Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

"Ярадорларга кўмаклашдик". Чимкентлик ёлғиз она тартибсизликларда айбланмоқда


Чимкентлик фаол Карима Ҳайдарбекова. Чимкент, 4 январь, 2022
Чимкентлик фаол Карима Ҳайдарбекова. Чимкент, 4 январь, 2022

Карима Ҳайдарбекова – Чимкентда январь воқеалари муносабати билан икки ой муддатга қамалган ўн нафар фаолдан бири. Адвокати Бакитжон Сотиболдиевга кўра, олти фарзандни катта қилаётган ёлғиз она айбловдан норози ва фарзандлари тақдиридан хавотирда.

40 ёшли Карима Ҳайдарбекова 4 ва 5 январь кунлари Чимкентдаги норозилик чиқишларида иштирок этган. 8 январда уни полиция ушлаган, эртасига маҳаллий полиция департаменти вақтинча сақлаш ҳибсхонасида (ВСҲ) шаҳар махсус тергов суди мажлиси ўтказилган.

Суд ҳужжатларига кўра, Карима Ҳайдарбекова 5 январга ўтар кечаси Кўргазмалар маркази ва Чимкент акимати олдида ноқонуний митинг ва оммавий тартибсизликлар ташкил этган ҳамда жамоат муассасалари ва транспорт воситаларига зарар етказган, деган гумон билан қўлга олинган. Тергов идораси фаолни безорилик (Қозоғистон ЖКнинг 293-моддаси), бино ва иншоотларга ҳужум қилиш (269-модда), ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш (380-модда) ва ўзгалар мулкини қасддан нобуд қилишда (202-модда) айблаган.

Суд Карима Ҳайдарбековани тергов ўтказилаётган даврда ҳибсда ушлаш тўғрисида қарор чиқарган. Бу қадар оғир эҳтиёт чораси қўлланишига унинг “уюшган гуруҳ таркибида” жиноят содир этишда гумон қилинаётгани ва “жиноий таъқиб идораларидан яшириниб, терговга халал бериши мумкин”лиги асос бўлган. Қарорда Ҳайдарбекованинг шахсий маълумотлари кўрсатилган, бироқ унинг муқаддам судланмаганлиги, ишсизлиги ва икки нафари ногирон бўлмиш олти фарзандни ёлғиз тарбиялаётгани айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида қайд этилмаган.

“Қимматчилик ҳаммани ҳоритди"

Кам таъминланган аёллар муаммоларига давлат эътиборини қаратиш билан шуғулланиб келган Карима Ҳайдарбекова 3 январга ўтар кечаси бир гуруҳ фаол билан Ордабаси майдонига чиқади.

У Facebook᾽да жонли ёйин қилиб, суюлтирилган газ нархи ошганига қарши норозилик намойишига чиқади ва ҳукумат истеъфосини талаб қилаётган Жанаўзен шаҳри аҳолисини қўллаб-қувватлашини билдиради.

Карима 4 январь куни акимат (маҳаллий ҳокимлик-таҳр.) қаршисидаги майдонда ўтказилаётган норозилик акциясига ҳам келади.

– Мен жанаўзенликларни қўллаб-қувватлайман. Биз ўн йил муқаддам юз берган хунрезлик ва отишмалар такрорланишини истамаймиз. Нафақат газ, озиқ-овқатлар нархлари ҳам ошиб боряпти. Қимматчилик фақат жанаўзенликларни эмас, ҳаммамизни ҳоритди, – дейди у ўша куни Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига.

Кўп болали она давлат бераётган нафақа озиқ-овқат ва дори-дармонга етмаслигидан арз қилади. Айтишича, у энг кам иш ҳақи миқдорида (42 минг танга) нафақа олади, шунинг ҳам тўрт мингги мажбурий ушланмалар сифатида давлат фойдасига олиб қолинади.

“Ярадорларга кўмаклашдик”

Карима Ҳайдарбекова 4-6 январь кунлари Чимкентда ўтказилган норозилик акцияси иштирокчилари олдида бир неча марта нутқ сўзлади.

4 январь оқшомида у “Жибек жоли” бозори ёнида тўпланган одамларга мурожаат қилади. “Халқ – улкан куч. Халқни ҳеч ким енга олмайди”, дейди у кун бўйи шаҳар маъмурияти тинч митинг ўтказишга имкон бермаганидан шикоят қилиб. Тўпланганлар Каримани дастаклайдилар.

Серфарзанд она тунда Рус драматик театри рўпарасидаги митингчилар орасида ҳам бўлади, ўн чақирим йўл босиб акиматга борган ва шаҳар акими Мурат Айтенов билан учрашув талаб қилган намойишчилар юришида ҳам қатнашади.

Кечаси соат иккига яқин бир гуруҳ одам акимат ва Кўргазмалар маркази олдида турган полиция машиналарини ағдариб ташлаб, бебошлик қилишга киришади.

