Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 11:04

Халқаро хабарлар

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги отишмада бир киши нобуд бўлиб, беш киши жароҳат олди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Атирау вилояти Қизилқўға туманига қарашли Сагиз қишлоғида 30 октябрь куни қишлоқдошлар ўртасида отишма содир бўлиб, олти киши жабрланди, улардан бири вафот этди.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Ақ Жайиқ” нашрига маълум қилишича, қўлидан енгил ярадор бўлган жабрланганлардан бирининг уйига кетишига рухсат берилган, жиддийроқ жароҳат олган яна бири Мақат тумани касалхонасига ётқизилган.

“Жабрланганлардан уч нафари вилоят касалхонасига етказилди. Уларнинг аҳволи барқарор, муолажа қилиняпти. Ҳаммаси травматология бўлимида, шифокорлар назоратида даволанмоқда”, дея маълум қилган бошқарма матбуот хизмати.

Айтилишича, отишма овулнинг турли қисмларида яшовчи йигитларнинг “ўзаро орани очиқ қилишга уриниши” ортидан келиб чиққан. “Жиноятга ҳозирлик кўриш ва одам ўлдиришга суиқасд қилиш” моддаси бўйича судгача тергов ҳаракатлари бошланган.

Полиция маълумотига кўра, отишма Атирау-Ақтўбе автомобиль йўлининг 331-километрида юз берган. Беш киши милтиқдан отилган питра ўқдан яраланган, бир кишининг қўли синган. 1985 йилда туғилган яна бир эркак Сагиз қишлоғи амбулатор касалхонасига олиб келинганидан сўнг жароҳатдан вафот этган.

“Ақ Жайиқ”нинг хабар қилишича, қишлоқда бу каби “муносабатларни ойдинлаштириш” ҳоллари биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Ўтган йилнинг июлида бу ерда оммавий муштлашув рўй берган, оқибатда 27 ёшли эркак пичоқ еб ўлган эди. Унинг қотили 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Кун янгиликлари

АҚШ Тожикистон чегара қўшинларига 18 та жип тақдим этди

J8 жипларини топшириш маросими

АҚШ элчихонаси Тожикистон чегаралари хавфсизлигига кўмаклашиш мақсадида мамлакат МХДҚ Чегара қўшинларига 18 та J8 жипини топширди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Умумий қиймати 1,3 миллион доллардан ортиқ йўлтанламасларни элчи Жон Поммершаймдан Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали қабул қилиб олган. Ушбу автоуловлар тожикистонлик чегарачиларга чегара ҳудудларининг мураккаб географик шароитида амалиётлар ўтказишга ёрдам беради, дея таъкидланган маросимда.

Элчи Марк Поммершаймнинг урғулашича, “мазкур ёрдам АҚШ томонидан Тожикистонга давлат чегараларини қўриқлаш учун техник кўмак кўрсатилаётганига бир мисол, холос”.

“Чегара хавфсизлиги соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Тожикистондан миннатдормиз ва биз ўз ютуқларимиздан фахрланамиз. Бундан кейин ҳам террорчилик, гиёҳванд моддалар айланмаси ва оммавий қирғин қуролларига қарши курашда ҳамкор бўлиб қоламиз. Алоқаларимизнинг тасдиғи сифатида келгуси йилда Тожикистон хавфсизлик соҳасига қарийб 60 миллион доллар сармоя киритишни режалаяпмиз”, деган АҚШ дипмиссияси раҳбари.

Қўшма Штатлар 1992 йилдан бери Тожикистон хавфсизлик соҳасига қиймати 330 миллион доллардан кўпроқ кўмак берган. Ушбу ёрдам доирасида Тожикистон ҳарбийларига жами 11,9 миллион долларлик 378 та транспорт воситаси тақдим этилган. Шунингдек, 13 та чегара заставаси, 9 та назорат-ўтиш маскани ва учта чегарачилар тайёрлов маркази янгидан қурилган ёки тикланган.

Австрияда эмланишдан бош тортганларга 7200 еврогача жарима солиш таклиф қилинмоқда

Венадаги савдо марказида ташрифчиларнинг COVID-19 га қарши эмловдан ўтган-ўтмаганини текшираётган полициячилар

Австрия расмийлари COVID-19 га қарши эмловдан ўтишдан бош тортганларга жарима жорий этишни режаламоқдалар. Бу ҳақда Die Presse газетаси томонидан ёйинланган мажбурий вакцинация тўғрисидаги қонун лойиҳасининг дастлабки версиясида айтилган. Мазкур чора 2022 йилнинг февраль ойидан жорий этилиши мумкин.

Лойиҳага мувофиқ, эмланишдан бош тортганлар 3600 евро жарима тўлаши керак бўлади ёки тўрт ойга озодликдан маҳрум этилади. Агар бирор киши расмийларнинг эмлов заруратига оид огоҳлантирувини икки марта эътиборсиз қолдирса, у 7200 евро миқдорида жаримага тортилади.

Қонун лойиҳасида эмлов Австрия ҳудудида яшаётганларнинг барчаси, жумладан вақтинча яшаётган кишилар учун ҳам мажбурий экани айтилган. Бундан фақат эмланиши мумкин бўлмаган шахслар, ҳомиладор аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалар мустасно, холос.

Мажбурий вакцинация тўғрисидаги қонун лойиҳаси расман шу йилнинг 6 декабрь куни очиқланиши кутилмоқда.

Австрия фуқароларнинг 2022 йил 1 февралидан бошлаб коронавирусга қарши мажбурий эмланиши ҳақида эълон қилган Европа Иттифоқида илк мамлакат бўлди. Шу йил 22 ноябридан Австрияда тўлиқ локдаун жорий этилган. У 20 кун давом этиши тахмин қилинмоқда.

Локдаун арафасида Венада чекловларга қарши пандемия бошидан бери энг йирик норозилик акцияси бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда шаҳар кўчаларига 35 минг чоғли норози чиққан.

Туркманистон биринчи хонимининг сурати илк бор матбуотда пайдо бўлди

Туркия ва Туркманистон президентлари рафиқалари билан, Ашхобод, 2021 йил 27 ноябри

Турк нашрлари Туркманистон биринчи хоними Ўғулгерек Бердимуҳамедова акс этган фотосуратни чоп этишди. Туркманистон ва Туркия президентларининг рафиқалари билан бирга тушган сурати Ашхободда 27 ноябрь куни бўлиб ўтган зиёфат чоғида олинган.

Эрдўғон Туркманистонга икки кунлик ташрифни амалга ошириш ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун келганди.

Туркманистондаги расмий нашрлар Бердимуҳамедованинг суратини ҳеч қачон чоп қилишган эмас. Туркманистон биринчи хонимининг фотосини биринчилардан бўлиб SonDakika нашри ёйинлаган.

Гурбангули Бердимуҳамедов телевидение экранлари, расмий газета ва журналларнинг биринчи саҳифасида одатда ёлғиз пайдо бўлади, туркман нашрлари унинг рафиқасини ҳеч қачон кўрсатишмайди. Оилавий расмларда эса кўпинча унинг ўғли, қизлари ва набиралари бўлади.

Озодликнинг туркман хизмати Ўғулгерек Бердимуҳамедовага оид фактлар, унинг ёши ва нима билан шуғулланиши кўпчиликка ҳалигача маълум эмаслигини қайд этган. Хорижий сафарларга эса Туркманистон президенти рафиқасини олиб бормайди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президенти лавозимини мамлакатнинг тўнғич президенти Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг – 2007 йилда эгаллаган. “Орқадоғ” унвонига эга бўлган Бердимуҳамедов, расмий маълумотларга кўра, 2012 йилдаги президент сайловида 97,14 фоиз, 2017 йилдаги сайловда эса 97,69 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

ОАВ: Кремль Моргенштерн билан ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқмоқда

Алишер Моргенштерн

Россия президенти маъмурияти Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин айблови ортидан мамлакатни тарк этган рэпчи Алишер Моргенштерннинг продюсери билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда президент маъмуриятидаги манбасига таянган ҳолда Znak.com хабар қилди.

Нашрга кўра, музокараларда Моргенштерннинг Россияга қайтиши имконияти муҳокама қилиняпти, Кремль вакиллари 2024 йилда бўладиган президент сайлови арафасида унга ҳамкорлик таклиф этишган. Айтилишича, таклиф рад этилган тақдирда ҳам рэпернинг қайтишига тўсқинлик қилинмайди, аммо мазкур ҳолатда “Тергов қўмитаси томонидан бўлган барча айбловлар амалда татбиқ этилиши мумкин”.

Моргенштерннинг концерт директори Табриз Шаҳидий музокаралар бўлаётганини тасдиқламаган ҳам, инкор ҳам этмаган.

Znak.com қайдича, Кремль Моргенштернни ёшлар орасида ижтимоий фикр етакчиларидан бири деб билади ва унинг машҳурлигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни хоҳлайди.

Моргенштерн 24 ноябрь куни – Бастрикин уни “ижтимоий тармоқларда гиёҳванд моддалар сотаётганликда” айблаганидан сўнг Россияни тарк этган. Бундан ташқари, унинг клипларида гўё уларда гиёҳванд моддалар тарғиб қилингани сабабли текширилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

ОАВ хабарларига кўра, рэпер айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларида яшаб турибди.

Саакашвили илк бор шахсан суд қаршисига чиқди

Саакашвили суд залида

Грузиянинг собиқ президенти, октябрь ойи бошларида мамлакатга қайтиши билан ҳибсга олинган Михаил Саакашвили 29 ноябрь куни илк бор шахсан суд қаршисига чиқди. У маҳкамага Гори шаҳридаги ҳарбий касалхонадан етказиб келинди. Сиёсатчи қамоқда бир ойдан зиёд вақт очлик сақлаганидан сўнг ўша ерда даволанмоқда.

Саакашвили аввалроқ сиртдан озодликдан маҳрум этилгани сабабли қамоқхонага жойлаштирилган. Ҳозирда суд унга нисбатан очилган янги ишни кўриб чиқмоқда. Бу сафар Саакашвили 2007 йил 7 ноябрь куни норозилик акциясини тарқатиш ва тадбиркор Бадри Патаркацишвили мол-мулкини мусодара қилишда ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда айбланяпти. Собиқ президент айбини тан олган эмас.

Озодликнинг грузин хизмати хабарига кўра, суд тинглови бошланишидан олдин Саакашвили Грузия суди ва прокуратурасини тан олмаслигини айтган, устидан очилган суд ишини эса “натижаси аввалдан маълум комедия” деб атаган.

Шунга қарамай, Саакашвили суд тингловида шахсан қатнашишга қарор қилган. Аввалроқ расмийлар хавфсизлик важидан уни судга келтиришни рад этишганди, аммо Ғарб мамлакатлари талаб қилгач, ён беришга мажбур бўлишган.

Тбилисида суд биноси ёнидаги йўлни Саакашвили тарафдорлари тўсиб қўйгани маълум қилинган. Улар билан полиция ўртасида тўқнашув чиққан, ҳибсга олинганлар бор.

Суд мажлисига биргина оммавий ахборот воситаси – Грузия Жамоат телерадиоширкатининг Биринчи канали киритилган, холос.

Хоруғ воқеалари: Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон президентига мурожаат билан чиқишди

Хоруғда норозилик чиқишлари тўрт кундан буён давом этмоқда

Тожикистон фуқаролик жамияти вакиллари президент Эмомали Раҳмонга мурожаатида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) ўзбошимчалик билан қўлга олишлар ва тинч норозилик чоғида юз берган ўлимлар ҳамда кўпсонли фуқароларнинг жароҳат олиши муносабати билан ташвиш билдириб, мамлакат расмийларини ушбу воқеалар юзасидан синчковлик билан тергов ўтказишга чақиришди.

Фаоллар давлат раҳбарини “Хоруғ шаҳри оддий аҳолисига нисбатан керагидан ортиқ куч ва ўқотар қуроллар ишлатишни зудлик билан тўхтатиш”га чақиришган. Расмийлар мурожаатга муносабат билдиришганича йўқ, аммо 27 ноябрь куни ТБМВ прокуратураси намойишчиларни безориликда ва парламент депутатига ҳужум қилганликда айблаган.

Фуқаролик жамияти вакиллари мурожаати 28 ноябрь куни ёйинланган. Ҳужжат остига “Фуқаролик эркинликлари офиси”, “Ҳуқуқ олами”, “Ҳуқуқий ташаббус”, “Жамият соғлиғини сақлаш ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари маркази” дохил жами тўққиз ташкилот вакили имзо чеккан.

Ҳуқуқбонлар мурожаатига мувофиқ, ТБМВда яқинда юз берган воқеалар натижасида тинч аҳоли орасида уч киши қурбон бўлиб, 16 нафардан зиёд киши жароҳатланган. Фаоллар вазиятдан ташвишланишмоқда.

“Биз Гулбидин Зиёбеков ва бошқалар ўлимини тергов қилиш учун барча манфаатдор томонлар иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилишини олқишлаймиз. Мамлакат расмийларини ўз мажбуриятларини бажаришда қатъиятли бўлишга ва можарони тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда келгусида инсон ҳақлари бузилишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз”, дейилган мурожаатда.

Фаоллар президент Эмомали Раҳмонни “ҳар бир фуқаронинг тинч йиғилишларда қатнашиш ҳуқуқи”ни таъминлашга ва норозилик намойиши иштирокчиларининг таъқиб этилишига йўл қўймасликка ҳам чақирганлар. Бундан ташқари, улар мухтор вилоят билан барча алоқа йўллари очилишига чақиришган.

Хоруғ шаҳрида сўнгги тўрт кун мобайнида содир бўлган воқеалар тожик жамиятини хавотирга солди. Расмийлар муаммони намойишчилар билан музокара қилиш орқали ҳал этишга уринишаётганини таъкидлашган. Норози аҳоли эса, ўз навбатида, Гулбиддин Зиёбеков ўлимини адолатли тергов қилишни ва айбдорларни жазолашни талаб қилмоқда.

Германия АҚШдан “Шимолий оқим-2”га қарши санкциялар жорий этмасликни сўрамоқда

Германия ҳукумати “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши янги санкциялар жорий этмасликни сўраб АҚШ Конгрессига мурожаат қилди. Axios нашри хабарига кўра, Германиянинг АҚШдаги элчихонаси 19 ноябрь куни конгрессменларга бу тўғридаги махфий ҳужжатни топширган.

Ҳужжатда айтилишича, Германия ҳукумати Украина орқали газ транзитига доир амалдаги шартноманинг 10 йилга узайтирилишига эришиш бўйича мажбуриятига жиддий ёндашади. Россиянинг ушбу транзит йўлидан воз кечиши билан боғлиқ хавотирлар “Шимолий оқим-2” мухолифларининг асосий аргументларидан биридир.

Шунингдек, ҳужжатда, агар Украина ҳудуди орқали газ транзити сақланиб қолса, Болтиқ денгизи тубидан ўтган газ қувури унга хавф солмаслиги айтилган.

Берлин АҚШнинг ўз иттифоқчиси бўлмиш Германияга қарши ҳар қандай санкция жорий этиши “фақат ва фақат Путиннинг ғалабаси” бўлиши ҳамда Германиянинг, жумладан, Украина олдидаги мажбуриятларини бажаришини хавф остига қўйиб, “Трансатлантика бирлиги”га путур етказиши мумкинлигини таъкидлаган.

Мактубда урғуланишича, жаҳон бозорида ҳозирги нархлар кўтарилишини фақат Россиянинг хатти-ҳаракатлари билан боғламаслик керак.

Ҳужжатда Кремль “Шимолий оқим-2”ни сиёсий мақсадларда қўллай бошлаган тақдирда Германия Москвага босим ўтказиш учун бир қанча воситаларни ишга солиши мумкинлиги билдирилган.

Давлат департаменти вакили ҳужжатга изоҳ бераркан, Берлин билан иттифоқчилик алоқаларини сақлаб қолиш ва Украина манфаатларини ҳимоя қилиш бир-бирига зид эмаслигини, Вашингтон икки мақсадига “энг самарали тарзда” эришиш ниятида эканини очиқлаган.

Аввалроқ АҚШ нашрлари, хусусан Foreign Policy ва The Hill Байден маъмурияти сенаторларни “Шимолий оқим-2”га қарши қўшимча санкциялар жорий этиш ташаббусини дастакламасликка ишонтиришга уринаётгани ҳақида хабар қилган.

Сталиннинг эвараси бобокалони жасадини эксгумация қилишда патриархдан ёрдам сўради

Селим Бенсаад

Совет диктатори Иосиф Сталиннинг эвараси Селим Бенсаад Рус православ черкови раҳбари патриарх Кириллдан Сталин жасадини бошқа жойга кўчириш зарурати ҳақидаги мунозарада “ҳакам” бўлишни илтимос қилди. Бенсааднинг мактубини “Блокнот” нашри ёйинлади.

Селим Бенсаад Сталин ўзини Новодевичье қабристонига, иккинчи хотини Надежда Аллилуеванинг ёнига дафн этишларини истаганини иддао қилмоқда. Бундан ташқари, эвара бобокалони заҳарлаб ўлдирилгани тўғрисидаги фаразни текшириш учун унинг жасадини эксгумация қилишни илтимос қилган.

Бенсаадга кўра, у Сталин тақводор одам бўлганига ишончи комил бўлгани сабабли РПЧ патриархига мурожаат қилган. Шунингдек, у гўё Сталинга тегишли бўлган иконани Россия президенти Владимир Путинга ёки Қуролли кучлар бош черковига топширишини айтган.

Сталин 1953 йилнинг март ойида вафот этганидан сўнг унинг жасади дастлаб Қизил майдондаги мавзолейга қўйилган, аммо 1961 йилда “шахсга сиғиниш” сиёсати қаттиқ қоралангач, уни Кремль девори ёнига дафн этганлар.

Бенсаад – Сталиннинг тўнғич ўғли, Иккинчи жаҳон уруши даврида немис асирлигида вафот этган Яков Жугашвилининг набираси саналади. Яков Жугашвилининг қизи Галина Жазоир фуқароси Хосин Бенсаадга турмушга чиққан ва бу никоҳдан Селим туғилган.

У журналист Лана Паршина билан ҳаммуаллифликда “Сталин оиласи сирлари” китобини ёзган.

Қирғизистон: Бир неча партия парламент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди

Қирғизистондаги парламент сайлови натижаларидан норози партиялар вакилларининг Бишкекда ўтган матбуот анжуманидан лавҳа

Қирғизистонда 28 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайлови иштирокчилари бўлмиш “Ата Мекен”, “Азаттиқ” ва “Улуттар биримдиги” партиялари вакиллари сайловнинг дастлабки натижаларини тан олишдан бош тортишди. Улар сайлов натижаларини бекор қилиш ва МСК сайтида автоматлаштирилган овоз ҳисоблаш тизимида юз берган носозлик юзасидан текширув ўтказишни талаб қилишмоқда.

Душанбага ўтар кечаси Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур партиялар вакиллари расмийларни сайлов чоғида “яроқсиз бюллетенлардан фойдаланганлик” ва “мухолифат партияларини парламентга киритмаслик учун ҳаммага қарши берилган овозлар миқдорини кўпайтириб қўйганлик”да айблашган.

Марказий сайлов комиссияси сайтида 28 ноябрь оқшомида кузатилган носозликни МСК раиси Нуржан Шайлдабекова техник муаммо билан изоҳлаган. Маълумотлар сайтда қайта акс этган пайтда овозлар миқдори камайиб қолгани кузатилган.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, парламентга “Ата-Журт Кыргызстан” (16,85 фоиз), “Ишеним” (13,40 фоиз), “Интимақ” (10,74 фоиз), “Альянс” (8,12 фоиз) , “Бутун Қирғизстан” (6,70 фоиз) ва “Ийман Нуру” (5,98 фоиз) партиялари ўтган.

Парламент сайловида овоз бериш якунланганидан кейин президент Садир Жапаров чиқиш қилиб, сайлов “адолатли ва қонуний” ўтганини билдирган. Унга кўра, сайлов ортидан тинчлик ва барқарорликни асоссиз бузишга ҳаракат қилганларга қарши “кескин чоралар” кўрилади.

Қирғизистонда якшанба куни ўтказилган парламент сайлови ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Петр Фиала Чехия бош вазири этиб тайинланди

Маросимда ногиронлар аравачасида ҳозир бўлган президент йиғилганлардан махсус шаффоф девор билан ажратилди. 

Чехия Республикасида 28 ноябрь куни Бош вазир Петр Фиалани тайинлаш маросими бўлиб ўтди.

Петр Фиала либерал-консерватив оқим сиёсатчиси. 2012-йилнинг майидан 2013-йилнинг июлигача у Петр Нечас ҳукуматида таълим, ёшлар ва жисмоний тарбия вазири бўлган.

Академик жамоада у Брнодаги Масарик университетининг собиқ ректори ва проректори сифатида танилган.

Фиала 2007-2012 йилларда "Тоталитар Режимларни Ўрганиш Институти" (ÚСТР) бошқарув кенгаши аъзоси ҳам бўлган.

Чехия Республикаси Президентининг сайтида хабар қилинишича, ҳукумат раҳбарини тайинлаш маросими фавқулодда ҳолат ва жорий гигиена чоралари шароитида Конституция талабларига риоя этилишини таъминлайдиган тарзда тайёрланган.

Чехия президенти Милош Земан сал аввал коронавирусга чалингани ҳақда хабар қилинганди.

Маросимда ногиронлар аравачасида ҳозир бўлган президент йиғилганлардан махсус шаффоф девор билан ажратилди.

Шу билан бирга, давлат раҳбари ва тайинланган бош вазир ўртасида визуал ва аудио алоқалар таъминланди.

Петр Фиала етакчилигидаги Фуқаролик демократик партияси Чехияда ўтган ой ўтказилган сайловларда ғолиб чиққанди.

Чехия ҳукуматининг раҳбари Андрей Бабиш партияси сайловда етарли овоз ололмади ва у 11 ноябрь куни истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берди.

Туркия ва Туркманистон ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга келишди

Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказиш ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Туркманистонга сафар қилмоқда.

Эрдўғон Бердимуҳамедов билан учрашувлари чоғида энергия, маданият ва таълим соҳаларига эътибор қаратиб, савдо бўйича қўшма битим имзолади.

Эрдўғон журналистларга ҳар икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтиришга содиқ эканини, ҳозирда унинг ҳажми қарийб 5 миллиард долларга етганини айтди.

28 ноябр куни Эрдоғон Марказий Осиёнинг барча бешта давлати, шунингдек, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Покистон ва Туркияни ўз ичига олгпн Иқтисодий ҳамкорлик саммитида қатнашмоқда.

Совет рок мусиқаси асосчиларидан бири Александр Градский вафот этди

Чапдан ўнгга - Александр Градский, Алексей Макаревич, Андрей Макаревич, Крис Келсм, Лориса Долина.

Россиялик қўшиқчи ва бастакор, совет роки асосчиларидан бири Александр Градский 72 ёшида вафот этди.

Градский инсулт гумони билан Москвадаги касалхонага ётқизилгани ва реанимацияда ётгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, унинг соғлиги сентабр ойида коронавирус билан касалланганидан кейин кескин ёмонлашгани айтилган.

Градский 1949 йилда Россиянинг Челябинск вилоятида туғилган. У мактаб йилларида рок мусиқасини ўрганишни бошлаган – 1960-йилларда “Славяне” ва “Скоморохи” ҳаваскор рок гуруҳларига асос солган.

Градский биринчи совет рок фестивалларининг ташкилотчиси сифатида ҳам танилган.

2012 йилдан 2015 йилгача Градский "Голос" телевизион лойиҳасининг ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган, унинг дастлабки уч мавсумида унинг жамоаси аъзолари ғалаба қозонишган.

Александр Градский ўзининг "Градский холл" мусиқали театрига эга бўлиб, 2014 йилдан бери Москвада фаолият юритган.

Тожикистоннинг Тоғли Бадаҳшонида уч кундирки намойишлар давом этмокда

Тил ва этник жиҳатдан ажралиб турадиган ҳудуд бўлган Тоғли Бадахшон Тожикистондаги можаролар пайтида ҳукумат кучларига қарши чиққан исёнчиларнинг ватани бўлган. 

Тожикистоннинг олис Тоғли Бадаҳшон вилоятида норозилик намойишлари уч кундан буён давом этяпти.

27 ноябрь куни оломон маҳаллий ҳукумат биносига бостириб кириши оқибатида бир намойишчи ҳалок бўлган ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг беш нафар ходими яраланган.

Вилоят маркази Хоруғда 27 ноябрь куни бир неча минг киши намойишга чиқди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, полиция намойишчиларга қарата ўт очган, улардан бир нечаси яралангани хабар қилинган.

Хоруғдаги норозилик намойишлари 25 ноябр куни хавфсизлик кучлари одам ўғирлашда айбланиб қидирувда бўлган маҳаллий фуқарони яралагани, кейин ўлганидан кейин бошланган.

Озодлик радиосининг тожик хизмати хабарига кўра, намойишчилар воқеа юзасидан тергов ўтказилишини талаб қилиб, 25 ноябр куни Гулбидин Зиёбеков исмли эркакнинг жасадини шаҳар майдонига олиб келишган.

Президент Эмомали Раҳмон қарийб ўттиз йилдан бери ҳукмронлик қилаётган 9, 5 миллионлик қаттиқ назорат остидаги мамлакатда норозилик намойишлари кам учрайди.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кўп ўтмай, беш йиллик фуқаролар уруши бошланганидан бери ҳукумат ва Тоғли Бадахшон вилояти аҳолиси ўртасидаги таранглик давом этмоқда.

Тил ва этник жиҳатдан ажралиб турадиган ҳудуд бўлган Тоғли Бадахшон можаролар пайтида ҳукумат кучларига қарши чиққан исёнчиларнинг ватани бўлган.

Зеленский Россия Украинада давлат тўнтариши режалаётгани хақида аудиоёзув борлигини айтди

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, унда разведка маълумотлари, жумладан, "Россия вакиллари билан украиналик ишбилармон Ринат Ахметовнинг Украинадаги миллиард доллар жалб этадиган давлат тўнтаришида иштирок этишни муҳокама қилаётгани" туширилган аудиоёзувлар мавжуд.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатда 1—2 декабрь кунлари давлат тўнтариши режалаштирилаётгани ҳақида қўлида инкор этиб бўлмас далиллар борлигини маълум қилди.

Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Зеленский: "Менда биринчи декабрь куни давлатимизда давлат тўнтариши бўлиши ҳақида маълумот бор. Менимча, бу қизиқ ахборот".

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, унда разведка маълумотлари, жумладан, "Россия вакиллари билан украиналик ишбилармон Ринат Ахметовнинг Украинадаги миллиард доллар жалб этадиган давлат тўнтаришида иштирок этишни муҳокама қилаётгани" туширилган аудиоёзувлар мавжуд.

"Бизда нафақат разведка маълумотлари, балки Украина ва Россия вакилларининг давлат тўнтаришида Ринат Ахметовнинг иштирокини муҳокама қилаётгани ҳақидаги ёзувлар ҳам бор. Бу подстава. Тадбиркор Украинага қарши урушга тортилмоқда. Сиз ўз халқингизга, халқ сайлаган президентга қарши уришиб бўлмайди. Мен Ахметовни Банкова кўчасига (президент девонига) таклиф қиламан, бу ҳақда бўлишиш мумкин бўлган маълумотларни тинглаши мумкин”, деди Зеленский журналистларга.

Ринат Ахметов Forbs маълумотларига кўра, энг бой украиналик (унинг бойлиги 7, 6 миллиард долларга баҳоланган). У Мордовияда туғилган, лекин кейинчалик ота-онаси билан Донецкга кўчиб ўтган.

Илгари у "Минтақалар партияси" ва Виктор Янукович билан чамбарчас боғланган, аммо 2014 йил воқеаларида у Донбассдаги россияпараст намойишларни қўллаб-қувватламаган.

Яқинда Ахметов ва Зеленский атрофидагилар ўртасидаги можаро ҳақида хабар берилган эди.

Хусусан, Ахметовнинг медиа ресурслари мухолиф сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаши ва президентнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилиши таъкидланади.

Айни пайтда Ахметовнинг таниши, Россия президенти Владимир Путин билан яқин шахсий алоқага эга украиналик сиёсатчи Виктор Медведчук давлатга хиёнат қилиш ва террорчилик ташкилотлари фаолиятига ёрдам беришда гумон қилинмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, у 2014 йил охиридан 2015 йил бошигача “ДХР” ва “ЛХР” деб аталувчи айирмачи ташкилотлардан “кўмир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича жиноий схема”ни амалга оширишда иштирок этган.

Депутат бу ҳақда Россия расмийларига хабар берган. Тергов унинг ҳаракатлари Украинанинг энергетик мустақиллигига путур етказганини тахмин қилмоқда.

Шу йилнинг май ойидан бери Медведчук бошқа иш юзасидан уй қамоғида сақланмоқда.

11 май куни у ва "ОПЭЖ" фраксияси депутати Тарас Козак аннексия қилинган Қримда давлатга хиёнат ва миллий бойликларни талон-тарож қилишга уринишда гумон қилинган.

Қирғизистонда 15 киши "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш"да гумонланиб ҳибсга олинди

Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси мамлакатда "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш"нинг олди олингани ҳақда маълум қилди.

“Алоҳида бузғунчи кайфиятдагилар орасида парламент депутатлари ва собиқ юқори мансабдаги амалдорлар раҳбарлигидаги шахслар бор. Бу гуруҳнинг жиноий фаолиятига оид рад этиб бўлмас далиллар олинди. Маълум бўлишича, ушбу гуруҳ бўлажак парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг алоҳида сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганларнинг қўллаб-қувватлаши остида вазиятни кескинлаштириш, ҳуқуқ-тартибот кучлари билан тўқнашувлар уюштириш ва келгусида ҳокимиятни куч билан эгаллаш мақсадида Бишкекда оммавий норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган”, — дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Қўмитанинг қайд этишича, оммавий норозилик намойишларини ташкил этиш учун мингга яқин тажовузкор кайфиятдаги ёшлар саралаб олинган, улар билан мафкуравий ишлар олиб борилган, оммавий тартибсизликлар уюштириш режаси муҳокама қилинган.

Тинтувлар жараёнида ўқотар қуроллари, ўқ-дорилар ва гиёҳвандлик моддалари топилган.

Ушбу гуруҳнинг 15 дан ортиқ фаол аъзоларини ҳибсга олиш ва жавобгарликка тортиш бўйича қарор қабул қилинган.

Қўмита қўлга олинган ва давлат тўнтариши уринишида гумонланаётган шахсларнинг исмларини очиқламаган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров айрим сиёсатчилар мамлакатда қуролли тўнтаришни амалга оширишни режалаштираётганини айтганди.

“Уларнинг барчасини биламиз. Далиллар тўпланди. Сайловлардан сўнг (28 ноябрда парламент сайловлари бўлиб ўтади) уларга нисбатан кескин чоралар кўрилади”, — деганди Жапаров.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG