Линклар

Қурултой: 11 йиллик умумтаълим тизимига ўтиш Ўзбекистонни қолоқ давлатлар сафига қўшиши мумкин!


Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкент шаҳри мактабларидан бирида “тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш зарурлигини” таъкидлагани ортидан Халқ таълими вазирлиги ва “кенг жамоатчилик” бу таклифни “ оммавий маъқуллаш” маъракасини бошлаб юборди. Ўзбекистон телеканалида чиқиш қилаëтган ўқитувчи опалар “11 йиллик таълимга қайтишни энг оқилоно ва минг дардга даво” дея алқашди.

Озодликнинг "Қурултой" дастурида қатнашган мутахассислар эса¸ 11 йиллик таълимга қайтишнинг салбий оқибатларидан гапиришди.

Чехиядаги Боҳемия универститети ўқитувчиси Холназар Омонов назарида бу қайтиш Ўзбекистонни қолоқ давлатлар клубига аъзо қилиб қўяди ва Ўзбекистоннинг дунë таълим соҳасида кечаётган оламшумул ўзгаришлардан четда қолишига сабаб бўлади.

Бу фикрни таълим муаммоларини ëритиб келаëтган тошкентлик блоггер Сардор Салим ҳам таъкидлади:

- Барча ўтмишга эмас, келажакка кўз тиккан, тараққий этиш истагида бўлган миллатлар 12 йиллик таълим тизимини танлаётган бир вақтда биз замонавий шарт-шароитларда самарасизлигини кўрсатган 11 йиллик тизимга қайтаётганимизга сабаб нима? Бу саволга мухтасаргина қилиб, ўрта таълим тизимидаги таназзул, дея жавоб бериш мумкин. Мактаб (коллеж ва лицейлар) ўз функциясини бажармаяпти. Бироқ баъзилар ўйлаганидек, совет моделидаги 11 йиллик ўрта мактаб тизимига қайтишнинг ўзиëқ таълим сифатини яхшиламайди.

"Қурултой"да иштирок этган журналист Назокат Азим 1997 йилдан олдин мавжуд бўлган 11 йиллик таълим қайта тикланиши зарурлигини урғулайди:

- Тиклаш керак. Шунда худди аввалгидек, ким истаса мактабда қолиб, ўқишни давом эттиради, ким ҳоҳласа касб-ҳунар коллежларида ўқийди. Муаммо - мактаб дарсликларида ва ўқитувчиларда. Янги ўқув йилигача мактаб дарсликларини чиқаришга улгуришармикан, деб қайғураяпман. Агар чиқарилган тақдирда ҳам¸ бундай қисқа вақт мобайнида уларнинг сифатли бўлиши одамни ўйлантиради. Табиийки, ўқитувчиларни ҳам қайта ўқитиш, дарсликларга доир услубий қўлланмалар билан таъминлаш талаб этилади.

Суҳбатдошга кўра¸ 11 йиллик мактаб таълими уйига совчи келаëтган қизларга ҳам қўл келади:

- Неча йил ўқишдан кўра¸ ўқишнинг сифати муҳимроқ. Агар ҳақиқатан ҳам болаларнинг билим олишига ижобий таъсир кўрсатувчи дастурлар ишлаб чиқилса, нур устига аъло нур, лекин бор программани чўзиб ёки такрорлаб, болаларнинг бир йиллик вақтини ўғирлаш инсофдан эмас. Бунинг устига¸ бизда 18 ёшли қизларнинг уйига совчи кела бошлайди. Эрта турмуш қуриш анъанасига риоя қиладиган оилаларимиздаги қизларимиз, 9-синфни битириб, бирор касбга эга бўлганлари мақсадга мувофиқ¸ дея таъкидлайди Назокат Азим.

Фоторассом Умида Аҳмедова совет давридаги таълим тизими самарасини маъқуллаб гапирди.

Блоггер Сардор Салим бу гапларни ноилмий иддаолар деб атади:

-Ушбу иддаолардан ташқари аксарият изоҳларда учраётган 11 йиллик таълимнинг энг муҳим афзаллиги бу – “совет иттифоқида биз шундай ўқиганмиз, шу таълим тизими билан Белка ва Стрелкани космосга учирганмиз” экан. Энди нега 200 га яқин давлатдан 163 нафари мактабларини 12 йиллик таълимга ўтказаётгани сабабларини кўриб чиқайлик.

Замонавий дунё тараққиётининг муҳим қонуниятларидан бири таълим вақти тобора узайиб бораётганидир. Кўпроқ миллатлар бежизга мактаб таълимини 12 йиллик тизимга (бошланғич – 4 йил, ўрта – 5 йил ва ўрта махсус - 3 йил коллеж ёки лицей) ўтказмаяпти. Ўқувчи ўзлаштириши зарур бўлган маълумотлар ҳажми йилдан-йилга каттариб бормоқда – уни ўзлаштириш, янги қобилият ва малакаларга эга бўлиш тобора кўпроқ вақтни ва янги мазмунни талаб қилаяпти.

Дунëда 12 йиллик мактаб таълимига асосланган муайян халқаро таълим стандарти шаклланган. АҚШ, Канада, Япония, Швеция, Франция ўрта мактабида – 12 йил, Германия, Чехия, Италия, Швейцарияда – 13 йил, Нидерландияда – 14 йил ўқилади. Ривожланган давлатларнинг барчасида олий ўқув юртига кириш учун камида 12 йиллик ўрта таълим талаб қилинади. Башарти биз 11 йиллик таълимга қайтсак, ўзбек мактабининг битирувчиси хориж университетига тўғридан-тўғри кира олмайди, яна бир-икки йил уларнинг мактабида ўқиб беришга мажбур бўлади. Хусусан, шундай муаммога мен ҳам дуч келганман. Германиянинг Ҳайделберг университети танлов комиссияси ўзбек мактаби аттестатини 11 йиллик бўлгани учун тан олмаган. Яна бир йил ўзбек олий ўқув юртида ҳам ўқиганим жонимга оро кирган, ўша бир йил 12-ўрта таълим йили ўрнига ўтган¸ дейди ўзбекистонлик блоггер.

Суҳбатдошга кўра¸ минтақадаги давлатлар ҳам таълим соҳасида юқори стандартга интилмоқда:

- Пост-совет давлатлари ҳам 12 йиллик тизимга ё аллақачон ўтган, ё ўтишни ният қилган. Хусусан, Украина (2018) ва Қозоғистон (2020) ҳам тез орада бу тизимга ўтишни режалаштирган. Биз Россияга тақлид қилишни, ундан илҳомланишни яхши кўрамиз. Лекин Россиянинг ўзида ҳам совет ўрта таълим моделидан воз кечиб, 1-4 (бошланғич мактаб), 5-10 (ўрта) ва 11-12 (юқори) формуласига ўтиш нияти бор. Хўш, улар шундай қилса, биз яна ахмоқ бўлиб, 12 йилликка қайтамизми? Наҳотки шунчалар бетайин бўлсак!¸ дея риторик савол қўйган Сардор Салим ¸таълимдан мақсад нима ўзи деган саволга ҳам ойдинлик киритди:

-Таълимнинг мақсади вояга етмаганларни маҳалла-кўйнинг кўз олдида сақлаш, юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутишини назорат қилиш ёки ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, эрта туғруқ, турли оқимларга қўшилиб қолиш каби важлар билан уларни “доимий инфантил ёш бола” статусида сақлаб қолиш эмас. Таълим тизимининг мақсади сипо, оқ кўйлак, қора шим кийган оломонни етиштириш ҳам эмас.

Таълим тизимининг бош мақсади мустақил фикрлайдиган авлодни шиддат билан ўзгараётган глобал дунëда яшаб кетишга тайёрлаш, уларни бошқа мамлакатдаги тенгқурларига нисбатан рақобатбардош қилиш ва шу орқали миллатнинг равнақини таъминлашдир. Ёшлари касбсиз, маҳорат ва малакасиз, мустақил фикрламайдиган, ўрганишни ўрганмаган миллатлар заифлашиб, бошқа миллатларга ем бўлишини тарих 1001 марта исботлаб берган.

Мана шу тарихдан сабоқ чиқарган ҳолда¸ Ўзбекистон замон талабларига жавоб бериш мақсадида 12 йиллик таълим тизимини постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб жорий этди. Биринчи президент Ислом Каримов 1990 йил 3 августда бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида республикада барча соҳалар қатори таълим тизими ҳам бутунлай издан чиққани, ўқув муассасалари ачинарли аҳволга келиб қолганини айтиб ўтган эди. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" замонанинг кун тартибидаги муаммоларни ҳал этиш учун ўз даврининг илғор ва узоқни кўзлаган ташаббуси бўлганини бошқа постсовет республикалари ҳам эндигина – биздан 20 йил кейин бу йўлдан юришни режалаштиргани кўрсатиб турибди.

Лекин таълим тизимидаги ислоҳотлар кўзланганидек амалга оширилмади ёки аллақачон маънан эскирди. Бизга ҳозир таълимнинг янги ислоҳоти керак, лекин бу ислоҳот ўқув йиллар сонини қисқартириш ёки кўпайтиришдан иборат бўлмаслиги лозим¸ дея таъкидлайди блоггер Сардор Салим.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG