Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 22:56

Қозоғистонда сиёсий фаоллар шубҳали экспертиза ва ёпиқ суд қарорларига кўра “экстремист”га чиқарилмоқда


Қозоғистоннинг турли минтақаларида норозилик акцияларига чиққан ва ҳокимиятга нисбатан танқидий чиқишлар қилган фаоллар “экстремистик бирлашмаларни ташкил қилиш” ва уларда “иштирок этиш”да айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

“Экстремистик” ташкилот деганда расмийлар “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ҳамда “Кўча партияси” ҳаракатларини назарда тутмоқда. Уларнинг фаолияти пойтахт суди томонидан тақиқлангани иддао қилинмоқда, бироқ суднинг бу тўғридаги қарорлари ҳеч қаерда эълон қилинган эмас. Қолаверса, мазкур суд қарорларига асос бўлган экспертиза хулосалари ҳам жамоатчиликка кўрсатилгани йўқ. Боз устига, маълум бўлишича, юқоридаги икки ташкилотдан бирини ман қилишга асос бўлган экспертиза муаллифи бошқа сиёсий суд жараёнларида ҳам қатнашган экан.

Ҳукуматга қарши намойиш ёки митингда, полиция “спецнази” атрофни ўраб олади ва норозиларни битта-битта тутиб, автозакларга тиқади... 2018-2019 йилларда бундай манзара бир неча марта кузатилган эди: “Қозоғистоннинг демократик танлови”, кейинроқ эса “Кўча партияси” уюштирган барча митинглар (уларда сиёсий маҳкумларни озод этиш, ҳалол сайловлар ўтказиш, Конституцияга риоя қилиш ва бошқа талаблар қўйилган) куч билан тарқатилган ва иштирокчилари ҳибсга олинган.

Бунга параллел равишда, норозилик ҳаракатининг энг фаол иштирокчилари ҳамда ижтимоий тармоқларда тинч митингларга чиқишни тарғиб қилган фуқаролар кучишлатар ходимлар кузатувига олинди, кейин эса терговга тортилди.

Ҳуқуқбонлар ҳисоблашича, Қозоғистонда сўнгги уч йилда 300 га яқин киши фақат сиёсий қарашлари учун “ҚДТ” ва “Кўча партияси”нинг эҳтимолий аъзоси сифатида Жиноят кодексининг 405-моддаси (Жамоат бирлашмаси ёки диний бирлашма ёхуд бошқа ташкилот экстремистик ва террористик фаолият юритгани муносабати билан суд қарорига кўра тақиқланган ёки тугатилганидан сўнг уларни ташкил қилиш ва улар фаолиятида иштирок этиш) билан жавобгарликка тортилган.

Биринчи ҳаракат чет элда яшовчи собиқ банкир ва ҳокимият мунаққиди Мухтор Аблязов томонидан таъсис этилган бўлиб, Қозоғистонда 2018 йилда “экстремистик” ташкилот ўлароқ тақиқланган, фаоллар асос солган иккинчи ташкилот эса 2020 йилда ман этилди – суд ва прокуратура негадир “Кўча партияси”ни “ҚДТ”нинг вориси деб ҳисоблабди.

Уч ярим йил давомида кўплаб фаоллар жаримага тортилди, озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди, айримлар ҳибсда суд бўлишини кутаётган бўлса, бошқалар аллақачон қамоқда жазо муддатини ўтамоқда.

Бир неча фаоллар суднинг "Кўча партиясини" экстремистик ташкилот дея чиқарган қарорига норозилик сифатида очлик эълон қилишди, Олмаота, 21 июн 2021
Бир неча фаоллар суднинг "Кўча партиясини" экстремистик ташкилот дея чиқарган қарорига норозилик сифатида очлик эълон қилишди, Олмаота, 21 июн 2021

Бироқ ҳеч бир ҳолатда ҳукмга ушбу ҳаракатларнинг “экстремистик” табиатини исботловчи ҳужжатлар илова қилингани йўқ. ҚБТ ва “Кўча партияси” тақиқлангани ҳақидаги суд қарорларини қўлига олган (улар суд қарорлари базасига киритилмаган ва кенг жамоатчилик кўзидан панада тутилмоқда) адвокатлар судьялар бу қарорларни чиқаришда экспертларнинг шубҳали хулосаларига таянганини айтмоқда.

ЭКСПЕРТ ХУЛОСАСИ БОРМИ?

2018 йил 13 мартда пойтахтнинг Есил тумани суди судьяси Руслан Мажитов ҚБТни “экстремистик ташкилот” деб топди ва Қозоғистон ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Кўп ўтмай Аблязов тузган ушбу ташкилот тарафдорларини бирин-кетин 405-модда бўйича жавобгарликка торта бошладилар. ҚБТ ман этилганидан сўнг судга тортилган илк фаоллардан бири бўлмиш Асет Абишевни ҳимоя қилган адвокат Гулнора Жуаспаева суднинг ўша қарорини ўзининг “Facebook”даги саҳифасида эълон қилган эди.

Суд ҳужжати нусхасига кўра, қарор Бош прокуратура илтимосига мувофиқ, очиқ суд мажлисида чиқарилган бўлиб, унда фақат давлат идораларининг ходимлари ҳамда Акбарова фамилияли эксперт иштирок этган холос.

“Рўйхатга олинмаган ҚДТ ташкилоти вакиллари суд мажлисида йўқ эди, мазкур бирлашма Қозоғистон Республикасининг адлия органларида давлат рўйхатидан ўтмаган, унинг юридик манзили ва жойлашган жойи судга маълум эмас. Шу муносабат билан суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблади”, дейилади суд материалларида.

Суд жараёнида, табиийки, ИИВ ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасидан вакиллар бўлган.

Суднинг ҚБТни “экстремистик ташкилот” деб топишига асос бўлган ягона ҳужжат – 2018 йил 7 мартдаги 654-сонли суд психологик-филологик экспертизасидир. Ҳужжатда, шунингдек, аллақандай сиёсатшунос томонидан ўтказилган политологик таҳлил ҳам эсга олинади. Аммо на экспертнинг исми бор, на экспертиза ўтказилган муассасанинг номи. Бундан ташқари, гўё суд жараёнида қатнашган Акбарова фамилияли экспертнинг экспертизада иштирок этгани ёки этмагани ҳам номаълум.

“Экспертиза хулосасини бизга беришмади. Беринглар, деб илтимоснома киритганимизда: “Сиз бу фуқаролик иши иштирокчиси эмассиз, шу боис сизга экспертиза хулосасини бера олмаймиз”, деган жавобни олдик. Жараён вақти суд мажлисида Бош прокуратура, ИИВ, Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ҳамда эксперт Акбарова бўлган холос. Бошқача айтганда, потенциал жиҳатдан тақиқланган ташкилотга алоқадорликда айбланиши мумкин бўлган бирорта ҳам Қозоғистон фуқароси судда қатнашмаган. Ҳеч ким қатнашмадими, қарорни очиқ эълон қилишлари керак эди. Чунки ҳаракат иштирокчиси сифатида 405-модда билан жавобгарликка тортиладиган ҳар бир инсон ҳимояланиш ҳуқуқига эга”, дейи адвокат Жуаспаева.

2020 йилда яна шу Есил тумани суди “ҚДТ ўз номини “Кўча партияси”га ўзгартирган, иккаласи битта экстремистик ташкилот саналади”, дея қарор чиқарди. Ва шу тариқа суд “Кўча партияси” деган янги ном билан ҚДТ фаолиятини бутун Қозоғистон Республикаси ҳудудида тақиқлади. Ушбу суд мажлисида ҳам Бош прокуратура, ИИВ, МХҚ вакилларию эксперт Сейфуллинадан бошқа ҳеч ким бўлмаган.

Полиция Олмаотада Қозоғистоннинг демократик танлови уюштирган намойишга келганларни ҳибс этмоқда. 22 феврал 2019 йил
Полиция Олмаотада Қозоғистоннинг демократик танлови уюштирган намойишга келганларни ҳибс этмоқда. 22 феврал 2019 йил

Бу қарор ҳам эълон қилингани йўқ. “Кўча партияси” ҳаракати фаоллари ва адвокат Галим Нурпеисов суд қарори устидан юқори маҳкамага шикоят қилишди. Бироқ юқори инстанция апелляция шикоятини, уни тақдим этган ташаббускор гуруҳ аъзоларини “иш бўйича тараф ёки унда иштирок этган шахслар эмас”, деган иддао билан рад этди. Бир неча фаол, жумладан, Асхад Жексебоев ҳамда Нўён Раҳимжонов “Кўча партияси”га алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди.

Есил тумани судининг қарори қабул қилинишига асос бўлган “комплекс суд психологик-филологик экспертизаси” ҳеч кимнинг қўлига берилмади.

ЭКСПЕРТ АКБАРОВА КИМ?

Пойтахтлик юрист Антон Фабрий ҚДТ тақиқлангани ҳақидаги қарорнинг тўлиқ матни билан биринчилар қаторида танишишга муваффақ бўлди. У судга шикоят ёзиб, унда ҚДТга аъзо бўлиш нияти борлигини, бироқ эндиликда ушбу қонуний ҳуқуқдан маҳрум бўлганини, бинобарин, суднинг қарори унинг сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиб кириш ҳуқуқини чеклаганини билдирди. Қатор бюрократик сансалорликлардан сўнг Фабрий ниҳоят Есил тумани судининг қарорини “танишиб чиқиш ва нусха кўчириш учун” олди. Кейинроқ эса ҳужжат нусхасини “Facebook”даги саҳифасига ҳам илиб қўйди.

Юристнинг Озодлик радиоси қозоқ хизматига маълум қилишича, икки жилдли иш асосан Мухтор Аблязовнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрлари ва баёнотларидан ташкил топган.

Суд материалларига ишонилса, эксперт Акбарова Мухтор Аблязовнинг шахсий саҳифасига жойланган ахборотлар, видеофайллар ҳамда варақаларни таҳлил қилган. Ва, тақдим этилган материалларда амалдаги ҳокимият, давлат идоралари ва мансабдор шахслари салбий баҳоланган, шунингдек, мамлакатда ҳокимиятни куч билан ағдаришга чақирувчи фикрлар билдирилган, деб хулоса ясаган.

Озодлик мухбири нега бундай хулоса қилгани ва экспертизада қандай методлардан фойдаланганига аниқлик киритиш мақсадида Роза Акбарова билан боғланишга уринди, аммо унинг барча ҳаракатлари зое кетди.

Очиқ манбалардаги маълумотларда айтилишича, Роза Акбарова Қарағанда давлат университети ҳамда Шимолий Қозоғистон давлат университетини тамомлаган, кўп йиллар давлат идораларида, хусусан, Адлия вазирлигининг ички сиёсат департаментида ва дин ишлари қўмитасида, шунингдек, суд-тиббий экспертиза муассасасида ишлаган. 2017 йилдан бошлаб Адлия вазирлигининг Суд экспертизаси маркази директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2019 йил ноябрида Акбарова диний экстремизмга доир дастурда эксперт сифатида иштирок этган.

Қизиқ томони, 2012 йилда Акбарова рўйхатдан ўтказилмаган “Олға” мухолифат партияси етакчиси Владимир Козлов ишида ҳам экспертиза муаллифи бўлган экан. Ўшанда эксперт “Олға” партияси гўёки ҳокимиятни эгаллаш, хусусан уни қурол кучи билан босиб олиш мақсадида Мухтор Аблязов раҳбарлигидаги экстремистик ташкилотга айлангани тўғрисида хулоса берган.

Акбарованинг экспертиза хулосасига таяниб, Оқтов суди 2012 йил октябрида Козловни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Ўша ҳукмда “Олға” партияси фаолияти “экстремистик” дея баҳоланган эди. 2012 йил декабрь ойида эса Олмаота суди экспертиза ўтказмасдан “Олға” партиясини тақиқлади – катта эҳтимол билан, Козлов ишида Акбарова берган хулоса етарли деб топилган.

Ўтган йили жамоатчи фаол Алнур Иляшев “қасддан ёлғон ахборот тарқатган” деган айблов билан уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Иляшев ишида ҳам Роза Акбарова хулоса берган.

Унинг фикрича, Иляшев “Facebook” тармоғида ҳукумат ва “Нур Отан” партияси томонидан амалга оширилган коронавирус инқирозига қарши чора-тадбирларни танқид қиларкан, хабарлари фуқароларда “давлат ҳокимияти органларининг лаёқатсизлиги ҳақида тасаввур уйғотишга қаратилган” бўлиб, “жамият хавфсизлигига реал хавф туғдиради”.

Роза Акбарова ҳозир қаерда ишлаётгани номаълум. Суд экспертизаси марказида Озодлик мухбирига бунақа ходим йўқ, деб жавоб беришган.

“ҲОКИМИЯТНИ ЎЗГАРТИРМОҚЧИ БЎЛГАН ТИНЧ ҲАРАКАТ”

2017 йил апрелида Мухтор Аблязов бир неча сафдоши билан бирга “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракатига асос солган эди. Ҳаракатнинг мақсади Қозоғистоннинг сиёсий ва иқтисодий қуримини тубдан ўзгартириш, парламент республикаси ҳамда аҳоли олдида ҳисобдор бўлган ҳукумат тузиш экани эълон қилинди.

ҚДТ платформасида сиёсий ўзгаришлар, чунончи, президентлик лавозимини тугатиш, мустақил суд тизимини шакллантириш, шунингдек, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ислоҳ этиш ҳақида гап боради.

Бундан ташқари, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш, тинч йиғинлар, иш ташлашлар ўтказиш эркинлиги, сўз эркинлигини таминлаш, ҳокимиятнинг барча бўғинларида коррупцияга қарши кураш, ҳар бир фуқарога 20 сотихдан ер ажратиш, энг кам иш ҳақини Европа мамлакатлари даражасига кўтариш каби масалалар ҳам алоҳида бандларда тилга олинган.

“Кўча партияси” ҳаракатининг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий дастурида парламент республикаси тузиш, фуқароларни бепул тиббий ёрдам билан таъминлаш, сиёсий маҳкумларни озод этиш тўғрисида сўз юритилади. Шунингдек, унда фуқароларнинг тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқини чекламасликка, бюджет соҳалари ходимларининг иш ҳақини 400 минг тангага оширишга, фуқароларни ер майдонлари билан таъминлашга, ипотека кредити фоизларини 5 фоизгача камайтиришга ва энг кам пенсия миқдорини 170 минг тангага кўтаришга чақириқлар ҳам ўрин олган.

Бу икки ҳаракатнинг даъватлари билан мамлакатда тинч митинглар, пикетлар ўтказилди, ижтимоий тармоқларда турли челленжлар ташкил қилинди. Норозилик чиқишларида фаоллар, 2019 йилги навбатдан ташқари президент сайлови ҳалол бўлмаганини таъкидлаб, сиёсий маҳкумларни озод этишни талаб қилдилар. Ҳозирда фаоллик аввалгидек эмас – норозилик ҳаракатининг кўплаб аъзолари ё терговда, ё уй қамоғида ёки ҳақиқий қамоқда.

405-модда билан судланганларнинг адвокатлари улар ҳимоя қилган шахсларнинг хатти-ҳаракатларида экстремизм белгилари бўлмаганини айтишади, шунга қарамай судлар, ёпиқ экспертиза хулосасига ва Есил тумани судининг ҳеч қаерда очиқ эълон қилинмаган қарорига асосланиб, айблов ҳукмларини чиқарди.

Адвокат Жанар Болғабоева ҳокимият шу тариқа ўз танқидчиларини таъқиб қилмоқда, деб ҳисоблайди.

“Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича Шанхай конвенциясига кўра, “экстремизм” бу – ҳокимиятни куч билан босиб олиш ёки сақлаб туришга, шунингдек, давлатнинг конституциявий тузумини куч билан ўзгартиришга қаратилган муайян фаолият, шунингдек, ушбу мақсадларда ноқонуний қуролли тузилмалар ташкил қилиш ва улар фаолиятида иштирок этишдир. Мен ҳимоя қилган шахслар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга ва уни сақлаб қолишга уринганлари йўқ. Улар куч ёки зўравонлик қўллашмади. Қуролли тузилмаларга аъзо бўлишмади ва давлат хавфсизлигига хавф солувчи ташкилотларда иштирок этишмади. “Кўча партияси”нинг барча акциялари тинч характерда эди, фаоллар ўз талабларини тинч йўл билан билдиришди. Менимча, ҳукумат уларни сиёсий қарашлари учун, бошқалардан фарқли ўйлашгани учун таъқиб этяпти”, мулоҳаза қилади адвокат Болғабоева.

XS
SM
MD
LG