Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 20:08

Эроннинг собиқ президенти Рафсанжоний 82 ёшда вафот этди


Эрон сиёсатида узоқ йиллар давомида муҳим роль ўйнаган собиқ президент Акбар Хошими Рафсанжоний юрак ҳуружидан вафот этди. У 82 ёшда эди.

Эрон матбуотининг хабар беришича, Рафсанжоний 8 январь куни Эрон шимолидаги Шоҳада шифохонасига юраги оғригани учун ётқизилган.

Давлат телеканаллари кейинроқ “афсуски, шифокорларнинг уринишлари зое кетди ва у оламдан ўтди”, дея хабар тарқатди.

Рафсанжонийнинг мурдаси кейин Жамаран намозхонасига олиб борилди. У ерда сиёсатчилар ҳамда дин пешволари собиқ президент билан видолашди.

Эрон ҳукумати уч кунлик мотам эълон қилди. Рафсанжоний 10 январь куни тупроққа қўйилади.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий сиёсий қарама-қаршиликлар Рафсанжоний билан бир неча ўн йил давом этган “дўстлигини” бузмаганини айтди.

Жорий президент Ҳасан Руҳоний эса Twitterда “Инқилоб буюк одами, сабр ва кураш рамзи, руҳи жаннатга кетди”, деб ёзди.

Рафсанжоний ғарб мамлакатлари билан алоқаларни яхшилашга қарши бўлмаган прагматик консерватив ўлароқ баҳоланарди.

Рафсанжоний парламент ҳамда Ҳимоячилар кенгаши ўртасида келиб чиққан келишмовчиликларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи идора ҳисобланувчи Мақбуллик кенгашига етакчилик қилган.

Рафсанжоний яна Эроннинг олий диний идораси бўлмиш Мутахассислар йиғини аъзоси ҳам бўлган. Мазкур йиғин мамлакатнинг олий раҳбарини танлайди ва лозим бўлса, уни бўшатади.

Рафсанжоний 1989 йилдан 1997 йилгача Эрон президенти бўлган. Президентлиги давомида ислоҳот қилишга ва мамлакат ичида эркин бозорларни таъсис қилиш учун курашган ҳамда халқаро миқёсда мўътадил позицияни танлаган.

Шундай бўлса-да, айрим ислоҳотчилар Рафсанжонийни ўз президентлиги давомида либералларнинг ўлдирилишида иштирок этишда айблайди. Унинг ўзи эса бу айбловларни рад этган.

Аргентина айбловчилари 1994 йил Буэнос-Айресдаги яҳудий марказида амалга оширилган, 85 одам умрига зомин бўлган портлашга алоқадор Эрон расмийлари сафига Рафсанжонийни ҳам киритган эди.

Эронлик инсон ҳуқуқлари юристи ҳамда тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати Ширин Эбадий Озодлик билан суҳбатда Рафсанжонийни жиддий инсон ҳуқуқлари фожиаларига, жумладан, исёнчиларнинг ўлдирилишига аралашмаган тақдирда ҳам улар ҳақида яхши билган, деди.

“Шундай экан, унинг инсон ҳуқуқлари тарихи ҳечам ижобий эмас”, деди ҳуқуқшунос.

Аммо Эбадий Рафсанжонийни сиёсий карьерасининг охирги йилларида одамларга яқинроқ бўлганини ҳамда “одамлар эшитишни хоҳлаган” нарсаларни айта бошлаганини таъкидлади.

Ҳукумат танқидчиси

Рафсанжоний 2005 йилда яна президентликка ўз номзодини кўрсатди, аммо сайловда Аҳмадийнажот ғалабага эришди. Рафсанжоний сайловдан кейин президентни очиқчасига танқид қила бошлади.

Аҳмадийнажот 2009 йилги сайловда баҳсли тарзда қайта сайланганидан кейин Рафсанжоний сиёсий маҳбусларни озод этишга ҳамда матбуот эркинлигини таъминлашга чақирди ва шу сабаб унга радикаллар тазйиқ ўтказа бошлади.

Сайлов бўйича юзага келган баҳслар ортидан саккиз ой давомида намойишлар бўлиб ўтди.

Рафсанжонийнинг оила аъзолари ҳам матбуот назарига тушиб туради.

Унинг қизи Фаиза 2012 йилда 2009 йилги сайлов давомида аксилҳукумат тарғибот олиб боришда айбланиб, қўлга олинди. Фаиза олти ой қамоқда қолди. Бу эса Рафсанжонийга қаратилган жазо ўлароқ баҳоланди.

Унинг ўғли Маҳдий ҳам 2012 йилда коррупцияда ва хавфсизликка таҳдид солишда айбланиб, ўн йилга қамалди.

Рафсанжоний 2013 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўрсатмоқчи бўлди, аммо унинг ёши катта бўлгани учун бунга йўл беришмади.

Пировардида Рафсанжоний сайловда ўзи билан яхши муносабатда бўлган мўътадил сиёсатчи Руҳонийни қўллади.

XS
SM
MD
LG