Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2024, Тошкент вақти: 19:25

"Хитойлар секин-секин бизга яқинлашмоқда". Қозоқ-хитой чегарасида савдо ва хавотирлар


Қозоғистон-Хитой чегараси. Жетису вилояти, 20 март, 2024
Қозоғистон-Хитой чегараси. Жетису вилояти, 20 март, 2024

Савдо, транспорт, воситачилик – Хитой билан чегарадош Жаркент шаҳри аҳли шу билан кун кўради. Улар чегара ҳудудларида қандай яшамоқда? Нега савдо алоқалари тобора қалинлашиб бораётган улкан давлат билан қўшничилик маҳаллий аҳолини бойитмаяпти?

Озодлик қозоқ хизматининг Олмаотадаги мухбири Пётр Троценконинг “Чегара муҳити” номли махсус муаллифлик лойиҳаси доирасида ҳикоя қилинган аҳоли пунктларидан бири – Жаркент. Бу лойиҳа репортажлар серияси бўлиб, Қозоғистоннинг чегарадош шаҳар ва қишлоқларидаги одамлар турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

Машинамиз Олмаота-Хоргос автомагистралининг пуллик қисми бўйлаб маромида юриб боради. Деразадан ташқарида манзара оқмоқда: тоғлар ўрнини дашт эгаллайди, кейин қумлар бошланади. Ҳатто кичик қумтепалар ҳам бор.

“Бу шунчаки йўл эмас, Буюк Ипак йўли, – дейди мени Жаркентга олиб кетаётган ҳайдовчи Эртуған. Унинг овозида бу ерларнинг тарихий буюклигидан фахрланиш сезилади. – Бу ердан карвонлар ўтган, савдо-сотиқ ривожланган. Ҳозир буни тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Юк билан тўлдирилган фуралар қаторлашиб келмоқда, Хитой енгил автомобиллари ва Хитойда ишлаб чиқарилган янги юк машиналари ўтиб бормоқда. Бу ҳали ҳам ўша Буюк Ипак йўли, фақат ипак ва зираворлар эмас, кроссовкалар ва чойшаблар ўтади.

Жаркентга жуда оз қолди. Ёниб кетган машиналар билан тўла автоташувчини суратга олиш учун йўл четида тўхташни сўрайман. Эртуғаннинг айтишича, бир неча ҳафта олдин бу ерда Хитой электромобиллари ёниб кетган: қисқа туташув ёки сигарет қолдиғи ноўрин жойга тушиб қолган. Ҳайдовчи автоташувчидан бир нечта машинани туширишга улгурган, аммо машиналарнинг асосий партиясини сақлаб қолиб бўлмади.

Жаркентда Хитой автомобиллари мавзуси маҳаллий аҳоли учун жуда нозик масала эканлигини сездим. Одамлар Хитой маҳаллий автомобиль бозорини арзон автомобиллар билан тўлдириб, Қозоғистонга таъсирини кучайтираётганига ишонишади, ҳа, бу ерда «экспансия» кетяпти.

Қозоғистонда синофобик (хитойликлардан қўрқиш) туйғулар узоқ вақтдан бери бор, аммо улар Хитой билан чегарада кўпроқ намоён бўлмоқда. Бир неча километр нарида энг йирик иқтисодиёт ва қаттиқ сиёсий режимли давлат жойлашган.

Жаркентлик, баланд бўйли, новча, 50 ёшлардаги Асилбек менга “яқинлашаётган экспансия” ҳақида гапирганлардан бири. Унинг айтишича, у илгари Хитойдан Қозоғистонга машина ҳайдаган, кейин пандемия бошлану чегара ёпилган, сўнг соғлиғида муаммолар пайдо бўлган. Ҳозир у тинчроқ қишлоқ хўжалиги ва гўшт савдосига ўтди.

Жетису, 21 март, 2024
Жетису, 21 март, 2024

“Хитойлар секинлик билан бизга яқинлашмоқда, – дея тушунтиради Асилбек менга қозоқ-хитой муносабатлари ривожланиши ҳақида. – Ҳозир улар Қозоғистонга кўплаб техникаларини олиб келмоқда: енгил автомобиллар, электромобиллар, юк машиналари. Биласизми, агар Хитой машинаси бузилиб қолса, уни бу ерда тузата олмайдилар? Двигатель тўхтаб қолса, сиз уни қайта ишга тушира олмайсиз, чунки бизда на эҳтиёт қисмлар, на мутахассислар бор. Ҳозир эса хитойликлар аста-секин Қозоғистонга ўз ускуналарини сотмоқда, шунда улар кейинчалик йирик шаҳарларда компаниялар очиб, ўз машиналари учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришлари мумкин. Кейин улар ўз мутахассисларини ўша машиналарни таъмирлаш учун Қозоғистонга юборадилар. Тамом, улар аллақачон бизнинг тизимимизга кирган деб ҳисоблайверинг. Аста-секин бу ерда хитойлар жуда кўпайиб кетади.

Худди шу нарса, дейди Асилбек, саноат соҳасида ҳам кузатилмоқда: хитойликлар заводлар қурмоқда, ўз ускуналарини ўрнатмоқда, қозоғистонлик мутахассислар эса улар билан ишлай олмайди. Ускуналар ортидан Хитойдан муҳандислар келади ва маҳаллий аҳоли, нари борса, фабрикаларда юк машинаси ҳайдовчиси ёки оддий ишчи бўлиб ишлайди.

Ҳозир Қозоғистонда Хитой автомобиль брендлари сотуви етакчи. «Курсив” ишбилармонлик нашри хабар беришича, 2023 йил охирида Қозоғистонда энг кўп сотиладиган 10 та автомобиль брендидан еттитаси Хитойники бўлган. Нашрнинг қайд этишича, Хитой автосаноати фойдасига кўплаб омиллар бор: коронавирус пандемияси даврида эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ва Украинадаги уруш туфайли логистика муаммолари туфайли қотиб қолган талаб. 2024 йилда экспертлар Қозоғистон автомобиль бозорида Хитой брендлари ўрни мустаҳкамланишини башорат қилмоқда.

ШАҲАР ВА ҚИШЛОҚ ОРАСИ

Жаркент аҳолиси 40 минг кишидан ошади, лекин у шаҳарга ўхшамайди. Бир қаватли бинолар, бойларнинг коттежлари, кичик меҳмонхоналар ва маъмурий бинолар аралашмаси. Эски Audi ва занг босган «Жигули»лар юрадиган ямоқ йўллар. Сигирлар ва отлар шаҳар чеккасида ўтлаб, ўтган йилги қуриган ўт-ўланларни ейди.

Шаҳар аҳолисининг асосий қисмини мусулмон қозоқлар ва уйғурлар ташкил қилади. Жаркентликлар мен билан гаплашганда Шинжондаги “қайта тарбиялаш лагерлари” мавзусига умуман тегмасликка ҳаракат қилишди. Барча суҳбатдошлар Хитойда мусулмонларга қарши қатағонлар ҳақида гаплашмоқчи бўлганимда, бу ҳақда эшитганмиз, деб жавоб беришди, лекин кейин мавзуни ўзгартиришга ҳаракат қилишди ёки тўғридан-тўғри бу ҳақда гапиришни истамасликларини айтишди. Эҳтимол, улар бу ҳақда бегоналар билан гаплашмасликни маъқул кўришади ёки бу мавзуни қийин ёки ҳатто бутунлай табу деб билишади. Савдо ва маҳаллий ҳаёт ҳақида суҳбатлар анча осон.

Жаркент яқинида маккажўхори экилган кўплаб далалар, ҳатто маккажўхори крахмали, фруктоза сиропи ва чорва озуқаси ишлаб чиқарадиган завод ҳам бор.

Шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойи, 19-аср охирида маҳаллий савдогар Вали Охун Йўлдошев буюртмаси билан хитойлик меъмор Хон Пика томонидан қурилган ёғоч масжид Хитой билан қўшниликни эслатади. Бино бутунлай ёғочдан, ҳаттоки хитойча услубда қурилгани, албатта, сайёҳлар эътиборини тортади.

Масжидда ўша асрдан қолган уй-рўзғор буюмлари: совуқ қуроллар, қадимий кўзалар, тангалар, заргарлик буюмлари, от жабдуқлари сақланадиган кичик музей ҳам бор.

Масжид ёпилишидан сал олдин келдим, шекилли, унинг ягона меҳмони ўзим эдим. Аммо музей ходимлари “тунов куни Париждан бир француз келди” дейишди. Бундан олдин эса Сингапур ва Япониядан сайёҳлар келган экан. Хитойлик сайёҳлар ҳам кўп, дейди аёллар, лекин улар Жаркентга транзит йўлда – Марказий Осиё бўйлаб йирик турлар доирасида келишади, уларнинг йўналиши одатда Чарин каньони, Олмаота, Туркистон, шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон.

Маҳаллий сайёҳлар масжидга, асосан, «Хоргос» трансчегаравий ҳамкорлик бўйича халқаро марказига шопингга борганларида келишади.

«ХОРГОС» ВА УНИНГ ИСТИҚБОЛИ

Божсиз савдо зонасини кўзда тутувчи «Хоргос» трансчегаравий ҳамкорлик марказини яратиш тўғрисидаги битим 2005 йилда Остона ва Пекин томонидан имзоланган.

Хитой томонида қарийб йигирма йил давомида бутун бир шаҳар пайдо бўлди: асфальтланган йўллар ва кийим-кечак, пойабзал, маиший техника, текстил маҳсулотлари сотадиган кўплаб бутиклари бўлган савдо марказлари. Қозоғистон томонида эса деярли ҳеч нарса йўқ. Бир нечта дўконлар – ширинликлар, асал ва бошқа маҳсулотлар.

Бу жуда ажабланарли эмас: хомашёни сотиш учун бутиклар деярли керак эмас. Қозоғистон Хитойга асосан нефть ва нефть маҳсулотлари, табиий газ, тозаланган мис, қимматбаҳо металлар етказиб беради. Хитойдан трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари олиб келинмоқда, автомобиллар, компьютер техникаси, мобил телефонлар импорти ортиб бормоқда.

Эшак минган эркак автобус бекати ёнидан ўтиб боряпти. Жетису, Март, 2024
Эшак минган эркак автобус бекати ёнидан ўтиб боряпти. Жетису, Март, 2024

Ўтган йили Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 31,5 миллиард АҚШ долларига етди. Бу рекорд кўрсатгич. Бир йил аввал бу кўрсаткич 24 миллиард долларни, 2021 йилда эса 18 миллиард долларни ташкил этган эди. Айтганча, Хитой икки йил ичида барча Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасини сезиларли даражада оширди. Айрим экспертлар таъкидлашича товар айирбошлаш ўсиши Москванинг Украинага бостириб кириши сабабли Ғарб санкциялари остида бўлган Россияга юқори технологияли Хитой маҳсулотлари реэкспорт қилиниши билан боғлиқ. Қозоғистон ҳукумати эса Кремлга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаётганини айтди, ўзининг йирик инвестори бўлмиш Хитой билан ҳамкорликни “барқарор тараққиётнинг узоқ муддатли локомотиви” деб атади.

Пекин Евроосиё ва ундан ташқарида кўплаб инфратузилма лойиҳалари орқали Хитой таъсирини ошириш учун "Бир макон ва йўл" ташаббусига миллиардлаб доллар сарфлади. Қозоғистоннинг ушбу «макон»даги роли кўп жиҳатдан мамлакатнинг географик жойлашуви ва транспорт салоҳияти билан боғлиқ эди. Темир йўл линиялари Хитойдан Европага икки ҳафта ичида юкларни етказиб бериш имконини беради. 2015 йилда Хитой билан чегарада “ Khorgos Gateway” қуруқлик порти очилди, у ерда юклар қайта ишланади ва сақланади.

Аммо халқаро ҳамкорлик Хитой билан чегара яқинида яшовчи оддий одамлар ҳаётига қандай таъсир қилишини билиш учун Хоргосга бордим.

“ТАЗА ПАСПОРТ”ГА ТАЛАБ ОРТМОҚДА

Куаниш ҳар куни ўзининг эски Volkswagen Golf машинасида одамларни Хитой билан чегарага ва ортга ташиш учун Жаркент автовокзалига боради. Бир томонлама йўлкира ҳар бир ўриндиқ учун минг тенге. Куаниш паст бўйли, қорачадан келган, ёши 50 га борган, бир пайтлар механик бўлиб ишлаган, оғир юк машиналарини таъмирлаган, ҳозир эса киракаш бўлиб ишлайди. У ишим вақтинчалик ва келажакда янада барқарорроқ иш топаман дейди. "Пулни тежайсиз, тежайсиз, машина бузилади ва топганингиз уни таъмирлашга кетади", деб шикоят қилади такси ҳайдовчиси. Йўл-йўлакай яна икки йўловчи – Асемгул ва Гулжанни олволамиз. Улар қўшимча пул топиш учун Хоргосга боришган.

Даромад тури жуда оддий: аёллар бошқа бировнинг товарини ўз номларига рўйхатдан ўтказишади, кейинчалик улар Қозоғистонга почта орқали юборилади ва хизматлари учун 10 минг тенге олишади. Қозоғистонликлар «Хоргос»дан ҳар ой 31 килограммгача бўлган маҳсулотни божсиз олиб чиқиш ҳуқуқига эга. Бундан бож тўлашни истамайдиган ва товарни ўз номига расмийлаштириши учун одамларга қўшимча пул тўлайдиган тадбиркорлар фаол фойдаланмоқда.

Йўлда бир-бирига шунчалик яқин жойлашган қишлоқлардан ўтамизки, бири қачон тугаб, иккинчиси бошланганини сезмайсиз. Яна бир диққатга сазовор жой – аёллар, болалар, гуллар, мевалар ва олтинбургутларнинг барельефлари билан безатилган советча бекатлар.

Биз «Хоргос»га кетаётганимизда Асемгул ва Гулжан менга божсиз зонада қаердан ва нима сотиб олиш ва сотувчилар билан қандай савдолашиш ҳақида лайфхаклар айтишди.

“Хитойлар қозоқчани ҳам, русчани ҳам билмайди, шунинг учун улар бизнинг сотувчиларимиздан бирини ёллашади”, дейди Асемгул, биз шаҳардан чиқиб кетаётганимизда. "У ердаги сотувчиларимиз нафақат сотади, балки ўзлари ҳам нарх белгилашади." Масалан, хитойлик минг тенгега маҳсулот етказиб беради, бизники эса уни бир ярим тенгега сотади. Шунинг учун, агар менга «Хоргос»да бирор нарса ёқса, аввало нархини сўрайман. Агар сотувчи рус, қозоқ ёки уйғур тилини яхши билса, мен ундан мол олмайман, қимматроқ айтаётганини биламан. Агар хитойлик одам у ерда туриб, қоғозда нархни кўрсатса-ю, лекин ҳеч нарса дея олмаса, у билан келишса бўлади. Минг тенге деса ҳам 700 ёки 500 га савдолашиш мумкин.

Асемгул ва Гулжаннинг доимий иш жойи бор, лекин пул етишмайди, шунинг учун ҳар ойда бир марта Хоргосга боришади.

“Товарни рўйхатдан ўтказасиз, пулни оласиз, чекни бериб, кетасиз, – дейди Гулжан. – Товарлар аллақачон кўрсатилган манзилда, сизсиз қабул қилинади. Илгари сиз ўзингиз почта бўлимига боришингиз, товарни кутишингиз, уларни қабул қилишингиз керак эди ва бу жуда кўп вақт оларди.»

Маҳаллий аҳоли бундай воситачилик хизматларидан қанча даромад олишини айтиш қийин. Юқори инфляцияни ҳисобга олсак, кўп эмас. Ҳамроҳларим нархлардан шикоят қилишди, улар Олмаотада озиқ-овқат арзонроқ ва катта шаҳарга кўчган яхшироқ деб айтишади, лекин у ерда уйлари йўқ, квартира ижараси жуда қиммат.

“Хитой бизга яқин бўлишига қарамай, барча Хитой товарлари аввал Олмаотага, кейин эса Жаркентга етказилади, – дея давом этади Гулжан. – Қўл юкингизни ўзингиз олиб қўйсангиз, гап йўқ, арзонроқ бўлади, Хитойдан олиб келинган мева-сабзавотлар эса аввало Олмаотада тугайди. Мен қандайдир тарзда нархларни солиштиришга қарор қилдим. Агар ўша пайтда Жаркентда бодрингнинг бир килограмми 200 тенге бўлган бўлса, Олмаотада 50 тенгега тушган.

Жаркентдан «Хоргос»гача 30 километр чиқади. Такси ҳайдовчилари одамларни назорат-ўтказиш пунктига олиб келишади, у ерда одамлар трансчегаравий ҳамкорлик марказига бориш учун чипта сотиб олишади. Бундай чипта уч минг тенге туради, кассада узун навбат бор, аммо жараён тез. Бундан ташқари, олти минглик ВИП чипталар бор, уларни навбатсиз сотиб олишингиз мумкин, аммо уларнинг оддий чипталардан нимаси билан фарқ қилишини ҳеч ким менга тушунтира олмади.

Чипта сотиб олгандан сўнг, одамлар божхона назорати биносига боради, у ерда яна навбат бор: ҳужжатларни текширишади, сумкаларни кўздан кечиришади, чиптага муҳр босишади. Бинода суратга олиш қатъиян ман этилади, бу ҳақда чегара қўшинлари ходими телефоним камерасини ёқиб қўйганимни пайқагач, дарҳол огоҳлантирди.

Кичик автобуслар божхонадан “Хоргос”га ва ортга қатнайди. 10 дақиқа юргач, биз ўзимизни савдо марказлари ва сумкалар ва аравалар билан гавжум одамлар орасида кўрамиз.

19-асрда Хитой услубида қурилган масжид. Жаркент, Жетису вилояти. 19 март, 2024
19-асрда Хитой услубида қурилган масжид. Жаркент, Жетису вилояти. 19 март, 2024

Савдо марказлари бир-бирига ўхшаш: эшикларда арқонларга осилган матрасни эслатувчи жуда қалин мато пардалар бор, кираверишда қаердан қандай товарларни топиш мумкинлигини кўрсатадиган белги бор.

Аксарият товарлар ассортименти ва сифати шаҳар бозорларидаги истеъмол товарларидан унчалик фарқ қилмайди. Улар асосан пойабзал, кийим-кечак ва чойшаблар. Кўпчилик бу ерга мўйнали кийимлар, автомобиль қисмлари ва автомобиль шиналари учун келади. Танлов кенг, лекин сифатлисини топиш учун кўп вақт сарфлашингиз керак бўлади, айниқса, биринчи марта келган бўлсангиз.

Одамлар савдо марказларига кираверишда туриб, қозоқ тилида “таза паспорт, таза паспорт” деб тинмай такрорлашмоқда. Улар 31 килограмм бож олинмайдиган товарларни ўз номига рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлган одамларни қидираётган тадбиркорлар ёки уларнинг воситачиларидир. Менинг ҳамроҳларим Гулжон ва Асемгул дарҳол улардан бирига яқинлашиб, юкни расмийлаштириш бўйича келишиб олишди ва почта бўлимига қараб кетишди.

"Киринг, нима керак, олинг, – дейди хитойлик сотувчи аёл, болалар кийими солинган витринага қараганимни кўриб. – Менда ҳаммаси сифатли».

«Анчадан бери шу ерда ишлайсизми? Илгари Қозоғистонда бўлганмисиз?

"Қозоғистонда бўлмаганмиз, сайёҳ эмасмиз, савдогармиз, – деб жилмайди аёл. – Саккиз йилдан бери шу ерда ишлайман, маҳсулотдан ҳеч ким шикоят қилмаган, ҳамма мақтаяпти. Сизда ўғилми? Қизми? Ёш неччида? Нима керак бўлса, бари топилади.»

Масжиднинг ички кўриниши. Жаркент, Жетису вилояти, 19 март, 2024
Масжиднинг ички кўриниши. Жаркент, Жетису вилояти, 19 март, 2024

Савдо марказларида ҳақиқатан ҳам танлов жуда катта, аммо сотувчилар билан гаплашиш деярли имконсиз. Баъзи одамлар эътиборни жалб қилмаслик учун камерага бепарво қарайди, бошқаларга ортиқча саволлар ёқмайди.

Нотаниш Хитой брендларидаги дазмоллар, чангютгичлар ва чойнаклар сотиладиган савдо майдончаларидан бирида бир сотувчи билан гаплашиб қолдим, тахминан 30 ёшлардаги аёл. Маълум бўлишича, Жаркентда яшайди, «Хоргос»га ишлагани келади. Унинг айтишича, истасангиз, Хоргосда иш топишингиз мумкин, лекин ҳамма ҳам сотувчи бўлавермайди: тез ҳисоблай олиш, харидор билан тиллаша олиш, маҳсулотни мақтай олиш, қозоқча, русча ва уйғурча равон гапира олиш керак. Шунда иш топилади. Иш ҳақи даромадга боғлиқ: "қанча кўп сотсангиз, шунча кўп оласиз". Аёл маоши қанчалигини айтмайди ва "яшашга етади, барибир бошқа иш тополмайман" дейди.

Жаркентликлар билан деярли ҳар суҳбатда иш, тўғрироғи, ишсизлик мавзуси очилади. Агар кекса аҳоли маҳаллий ҳаёт шароитига мослашса, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланса, ёшлар пул топиш имконияти каттароқ бўлган Олмаота, Талдиқўрғон ва бошқа йирик шаҳарларга кетади.

Қозоғистонга ҳар куни Хитойдан юк ортилган фуралар кириб келади. Темир йўлда узун поездлар бор. Миллиардлаб ва миллионлаб доллар айланади. Маҳаллий аҳоли – такси ҳайдовчилари ва воситачиларга арзимаган улуш қолади.

«Хоргоз»дан автобус бекатига почта бўлими орқали қайтдим, у ерда одамлар кийим-кечак, пойабзал ва маиший техника солинган катта сумка ва қутилар билан навбат кутиб туришарди. Қўл юкига беш килограммгача юк олишингиз мумкин. Тарозилар тўғридан-тўғри бекатда, автобус олдида жойлаштирилган. Қалин қора соқолли одам пакетларни ўлчаб, одамларни автобусга ўтказади, юк оғирлиги устида ким биландир жанжаллашиб қолади, лекин барибир уларни ўтказиб юборади. Қайтишда ҳам худди шундай божхона назорати мавжуд: юкхона ва ҳужжатлар текширилади.

Остона ва Пекин ўртасидаги товар айирбошлаш ўсиб бораётганига қараганда – Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо шеригига айланиб, Россияни иккинчи ўринга сиқиб чиқарди – икки давлат ҳукуматлари «Хоргос»ни янада ривожлантириш бўйича катта режалар тузган. Нима учун савдо ривожи Хитой билан чегарадош минтақа аҳолиси даромадини унчалик оширмаяпти, бу алоҳида саволни мен молиячи Расул Рисмамбетовга бердим.

«Хоргос» бутун Қозоғистон учун трансчегаравий ҳамкорлик марказидир. Бу чегара ҳудудини ривожлантириш учун ўйлаб топилмаган, – деб тушунтиради эксперт. – Узоқ вақт давомида у ҳукуматга бўйсунган ва яқинда у Жетису вилоятига ўтказилди. Ҳозир улар у ерда асосан юкларга мўлжалланган юк аэродроми қурмоқчи. У маҳаллий аҳоли бандлигига таъсир қилиши мумкин.

Мирзиёев Сианда. Хитой ва Россия сиам эгизакларми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:22 0:00

Жорий йил мартида ОАВ трансчегаравий ҳамкорлик халқаро маркази ҳудудида 50 минг тоннагача юк ва соатига 500 афаргача йўловчи ўтказиш назорат ўтказиш пункти бўлган аэропортини қуриш ниятида эканликларини ёзган эди. Лойиҳа қиймати 250 миллиард тенгега баҳоланмоқда. У тугалланадими ёки йўқ, номаълум. Режаларга кўра, у 2027 йилда ишга туширилиши ва 2032 йилда якунланиши керак.

“Чегаравий савдо зоналарининг, шу жумладан, «Хоргос»нинг камчилиги шундаки, у оз хусусий ташаббус ва кўпроқ давлат бюджети асосида қурилган, – дейди Рисмамбетов. – Умуман олганда, трансчегаравий тижорий ҳамкорлик марказларида давлат роли минимал бўлиши керак, чунки хусусий тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам давлат ҳамкори бўлишни хоҳламайди. Агар бу хусусий ташаббус бўлса, у ерга хусусий мулкдорлар албатта келади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, «Хоргос» қишлоқ хўжалиги зонасида жойлашган бўлиб, агар биз хитойликлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича келишувга эришсак, маҳаллий аҳоли фаоллашиши мумкин.

Жаркент шаҳри яқинида баҳорги дала ишларига ҳозирлик кўрилмоқда. Экин майдонлари уфқ ортидаги тоғларгача чўзилган.

Уч соатдан ортиқ йўл юриб Олмаотага кирамиз. Шаҳар худди ўша Хитой истеъмол товарлари сотиладиган бозорлардан бошланади.

Форум

XS
SM
MD
LG