Қозоғистоннинг Олмаота вилояти прокуратураси 8 июнь куни ўтган йилнинг январь ойида Қозоғистонда содир бўлган қонли воқеалар чоғида қўлга олингани ортидан қийноққа тутилганини билдирган тўрт нафар ўзбекистонликнинг аризасини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Айна Шорманбаева маълум қилган.
Ҳуқуқ фаолига кўра, бу тўрт ўзбекистонликнинг ҳаммаси 2022 йил январида қирғизистонлик жаз мусиқачиси Викрам Рузахунов билан бирга ҳибсхонада тутиб турилган. Рузахунов ҳибсхонада қийноққа солинганидан шикоят қилган, Қозоғистондаги давлат ОАВ эса уни “ёлланма жангари” ўлароқ тақдим этишга уринган.
“Улар [ўзбекистонлик тўртовлон] яна таъқибга учрашдан қўрқишиб, ариза ҳам бермасдан Қозоғистондан кетиб қолишган. Ўзларига келиб-келмай, ишга тушиб кетишган, чунки вақт ўтиб боряпти. Биз ўзимиз Ўзбекистонга бориб, улардан ариза олиб келдик ҳамда прокуратурадан бу аризаларни терговдаги ишга (Олмаота вилоят прокуратураси қирғизистонлик Викрам Рузахунов ва Чолпонбек Сидиқов жабрланувчи сифатида кўрилаётган қийноққа оид ишни тергов қилмоқда – таҳр.) тиркаб қўйиш ва уларни жабрланувчи деб тан олишни сўрадик. Прокуратура аризамизни қаноатлантирди”, дея билдирган Айна Шорманбаева Озодликнинг қозоқ хизматига.
Ҳуқуқ фаоли хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда тўрт нафар янги жабрланувчининг исмларини очиқламасликни сўраган.
Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик жабрланувчиларнинг энг ёши 22, энг каттаси эса 48 ёшда. Улардан уч нафари бир-бирларига қариндош бўлади.
Олмаота вилоят прокуратураси бошқармаси бошлиғи Ғалимжан Сарсеновнинг ҳуқуқ фаолларига йўллаган жавобида Қозоғистон Жиноят кодексининг “Қийноқ” ва “Хизмат ваколатларидан четга чиқиш” моддалари бўйича жиноят иши очилганини айтилган.
Қозоғистонда 2022 йилнинг январь ойида содир бўлган воқеалар чоғида икки нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган. Бу мамлакатнинг бир неча фуқароси ўзбошимчалик билан қўлга олиниши ортидан қийноқ қурбонига айланганини билдирган. Улар орасида қирғизистонлик жаз мусиқачиси Викрам Рузахунов билан Олмаотага пул топиш учун келган Чолпонбек Сидиқовлар ҳам бор.
Рузахунов Қозоғистон расмийларидан товон пули ундирмоқчи эканини айтган. Жорий йилнинг 25 майида Остонадаги суд Рузахуновнинг Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига қарши ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинишини сўраб берган аризасини қаноатлантирмаган. Аризачи расмийлардан узр сўрашни ҳамда Январь воқеалари чоғида ўзи ҳақида Қозоғистон расмийлари томонидан тарқатилган маълумот ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини тан олишни талаб қилган.
Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов жорий йилнинг 5 январь куни Остона шаҳрида парламентда қонли воқеаларнинг тергов қилиниши ҳақида ҳисобот берар экан, Январь воқеаларида Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқаролари билан бир қаторда қирғизистонликлар ҳам иштирок этишганини билдирган.
Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари ўз фуқаролари Январь воқеаларига алоқадор эканига оид Қозоғистон бош прокуратураси баёнотини рад этишган. Ўзбекистон ТИВ эса 5 январь куни ташқи ишлар вазири Қозоғистон элчисини қабул қилгани ҳақида маълумот тарқатган.
Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари 2022 йил январида содир бўлган воқеалар чоғида бедарак йўқолган камида икки нафар ўзбекистонликнинг исмини очиқлашган. Олмаотадаги “Олтин Ўрда” бозорида аравакашлик қилган таҳиятошлик 32 ёшли Мақсет Қанатбаев Январь воқеалари чоғида тутиб кетилган. Полиция Қанатбаевнинг қариндошлари унинг 12 январь куни қўйиб юборилганини билдирган, бироқ у уйига қайтган эмас. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу иш махфийлаштирилган. Қорақалпоғистоннинг Шимбай шаҳридан келган 43 ёшли Азат Жуманиязов эса 2022 йилнинг 4 январидан буён бедарак кетган, деб ҳисобланади. Мазкур иш тергови билан Қозоғистон ИИВ шуғулланган.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистоннинг тўртинчи даврий ҳисоботи бўйича берган якуний мулоҳазаларида мамлакат расмийларига куч ишлатар тузилмалар ва қамоқхоналарда ишлайдиган ходимларнинг қийноқ ва/ёки ҳибсхоналардаги ўлим ҳодисаларига алоқадор бўлиши мумкинлигига оид барча ҳолатлар юзасидан текширув ўтказиш ҳамда қурбонларнинг оилаларига тегишли товон пулларини беришни тавсия қилган эди.
Форум