Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Қирғизистонда электр қуввати тарифлари ошди. Ҳукумат буни соҳадаги “оғир аҳвол” билан изоҳламоқда


15 октябрдан Қирғизистонда электр ва иссиқлик энергияси учун янги тарифлар кучга кирди. Бироқ нархлар ошиши ҳамма учун эмас.

Аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолди – 700 кВт/соатгача 77 тийиндан, аммо ушбу лимитдан ошиб кетганда ҳар бир кВт/с учун 2 сом 16 тийиндан ундирилади. Корхона ва ширкатлар учун эса 1.68 сомдан 5.04 сомгача нархлар белгиланган.

Қирғизистон ҳукумати тарифлар ошишини асбоб-ускуналар эскириб қолгани ва энергетика тармоғи фаолиятини яхшиламоқчи экани билан изоҳламоқда. Расмийлар ташкилот ва корхоналар учун белгиланган электр қувватининг янги тарифлари йил охирига қадар бюджетга қўшимча 476 млн сом пул туширишига ишонмоқда.

“Нархларни оширмасак – тармоқни бой берамиз”

Энергетика ва саноат вазири Дўсқул Бекмурзаев Озодликнинг қирғиз хизмати билан интервьюда энергетика тармоғини тубдан янгилаш ва ислоҳ қилиш зарурлигини айтди:

Энергетика ва саноат вазири Дўсқул Бекмурзаев
Энергетика ва саноат вазири Дўсқул Бекмурзаев

“Биз фойда олмаяпмиз. Фақат зарарга ишлаяпмиз. Ҳозирда 15 млрд кВт/соатга яқин электр қуввати ишлаб чиқарилади. 6-7 йил муқаддам 12 млрд кВт/с истеъмол қилинар эди, ҳозир 20 млрд.дан зиёд энергия керак бўляпти. Шу боис чекловлар жорий этишга мажбурмиз. Ҳар куни лимитдан ўртача 3 млн кВт/с ортиқ ёқилмоқда”.

Дўсқул Бекмурзаев урғулашича, тарифлар оширилгани ортидан келадиган маблағлар тармоқнинг моддий-техник базасини яхшилашга ва ходимлар маошини кўтаришга сарфланади.

Қирғизистон энергетика тармоғи ислоҳот ва янгилашга муҳтож. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ҳам асбоб-ускуналарнинг 80 фоизи эскириб кетганини тасдиқлайди. Хусусан, Бишкек ИЭСда бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил қилади.

Шу боис айрим экспертлар тармоқни сақлаб қолиш, ривожлантириш ва янгилаш учун нархларни ошириш – ҳозирги замон талаби, дея ишонадилар. Жумладан, эксперт Жонибек Оморовга кўра, соҳа тўлиқ янгиланиши лозим:

Жонибек Оморовга
Жонибек Оморовга

“Тармоқ жуда эскирди, электр таъминоти авария натижасида узилиб қолиши ҳоллари кўпаймоқда. Ҳукумат электр қувватини тежашга чақиришга мажбур. Демакки, агар тармоқни асраб қолишни ва ривожлантиришни хоҳласак, нархларни оширишдан бўлак чора йўқ.

Нархларни тартибга солувчи мустақил орган ҳукуматдан, ҳокимият идораларидан ёки сайловлардан мустақил равишда тарифларни ошириб бориши ва тушадиган барча маблағларни соҳани яхшилашга йўналтирмоғи керак. Ҳукумат энергетикага тегишли пулларга тегмаслиги лозим, бир чақасига ҳам.

Айнан аҳолининг ҳукуматга ишончсизлиги тарифлар ошишига нисбатан норозилик кайфиятини туғдирмоқда. Аммо “нархлар кўтарилса, халқ ҳам кўтарилади”, деб қўрқиб, қўл қовуштириб ўтирсак, энергетика тармоғини батамом йўқотамиз. Ҳозирда атиги 10-15 фоиз фуқаро электр қувватини тежаб ишлатади. Уларга алоҳида субсидиялар ажратиш орқали енгиллик бериш мумкин, масаланинг ечими бор”.

Нархлар кўтарилиши ортидан маҳсулотлар қимматлашди

“Азик-гранд” корхонаси Ўшдаги савдо шохобчаларини нон билан таъминлайди. Нонни анъанавий усулда, хамиртуруш қўшиб пиширадилар. Новвойхона нонни донасини 19 сомдан сотарди, сўнгги бир неча кундан бери нарх 1 сомга ошган. Корхона раҳбари Сапаргул Бердалиева Озодликка бунга электр энергияси баҳоси ошганини сабаб қилиб кўрсатди:

“Ўшдаги “Оқ ният” шохобчаси бугун биздан нон сотиб олишдан бош тортди. Нархни 1 сомга кўтарганимиз учун. “Сизлардан 20 сомдан олсак, одамларга неча пулдан сотамиз?” дейишди. Бунақа ҳолатлар алал-оқибат буюртмалар ва иш ўринлари камайишига олиб келади. Биз тарифлар ошишига қарши эмасмиз, лекин электр қувватини шартномада кўрсатилгани каби узлуксиз етказиб беришсин ахир. Ишлаб чиқариш тўхтаб қолаверса, хонавайрон бўламиз-ку. Кеча, масалан, кун бўйи электр бўлмади. Тайёрлаб қўйилган хамир ачиб, нон ёпишга яроқсиз бўлиб қолди. Йўқ жойдан зарар кўрдик”.

  • 15 октябрдан бошлаб 1 кВт/с электр қуввати нархи электромобиллар, мактаб-интернатлар, қариялар уйлари, ижтимоий муассасалар, диний ташкилотлар учун 1 сом 68 тийинни ташкил қилди.
  • Тижорат, бюджет, саноат, қишлоқ хўжалиги муассасалари ва корхоналар 1 кВт/с учун 2 сом 52 тийиндан тўлайди.
  • Металл буюмлар ишлаб чиқариш корхоналаридан 1 кВт/с учун 3 сом 78 тийиндан, цемент заводларидан эса 3 сом 28 тийин ундирилади.
  • Ароқ-шароб, тоғ-кон корхоналари учун тариф 1 кВт/соатга 5 сом 4 тийин қилиб белгиланди.
  • Маиший истеъмолчилар 1 киловатт электр энергиясига 700 кВт/соатгача 77 тийиндан, лимитдан ошиб кетганда эса 2 сом 16 тийиндан тўлашади.
  • Шароити оғир тоғли ҳудудларда истиқомат қиладиганлар учун истеъмол ҳажмидан қатъий назар 77 тийинлик тариф жорий этилди.

Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси президенти Қарипбек Алимқулов ҳукумат тарифларни бир хилда кўтариши керак эди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, 700 кВт/соатгача 77 тийин деган лимитни бекор қилиб, 1 сом 4 тийинлик умумий тариф жорий қилингани маъқул эди.

“Тарифларни фақат бизнес аҳли учун эмас, барчага ошириш керак эди. 77 тийинлик нарх кўп йиллардан бери сақланиб турибди. 1 сом 4 тийинлик тарифни тасдиқлаш лозим эди, бу анчадан буён таклиф қилинади. Камбағаллик даражасидан паст шароитда яшаётган 130 минг оилага субсидия тўлаш мумкин эди.

Шунингдек, ҳукумат тоғли ҳудудлар аҳолиси учун аввал белгиланган 77 тийин нархга тегмагани ҳам тўғри иш эмас. Уларга ҳам тарифни 1 сом 4 тийин қилиш керак эди, ҳамма қатори. Чунки фақат корхоналар учун нархлар ошгани кичик тузилмаларга қўшимча юк бўлади. Бизда 5 сомдан тўлашга қурби етадиган тоғ-кон, майнинг ва бошқа ширкатлар кўп эмас. Улар тўлайдигани унча катта сумма бўлмайди”, дея изоҳ берган мутахассис.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми йилига 4-6 фоизга ўсмоқда. Бугунги кунда мамлакатда электр қуввати етишмовчилиги 6 млрд киловатт/соатни ташкил қилади.

Ушбу дефицитни тўлдириш мақсадида Қирғизистон қўшни мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистондан қўшимча электр энергияси харид қилишга мажбур бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG