Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2020, Тошкент вақти: 05:16

Олмаотада Наврўз байрамини нишонлаш пайтида норозилик билдирганлар ҳибсга олинди (ВИДЕО)


Қозоғистон. Полиция ходимлари намойиш иштирокчиларини қўлга олмоқда. Олмаота шаҳри, 22 март.

22 мартда Олмаота шаҳри марказидаги Панфилов кўчасида Наврўз байрами нишонланаётган пайтда Қозоғистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсатга норозилик билдирган бир неча киши қўлга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Озодлик радиоси қозоқ хизматига кўра, одамлар қўлга олингунга қадар Остона шаҳрини Нурсултон деб қайта номлаш ташаббусига қўшилмаслигини билдирган, иқтисодий қийинчиликлар ҳақида гапирган.

“Биз ўзбошимчиликка қаршимиз, биз сайлга чиқдик!”, - деб ҳайқирган йиғилганлар. Полициячилар қарийб ўн кишини хизмат микроавтобусларига куч ишлатиб ўтқазган.

Хорижда яшовчи мухолифатчи Мухтор Аблязов 22 март куни ўз тарафдорларини Олмаота шаҳридаги Панфилов ва Гоголь кўчалари кесишмасида байрам маросими бошланиши билан намойишга чиқишга чақирган. Шундан сўнг бу ерда ҳибсга олишлар рўй бера бошлаган.

Остонада ҳам бугун бир неча киши ушланган. Воқеа жойига етиб борган Озодлик журналистларига воқеани ёритишга халақит берилмоқда: ёшлар видеокамера объективларини ёпишмоқда, оператор ва репортёрларни итариб чиқаришмоқда, полициячилар журналистларнинг профессионал вазифасини бажариш бўйича мурожаатларини эътибордан четда қолдиришмоқда.

Озодлик мухбирининг маълум қилишича, пойтахтда "Настоящее Время" телеканали мухбири Светлана Глушкова қўлга олинган. 21 март куни Светлана Глушковага Остона шаҳрининг Нурсултон деб қайта номланишига қарши норозилик акциясини ёритишга халақит беришганди. Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистон пойтахти номини мамлакатнинг биринчи президенти шарафига қайта номлаш ташаббусини 20 март куни билдирганди.

Қозоғистон парламенти мамлакат пойтахти номини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни 20 мартда маъқуллади. Парламент палаталарининг қўшма мажлисида пойтахт номини ўзгартиришни ёқлаб Мажлиснинг (қуйи палата) 103 ва Сенатнинг (юқори палата) 43 депутати овоз берди. Бу ҳақда хабар қилган Мажлис раиси Нурлан Ниғматуллин қабул қилинган қарорни “тарихий”, деб баҳолади.

Тўқаев биринчи президент Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан ваколатларини топширгандан сўнг давлат раҳбари лавозимига киришган эди.

XS
SM
MD
LG