Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:19

Қозон шифохоналари уйида туққан муҳожир аёлни қабул қилмаётир


Татаристоннинг Қозон шаҳридаги Республика шифохонаси ва бошқа тиббий муассасалар уйда бола туққан тожикистонлик муҳожир аёлни қабул қилишдан бош тортмоқда. Чақалоқнинг ўзбекистонлик отаси туғруқхонада бериладиган маълумотномасиз болани Россиядан олиб чиқиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш имконсиз қолаётганини айтмоқда.

Муҳожир фарзандини туғруқхоналар қабул қилмаётир

Фарғоналик 30 яшар Бекзод бир ҳафта олдин фарзандли бўлди. Фақат бола шифохонада эмас, уйда туғилди.

Озодлик билан суҳбатда Бекзод болага ҳужжат расмийлаштиришда жиддий қийинчиликларга учраётганини гапириб берди:

- Мана шу ой, 3 июль куни хотиним уйда бола туққанди. Больницага олиб борсак, ҳеч қайси бири қабул қилмаяпти. Муаммо – ҳомиладорлик пайтида учётга қўйилмагани. Кейин Қозондаги Республика шифохонасига олиб борган эдим: “Йўқ, уйда туққан хотин кишини қабул қилмаймиз! Дома рожает – мы не принимаем!”, деди. Республиканскийдан бизни охранниклар билан кўчага чиқариб юборишди. Туғаётганда “скорий помощь” чақиришга қўрққан эдик: документларимиз йўқ эди. Мен ўзим ҳам паспортимни йўқотганман – бир ой бўлади яқинда, иш хонадан ўғирлатиб қўйдим. Болани пропискага қўйишим керак аввал, кейин гражданство олиб бераман. Шундан кейин олиб чиқиб кетса бўлса керак, яна билмадим, - деди боши қотиб қолганини айтган Бекзод.

Бекзод ҳозирда маҳаллий полиция участка нозири зарурий ҳужжатларсиз яшаётгани сабабли улардан “болани олиб қўйиш”, ўзларини эса “депортация қилиш” билан таҳдид этаётганини маълум қилди.

Суҳбатдошнинг айтишича, 3 килою 700 грамм туғилган ўғил бола ва она ўзини ҳозирда яхши ҳис этаяпти.

Фарғоналик йигит турмуш ўртоғи билан бундан бир неча йил олдин Москвада танишиб қолгани, аёли Тожикистон фуқароси эканини айтди.

У Қозон шаҳрида бир неча йилдан бери қурилишда, рафиқаси эса ҳомиладор бўлишига қадар шаҳар ресторанларидан бирида официант бўлиб ишлаган. Бекзод яна иккита фарзанди борлигини айтди.

"Англашилмовчилик бўлган..."

Татаристон Республика клиника шифохонаси англашилмовчилик содир бўлгани, янги туғилган чақалоқни қабул қилмасликка ҳеч бир тиббий муассасанинг ҳаққи йўқлигини билдирди:

- Уларни барча туғруқхонада қабул қилишлари шарт. Ҳар ҳолда, бола туғилгунига қадар она яшаш жойи бўйича қайдга туриши лозим, туғилганидан кейин эса бола ривожланишини доимий текшириб борувчи участка врачи назоратида бўлади. Ўшанда болага полис, туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириши зарур. Тўғриси, кимгадир тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортишаётганини биринчи маротаба эшитаяпман! Боланинг ота-онаси ҳужжатлари бор йўқлигидан қатъий назар, ўзлари яшайдиган жойидаги шифохонага қайдга туришлари керак эди. Етишмаган ҳужжатларни шифокорлар қандай тўғрилаш мумкинлигини тушунтириб беришади. Дарҳақиқат, Республика шифохонасида перинатал марказ ва туғруқхона мавжуд. Гап шундаки, улар олиб борилаётган тозалаш ишлари боис 1 августгача ёпилган. Менимча, аллақандай тушунмовчилик бўлган, - деди Қозондаги Республика шифохонаси консультация маркази расмийси Диана.

Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг Россиядаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Даврон Муҳамадиев ҳам Бекзоднинг оиласи тушган вазиятга баҳо бериб, бундай деди:

- Албатта, бу ноқонуний амал. Ҳаётга хавф туғдираётган ҳар қандай ҳолатда инсонга бепул ёрдам кўрсатилиши шарт! Бу ҳукумат қарорларида белгиланган. Айниқса, туғаётган аёлларга ҳеч ким рад жавобини бериши мумкин эмас. Тўғри, бир неча маротаба, ҳатто, россияликларни “Қайд этилган жойингизга бориб туғинг!” дея қайтарворишган ҳолатлар ҳам бўлган, муҳожир аёлларни киритмагани қайдга олинган. Бундай вазиятларда тўлғоқ тутган аёл “Тез ёрдам” чақириши лозим: “Тез ёрдам” шифокорлари эса аёлни туғруқхонага олиб боради ва жойлаштириб кетади, - деди, муҳожирлар ўз ҳақларини талаб қилишдан қўрқмасликлари кераклигини таъкидлаган Даврон Муҳамадиев.

Озодлик Радиоси Бекзод ва унинг оиласи билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Петербургда бир ёшга тўлмаган бола нобуд бўлди

Бунга қадар 2013 йилнинг 5 ноябрь куни тўлғоқ ҳолатида Владивостокдаги 1-туғруқхонага "Тез ëрдам" билан олиб келинган ўзбекистонлик аëлни туғруқхона врач ва акушерлари қабул қилишдан бош тортгани тўғрисида Озодликда хабар берилган эди.

10 июль куни тонгги соат тўртларда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Курортная туманига “тез ёрдам” машинаси чақиртирилди.

Токарева кўчасидаги уйлардан бирига етиб келган шифокорлар квартирада 2015 йилда туғилган қизалоқ мурдасини аниқлади. Уйни ижарага олиб яшовчи 28 ёшли ўзбекистонлик аёл бола тонгда нафас олмаётганини аниқлаб, тиббиёт ходимларини чақиртиргани маълум бўлди.

Петербург Тергов қўмитаси Озодлик сўровига жавобан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади:

- Ҳозирча терговолди ишлари олиб борилмоқда, ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. Бирор ортиқча маълумотга эга эмасмиз. Маълумки, нобуд бўлган бола – 2015 йилда туғилган, онаси ўзбекистонлик, ҳеч қаерда ишламаган ва қайдда турмаган, - деди тергов ходимаси Жанна Николаева.

Аниқландики, боланинг онаси ўз фарзандини бир ўзи тарбиялаб келган. Бола мурдаси маҳаллий моргга юборилган.

XS
SM
MD
LG