Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 16:22

15 йилдан сўнг озодликка чиққан мухолиф қозоқ шоири CОVID-19 касалхонасида вафот этди


Марҳум шоир 2007 йилда полициячининг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишларини уюштирганликда айбланиб, маҳкум этилган.

Олмаотада 68 ёшли мухолиф шоир Aрон Отабек қамоқдан чиққанидан бир ой ўтиб, шифохонада CОVID-19 дан даволанаётганда вафот этди.

Aрон Отабекнинг синглиси Разия Нутишеванинг Озодлик радиоси қозоқ хизматига айтишича, акаси 24 ноябрь куни реанимация бўлимида вафот этган.

Марҳум шоир 2007 йилда полициячининг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишларини уюштирганликда айбланган ва 18 йиллик қамоқ жазосининг 15 йилини ўтаб, шу йил октябр ойи бошида озодликка чиқди.

Отабек 2006 йилда ҳибсга олинганидан бери ўзининг айбсизлигини таъкидлаб келади.

У 2012 йилда айбини тан олса, авф этилиши ҳақидаги ҳукумат таклифини рад этган.

Арон Отабек ўтган ой Қозоғистон шимолидаги Павлодар вилоятидаги қамоқхонадан озодликка чиқарилганди. Қариндошлари ва дўстларининг айтишича, у юрак хасталиги, қандли диабет ва артритдан азият чеккан.

Кўп йиллар давомида Қозоғистон ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари унинг айбсизлигини таъкидлаб, ҳукуматдан шоирни озод қилишни талаб қилишди. Уларнинг айтишича, Отабек қамоқхонада қийноққа солинган, қўриқчилар унинг соғлиғига зарар етказиш учун камера полига юқори концентрацияли хлорли сув сепган.

Сентябрь ойида уни кўриш учун қамоқхонага борган фаоллар олган суратда шоир ҳорғин ва соғлиғи ёмонлашган ҳолатда акс етган. Фотосурат жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб, уни қўйиб юбориш учун ҳукумат расмийларига босимни оширди.

2012 йил декабрда Отабек ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев ва унинг ҳукумати танқид қилинган мақола ёзгани ва интернетга жойлагани учун бир кишилик камерага ўтказилган.

2014 йилда Отабекнинг қариндошлари қамоқхона назоратчиларини унинг оёғини синдиришда айблаган эди, расмийлар эса буни рад этган.

XS
SM
MD
LG