Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2021, Тошкент вақти: 06:18

Қозоғистон: Тақчил ва қиммат машиналар


Олмаотадаги машина бозорларидан бири.

Қозоғистон автобозори янги автоуловлар танқислигига учради. Бунинг натижасида минилган машиналар нархлари ҳам ошмоқда. Озодликнинг қозоқ хизмати бозордаги вазиятни ва қимматчилик сабабларини ўрганди.

"Йил охиригача барча машиналар олдиндан сотиб бўлинган"

Нур-Султон шаҳрида яшовчи Муҳит ва Бибинур (эр-хотин фамилиясини очиқламасликни илтимос қилишган) кўпдан бери янги автомобилни орзу қилишарди. Ниҳоят, ёзда улар орзуларини рўёбга чиқаришга – салоннинг ўзида ва, албатта, янги машина сотиб олишга қарор қилишди.

“Биз олти ярим миллион тангага арзонроқ хитойча кроссовер олмоқчи эдик, лекин автосалонда биз истаган машина йўқ экан, навбатга ёзилишга мажбур бўлдик, – ҳикоя қилади Бибинур. – Бизга аллақандай бошқа моделларни ҳам таклиф қилиб кўришди, аммо улар анча қиммат экан, бу нарх бизга тўғри келмади. Аввалига автомобилни тўрт фоизлик имтиёзли кредитга олмоқчи бўлгандик. Банкка борсак, навбатда турганларнинг сон-саноғи йўқ, бизга ҳали-бери гал келмас экан. Ахийри оддий автокредитга тўхталдик – 18 фоизлигига. Бу катта фоиз ҳисобланмайди, чунки машина Қозоғистонда йиғилган.”

Банк Муҳит ва Бибинурга автокредит беришга рози бўлди, аммо шартномага кўра автомобилни яқин тўрт ой ичида харид қилиш керак эди. Ҳолбуки, эр-хотин борган автосалонда янги машиналар қачон келишини ҳатто тусмоллаб ҳам айта олмаганлар. Натижада кредит аризаси бекор қилиниш хавфи остида қолган.

“Биз автосалон менежерига пул қистириб, машина келганида дарров хабар қилишни илтимос қилдик, – давом этади Бибинур. – Икки ойлардан сўнг у қўнғироқ қилиб, харидорлардан бири кредитдан воз кечганини ва, агар бир соатларда етиб боришга улгурсак, ўша машинани олишимиз мумкинлигини айтди. Акс ҳолда, бошқа талабгор чиқаркан. Тезда етиб бориб, харид қилдик: 2021 йилда чиққан янги машина эди. Аммо биз кутиб ўтказган икки ой мобайнида 100 минг тангага қимматлабди.

“Айтганча, биз бошқа автосалонларга ҳам бордик, қурбимиз етадиган нархда машина учраб қолар деб ўйлагандик. Бироқ менежерлар йил охиригача келадиган барча машиналар олдиндан сотиб бўлинганини айтишди”, қўшимча қилади аёл.

"Биз Хитой учун устувор бозор эмасмиз"

Янги автоуловлар тақчиллиги фақат Қозоғистонда эмас, балки бутун дунёда сезилмоқда. Экспертлар бунинг асосий сабаби микрочиплар етишмаслигида, дейишмоқда. Дарвоқе, бу микрочиплар маиший техника ишлаб чиқаришда ҳам қўлланади.

“Автомашиналарнинг энг муҳим бутловчи қисмлари бизга Корея ва Япониядан келади. У ерда фаровонлик даражаси жуда юқори, одамлар автоуловдан бошқа жиҳозларни ҳам кўп харид қилади, – изоҳ беради автожурналист Ўлжас Ўкас. – Пандемия даврида бу мамлакатларда машиналардан кўра маиший техника – телевизор, “ақлли” совуткич ва бошқа жиҳозлар бозори юришди. Автомобиллар эса иккинчи даражага тушди, чунки бу улар учун ҳаётий муҳим соҳа эмас.”

Ўлжас Ўкас яна бир ҳолатни қайд этади: микрочиплар етишмовчилигидан ташқари, етказиб беришда ҳам жиддий муаммолар бор. Масалан, Қозоғистонда энг оммабоп арзон машиналар бўлмиш Жанубий Кореянинг “Hyundai” ва “Kia” уловлари Хитойда қолиб кетяпти – у ердаги логистика марказларида катта навбат ҳосил бўлган, портлар ва темир йўлда ташиладиган юклар йиғилиб кетган.

“Биз Хитой учун биринчи рақамли бозор эмасмиз, шу боис улар автоуловларимизни жўнатиб юборишга шошмайди. Биз бор-йўғи учинчи даражали мамлакатмиз, керак бўлса кутамиз”, дейди автожурналист.

Қозоғистон автобизнес уюшмаси маълумотига кўра, автомобиллар ва бутловчи қисмлар етказиб бериш билан боғлиқ вазият анча жиддий: 2021 йил август ойининг ўзида Қозоғистонда янги автоуловлар савдоси 5.4 фоизга тушиб кетган, ҳолбуки янги машиналарга талаб ўсишда давом этмоқда.

“Дилерлар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамон бутловчи қисмлар ва автоуловларни Хитой орқали етказиб келиш бўйича ечим кутишмоқда. Юк жўнатишга навбат бир неча ой олдинга чўзилган. Боз устига, жаҳон бозорида электрон компонентлар тақчиллиги ой сайин талаб ва таклиф орасидаги тафовутни кенгайтирмоқда”, деб ёзилган уюшма сайтида.

Сайт таҳлилчиларига кўра, Қозоғистонда энг харидоргир моделлар бешлигини “Chevrolet Cobalt”, “Chevrolet Nexia”, “Hyundai Accent”, “Toyota Camry” ва “Hyundai Elantra” ташкил қилади.

Автожурналист Ўлжас Ўкас таъкидлашича, бу ерда гап асосан оддий (базавий) жиҳозланган уловлар ҳақида кетяпти. Агар мижоз қўшимча (эксклюзив) жиҳозлар бўлишини хоҳласа, яна кутишига тўғри келади.

“Қозоғистонда кузатилаётган яна бир тенденция бор: микрочиплар тақчиллиги туфайли автоулов билан боғлиқ ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетяпти, чунки машиналар ростдан ҳам етишмайди, талаб эса катта, – дейди Ўлжас Ўкас. – Дилерлар бундан фойдаланиб, қўшимча хизматлар устига қўшимча нарх қўйиб, автомобил қийматини бадтар ошириб юборишмоқда. Тўғри, қўшимча хизматлардан пул ишлашга уларнинг ҳаққи бор, аммо айни вазиятда улар хийла сурбетлик қилишмоқда. Илгари улар харидор салондан машина олаётганида қўшимча хизматларини юмшоқ оҳангда фақат таклиф қилган бўлсалар, ҳозир сўраб ўтирмасдан автоуловга шовқин босиш жиҳози ўрнатишади, гиламчани тўшаб қўйишади, яна қанақадир мультимедиа ускунасини қўшишади ва келган мижозга: “Мана уловингиз, лекин энди у 700 мингга қимматроқ бўлди, чунки фалон-фалон қўшимча жиҳозлари бор. Хоҳламасангиз, бошқа мижоз топилади”, дейди.

Иккиламчи бозор: "Яхши машиналарга талаб ортиб бормоқда"

Қозоғистон автодилерларига кўра, автоуловлар танқислиги жаҳон миқёсидаги муаммо бўлиб, Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмаган.

“Танқислик барча автоулов моделларида сезилмоқда, кутиш муддатлари моделлар кесимида тахминан бир хил – автомобил русуми ва моделига қараб 1–6 ойни ташкил қилади”, дея қайд этган “Астана Моторс” ширкати Озодлик қозоқ хизмати сўровига жавобан.

Ширкат, машиналар танқислигини баҳоли қудрат камайтириш мақсадида чет эл автомобил брендлари ва ишлаб чиқарувчилари билан Қозоғистон бозори учун квоталарни ошириш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирган.

Бу орада янги автомобиллар бозоридаги тақчиллик минилган машиналар нархларида ҳам акс этмоқда – сўнгги бир неча ой ичида эски уловлар нархи сезиларли даражада ошди.

Олмаота турғуни Сергей Артемьев минилган автоуловлар бозорини икки ойдан бери кезаркан, нарх-сифат нисбати қониқарли машина топа олмаётганини айтади. Сергей эски уловини икки миллион тангага сотиб, кредитга янгисини олмоқчи бўлган экан.

“Тахминан беш-олти миллион тангага 2005 йилда чиққан “Lexus RX”дан олмоқчи эдим. Лекин атиги бир неча ой ичида нархлар бирдан кўтарилиб кетди – энди олти миллионга фақат урилган “Lexus” машина беради, унга камида бир миллион танга қўшимча чиқим қилишингиз керак бўлади. Яхши ҳолатдаги минилган “Lexus RX” баҳоси эса саккиз миллионга чиқиб кетди”, арз қилади Сергей.

Тутилган машиналар бозоридаги қимматчиликни Сергей янги автоуловлар танқислиги билан боғлайди.

“Автосалонларда ҳозир танлов йўқ – ўзингиз истаган моделни харид қила олмайсиз, – тушунтиради у. – Кейин, турган гапки, минилган автомобиллар бозорига борасиз, у ерда ҳам яхши машиналарга талаб ортиб боряпти ва табиийки, талабгор кўпайгани сайин нарх ошаверади".

Автожурналист Ўлжас Ўкас Сергейнинг фикрига қўшилади: “Минилган машиналар, агар яхши тутилган бўлса, ростдан ҳам аввалгидан анча қиммат сотиляпти. Чунончи, 2012-2013 йилларда чиққан “Kia”, “Hundai”лар тақрибан миллион тангага қимматлади”.

Автобозорда қачон вазият ўнгланади – буниси номаълум. Аммо яқин бир йилда ўнгланмаслиги аниқ – экспертларнинг ҳам, ўзига мос улов топиш илинжида минилган машиналар бозорини ҳар куни кузатиб бораётган талабгорларнинг ҳам фикри шу.

“Астана Моторс” ширкати эса Қозоғистон автобозоридаги танқислик камида бир йил давом этишини башорат қилмоқда. “Янги автоуловларни етказиб бериш борасида вазият тахминан 2022 йилнинг иккинчи ярмида изига тушишини кутяпмиз”, дейди ширкат вакили.

XS
SM
MD
LG