Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:20

“Юксак ишонч палласида кетиш керак”. Назарбоев янги ҳужжатли фильмда нималарни гапирди?


Нурсултон Назарбоев ҳақида навбатдаги ҳужжатли фильм суратга олинди. Унда 81 яшар собиқ президент ўзининг сайловларда кўп марталаб ғолиб чиққани, умуртқа поғонасида жарроҳлик амалиёти бўлгани ва бошқа воқеалар ҳақида сўзлаб берган, шунингдек, истеъфога чиқишидан биринчи бўлиб Владимир Путин хабардор бўлганини эсга олган.

НАЗАРБОЕВ ЎЗ ИСТЕЪФОСИ ҲАҚИДА: “МЕН ПУТИНГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛДИМ”

Қозоғистоннинг “Хабар” давлат телеканалида намойиш этиладиган “Портретга чизгилар” номли ҳужжатли фильм-интервьюнинг бешинчи қисми Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланди.

“Дилдаги гаплар” деб аталган 35 дақиқали серияда Назарбоев ички ва ташқи сиёсат ҳақида фикр юритган, бошқа давлатлар раҳбарлари билан илиқ муносабатда бўлганини эслаган, шунингдек, президентликдан истеъфога чиққани хусусида сўзлаб берган. Айтишича, Қозоғистон раҳбари лавозимидан кетиши ҳақида биринчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин воқиф бўлган.

“Бунақа нарсаларни овоза қилиб бўлмайди, ҳеч кимга айтганим йўқ, аммо ўша куни эрталаб ҳар ҳолда энг катта қўшнимиз-ку, деб Путинга сим қоқдим. Тамом ҳайратда қолди эшитиб. Бугун оқшом вақти эълон қилинади, сиз менинг ўзимдан билишингизни хоҳладим, дедим. Тамом. Бошқа ҳеч бир давлат раҳбарининг хабари йўқ эди. Ҳолбуки бу қарорга мен анча олдин, 2015 йилда келганман. 75 ёшдан ошдим, етар энди, деб ўйладим”, дейди Назарбоев.

Собиқ президент “шунақа юксак ишонч палласида кетиш керак”лигини урғулаган.

“СССРнинг мункиллаган раҳбарлари бирма-бир кўз олдимдан ўтди. Мен Брежневнинг, Андроповнинг, Черненконинг дафн маросимларида қатнашганман. Бу биринчидан. Иккинчидан, одамзот имкониятларининг чек-чегараси бор”, дейди фильмда Нурсултон Назарбоев.

Юқорида тилга олинган уч кекса совет раҳбаридан узоқроқ ҳукм суриб, 2019 йил 20 мартида президентлик лавозимидан кетганига қарамай, 81 ёшли Назарбоев “Биринчи президент – Миллат йўлбошчиси” деган махсус мақомга эга бўлиб, Хавфсизлик кенгаши бошлиғи ва иқтидордаги “Нур Отан” партияси раиси сифатида ҳамон ҳокимиятдаги таъсири ва нуфузини сақлаб қолмоқда.

1990 йил 24 апрелда Қозоғистон ССР Олий Совети 49 ёшли Нурсултон Назарбоевни республика президенти этиб сайлаган эди. Шундан кейин Назарбоев Қозоғистонда ўтказилган бешта президентлик сайловининг барчасида ишончли ғалаба қозонди.

“1991 йилда бўлиб ўтган илк умумхалқ сайловида сайловчиларнинг 98.8 фоизи менга овоз берган бўлса, 2015 йилда ўтказилган сўнгги сайловда 97.8 фоизи овоз берди. Қараб турсам, барча сайловларда менга ишонч билдирганлар салмоғи 80 фоиздан кам бўлмаган экан. Буни чизилган рақамлар дейдиганлар танасига ўйлаб кўришсин: бу 60 ёки 51 фоиз эмас. 80-90 фоизни қандай сохталаштириб бўлади? – давом этади Назарбоев. – 2015 йилда, ёдингизда бўлса, одамлар менга овоз бериш учун навбат кутиб қолишганди. Одамларнинг бу қадар муносабатини кўриб, хурсандликдан кўзимга ёш келган”.

Қозоғистон мухолифати ва ҳуқуқбонлар Нурсултон Назарбоевни авторитар бошқарув тизимини ўрнатишда, адолатсиз сайловларда, сиёсий мухолифлари ва мустақил номзодлар учун тўсиқлар яратишда, шунингдек фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий чеклашда айблайдилар. Унинг бошқарув даврида Қозоғистон фуқароларнинг тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи поймол этиладиган, сўз ва матбуот эркинлиги чекланган, мустақил журналистлар таъқиб этиладиган ва қамоқхоналарда “сиёсий маҳкумлар” сақланадиган мамлакат ўлароқ танилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Қозоғистонда ўтказилган президент ва парламент сайловларидан ҳеч бири халқаро стандартларга мувофиқ бўлмаган, дея баёнот берган эди.

Назарбоевдан сўнг унинг ўрнини эгаллаган Қосим-Жўмарт Тоқаев 2019 йил 9 июнь куни ўтказилган навбатдан ташқари сайловда 70 фоиздан кўпроқ овоз олди. Мухолифат ҳамда мустақил кузатувчиларга кўра, “сохта варақалар ташлаш ва овозларни ўғирлаш” ҳолатлари ушбу сайловнинг ҳалоллигига соя солган.

Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатларини ҳам “80-90 фоизлаб овоз олган” президентлар идора қилмоқда.

БОШҚА ДАВЛАТЛАР РАҲБАРЛАРИ ҲАҚИДА: “МЕН УЛАР БИЛАН ЖУДА ЯХШИ МУНОСАБАТДА ЭДИМ”

Фильмда Назарбоев ўз президентлиги даврида чет мамлакатлар раҳбарлари билан муносабатларига ҳам тўхталган. Собиқ президентнинг сўзларига кўра, у ҳамма билан чиқиша олган ва илиқ муносабатда бўлган.

“Бизнинг постсовет республикаларда совға олди-бердисини хуш кўришади. Масалан, Бердимуҳамедов ахалтака отини ҳадя қилган, ажойиб нарса – чин кўнгилдан совға қилинган, ўзбеклар эса чопон ва турфа буюмларни совға қилишади, қирғизлар ҳам от билан сийлайдилар. Биз ҳам ўзимизда борини аямаймиз. Урф-одат шу”, дейди у.

Назарбоев фильмда нафақат постсовет мамлакатлар раҳбарлари, балки сиёсий муносабатларда оғир-вазмин бўлмиш шимолий ўлкалар етакчилари билан ҳам тил топишиш мумкинлиги ҳақида ваъз ўқиркан, хийла мақтанчоқлик қилгандек бўлди.

“Шимолий мамлакатлар, мисол учун Финляндия, Болтиқбўйи давлатлари, Швецияни одамовилар юрти деб ҳисоблашади. Аммо мен улар билан жуда яхши муносабатда эдим. Улар камгап кишилар, аммо кўнглига йўл топа олсангиз, феъл-атворлари тамом ўзгариб кетади”, дейди Қозоғистоннинг собиқ раҳбари.

Европа давлатлари бошлиқлари билан соз алоқалари ҳақидаги гапини давом эттираркан, Назарбоев Испания қироли Қозоғистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига киришига кўмаклашганини эслаб ўтди.

“ЕХҲТнинг Испания пойтахти Мадридда ўтган йиғилишида, қарор қабул қилинаётган пайтда у бизга катта дастак берган. Барча давлатларнинг раҳбарлари ўтириб, муҳокама қилишарди. У (Испания қироли) ҳар икки соатда менга қўнғироқ қилиб турди: “Қийин бўляпти, аммо сен ташвиш чекма, бизнинг вазир сизларнинг вазирингиз билан бирга ишлаяпти, уддалашса керак”, деб айтарди”, дейди Назарбоев ўша кунни хотирларкан.

Назарбоев меҳр билан тилга олган одам, билишимизча, Испаниянинг 1975–2014 йиллардаги ҳукмдори, қирол Хуан Карлос I. Қозоғистон постсовет мамлакатлар орасида биринчи бўлиб ЕХҲТга раислик қилган эди (2010 йилда). Аммо ўша йили, худди жорий йилда бўлгани каби, Қозоғистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузгани учун БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси сифатида ҳуқуқбонлик ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинган.

2014 йилда тахтдан воз кечган Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос I 2018 йилда коррупция можаросига тортилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди. Ўтган йили Франциянинг “Courrier International” нашри Хуан Карлос I яна бир жанжалга аралашиб қолгани ҳақида хабар берди. Жанжалга қирол 1998 йилда Қозоғистонга шахсий ташрифи чоғида мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев қўлидан ҳадяга олган почапўстин сабаб бўлди. Француз нашри пўстин ов қилиш 1975 йилдан эътиборан ман этилган қор барси терисидан тикилганини маълум қиларкан, хабарга Назарбоев билан ўша пўстинни кийиб тушган Хуан Карлоснинг суратини илова қилди.

УМУРТҚАСИДАН АМАЛИЁТ БЎЛГАНИ ҲАҚИДА: “ШУНДАН БОШҚА КАСАЛ БЎЛГАН ЭМАСМАН”

“Яғринимдан жарроҳлик амалиёти қилишди, умуртқа поғонамда. Жуда жиддий амалиётни кечирдим. 8 март куни концертда эдим, концерт тугади, турдим – оёғим ўзимга бўйсунса қани! Қотиб қолган. Қўриқчилардан бирини чақириб, ёнимда тур, дедим. Унинг қўлидан ҳасса тутгандай ушлаб олдим. Одамлар сезиб қолишмасин, деб майда-майда қадамлар билан чиқиб кетдим. Зал тўла эди. Кейин ўзимни текширтира бошладим – умуртқамда муаммо бор экан. Амалиёт қилдирдим, даволандим, соғайиб кетдим”, сўзлайди Назарбоев.

Собиқ президентнинг айтишича, 2011 йилда ўтказилган ушбу амалиёт унинг истеъфога чиқиши сабабларидан биридир.

“Бу ҳақда сира гапирмаганман, одамлар мени кечиришсин. Кетишим керак эди, лекин мен ҳали тайёр эмасдим, чунки ворис масаласи ҳал бўлмаган, яна бошқа сабаблар ҳам бор эди”, изоҳ беради у.

“Мана шу ҳолатдан ташқари, ҳеч қачон ҳеч қанақа касал бўлган эмасман, ҳозир ҳам ҳеч ерим оғримайди”, дейди Назарбоев.

Қийналиб юрадиган собиқ президент фильм давомида гольф майдонида пайдо бўлади ва, соғломлигини тасдиқлаган каби, бир неча тўпни таёқ билан туртиб кавакка туширади.

Шу йилнинг ёзида, Россия президенти Владимир Путин билан Москвадаги учрашуви чоғида Назарбоев ўтган йили коронавирусдан шифо топишига ёрдамлашишгани учун россиялик шифокорларга миннатдорлик билдирди. Аммо Озодликнинг қозоқ хизмати Назарбоев билан унинг матбуот котиби Айдос Укибойнинг сўзлари бир-бирига ёпишмаслигини аниқлади.

ЁШЛАРГА МАСЛАҲАТ: “УЛАР ИЛМ ОЛИШЛАРИ КЕРАК”

Шахсий ҳаётига оид саволларга жавоб бераётиб Нурсултон Назарбоев мумтоз мусиқа ва қўшиқ куйлашга муҳаббат унга ота-онасидан ўтганини, қизлари Дариға ва Динаранинг яхши овози борлигини айтади.

“Танлаш имкониятини болаларнинг ўзларига ҳавола қилган маъқул. Одатда ота-оналар фарзандлари уларнинг изидан боришини хоҳлашади. Болалар ота-оналарининг сўзларидан эмас, қилаётган ишларидан, хатти-ҳаракатларидан улги олишлари керак. Шу боис ҳам мен панд-насиҳат қилмайман. Дариға тарих факультетини танлаб, ўқиди, қолганлари ҳам ўз йўлидан кетди”.

Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға ўз карьерасини 1990-йиллар ўрталарида “Хабар” ахборот агентлиги директорлигидан бошлаган бўлса, кейинчалик давлат хизматида мустаҳкам ўрнашиб олди. 2019 йилнинг мартида, отаси президент лавозимидан истеъфо берган куннинг эртасига Дариға Назарбоева сенат раиси этиб тайинланди. Сенатдаги ваколати якунланганидан сўнг эса иқтидордаги “Нур Отан” партиясидан мажилисга (парламент) депутат бўлиб сайланди. Айни пайтда у мажилиснинг иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси аъзосидир.

Назарбоевнинг иккинчи қизи Динара Қулибоева ҳамда унинг эри Тимур Қулибоевнинг мол-дунёси “Forbes” томонидан 5.6 миллиард долларга (ҳар бирига 2.8 миллиарддан) баҳоланган.

Кенжа қизи Алия яқинда нашрдан чиққан китобида отаси Нурсултон Назарбоев президентлигида унга котибалик қилгани ҳақида ёзган. Кейинроқ Алия давлат хизматини ташлаб, бизнесда ўз карьерасини давом эттирди. У санъат соҳасида ҳам бирмунча ютуқларга эришган, чунончи иккита фильмга продюсерлик қилган.

Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида Назарбоев Қозоғистон Компартияси раҳбари сифатида Москва газеталаридан бирига интервью берганида укаси Бўлат Назарбоев қишлоқда оддий сантехник бўлиб ишлашини айтганди. Собиқ президентнинг укаси ҳозирда Олмаота вилоятининг энг йирик ва нуфузли тадбиркорларидан бири саналади.

Фильмда Назарбоев совет даврида Қарағандада иш ташлаган шахтёрлар билан учрашгани ва ҳамма нарса танқислашган ўша оғир паллада уларни ишга чиқишга қандай кўндиргани тўғрисида сўзлайди; норози аҳолининг талабларини тинглаш ва уларга вазиятни тушунтириш учун Шарқий Қозоғистон вилоятига борганини эсга олади. Шунингдек, ўз бошқаруви йилларида Қозоғистонда амалга оширган ўзгаришларни санаб ўтади.

Хусусан, айтишича, у Қозоғистонга “гольф ўйинини биринчи бўлиб олиб келган”, Павлодар вилоятига хизмат сафари чоғида Мария Мудряк исмли 11 яшар истеъдодли қизалоқни ўз ҳомийлигига олган, пойтахтни Ақмолага кўчирган, янги пойтахтда бинолар қурилишига араб мамлакатлари сармояларини жалб қилган, шаҳар атрофида ўрмонлар барпо эттирган, Туркистон вилоятини ташкил қилган...

Қозоғистоннинг кўплаб ҳудудларида узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимига маблағ етишмаётган бир пайтда мамлакат ҳукумати пойтахтни ободонлаштиришга ва ҳокимиятга оид айрим лойиҳаларга пулни аямаётгани учун бот-бот танқид қилинади.

Табиийки, танқид қилувчилар – одатда давлат қарамоғидаги ОАВлар эмас, балки мамлакатда сўнгги ўттиз йил ичида жон сақлаб қолган бир неча мустақил нашр, шунингдек ҳукумат “тартибга солишга” уринаётган ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларидир.

“ЖАМИЯТ ЭШИТИШНИ ИСТАГАН ГАПЛАРНИ АЙТМАДИ”

Фильм анонсида Назарбоев жамоатчиликка номаълум айрим гапларни очиқ-ойдин айтиши ваъда қилинган эди. Ўша “дилдаги гап” – “умуртқа поғонасининг жиддий амалиёт қилинган”и бўлиб чиқди.

Қозоғистонлик журналист Гулжон Ергалиевага кўра, Назарбоевнинг 2011 йилда тоби қочгани ва амалиёт қилингани янгилик эмас. Ергалиева ўша пайтда айрим мухолифат нашрлари бу ҳақда ёзганини, аммо ушбу маълумотни ҳеч ким расман тасдиқламаганини айтади.

“Демократик мамлакатларда давлат раҳбарининг саломатлигига доир маълумотлар жамоатчиликдан сир тутилмайди. Ахир президентнинг соғлиғи – фақат унинг шахсий иши эмас, бу миллий хавфсизлик масаласидир. Бирон кори ҳол юз берса, бу мамлакатнинг аҳволига муқаррар таъсир этади. Сиёсий инқироз келиб чиқиши мумкин, ёки иқтисодий бўҳрон. Афсуски, Қозоғистонда бунақа ахборотлар махфийлаштирилган. Биз президент касал бўлганини ва юра олмай қолганини ўн йил ўтганидан кейингина биламиз”, дейди журналист.

Ергалиева фикрича, мазкур ҳужжатли фильмнинг вазифаси – Назарбоевнинг президентлик даврини сарҳисоб қилиш ва уни “шаҳарлар қурдирган, норози шахтёрларни тинчлантирган ва одамларга фаровон ҳаёт бахш этган президент” ўлароқ намойиш этишдир.

“Бошқача бўлишини кутмагандим ҳам. Фильмдаги барча гаплар олдин кўп маротаба айтилган. Ҳозирда одамларни бошқа саволларнинг жавоблари қизиқтиради. Қозоғистон тарихида жавобсиз қолаётган бир талай саволлар бор. Назарбоев буларнинг барини жуда яхши билади. У нафақат ўз тақдири, балки бутун Қозоғистон тақдирининг асосий гувоҳидир. Мухолифат билан муносабатлар, таниқли шахсларнинг сиёсий ўлими, Декабрь воқеалари, Жанаўзен воқеалари ҳамда Қозоғистоннинг буюк фожиаси – коррупция – булар ҳам Назарбоевнинг 30 йиллик бошқаруви даврида бўй кўрсатди. У мана шулар ҳақида сўзлаши керак эди”, дейди Ергалиева.

Собиқ дипломат Казбек Бейсебоев тахмин қилишича, анонсда сенсация ваъда қилиш билан ҳокимият Назарбоевга жамоатчилик эътиборини тортишни ва “у ҳамон куч-қудратга эгалигини” кўрсатишни мақсад қилган, чунки “ҳозирда одамлар ўз муаммолари билан амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тоқаевга мурожаат қилишмоқда”.

“Ҳокимият истайдими, йўқми, Назарбоев сояда қолиб бўлди”, дейди Бейсебоев.

Экспертга кўра, Назарбоев ҳар бир сайловда “80-90 фоизлаб овоз” олганига чин дилдан ишонади.

“Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко бир неча ой муқаддам берган интервьюсида “Президент бўлиб етишмайдилар, президент бўлиб туғиладилар – шуни билиб қўйинг”, деган эди. Ҳокимият тепасида узоқ қолиб кетадиган барчага хос касаллик бу”, дейди ишонч билан Бейсебоев.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Коммунистик партиясининг 1986 йил февралдаги съездида “киши ҳокимият тепасида бу қадар узоқ қолмаслиги керак”, дея Динмуҳаммад Кунаевни роса танқид қилган Назарбоев, катта эҳтимол билан, ҳокимиятдан буткул кетишни кўзлаган. Бироқ у яратган сиёсий тизим уни қўйиб юбормоқчи эмас.

“Қозоғистон халқи ассамблеяси бир пайтлар Назарбоевнинг ваколатларини умрининг охиригача узайтириш таклифи билан чиққани рост. Аммо Қозоғистонда ҳокимиятга тобе ташкилотлар сиёсий таклифларни ўз хоҳиш-иродалари билан эмас, балки фақат юқорининг кўрсатмасига кўра билдирадилар”, дейди у.

“Тан Шолпан” адабий журнали бош муҳаррири Нурлибек Сафиннинг фикрича, “Назарбоев ҳақидаги фильм”дан кўра “Назарбоевнинг интервьюси” дейилса,тўғрироқ бўлар эди.

“Афтидан, савол-жавобларни олдиндан тайёрлаб қўйганлар. Назарбоевнинг танқидчилари ҳам бор, аммо унинг бутун фаолиятини инкор этмаслик керак. Бу ҳақда эркин суҳбат шаклида сўзлашиш мумкин эди”, дейди у.

Сафин айтишича, Назарбоевнинг “истеъфога чиқмоқчи эдим, лекин иложи бўлмади”, деган гапидан “ҳокимиятдан ўз вақтида кетиш ҳам бир санъат”, деган маъно англашилади.

XS
SM
MD
LG