эълон сўнгги кунларда Эрон расмийлари аёлларнинг ахлоқ меъёрларига нақадар мувофиқ равишда кийинаётгани бўйича текширувларни кучайтирганига оид хабарлар ортидан очиқланди. Мазкур рейдлар чоғида, Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, масъуллар аёллар билан қўпол муомала қилганлар.

2022 йил сентябрида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг Эронда оммавий намойишлар бошланиб кетган эди. Норозилик чиқишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.

Эрондаги нисбатан мўътадил депутатларнинг айримлари шу кунда, шу жумладан минтақада ҳарбий қарама-қаршиликлар туфайли таранглик кучайган бир пайтда мамлакатда режимни кучайтириш заруратини шубҳа остига олганлар. Бироқ Эрон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти дресс-кодга риоя қилиниши бўйича янги чора-тадбирлар ҳамда яқиндаги рейдларни дастаклаб, буларнинг барчаси “қонун доирасида” амалга оширилаётганини урғулаган.

Покистондаги тошқин: шимоли-ғарбий ҳудудда сел кутилмоқда

Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари
Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари

Покистон шимолий-шарқида жойлашган Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида аҳоли музликлар эриши ва муттасил жала қуйиши мумкинлигидан огоҳлантирилди. Расмийлар қайдича, хавфсизлик чоралари кўрилмаган тақдирда, тошқинларнинг иккинчи тўлқини янада кўпроқ одам қурбон берилишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Покистонда экстремал об-ҳаво шароити кузатилиб, унинг натижасида ўнлаб одам нобуд бўлган эди. Тошқин одамларнинг уй-жойлари ва экинларига зарар етказган.

Экспертлар апрель ойида мамлакатда янада шиддатлироқ ёғин-сочин кузатилиши мумкинлигини айтишяпти ва буни иқлим ўзгариши билан изоҳлашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, яқиндаги тошқинларда энг кўп жабр кўрган тоғли Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида сўнгги беш кун ичида 59 киши ўлган, қурбонларнинг 33 нафарини ёш болалар ташкил қилган. Associated Press агентлиги хабарига кўра, табиий офат оқибатида камида 2875 та уй ва 26 та мактаб биноси вайрон бўлган.

Агар ўз вақтида хавфсизлик чоралари кўрилмаса, кутилаётган тошқин туфайли янада кўпроқ одам қурбон берилиши ва моддий талафотлар кўрилиши эҳтимоли мавжуд”, дея билдирган табиий офатларга қарши курашиш бўйича маҳаллий бошқарма вакили бўлган Муҳаммад Қайсар Хон.

Тиним билмаган ёмғирлардан Покистоннинг жануби-ғарбий вилояти бўлган Белужистон ҳам жабр кўрган. Расмийлар юзага келган вазиятни ҳал учун чекланган захираларга эга эканлари, лекин ёғин-сочин давом этаверса, ёрдам сўраб марказий ҳукуматга мурожаат қилишга мажбур бўлишларини билдиришган.

2022 йили келган сел ва дарёлар тошиши натижасида Покистон ҳудудининг учдан бири сув остида қолган, бунинг натижасида 1739 нафар одам нобуд бўлган эди. Ўшанда табиий офат туфайли 30 миллиард долларлик зарар кўрилгани айтилган эди.

Покистонда ёмғирлар мавсуми одатда июнь ойида бошланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG