Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:50

Қувалик 85 фермер экспорт қилмаган маҳсулоти учун юзлаб миллион сўм солиқ ва жаримага тортилди


Қува туманидаги фермер хўжаликларида асосан мева етиштирилади
Қува туманидаги фермер хўжаликларида асосан мева етиштирилади

2020 йилнинг 24-25 декабрида Фарғона туманлараро иқтисодий суди Қува туманидаги 100 га яқин боғдорчилик фермер хўжаликларининг ҳар бирига бир неча юз миллион сўмлик жарима солди.

Фермерлар устидан судга Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармаси арз қилган. Солиқ бошқармаси фермерларни мева экспортидан тушган фойдадан солиқ тўламаганликда айблаган.

Қувалик фермерлар мева экспорт қилмаганини, маҳаллий раҳбарларнинг алдови қурбони бўлганини айтмоқда.

Қува туман ҳокимлиги мулозими вазиятни шарҳлашни истамади.

Воқеанинг мухтасар мазмуни

Фермерларнинг айтишича, 2019 йилнинг ёзида бир неча киши Қува туман ҳокимлиги номидан келиб, уларнинг муҳрини ҳамда банк ҳисобининг электрон калитини алдов ва қўрқитув билан олиб, улар номидан мева-сабзавот экспорт қилган.

Экспорт қилинган мева-сабзавотга бу фермерларнинг алоқаси йўқ, яъни товар уларники бўлмаган, бинобарин уларнинг банк ҳисобларига ҳеч қандай пул тушмаган.

Бироқ божхона ҳужжатларида фермерлар мева-сабзавот экспортчиси сифатида қайд этилган. Солиқ бошқармаси ана ўша ҳужжатларга таяниб, ҳар бир фермердан солиқни тўлаб қўйишни талаб қилган ва охир-оқибат иш судгача етиб борган.

461 000 000 сўмлик жаримага тортилган фермер ҳикояси

Қувалик 70 яшар Ҳайитмурод Ёқубов “Муҳаммадёқуб Сардор Мустафо” фермер хўжалиги раҳбари. 4 гектар, 80 сотих ери бор. Мевачилик билан шуғулланади. Анор, гилос, ўрик, шафтоли етиштиради. Боғига асос солганига бу йил 4 йил бўлди. “Дарахтлар ҳали мевага киргани йўқ, ёш”, деди фермер Озодликка 6 январда.

Ҳайитмурод Ёқубов кўргиликлари қандай бошлангани тўғрисида Озодликка айтар экан, деди:

“2019 йилнинг августида уйимга сельсовет раиси Шерқўзи Жўраев Фермерлар уюшмаси бошлиғи Ҳамиджон Усмонов билан бирга келди. “Ҳокимнинг буйруғи билан келдик. Печатингизни оламиз экан”, дейишди. Нега десам, “экспорт қиламиз, счётингизга пул туширамиз” дейишди. Мен печатни бермайман дедим. “Бермасангиз ерингизни тортиб олишга мажбур бўламиз. Ҳамманикини оляпмиз, деди. 100 минг сўм пул берасиз, паспортингизнинг копиясини берасиз”, деди. Печатингизни бермасангиз, у бўлади, бу бўлади, деб қўрқитди. Бундай қўрқитишлар кўп бўлган. Шунинг учун печатни беришга мажбур бўлдим. 20 кунчадан кейин печатни қайтариб олиб келдим”.

Фермерлардан бирининг муҳрини олгани тўғрисида Шерқўзи Жўраев ёзиб берган тилхат.
Фермерлардан бирининг муҳрини олгани тўғрисида Шерқўзи Жўраев ёзиб берган тилхат.

Фермернинг айтишича, 2019 йил, ноябрь охири-декабрь бошларида божхонадан унга хат келган:

“Сиз 148 299 доллар, 4 центлик товар экспорт қилган экансиз, шунинг ҳисобидан солиқ тўламабсиз”, деб ёзишибди. Мен экспорт қилмаганман, деб ёзиб бердим. Кейин карантин бошланиб кетди. Карантин юмшагандан кейин таможнячилар яна келишди. “Мана бу жойга қўл қўйинг”, дейишди. Қўйиб бердим. Кейин улар солиққа оширишибди. Солиқ мени 3-4 марта чақирди. Қарз бўлиб қолган эмишман, тўлаб қўйишимни талаб қилишди. Хуллас, солиқ охири мени судга берди. Суд қарори бўйича мен солиққа 461 миллион сўм тўлашим керак эмиш. 3 ой ичида тўламасам устига яна жарима қўшилади дейишди. Тўлаганим йўқ. Ҳаётимда тўлолмайман бунча пулни”.

Фарғона туманлараро иқтисодий судининг "Маҳмуд Шерзодбек Пўлатбек" фермер хўжалиги иши юзасидан чиқарган қарори хулоса қисми.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг "Маҳмуд Шерзодбек Пўлатбек" фермер хўжалиги иши юзасидан чиқарган қарори хулоса қисми.

Озодлик ихтиёрида Фарғона туманлараро иқтисодий судининг бошқа бир хўжалик – “Маҳмуд Шерзодбек Пўлатбек” фермер хўжалиги билан боғлиқ иш бўйича 24 декабрда чиқарган қарори нусҳаси бор. Қарорга мувофиқ, бу хўжалик 357 328 497 сўм, 80 тийин жарима тўлаши лозим.

“Муҳаммадёқуб Сардор Мустафо” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайитмурод Ёқубовнинг айтишича, у ҳокимият номидан келганларга муҳрини берган, холос. Сотув учун маҳсулот берган эмас:

“Бир килоям маҳсулот берган эмасман. Экспорт учун мева сўраб биров келмаган. Сўраб келган тақдирдаям берадиган мевамнинг ўзи йўқ. Айтдимку боғим энди 4 га кирди, деб. Бошқалар ҳам экспорт учун мева берган эмас”.

Ҳокимлик мулозими: Бошлиқлардан сўранг...

Фермерлар билан суҳбатлардан улар экспорт можароси бўйича Қува туман ҳокимлиги мулозими Абдулазизхон Ёдгоров билан мулоқотга киришгани маълум бўлди. Озодлик қўнғироғига жавоб берган Ёдгоров ўзини “ҳокимлик инвестиция бўлими бошлиғи ўринбосари” таништирди. Ёдгоров экспорт билан боғлиқ можарони шарҳлашни истамади. “Бошлиқларимдан сўранг, мен бир нарса деёлмайман”, деди.

Қува туман ҳокими Равшан Қурбонов икки кун давомида қўнғироқларга жавоб бермади.

Фермерлар тилга олган Шерқўзи Жўраев ва Ҳамиджон Усмоновни топишнинг имкони бўлмади.

ИИБ ходими: Ҳолат бўйича жиноят иши очилган

Маълум бўлишича, божхона ва солиқ идораларининг қарзни тўлаб қўйиш тўғрисидаги хатлари кела бошлагач, (2020 йилнинг сентябрь-октябри) фермерлар Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган.

Фермерлар мурожаатлари Фарғона вилоят прокуратураси орқали Қува туман прокуратураси воситачилигида Қува туман ИИБ Тергов бўлинмасига кўриб чиқиш учун юборилган.

Қува туман ИИБ суриштирувчиси Алишер Усмоновнинг 5 январда Озодликка айтишича, экспорт можароси бўйича “ҳолат юзасидан 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш - таҳр.) билан жиноят иши қўзғатилган”.

Бу иш бўйича айнан ким(лар) жавобгарликка тортиляпти, деган саволга терговчи “Бундан хабарим йўқ. Мен суриштувчиман. Ўз вақтида жиноят иши қўзғатилган, терговга топширганмиз”, деб жавоб берди. Алишер Усмонов тергов жараёнидан хабари йўқлигини билдирди.

Қувалик фермерларга ҳуқуқий ёрдам беришга уринаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мусажон Бобожоновнинг Озодликка айтишича, “Қува туман ИИБ Тергов бўлинмаси ҳозиргача бу жиноий иш бўйича жиддий суриштирув-тергов ишларини олиб бораётгани йўқ”. Бобожоновнинг айтишича, ҳокимлик номидан келганларга фермер хўжалиги муҳрини ҳамда электрон калитини бериб қўйганлар ҳаммаси бўлиб 85 кишидир.

Саводсизликми ё қўрқув?

Муҳрингни бериб тур деса, бериб қўяверишадими? Бу фермерларнинг ҳуқуқий саводсизлигими ёки ҳокимлик тазйиқи шунчалик кучлими?

Озодлик бу саволни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мусажон Бобожоновга берди.

“Биринчидан, ҳуқуқий саводсизлик. Иккинчидан, ҳокимият зўравонлиги. Ҳатто, бир фермер муҳрини бермаган. Бироқ унинг муҳрини ҳокимлик вакиллари қандайдир йўллар билан қўлга киритиб, устага бериб, қалбаки нусҳасини ясатишган, унинг номидан ҳам мева-сабзавот экспорт қилишган”.

Мусажон Бобожоновнинг айтишича, шу кунда "Фермерлар судга апелляция шикояти бериб, ўзларини оқлашлари учун, мазкур иш бўйича жиноят иши очилиб, расман тергов ҳаракатлари бошланишини кутишмоқда".

XS
SM
MD
LG