Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2018, Тошкент вақти: 01:22

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олингани расман тасдиқланди


Рашид Қодиров

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакат собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олинганини расман тасдиқлади. Бош прокуратура хабарига кўра, Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Озодлик Рашиджон Қодировнинг 22 февраль куни Тошкентда ҳибсга олингани ҳақида ўз манбаларига таяниб, биринчи бўлиб хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 22 февраль куни Қодировнинг ҳибсга олинганидан "ҳозирча хабари йўқ"лигини билдирди.

23 февраль куни матбуот хизмати расмийси Воҳид Шаропов Озодлик мухбири билан суҳбатда "Қодировнинг ҳибсга олинмагани ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмаëтганлигини" айтди.

24 февраль куни эса Бош прокуратура Қодировнинг ҳибсга олингани ва унга нисбатан учта модда бўйича жиноий иш қўзғатилганини расман эълон қилди.

Расмий хабарга кўра, Қодиров 23 февраль куни ҳибсга олинган бўлиб, собиқ Бош прокурор Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддалари бўйича айбланмоқда.

​Озодликнинг Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги ишончли манбасига кўра, 22 февраль куни Рашиджон Қодировнинг уйида тинтув ўтказилган ва Қодиров қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилган.​

Ҳозирда Қодиров, бош прокуратурага кўра, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига биноан ушлаб турилибди.

Ушбу моддага кўра, шахс жиноят содир этган одам тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатилган тақдирда ва шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса, ушланиши мумкин.

Айни пайтда¸ Озодликка бир-биридан мустақил Тошкент мулозимларининг билдиришича¸ Қодировнинг 42 яшар ўғли Алишер Қодиров ўн кунча аввал Ўзбекистондан қочиб кетган.

Шахси очиқланмаслигини сўраган Бош прокуратура ходими¸ 22 февраль куни маҳаллий вақт билан куннинг иккинчи ярмида "айни дақиқаларда 66 яшар собиқ бош прокурор ўзи раҳбарлик қилган идора биносида сўроқ қилинмоқда"¸ дея Озодликка хабар қилди.

Рашиджон Қодиров оиласига яқин бошқа бир мулозимнинг айтишича, Қодировнинг ҳибсга олинганидан "оила-аъзолари чуқур қайғуга ботган."

Бош прокуратурадаги Озодлик манбасига кўра, Рашиджон Қодиров "йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиëтларини ўтказиш" айбловлари юзасидан бораëтган текширув жараëнида сўроқ қилинмоқда ва унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиëт чораси қўлланилган.

Ҳозирча Озодлик бу тергов жараëнининг асосий фигурантлари кимлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Ҳуқуқ тизимидаги мулозимнинг айтишича¸ Қодировга яқин бўлган икки нафар прокуратура собиқ раҳбари ҳам қўлга олинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг 22 февраль куни маҳаллий вақт билан кечки соат 8:30 ларда Озодлик боғланган мулозими¸ бу воқеадан хабари йўқлиги боис¸ хабарни на тасдиқлаш ва на инкор қилишини билдирди.

"Агар шундай воқеа бўлган бўлса ва биз ундан хабар топсак¸ эртага тафсилотларини айтишимиз мумкин"¸ деди матбуот хизмати мутасаддиси Озодлик мухбирига 22 февраль куни.

23 февраль куни Кun.uz сайти Бош прокуратурадаги манбага таяниб, Қодировнинг ҳибсга олингани инкор қилинган мақола эълон қилди.

Шу куни Би-Би-Си ҳам Тошкентдаги манбасига таяниб, Рашиджон Қодиров ҳибсга олинмагани ва ўзининг 64 йиллик таваллуд кунини эркинликда нишонлаши ҳақида хабар қилганди.

Бош прокуратура хабарига кўра, Қодиров айнан туғилган куни - 23 февралда ҳибсга олинган. Бироқ Бош прокуратура Қодировга нисбатан жиноий иш қачон очилгани ва тергов қачон бошланганига оид маълумотни очиқламаган.

Бош прокуратурага 15 йил раҳбарлик қилган Рашиджон Қодиров 2015 йил апрель ойида ишдан бўшатилган эди.

Ҳуқуқ идоралари фаолиятини танқид қилишни прокуратурадан бошлаган президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғинида¸ прокурорларни "энг катта ўғри"лар деб атаган. Ўз чиқишларидан бирида эса, Мирзиёев Қодиров "ҳаммаёқни порахўрлик қилиб юборди" дея танқид қилган.

- Мана биз янги Бош прокурорни қўйдик ва 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Олдинги қолган ахлатдан¸ олдинги Бош прокурор қолдирган ўғри тизимдан 20-15 фоиз одамлар юрипти. Буларни барибир ўзгартирамиз охиригача¸" деган эди жумладан Мирзиëев.

Шавкат Мирзиеев 7 январ 2017 прокуратура ходимлари олдиди чиқиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:53 0:00
Бевосита линк

Коррупция иддаолари

Рашид Қодировнинг Бош прокурор сифатидаги фаолиятидан яхши хабардор мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ Қодиров Ўзбекистондаги яширин бойлардан биридир. Озодлик мухбирлари кўрган Латвия кўчмас мулк реестларига доир ҳужжатларга кўра, Рашид Қодиров оиласи бу мамлакатда ҳашаматли уйларга эгалик қилади.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият олиб бораëтган ва бир марталик шприцлар ҳамда бошқа дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган “Asia Trade” ширкати муассиси Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодировдир.

КГБдан чиққан прокурор

1952 йили Андижонда туғилган, ТошДУ (Миллий Университет) ҳуқуқ факультетини тугатган Рашиджон Ҳамидович Қодиров 1980 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати (КГБ) тергов бўлимида ишлаган.

Андижон области партия қўмитаси собиқ секретарининг ўғли Рашид Қодиров 1992 йилда Ўзбекистон МХХ раис ўринбосари лавозимига тайинланади. 1994 йили эса Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари лавозимини эгаллайди.

2000 йилда бош прокурор этиб тайинланган Қодиров бу вазифада икки муддат ишлаганидан кейин 2010 йилда мамлакат парламенти томонидан учинчи марта лавозимида қолдирилади.

Рашид Қодиров 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мақомига эга.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG