Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 18:23

Қирғизистонда президент сайлови бўлиб ўтмоқда (ВИДЕО)


Бишкекдаги сайлов участкаларидан бири, 2017 йил 15 октябри.

МСК: Қирғизистонда соат 17:00 гача сайловчиларнинг 40 фоизи овоз берди

Ўшдаги сайлов участкаларидан бири, 2017 йил 15 октябри.
Ўшдаги сайлов участкаларидан бири, 2017 йил 15 октябри.

​Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:00 гача Қирғизистонда сайловчиларнинг 40 фоизи овоз бериб бўлган.

Жумладан, Бишкек шаҳрида 45,05%, Ўш шаҳрида 52,8%, Талас вилоятида 45,75%, Иссиқкўл вилоятида 40,59%, Норин вилоятида 41,95%, Ўш вилоятида 38,94%, Чуй вилоятида 37,04%, Боткен вилоятида 37,33%, хорижий ўлкаларда эса 18,27% сайловчи овоз берган.

Расмий маълумотларга кўра, бу галги сайловда 3 миллион 25 минг 768 нафар сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга. Улардан 2 миллион 908 минг 453 нафари Қирғизистонда, 18 минг 58 нафари эса хорижда рўйхатдан ўтган.

МСК раисаси: Қонунбузарликлар ҳақида ОАВда чиққан маълумотларнинг кўпи тасдиқланмаяпти

Қирғизистон МСК раисаси Нуржан Шайлдабекова.
Қирғизистон МСК раисаси Нуржан Шайлдабекова.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситаларида сайловдаги қонунбузарликлар ҳақида ёйинланган маълумотларни текшириб бораяпти, бироқ уларнинг кўпи тасдиқланмаяпти. Бу ҳақда МСК раисаси Нуржан Шайлдабекова 15 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Айни пайтда у қонунбузарликка оид айрим фактлар борлиги ва улар бўйича айбдорларни жавобгарликка тортиш лозимлигини ҳам урғулади.

- Жумладан, соат 10 ларда қарияларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилганига оид факт қайд этилган. Ҳодиса тасдиқланган. Маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича баённома тузилган, - деди Н.Шайлдабекова.

Шунингдек, у МСКга кузатувчилар ишига монеълик қилиш, сайлов бюллетенини сайлов участкаси ҳудудидан олиб чиқиш ва бошқа қонунбузарликлар ҳақида ҳам келиб тушганини маълум қилди.

ДМХҚ Бабановнинг провокация ҳозирланаётгани ҳақидаги сўзларини рад этди

Қирғизистон президенти лавозимига номзод Ўмурбек Бабанов 15 октябрь кунги матбуот анжуманида Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) томонидан гўё провокация ҳозирланаётгани ҳақида сўзлаган. Бу билдирувга жавобан Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси “Бабановнинг айтган сўзлари ҳеч қанақа асосга эга эмас” деган баёнот билан чиқди.

“Юқорида айтилган сўзларга мувофиқ, ватандош Ў.Бабановга ўз баёнотларига асос бўлган маълумотларни жамоатчиликка тақдим этишни таклиф этамиз. Бундай маълумотлар йўқ бўлган тақдирда, президентликка номзод Ў.Бабанов жамоатчиликни чалғитди, деб ҳисоблаймиз”, дейилади ДМХҚ баёнотида.

Президентликка номзод Ў.Бабанов якшанба куни туш пайти ўтказган матбуот анжуманида, жумладан, “Ички ишлар вазирлиги томонидан муайян спортчилар йиғилмоқда, ДМХҚ томонидан провокация ҳозирланмоқда”, дея баён қилган, бироқ уларнинг қандай провокациялар эканига аниқлик киритмаганди.

Атамбаев: Хорижлик бойвачча Бабановни дастаклашим учун менга 20 миллион доллар таклиф қилган

Қирғизистоннинг амалдаги президенти А.Атамбаев, Бишкек, 2017 йил 15 октябри.
Қирғизистоннинг амалдаги президенти А.Атамбаев, Бишкек, 2017 йил 15 октябри.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев журналистларга номзодлардан бири тўғрисидаги фикрини нима сабабдан ўзгартирганини айтиб берди.

- Бир ярим ойча аввал Бабанов устимдан мағзава ағдара бошлади. Бабанов доим мени “аби” деб чақирарди, бу туркчасига “ака” дегани. Бабанов мени шунақа мақтардики, бунақа мақтовни ҳеч кимдан эшитган эмасман. Менга “сизнинг йўлингизни давом эттираман” деб келган Бабанов бирданига “биз нотўғри йўлдан кетаяпмиз” дея бошлади. Очиғини айтиб қўяй, менинг олдимга Бабановнинг номидан хорижлик олигархлардан бири келиб (Бабановнинг ўзи келишга қўрқди), Бабановни дастаклашим учун менга 20 миллион доллар таклиф қилди. Мен унга: “Азизим, дунёда сотилмайдиган нарсалар бор”, деб айтдим, - деди А.Атамбаев 15 октябрь куни қилган чиқишида.

Президентликка номзод Ў.Бабанов.
Президентликка номзод Ў.Бабанов.

Бу чиқишдан сўнг номзод Ўмурбек Бабанов матбуот анжумани ўтказиб, сайловга қатнашишдан олдин Атамбаевдан оқ фотиҳа олганини билдирди.

- Сўнгги ҳафтада, мутлақо аминманки, Алмазбек Шаршенович Атамбаевга нотўғри маълумот етказганлар. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва милиция томонидан тақдим этилган барча маълумотлар уни дезориентация қилди. Мен унинг бугунги чиқишидан жуда ранжидим, - деди Ў.Бабанов.

Бабанов ўз сўзида Атамбаевга пул таклиф қилган олигарх ҳақида ҳеч нарса билмаслиги, ўзи ҳам ҳеч кимга 20 миллион доллар таклиф қилмаганини таъкидлади.

Жээнбеков амалдаги президент Атамбаевнинг йўлини давом эттирмоқчи

ҚСДП номзоди Сўўрўнбай Жээнбеков сайловда овоз бермоқда, 2017 йил 15 октябри.
ҚСДП номзоди Сўўрўнбай Жээнбеков сайловда овоз бермоқда, 2017 йил 15 октябри.

Президентликка номзод Сўўрўнбай Жээнбеков сайловда ғалаба қозонган тақдирда амалдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг йўналиши бўйлаб давом этишини билдирди.

- Мен Алмазбек Атамбаев курсини давом эттираман. Менинг асосий мақсадим эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларнинг янги босқичини амалга оширишдир, - деди Бишкекдаги 1327-сайлов участкасида овоз бериб бўлганидан кейин журналистлар олдида чиқиш қилган Сўўрўнбай Жээнбеков.

Жээнбеков бу галги сайловда сиёсий рақобат ўта кучли бўлганини қўшимча қилди.

Сўўрўнбай Жээнбеков номзоди Қирғизистон социал-демократик партиясидан (ҚСДП) кўрсатилган. Аввалроқ айрим номзодлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иқтидордаги шахсларни ҚСДП номзодини дастаклаганлик ва маъмурий ресурсдан фойдаланганликда айблаб чиқишган.

Президент А.Атамбаев аввалги йиғинларда сайлов ҳалол ва демократик тамойиллар асосида ўтказилишига ваъда берган.

МСК: Соат 10 гача 7,5 фоиз сайловчи овоз берди

Бишкекдаги сайлов участкаларидан бири, 2017 йил 15 октябри.
Бишкекдаги сайлов участкаларидан бири, 2017 йил 15 октябри.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 10:00 гача Бишкек шаҳрида 7,02%, Ўш шаҳрида 10,35% сайловчи овоз бериб бўлган. Шунингдек, бу вақтгача Талас вилоятида 8,44%, Иссиқкўл вилоятида 8,08%, Норин вилоятида 8,08%, Ўш вилоятида 7,40%, Чуй вилоятида 6,91%, Боткен вилоятида 7,73%, хорижий ўлкаларда эса 1,28% сайловчи овоз берди.

Расмий маълумотларга кўра, бу галги сайловда 3 миллион 25 минг 768 нафар сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга. Улардан 2 миллион 908 минг 453 нафари Қирғизистонда, 18 минг 58 нафари эса хорижда рўйхатдан ўтган.

Сайловчилар президент сайловида иштирок этаётган 11 номзод учун ёки “ҳаммага қарши” овоз бериш ҳуқуқига эгалар.

НТС мухбири Ўшдаги сайлов участкасида калтакланганини иддао қилмоқда

Мирбек Айтикеев.
Мирбек Айтикеев.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги 5325-сайлов участкасида НТС телеканали мухбири Мирбек Айтикеев ўз вазифасини бажаришда тўсқинликка дуч келган. Айтикеевнинг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, участкада бир неча киши унга ҳужум қилган.

- Бизга “Ўш-Таатан”даги 5325-сайлов участкасида қонунбузарликлар содир бўлаётгани ҳақида маълумот келиб тушди. Ўша ёққа кетдик. Гувоҳномамни кўрсатдим, бироқ “раисни кутинг” деб, мени ичкарига қўйишмади. 15 минутча кутиб турдик. Кейин ичкарига кириб, суратга олишга қарор қилдик. Аммо қўлимдан телефонимни юлиб олишди. Милиция ходимлари ва спортчилар мени туртиб, ташқарига чиқариб юборишди. Шундан сўнг спортчи келбатли ўнга яқин йигит одамлар кўз ўнгида мени у ёқдан-бу ёққа судрашди, буйрагимга уришди, - деди М.Айтикеев.

Воқеа жойига Озодлик мухбирлари ҳам етиб боришди. Бироқ милиция ходимлари “юқоридан буйруқ бор” деб, ОАВ вакилларини ичкарига киритишмади. Кейинроқ участка сайлов комиссияси раиси Абитова чиқиб, журналистларнинг ичкарига киришига изн берди.

Баҳс битгач, Абитова журналистларга телеканаллар навбат билан суратга олишлари лозимлигини билдирди, бироқ бу иш қайси кўрсатмага асосан амалга оширилиши кераклигига аниқлик киритмади.

Атамбаев: Менинг ворисим менинг йўлимни давом эттирган киши бўлади

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев биринчи хоним Раиса Атамбаева ҳамроҳлигида Бишкекдаги 1209-участкада овоз берди.

Овоз бериш жараёнидан сўнг президент журналистлар олдида чиқиш қилди.

“Жойлардаги одамлар сайловда фақат менинг йўлимни давом эттирган кишига овоз беришларини айтмоқдалар. Менинг йўлимдан борган ҳар қайси номзод менинг ворисим бўлади. Мен Жээнбековга шахсан ўзим: “Агар белгиланган йўлдан чиқишга қарор қилсангиз, хафа бўлманг”, деб айтганман”,деди амалдаги президент А. Атамбаев.

Атамбаев сайловдан сўнг кимда-ким ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилса, қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

“Такрор айтаман, қамаганмиз ва яна қамаймиз, чунки истаган одам истаган ишини қилиши мумкин бўлган замонлар ўтиб кетди”, деди А.Атамбаев.

Бабанов: Ўзгаришлар учун овоз бердим

Номзод Ўмурбек Бабанов овоз бермоқда, Бишкек, 2017 йил 15 октябри.
Номзод Ўмурбек Бабанов овоз бермоқда, Бишкек, 2017 йил 15 октябри.

Президентликка номзод Ўмурбек Бабанов Бишкекдаги 70-мактаб-гимназияда жойлашган 1216-сайлов участкасида оиласи билан биргаликда овоз берди. Овоз бериб бўлганидан кейин у журналистлар қисқа мулоқотда бўлди.

- Мен катта ишонч ва миннатдорлик ҳисси билан халқим тўғри танловни амалга оширади, деб ишонаман. Бугунги кун мамлакат тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилади, деб ўйлайман. Мен ўзгаришлар учун овоз бердим, - деган Ў.Бабанов ўз ғалабасига ишонаётганини билдирди.

Кузатувчиларга кўра, Ўмирбек Бабановдан ташқари Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам сайлов фаворитларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, собиқ бош вазир Темир Сариев ҳам бу сайловда анчагина овоз йиғиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Қирғизистонда президент сайловига старт берилди

Бишкекдаги сайлов участкаларидан бири.
Бишкекдаги сайлов участкаларидан бири.

Қирғизистонликлар 15 октябрь куни президент сайлайди. Қирғизистон Давлат қайд хизмати маълумотига кўра, бу сайловда 3 миллион 25 минг 768 ватандош президентликка талабгор 10 номзод учун овоз бериши имкониятига эга бўлади.

Овоз берувчилар учун Қирғизистон бўйлаб 2375 та сайлов участкаси, хорижда эса (Россия, Германия, Қозоғистон, Туркия, Хитой ва БАА) 37 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Қирғизистондаги сайлов жараёнини 58 мамлакатдан бўлган 700 нафардан кўпроқ кузатувчи кузатиб боради. Маҳаллий нашрлардан ташқари сайловлар 35 та хорижий оммавий ахборот воситасида ёритилиши кутилмоқда.

“Элакдан ўтган” талабгорлар

Қирғизистонда президент курсиси учун даставвал 59 киши курашга бел боғлаган. Марказий сайлов комиссиясига ариза топширган бу одамлардан фақат 13 киши (Эрнис Зарлиқов, Тўқтайим Уметалиева, Темир Сариев, Улукбек Қўчқўров, Таалатбек Масадиқов, Ўмурбек Бабанов, Арстанбек Абдилдаев, Азимбек Бекназаров, Сўўрўнбай Жээнбеков, Адахан Мадумаров, Қамчибек Ташиев, Арсланбек Малиев ва Бақит Тўрўбаев) рўйхатдан ўтолган ва исмлари сайлов бюллетенларига киритилган.

Бюллетенлар чоп қилиниб, мамлакатнинг турли жойларига юборилганидан кейин айрим номзодлар пойгадан чиққанларини эълон қилганлар.

Даставвал бу ҳақда “Ата-Журт” партияси раисдоши Қамчибек Ташиев билдириб, Қирғизистон социал-демократик партиясидан номзод Сўўрўнбай Жээнбековни дастаклашини очиқлаган.

Кейинроқ “Ўнугуу-Прогресс” партияси лидери Бақит Тўрўбаев “Республика” партиясидан номзод Ўмурбек Бабанов фойдасига сайловдан чекинишини айтиб, МСКга ариза йўллаган.

Бу номзодларнинг исмлари, МСК маълумотига кўра, сайлов бюллетенларидан ўчирилган. Бироқ сайловга 3 кун қолганда пойгадан чиққан Азимбек Бекназаров исми эса бюллетенларда қолаверган. МСК бунга “қонунчилик ватандошга ўз номзодини сайловга уч кун қолганда қайтариб олишга имкон бермайди”, дея изоҳ берган.

XS
SM
MD
LG