Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2024, Тошкент вақти: 09:35

Қозон қамоғидаги Алсу Курмашева: “Энг катта истагим – бу ердан соғ-омон чиқиш”


Алсу Курмашева, 2024 йил 1 апрели
Алсу Курмашева, 2024 йил 1 апрели

Озод Европа/Озодлик радиоси татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашеванинг ҳибсга олинганига 18 апрель куни олти ой тўлди.
Апрель ойи бошида суд журналист аёлнинг ҳибс муддатини яна бир марта – 5 июнгача узайтирган. Татар тилида чиқадиган “Безнең гәҗит” (“Бизнинг газета”) нашри яқинда Алсунинг мактубини чоп этди. “Озодлик” радиоси мазкур мактубдан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқда.

“12 март. Ётар маҳал бўлди. Соат неча бўлганини аниқ айтолмайман, бу ерда соат йўқ, лекин қизиқ томони шундаки, соат неча бўлганини тахминан билишингиз мумкин барибир”, деб ёзади Алсу.

Ўша кунлари журналист Қозондаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида ётганига қарийб беш ой бўлганди: “На адоғи кўринади, на канори”, дейди у тутқунлигини назарда тутиб.

“Қозонга, кекса онам ва хаста укам ёнига қайтганимдан бери ўн ой ўтди. Шу ўн ойнинг ярмини яқинларим билан уйда кечирдим, уларга кўмаклашдим, шаҳарни тарк этишим тақиқлаб қўйилганди. Ўтган йил 18 ноябрида эса мени ҳануз ақлимга сиғмаётган айбловлар билан қамоққа отишди”, дейилади яна мактубда.

Алсу Курмашева Россия Жиноят кодексининг икки моддаси билан айбланмоқда, булар: 330.1-модданинг 3-қисми (“Хорижий агентлар реестрига киритиш учун зарур ҳужжатларни ваколатли органга топширишда ифодаланган РФ қонунчилиги билан ўрнатилган мажбуриятни бажармаслик – ушбу ҳаракатнинг РФ ҳарбий, ҳарбий-техник фаолиятига оид ва чет эл манбалари томонидан қўлга киритилган тақдирда РФ хавфсизлигига қарши қўлланиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш билан мақсадли шуғулланувчи шахс томонидан амалга оширилиши”) ва 207.3-модда 2-қисми “д” банди (“Сиёсий нафрат ёки адоватни кўзлаб РФ Қуролли кучлари хатти-ҳаракатлари тўғрисида ёлғон маълумотларни ишончли ахборот сифатида қасддан оммавий тарқатиш” ёки, бошқача айтганда, “армия ҳақида фейклар” тарқатиш).

Биринчи иш юзасидан тергов Алсу Курмашева уни “хорижий агентлар” реестрига киритиш учун ҳужжатларни ўзи тақдим этиши керак эди, деб ҳисобламоқда. Адлия вазирлигининг мазкур реестрида Курмашева қайд қилинмаган.

Иккинчи жиноят ишида эса журналист ўзининг 2022 йил кузида “Озодлик” кўмагида чоп этилган “Йўқ бўлсин уруш. Украинага босқинга қарши чиққан россияликлардан 40 ҳикоя” номли китобини тарқатишда айбланяпти.

Журналист мактубида “25 йил маърифий фаолияти учун Татарлар конгрессидан мудом ташаккур олиб яшаган”ини, Прагадан Қозонга келиб “татар аёллари қурултойида фахрий меҳмон бўлган”ини эслайди.

“25 йил умрим болалар ва ўсмирларга татар тилини ўргатишга кетди. Татар дизайнерларининг ижодий ишларини чет элларда тарғиб қилдим, татар хонандаларига концертлар уюштиришда кўмаклашдим. Йигирма йил ичида Татаристондан Прагага жуда кўп раҳбар ходимлар, шифокорлар, ўқитувчи ва талабалар келди – ҳар бирига ёрдам қўлини чўздим, барчаларига маслаҳатлар бериш, самимий тилаклар билдириш учун вақт топа олдим. Татар тили муаллимлари ва ота-оналар мен тузган татар тили курси учун раҳматга кўмиб ташладилар. Ушбу курс мактабларда қўллана бошланди. Умримнинг 25 йили мана шу тарзда кечди”.

Кетидан дарҳол қўшимча қилади: “Бир лаҳза ичида буларнинг бари жиноятга айланди. Парвардигор бу чигалликларни мен учун энг гўзал тарзда ечиб берсайди тезроқ”.

Алсу қамоқхона ҳақида ҳам ёзган: “Бу ердаги ҳаётда сира ҳам билмас эканмиз”, деб ёзади журналист ва тан олади: “Очиғини айтсам, ўзимнинг ҳам бунақа “билим”га кўзим учиб турмаганди”.

“На илож, тақдиримда битилган, шекилли. Менинг ҳеч бир айбим йўқ. Бу барчага аён. Бу ерга юқори синф ўқувчиларини экскурсияга олиб келишса фойдали бўларди, деб ўйлайман баъзан. Бунда ҳар турли одамлар ўтиришибди. Бировнинг банк картасини тасодифан топиб олганлар ҳам бор, ўз фарзандларига алимент тўлашдан қочганлар ҳам. Эрининг калтакларидан тўйиб кетиб, унга қўл кўтаришга журъат этган хотинлар ҳам бор. Зулмга кўнмагани учун қамалган бечоралар. Ҳалол пул топган, бироқ бу пул кимларгадир жуда кўп туюлиб, ҳасадини қўзғатгани учун балога қолганлар ҳам бор. Мен жуда ақлли, тарбия кўрган талаба қизларни ҳам учратдим”, ёзади Алсу.

“Эртами ё кеч, оппоқ кўйлагимни кийиб бу ердан чиқаман”

Эҳтиёт чораси муддатини узайтириш масаласи кўрилган биринчи апрелдаги суд мажлисида Алсу журналистларга “баъзи ташхисларим зўрайди”, “жисмоний аҳволим унча яхши эмас, бу ернинг шарт-шароити расво”, деган эди.

“Соғлиғимга эътибор бериш имкониятим йўқ”, таъкидлаганди у. Суднинг тиббий ёрдам оляпсизми, йўқми, деган саволига қисқа қилиб: “Энг кам даражада”, деб жавоб берган.

“Баъзи бир касалликларим кучайган, дори ва мунтазам машғулотлар кучи билан оғриқларга чидаб юрибман”, деб ёзади Алсу ўз мактубида.

“Эртами кечми, оппоқ кўйлагимни кийиб бу ердан чиқаман. Аввало маза қилиб сутли чой ичмоқчиман, бу ҳам бебаҳо роҳат эканини билиб олдим. Лекин унда мени ва яқинларимни бу изтиробларга гирифтор этганларнинг аҳволи не кечади? Тишларини ғижирлатганча менга ҳукм ўқиганлар кўзларимга тик боқишга ботина олишармикан? Икки фарзанднинг онаси бўлмиш мени қамоққа тиқиб, бизни бир-биримиздан узоқ вақтга айирганлар қандоқ яшаркинлар? Улар кейинги ҳаётларини қандай қуришаркин?” – устма-уст савол беради Алсу.

“Энг катта истагим – бу ердан соғ-омон чиқиш”

Алсу “татарча гаплашишни, ҳадиксиз мулоқотларни жуда соғинган”ини ёзади: “Шу боис ҳам сизларга татар тилида хатлар битаман”, дея изоҳ беради у.

“Ҳозирда газета мен учун бир дераза каби – у орқали гўё офтобдан баҳраманд бўламан. Қодир Эгам ёпиқ эшикларни кун келиб албатта очажак. Мен ушбу Рамазон ойини туғишганларингиз билан бирга ўтказишингизни истайман, муқаддас ойда тутган рўзангиз ва қилган бутун ибодатларингиз қабул бўлсин”, дея тилак қилади Алсу.

Қурмашева “дунё бўйича минглаб одамлар” унинг озод этилиши учун курашаётганини эслаб, миннатдорлик билдиради: “Уларга тинч-осуда ҳаёт тилайман, ҳақларига дуо қиламан”.

“Мактубимни ўзим ўқиб кўрарканман, сизларни ташвишга қўйиб нега бунақа гапларни ёзяпман, деб ўйлаб қолдим. Мендан: “Қамоқда бошингиздан ўтган машаққатлар ҳақида китоб ёзасизми?” деб сўрашади гоҳо. Йўқ, ёзмайман. Энг катта истагим – бу ердан эсон-омон чиқиб кетиш. Бошқа истакларим унут бўлган. Ҳаётимнинг бир бўлаги энди тарихда қолди. Шу бўлак энди тарих бўлиб қолади”, дея мактубини якунлаган Алсу.

Форум

XS
SM
MD
LG