Линклар

Шошилинч хабар
26 феврал 2024, Тошкент вақти: 03:45

Қозоғистон парламенти "блогерлар солиғи"ни маъқуллади. "Фейк" учун жавобгарлик белгиланади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси блогосферани тартибга солишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа Сенатдан тасдиғидан ўтиб, президент томонидан имзолангани тақдирда ижтимоий тармоқ фаолларига ўз саҳифа ва блогларида реклама жойлаштиришдан топган даромадларидан солиқ тўлаш, рекламаларни тегишли тартибда маркировка қилиш, шунингдек, ўзлари эълон қилган контент учун жавобгар бўлиш ва расмий бухгалтерия юритиш мажбурияти юклатилади.

Депутатлар қонун қабул қилинишига изоҳ беришар экан, у интернет-реклама ҳисобига Қозоғистон бюджетига пул туширишидан ташқари, молиявий пирамидалар (сўнгги йилларда уларни интернет-блогерлар ҳам фаол реклама қилишди) ва ноқонуний хайрия тадбирларига қарши кураш учун ҳам зарурлигини айтишмоқда.

“Қонун лойиҳаси интернет-майдонлар фаолиятини Қозоғистон Республикаси қонунчилиги доирасида тизимлаштиради, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий муносабатларига тортади, мазкур соҳанинг давлат томонидан тартибга солинишига замин яратади, – дейди депутат Ерлан Саиров. – Қонуннинг вазифаси – Қозоғистон фуқароларини ҳақорат ва таъқиб каби нохуш ҳолатлардан, ижтимоий тармоқлардаги молиявий пирамидалардан тўсиш орқали мамлакатда сиёсий сепаратизм ва экстремизмнинг олдини олади”.

Янги қонун кўплаб блогерлар ва интернет экспертларининг танқидига учради.

Олмаоталик Салтанат Қазибоева бир неча йилдан бери “Инстаграм”да ўз блогини юритади, асосан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Реклама берувчилардан мунтазам таклифлар олиб турувчи йирик инфлюенсерлардан фарқли ўлароқ, унинг учун блог – асосий даромад манбаи эмас. Салтанат блогерлик фаолиятидан пул ишлаб топишини, бироқ, бошқа кўплаб инста-блогерлардан фарқли равишда барча молиявий операцияларни расмий тарзда амалга оширишини айтади. Унга кўра, интернетдаги фикр етакчиларининг аксари якка тартибдаги тадбиркор сифатида қайддан ўтишдан кўра пул ўтказмасини шахсий ҳисобига туширишни маъқул кўришади.

“Пул олди-бердисини қонуний олиб бориш учун ҳар бир блогер юридик шахс очиши лозим. Бироқ блогерлар бунга қанчалик тайёр? Ахир, менга ўхшаб блогерликни асосий фаолият турига айлантирмаганлар ҳам бор-да. Иккинчи даражали фаолиятни деб ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтиш, юридик шахс очиш бизга ҳавас эмас, пул айланмамиз каттароқ бўлса эканки, солиқ ва бошқа мажбуриятларни оғринмай бажарсак. Қонун талаблари блог юритишни ва блогерларнинг пул ишлаб топишини қийинлаштириши турган гап”, дейди Салтанат.

Қозоғистон ҳуқуқ фаоллари онлайн-платформаларга доир қонун лойиҳаси шоша-пиша ва жамоатчилик муҳокамасисиз қабул қилинаётганига эътибор қаратишмоқда. Ҳужжат мамлакат учун иқтисодий фойдали экани тушунарли, бироқ унда бир қанча “сувости тошлари” яширинганини биров англаб, биров англамаяпти. Зеро, ушбу ҳолатда гап Россиянинг “фейклар тўғрисидаги қонуни” аналоги устида бормоқда: қонун қабул қилинган тақдирда исталган блогерни ёлғон ахборот тарқатишда айблаб, жавобгарликка тортиш мумкин бўлади.

“Назаримда, энг катта хавф – “ёлғон ахборот” тушунчаси ва унинг учун маъмурий жавобгарлик жорий этилаётганидир, – дея мулоҳаза қилади Остонадаги “Ҳуқуқий медиамарказ” директори Диана Окремова. – Бироқ “ёлғон маълумот” тушунчаси таърифи мутлақо мавҳум. Бинобарин, қонунни қўлловчилар ҳар қандай ахборотни “ёлғон”га чиқара оладилар. Беозор ахборотни ҳам, ижтимоий хавфли ахборотни ҳам. Қонунда, афсуски, ҳеч қандай тафсилот йўқ. Қисқаси, бу ҳар қанақа шаклга солиш мумкин бўлган чўзма тушунчадир”.

Мирзиёев VS Блогерлар. Таёқ, таҳдид ва таъма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:40 0:00

Ҳуқуқ экспертлари Қозоғистонда онлайн-платформаларга доир қонун қабул қилишга зарурат йўқлигини, чунки амалдаги қонунчилик билан барча фуқароларга ўз даромадларидан солиқ тўлаш мажбурияти аллақачон юкланганини айтадилар. Ёлғон хборот тарқатишга келсак, бунинг учун жавобгарлик фуқаролик, маъмурий ва жиноят кодексларида акс этган. Шундай экан, янги қонун айнан ҳуқуқий мънода ортиқча бўлмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG