Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 11:28

Озодлик текшируви хулосалари Швед матбуотининг бош хабарига айланди


Раҳмат Оқилов

Замонавий Швеция тарихида содир этилган энг йирик террор ҳужуми юзасидан Озодлик текшируви ва ундаги хулосалар 9 февралда Швед матбуотининг бош хабарига айланди.

Озодлик ва Швециянинг ТТ ахборот агентлиги бирга ўтказган текширув 2017 йил 7 апрелда Стокгольм марказида террор ҳужумини содир этган шахс ўзини “Ислом давлати” (ИД) деб атовчи террор ташкилотининг тожикистонлик жангарилари билан узлуксиз алоқада бўлганини аниқлади.

Алоқа

Озодликнинг ўзбек ва тожик хизматлари ҳамда Швециянинг энг йирик – ТТ ахборот агентлиги текширувларига кўра, Стокгольмдаги террор ҳужумини содир этганига иқрор бўлган ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов ИДнинг юқори рутбали тожик жангарилари билан ҳужумдан олдин, ҳужум пайтида ва ҳужумдан кейин тўғридан тўғри алоқада бўлган.

Текширув натижалари Швециядаги ўнлаб энг йирик телевизион ва радио каналлар, газета ва журналларда ёйинланди.

Швециядан бошпана сўраган 39 яшар Раҳмат Оқилов юк машинасини ўғирлаш ва уни Стокгольм марказидаги Дроттенгаттан кўчасида бораётган оломон устига ҳайдаши оқибатида беш одамни ўлдириш ва яна 15 одамга жароҳат етказишда айбланмоқда.

Орадан беш соат ўтиб қўлга олинган Раҳмат Оқилов, полицияга кўра, эртаси куни айбига иқрор бўлган.

Озодлик фильми: Раҳмат Оқиловни террор ҳужуми пайтида ким бошқарган эди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:53 0:00

"Террорга алоқадор шахслар"

Швеция бош прокуратураси 30 январда Раҳмат Оқиловни расман террор ҳужумини содир этишда айблади.

Швеция полицияси ҳам тергов суриштирув ишлари натижаларини жамоатчиликка ошкор этди.

Ўн ойча давом этган тергов иши 9 минг саҳифадан иборат ҳисоботга жамланган.

Унда Раҳмат Оқиловнинг ҳужумгача, ҳужум пайти ва ундан кейинги ҳар бир қадами бирма-бир баён этилган.

Ҳисобот хулосаларига кўра, Швеция полицияси Оқиловнинг мобиль телефонидаги Telegram ва Zello каби мулоқот апликацияларидан “террорга алоқадор” бир неча шахс билан мулоқотда бўлганини аниқлаган.

Швеция полицияси Раҳмат Оқилов ҳужумни якка ўзи амалга оширмаганини билдирди.

Ҳисоботга кўра, Раҳмат Оқилов алоқа қилган “террорга алоқадор” шахсларнинг фақат бир нафари Швецияда, қолганлари эса чет элда бўлган.

Лекин уларнинг асл исм ва фамилиялари ошкор этилмади.

Швеция хавфсизлик полицияси уларнинг асл шахсини аниқлаш қийин бўлаётганини эътироф этди.

Контактларни топиш қийин, улар сирли лақаблар ва ёпиқ чатхоналардан фойдаланишади. Биз уларнинг шахси ва жойини аниқлашга қаратилган жумбоқни ечаяпмиз, аммо биздаги маълумотларга таяниб шахсни аниқлаш қийин,” деди Швеция хавфсизлик полицияси САПО бошлиғи Ёҳан Олссон.

Озодлик хулосалари

Озодлик Раҳмат Оқилов мунтазам суҳбатлашган, уни ҳужум пайтида йўналтириб турган ва ҳатто ҳужумдан кейин алоқада бўлган шахслар ИДнинг бир нафар доғистонлик ва бир неча нафар тожикистонлик қўмондони ва даъватчиси эканини аниқлашга муваффақ бўди.

Озодлик текшируви Тожикистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбалар, Раҳмат Оқиловнинг мобиль телефонида топилган ҳужжат ва маълумотлар таҳлили ҳамда Швециядаги журналистлардан олинган маълумотларга асосланган.

Текширув чоғида дастлаб қуйидагилар аниқланди:

-Раҳмат Оқилов ZELLO тармоғида асосан ИДнинг тожикистонлик жангарилари жам бўлган “Раҳнамо ба суи хилофати исломи” (“Исломий халифалик сари”) номли гуруҳ аъзоси бўлган;

- Telegram ва Zello тармоғида ИШИД аъзолари билан ёзишмалар қисман рус ва ўзбек, лекин асосан тожик тилида бўлган;

- Тожик тилидаги ёзишмаларда Раҳмат Оқилов Самарқанд, жангарилар эса Тожикистон шеваларини қўллашган;

- Раҳмат Оқилов билан мулоқотда бўлганлар лақаблари Тожикистон ва Россияда қидирувда бўлган жангарилар томонидан қўлланилган;

- Айни лақабдаги жангариларнинг чиқишларини Zello, YouTube каби тармоқлар орқали Озодлик мухбирлари бир неча йилдан буён кузатиб келган.

Пирамида

Озодлик тўплаган ҳужжат ва далиллар, Озодликнинг ишонишича, Раҳмат Оқилов содир этган террор ҳужуми ортида Сурия ва Ироқда экани ишонилган бир нафар россиялик ва бир неча нафар тожикистонлик жангари турганини яққол кўрсатди.

Озодлик хулосалари яна қуйидагилардан иборат:

Жангарилар Оқиловни террор ҳужумига тайёрлашган ва ҳужум пайтида унга йўл-йўриқ кўрсатиб туришган.

Тергов чоғида Оқилов ўзи билан мулоқотда бўлганларнинг фақат лақаблари орқали таниганини айтган.

Раҳмат Оқилов "Ислом Давлати"га дастлаб "Абу Фотима" орқали баят қилган
Раҳмат Оқилов "Ислом Давлати"га дастлаб "Абу Фотима" орқали баят қилган

Аммо, Озодлик Раҳмат Оқилов “Абу Довуд” лақабли асли душанбелик 30 яшар Парвиз Саидраҳмонов даъватларидан руҳланганини аниқлади.

Прокуратура ҳисоботига кўра, Раҳмат Оқилов кўп марта Youtube тармоғига қўйилган "Абду Довуд" даъватларини томоша қилган.

Раҳмат Оқилов “Абу Фотима” тахаллусли 30 яшар доғистонлик Арсен Муҳожиров билан яқин алоқада бўлган.

Улар ўзаро рус тилида суҳбатлашишган.

Озодлик Швед журналистлари ёрдамида унинг Россия томонидан халқаро қидирувга берилганини аниқлади.

Швеция прокуратураси ҳисоботидаги “Абу Фотима” сурати ва Россия томонидан Интерполга қидирувга берилган Арсен Муҳажиров сурати қиёсланганда икки сурат бир шахсга тааллуқли эканлиги аниқланди.

Раҳмат Оқилов Исломий Давлатга биринчи бўлиб айнан “Абу Фотима” орқали баят қилган.

2017 йил 14 мартдан 8 апрелга қадар Раҳмат Оқилов ва “Абу Фотима” ўртасида жами 242 марта мулоқот бўлган.

Раҳмат Оқилов "Абу Умар" билан мунтазам ёзишиб турган
Раҳмат Оқилов "Абу Умар" билан мунтазам ёзишиб турган

Швед прокуратураси хулосаларида, “Абу Умар Форсий” ва “Тоғутшикан” лақаблари билан танилган жангари - 26 яшар, Тожикистонлик Фарҳод Ҳасановдир.

Озодлик тожик хизмати “Абу Умар”, “Абу Умар Форсий” ва “Абу Умар Тожикий” лақаблари билан танилган Фарҳод Ҳасанов ҳақида илк бор - Стокгольм ҳужумидан уч йил муқаддам - 2015 йил 15 январда мақола ёзган.

Оқилов ҳужумдан кейин илк суратни "Абу Умар" ва "Абу Усома Норакий"га йўллаган
Оқилов ҳужумдан кейин илк суратни "Абу Умар" ва "Абу Усома Норакий"га йўллаган

У Тожикистон Ички ишлар вазирлиги сайтида 2015 йилнинг апрелидан бошлаб қидирувда.

Раҳмат Оқилов Швеция терговчиларига ҳужумни содир этишдан олдин, ҳужум пайтида ва ҳужумдан кейин "Абу Умар" билан доимий алоқада бўлганини тан олган.

Швеция прокуратурасига кўра, Раҳмат Оқилов ва “Абу Умар” 57 марта мулоқот қилган.

Оқилов жангарилар йўриғи билан қўлбола бомба ясаган
Оқилов жангарилар йўриғи билан қўлбола бомба ясаган

Террор ҳужумини содир этаётган лаҳзаларда Оқиловни “Абу Умар”дан ташқари яна бир жангари “Абу Усома Норакий” йўналтириб турган.

Тожикистон расмийлари, асл исми Тожиддин Назаров бўлган “Абу Усома Норакий”ни “Ислом давлати” сафларидаги энг хатарли тарғиботчи деб атайди.

Оқилов "Абу Усома Норакий"ни ўзининг "амири" деб атаган
Оқилов "Абу Усома Норакий"ни ўзининг "амири" деб атаган

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги махсус кучлари – ОМОНнинг собиқ қўмондони 42 яшар полковник Гулмурод Ҳалимов.

2015 йил баҳорида Ислом давлати сафларига қўшилди Ҳалимов 2016 йил ўрталарида унинг "Уруш вазири" этиб тайинланган.

Озодлик қўлида Ҳалимовнинг ҳужумга тўғридан тўғри алоқадорлигини тасдиқловчи аниқ далил йўқ.

Аммо, тилга олинган жангариларнинг ўтмишда собиқ полковник билан яқин алоқада бўлгани ва Ислом Давлати ташкилотининг ҳарбий тузилма экани инобатга олинса, пирамида устида айнан Гулмурод Ҳалимовнинг турган бўлиши эҳтимоли каттадир.

Тожикистон ИИВ муносабати

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Озодликка ёзма жавобда Швеция расмийлари Оқиловнинг ИДнинг тожик жангарилари билан бўлган алоқалари юзасидан расмий Душанбега ҳамкорлик таклифини қилмаганини айтди.

Исмлари зикр этилганлардан вазирлик фақат Норак шаҳри яшовчиси Назаров Тожиддин Маҳмадраҳимович бўлган "Абу Усома Норакий" ҳақида маълумотга эга. Тожиддин Назаров Сурия ва Ироқдаги жангларда иштирок этган ва айни пайтда расмий қидирувдадир. Унинг ўлгани ёки тириклиги ҳақида маълумот мавжуд эмас. Зикр этилган бошқа номлар ҳақида шуни қайд этиш керакки, бундай номлар кўп ва уларнинг ортида кимлар тургани бизга маълум эмас,” - деди Рамазон Раҳимзода Озодликка ёзма жавоб бераркан.

Аммо, Озодлик "Абу Усома Норакий"нинг сўнгги марта Zello тармоғи орқали 26 январда чиқиш қилганини аниқлади.

Ўзбекистон ТИВ баёноти

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 апрелда ўтган матбуот анжуманида Оқилов 2014 йил Ўзбекистонни тарк этиб, Швецияга кетганини айтган эди.

Комилов махсус хизматлардан олинган маълумотга таяниб, Оқиловни Швецияда “Ислом давлати” радикал гуруҳи ёллаганини ҳам билдирган.

“Ислом давлати” Стокгольм марказидаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.

Раҳмат Оқилов устидан суд 13 февралда бошланиши кутилмоқда.

Агар Раҳмат Оқилов айбдор деб топилса, у бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG