Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2022, Тошкент вақти: 21:47

Қозоғистонликлар нега Туркияга кўчиб кетмоқда?


2021 йилнинг тўққиз ойи давомида Қозоғистондан бошқа мамлакатларга 25 минг киши доимий яшаш учун кетган. Аксари Россия, Германия ва Польшада ўрнашган. Яқин йиллардан бери қозоғистонликларнинг “эмиграция харитаси”да Туркия пайдо бўлди. Расман ушбу “биродар мамлакат”га атиги 75 киши кўчиб кетган, аммо статистика реал вазиятни акс эттирмайди ва бунинг ўз сабаби бор.

“Комфорт бор, аллергия йўқ”

Олмаоталик Мирлан Телебарисов хотини ва ёш болалари билан Туркияга кўчиб келганига бир йилдан ошди. Ҳозирда у ижтимоий тармоқларда Аланя курорт шаҳри ҳаёти ҳақида блог юритади ва юртдошларининг бу ўлкада ўрнашишларига кўмаклашади.

“Одамлар бу ерга комфорт ҳаёт учун келади. Меҳмонхона инфратузилмасига эга уйда яшайсиз. Ҳатто у “эконом” тоифасида бўлса ҳам, ҳовуз, тренажёр зали ва сауна каби қулайликлар бўлади. Олмаотада бунақасини тушингизда ҳам кўрмайсиз. Кўплаб ватандошларимиз бу ерга айнан комфорт қидириб келмоқда”, дейди Мирлан.

Мирланнинг айтишича, Аланяда расман қайд этилган уч мингдан зиёд қозоғистонлик бор – булар яшашга рухсатнома (ЯР) олганлар. Туркия ҳукумати бу ерда кўчмас мулк сотиб олганларга шунақа ҳужжат беради.

Мирлан Телебасиров оиласи билан
Мирлан Телебасиров оиласи билан

“Биз Туркия фуқаролигига ўтмоқчи эмасмиз, яшашга рухсатномамиз бор, шу етади. Яхши яшаяпмиз, йилда 300 кун қуёш бор, ҳаво тоза, маҳсулотлар тоза. Олмаотада болаларим цитрус мева ейишса, дарров аллергия берарди. Бу ерда килолаб цитрус ейишса ҳам ҳеч нима қилмайди. Мева-сабзавот нархи Қозоғистондагидан анча арзон”, дея Туркиядаги ҳаётнинг афзалликларини санайди Мирлан Телебарисов.

Унинг уч фарзанди бор: тўнғич қизи турк хусусий мактабида иккинчи синфни тугатди, иккинчи қизи мактабга тайёрлов курсига қатнаяпти, ўғли эса энди боғчага чиқади.

“Бу ерда қозоқ диаспораси жуда уюшқоқ. Бу йил бирга Наврўзни нишонладик, 500 дан зиёд одам йиғилди. Ҳатто турклар қойил қолишди. Бир кунга Қозоғистонга бориб келгандек бўлдик”, дейди Мирлан.

“Мусулмон мамлакат, менталитети ўхшаш”

Кўчиб кетувчиларнинг аксари мусулмон мамлакат ва “менталитетига кўра” яқин бўлгани учун Туркияни танлаганини айтади. Яна улар “турклар қозоқлар билан яхши чиқишади”, деб қўшиб қўйишади.

Эмиграциянинг яна бир муҳим сабаби – тирикчилик. Элмира Муртазаева 2014 йилда иш излаб Қозоғистондан Туркияга келганини айтади.

“Барча хусусий пенсия жамғармалари тугатилганида ишсиз қолган 22 минг кишидан бири мен эдим. Ўшанда ўйлай-ўйлай Туркияга кетишга қарор қилдим. Бир-икки йил қийналдим, ҳозир ҳам ишлаб, ҳам ўқияпман. Турк косметика молларини Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Украинага улгуржи сотиш билан шуғулланаман. Бу ерда яшаш менга ёқади. Озиқ-овқат, кийим-кечак, уй ижараси – ҳамма нарса Қозоғистондан арзон. Келганимга афсусланмайман”, дейди Элмира.

2017 йилда Қозоғистон фуқаролари Туркияда 334 та квартира харид қилган бўлса, 2021 йилнинг тўққиз ойида бу рақам 1339 та квартирани ташкил қилган.

Экспертларга кўра, кўчмас мулк аввало Туркияда яшашга рухсатномасига эга бўлиш учун сотиб олинмоқда. Қолаверса, уй-жой нархлари арзонлиги ҳам муҳим омил бўляпти: Туркияда уйлар баҳоси бир кв.метр учун ўртача 264 доллар, яъни Қозоғистондагидан қарийб 3 баравар арзон.

“Этник кўчиш”

Қозоғистонликлар кўчиб кетаётган мамлакатлар орасида кўп йиллардан бери Россия яққол етакчилик қилади. 2021 йилда Қозоғистондан у ерга 21 минг киши доимий яшашга кетган. Иккинчи ўриндаги Германия эса 2400 кишини қабул қилган. Эмиграция манзиллари рўйхатида кейинги қаторларни Польша, АҚШ, Беларусь ва Исроил эгаллайди.

Социолог Гулмира Илеуова фикрича, қозоғистонликларнинг Россияга кўпроқ интилиши мантиқий ҳол.

Гулмира Илеуова
Гулмира Илеуова

“Бу нафақат иқтисодий, балки маданий ва тил омиллари билан ҳам боғлиқ. Бизнинг сиёсатимиз этник йўналтирилган сиёсат бўлиб, ҳаммага бирдек маъқул бўлмайди. Россияга кўчиб кетаётганлар орасида фарзандларининг рус тили муҳитида вояга етишини хоҳловчилар жуда кўп. Иқтисодий омил ҳам таъсир этяпти, албатта: Россияда иш ҳақлари ва пенсиялар кўпроқ. Аммо мен “ақллар кўчиши” юз беряпти, деб ҳисобламайман. Шунчаки, этник маънодаги кўчиш кузатилмоқда, холос”, дейди эксперт.

“Ватанпарварлик урфдан қолган”

Ёшлар сиёсати бўйича эксперт Ирина Медникова эса миграция билан боғлиқ вазиятни “инқироз” деб атайди.

Ирина Медникова
Ирина Медникова

“Кетаётганлар аксари 30-40 ёшлардаги соғлом, маълумотли ва амбицияли одамлар. Айниқса, АҚШ, Канада ва Евроиттифоққа кўчиб кетаётганлар юқори малакали кадрлар бўлиб, потенциал жиҳатдан улар Қозоғистонда кўплаб иш ўринларини ташкил қилиб, иқтисодиётни кўтаришлари мумкин эди”, дейди у.

Медникова мисол тарқасида яқинда Фридрих Эберт фонди ўтказган тадқиқот натижаларини келтиради. Унга кўра, қозоғистонлик талабалар кўпроқ Россия (22.3 фоиз), Европа (23.4), АҚШ (29) ва Хитойга (3.6) кўчиб кетмоқда.

“Ўқиш учун чет элга кетаётганларнинг мутлақ аксарияти ўша ерда қолишни орзу қилади. Патриотизм аллақачон урфдан қолган, ҳозир молиявий барқарорлик ҳаммасидан муҳим”, хулоса қилади социолог.

Малакали мутахассисларнинг мамлакатни тарк этаётгани ҳукуматни унчалик безовта қилмаётгандек туюлади. 2019 йилда ижтимоий ривожланиш вазири Дархон Қалетаев буни “глобал тенденция” деб атаган ва “кетаётганларнинг аксари миллий ўзакни ташкил қилмайдиган халқлар вакиллари” эканини айтиб, “фожиа ясамасликка” чақирган эди.

Вазирнинг бу гаплари статистикага зид эмас. Чунончи, расмий қайдларга кўра, 2021 йилда Қозоғистондан кўчиб кетган 25 минг фуқаронинг 17 мингдан ортиғи руслар, 3225 нафари немислар ва 1835 нафари украинлар экан. Қозоқ миллатига мансуб фуқаролар салмоғи эса 1243 кишини ташкил этган.

XS
SM
MD
LG