“Мен митинг тугагунча ўша ерда эдим. Қуролсиз одамларга қарата ўқ узишди. Ярадорларни кўрдим. Биз уларга ёрдам бердик. Саҳарга яқин, полиция сувотарларни ишга солгач, тўпланганлар тарқалишди”, деди у Озодликка 5 январь куни.

Ҳайдарбекова қамоққа олинганига икки ҳафтадан ошди, уни вояга етмаган ўғли билан ҳам, болаларни ўз қарамоғига олган онаси билан ҳам учраштиришмаяпти. Шунингдек, ҳибсхона маъмурияти унга қариндошлари келтираётган озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни ҳам қабул қилмаяпти. Қамоқхонада фаол билан унинг адвокати Бакитжон Сотиболдиевгина сўзлаша олди. У ҳимоячиси билан суҳбатда ҳокимиятга ўз фикрини билдириш учун майдонга чиққанини, “Жибек жоли” бозори ёнидаги митингчилар орасида бўлганини, “Колос” бекатидан бошланган юришда қатнашиб, Рус драма театридан акиматгача яёв борганини тасдиқлади.

“Аммо ҳеч қаерни вайрон қилмадим, ҳеч нимага зарар етказмадим, ҳеч кимни митингга чақирмадим”, деди у.

– Каримани қамоқхонада калтаклашгани ёки қийноққа солишгани йўқ. Аммо у фарзандларини, набираларига қараб туриш учун қишлоқдан келган онасини ўйлаб алағда бўлмоқда. Олти болали ёлғиз она, фарзандларидан иккиси ногирон. Жуда ачинарли ҳолат, – дейди адвокат.

Қозоғистон: Тоқаев КХШТ миссияси якунланганини айтди ва Назарбоевни танқид қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:01 0:00

“Болалар ёнида қамоқдан гапирмаймиз”

Карима Ҳайдарбекованинг онаси Озодлик мухбири билан телефонда сўзлашишга розилик берди.

Пенсионер онахонга кўра, қизи ҳибсга олинганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг фарзандларини то оналари озодликка чиққунича болалар уйига топширишга уринган. Полиция уларни олгани келганида икки ногирон қизалоқдан бирининг касали хуруж қилиб қолиб, “тез ёрдам” чақиришга тўғри келган.

Кариманинг онаси полицияга ариза ёзиб, буви сифатида набираларига вақтинча қараб тура олишини билдиради.

– Мен сиёсатдан йироқман, интервью беришни хушламайман. Лекин бу болалар бари кўз ўнгимда улғайган, ўз қўлларим билан катта қилганман уларни. Набираларимни болалар уйига бериб қўймайман. Ҳозир улар билан кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолдим. Мактаб ёшидаги учтасини ўқитувчилари ўзлари уйга келиб, ўқитишяпти. Болада ҳали, оналарини соғинишади, эсларига тушганида қайғуришади. Айниқса кенжа набирам онасини кўп сўрайди. Улар ёнида Кариманинг қамалгани ҳақида оғиз очмаймиз. Тўнғичи – талаба, қолганлари ҳали ёш. Катталари фаҳмлаб туришибдию лекин кичкиналарга нима деб тушунтиришни билмайман, – дейди Кариманинг онаси.

Онанинг айтишича, Карима яқинда 13 яшар ногирон қизининг тиббий амалиёти учун зарур ҳужжатларни тайёрлаган. Энди бу амалиёт қачон бўлиши мавҳум бўлиб қоляпти.

“Ҳозир қизим қамоқдан болалари ёнига эсон-омон қайтишидан бошқа тилагимиз йўқ”, дейди кекса аёл.

4 январь куни Чимкентда тинч митинг ўтказишга уринган ўнлаб одамлар полиция томонидан қўлга олинди. Ўша кечаси “Колос” бекати ёнида бошланган норозилик юришига йўл-йўлакай кўп одамлар қўшилиб, Рус драма театри ёнига етганда норозилар сони бир неча мингга етган эди.

Қарийб ўн минг киши ўн чақиримча йўл босиб, театрдан акиматга қадар марш қилишди. Худди ўша ерда – акимат биноси ёнида бир гуруҳ одам полиция машиналарини тўнтариб, тўполон қилишди.

5 январь оқшомида намойишлар давом этди ва тартибсизликларга айланиб кетди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўша куни кучишлатар ходимлар қуролсиз кишиларга қарата ўт очишган.

Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари чоғида Чимкентда 120 дан ортиқ одам жабрланган. Улардан айримлари ўқотар қуролдан ва тиғдан жароҳат олиб, касалхонада вафот этган.

Январь воқеаларда бутун мамлакат бўйича камида 225 киши қурбон бўлгани айтилмоқда. Чимкентдаги намойишларда неча киши ва қандай шароитда нобуд бўлгани, уларнинг шахси бўйича расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG