Линклар

Шошилинч хабар
05 феврал 2023, Тошкент вақти: 23:16

"Ичкаридан мухолифат" чиқариш уриниши? Расул Кушербаев депутатликдан кетишини эълон қилди


Расул Кушербаев президент Мирзиёев бошқаруви даврида энг фаол депутат сифатида танилган.

23 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг энг кўзга кўринган депутати Расул Кушербаев парламентдан истеъфо беришини эълон қилди. Депутат Қонунчилик палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида шундай қарорга келганини айтган.

Мирзиёев бошқаруви даврида энг фаол депутат сифатида танилган Кушербаев Ўзбекистоннинг охирги 30 йиллик тарихида парламентнинг истеъфо берган иккинчи аъзоси бўлади.

Сўнгги соатларда Тошкент шаҳар Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов ҳам истеъфо беришини эълон қилди. Аввалроқ у "депутатларнинг оғзини ёпишга уринишлар"ни қоралаган эди.

Айни пайтда тармоқларда айрим фаолларнинг парламент ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда депутатлар истеъфосига ишонқирамасдан қараётгани ҳам кузатилмоқда.

Баъзи маҳаллий таҳлилчилар ҳукумат шу тарзда "ичкаридан мухолифат чиқаришга" уринаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатда ўтган президентлик ва парламент сайловларини кузатган халқаро ташкилотлар сайловларнинг мухолифатсиз ўтганини танқид қилган, президент Мирзиёев эса, бу танқидларга "мухолифат ичкаридан чиқиши керак" дея жавоб қайтарганди.

Озодлик ҳозиргача Расул Кушербаевнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлгани йўқ. Маҳаллий журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, Кушербаевнинг ўзи аввалроқ "ҳукумат ундан мухолиф сиёсатчи ясамоқчи экани" ҳақида пайдо бўлган фаразларни рад этган.

Президент Мирзиёев Олий Мажлисдаги чиқишларидан бирида Кушербаевни "ҳукуматдагиларнинг кўпчилиги ёмон кўриши, аммо унинг шахсан ўзига ёқишини" айтган эди.

Кушербаев ижтимоий тармоқлардаги ўз изоҳида куни кеча палатада бўлиб ўтган бюджет муҳокамаларида иштирок этмагани, ялпи мажлисда сўз сўраганига қарамай, спикер ўринбосари У. Иноятов унга сўз бермаганини айтган.

“Депутатларнинг оғзини ёпадиган замларнинг боридан йўғи яхши”, дея таъкидлаган Расул Кушербаев.

Қуйи палатанинг энг фаол депутати бўлган Кушербаев иқтидордаги Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) депутатликка сайланган.

2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловида ЎзЛиДеПдан ташқари “Миллий тикланиш”, “Адолат”, Халқ демократик партияси ва Экология партияси кабилар қатнашиб, парламент таркибига кирган эди.

Мазкур сайлов, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ва Парламент Ассамблеясининг қўшма хулосасига кўра, сайлов қонунчилигидаги муҳим силжишларга қарамасдан ҳақиқий рақобатсиз ўтган. Халқаро хулосада Ўзбекистонда ҳали-ҳамон ҳақиқий мухолиф сиёсий партиялар мавжуд эмаслиги, фундаментал ҳуқуқларга эътиборсизлик кенглиги урғуланиб, сайлов кунида айрим жиддий қоидабузарликлар кузатилганига эътибор қаратилган.

“Парламентда ҳеч ким қолмади”


Парламентдаги энг фаол ва халқпарвар депутат дея кўрилган Кушербаевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан истеъфо бериш қарори ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Депутат аввалроқ тармоқлардаги саҳифаларида бюджет муҳокамасида ўзига сўз берилмаганидан арз қилган эди.

“Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпида сўз сўрасам, замспикер У.Иноятов (Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов – таҳр.) очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим. Депутатларни оғзини ёпадиган “зам”ларнинг боридан йўғи яхши”, деб ёзган у.

Маҳаллий матбуотга кўра, бюджет муҳокамасидаги ҳолат Кушербаевнинг сабр косасини тўлдирган "сўнгги томчи" бўлган.

Kun.uz” журналисти Илёс Сафаров эса бунга биргина бюджет муҳокамасидаги таранглик сабаб эмаслигига ишора қилди.

“Кушербаевга сўз бермаслик Иноятовнинг шахсий ташаббуси эмас. Бу каби ишларга унинг кучи, тафаккури ва журъати етмайди. Бу аниқ. Бу ишлар кучлироқ эсаётган ва ўта зарарли шамолнинг натижаси”, деб ёзди журналист.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳам сўнгги пайтларда депутат парламентдаги масхарабозликлар сабаб тўлиб юрганини қайд этган.
Блогер ва адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова депутатнинг истеъфо ҳақидаги пости ўта пессемистик руҳда эканига эътибор қаратган.

Troll.uz” канали муаллифи Умид Ғафуров таъбирича, Кушербаевни тизим сиғдирмаган.

Ичкаридан чиққан мухолифат ва ўтказилмай қолган қурултой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00

“Бу тизимда соғ одам ишлаши қийин. Соғни ё касал қилади, ё сиғдирмайди… Олий Мажлисда бугун байрам бўлса керак”, дея киноя қилди у.

“36 миллионли халқ биттагина мандат берганди. Уят эмасми!?” деб қисқа муносабат билдирди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Айрим фаоллар депутатнинг истеъфосида мамлакатда таҳликали давр бошланаётгани аломатини кўрган.

“Расул Кушербаевнинг депутатликдан кетиши давлатнинг сиёсий-демократик ойнасига жиддий салбий таъсир кўрсатади, халқнинг сиёсий ислоҳотларга бўлган ишончини сўндиради… бу жуда-жуда ёмон, таҳликали замонлар бошланганидан сигнал деб қабул қилинади”, дейди иқтисодчи ва жамоат фаоли Барногул Санақулова.

“Парламентда ҳеч ким қолмади энди. Топ-тоза бўлди ҳаммаёқ. Босинглар газини”, дея тагдор шама қилди собиқ маҳаллий депутат Қобил Дўстов.
Кўп сонли фойдаланувчилар Кушербаевни ўз қарорини қайта кўриб чиқишга ундар экан, “сиёсий майдонни тилсиз, журъатсиз кимсаларга қолдириш оқилона тўхтам эмас”лигини урғулаган.

“Соқов ва журъатсиз парламентда Расул Кушербаев ва Дониёр Ғаниев каби депутатлар аслида кўпроқ бўлиши, имкон қадар охиригача курашиб ўз сўзини ўтказиши керак”, дейди блогер Мусанниф Адҳам.

“Бу майдон расулларга муҳтож, кетишига эмас! Улар кўпайиши керак, камайиши эмас! Расул Кушербаев депутатлик мандатини топшириш жараёнларини бошламаган бўлса, уни фикридан қайтишга чақираман!” дейди диний уламо Мубашшир Аҳмад.

“Расулжон, ёшлик қилманг! Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқяпсиз. Тушунамиз, иккиоёқли бургалар талаяпти, ҳар томондан қузғунлар чўқилаяпти, лекин сизнинг орқангизда 35 млн халқ турибди! Ишингизни давом эттиринг!” дея хитоб қилди Собиржон Алимқулов исмли тармоқ фойдаланувчиси.

Истеъфо қарорини дастаклаган фойдаланувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар Кушербаев “қўғирчоқлар билан бир сафда бўлишни ор деб билгани”ни олқишлаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бу масалада сукут сақлаётгани, бошқа депутатлар томошабин бўлиб тургани ҳам танқидий баҳоланган.

Расул Кушербаевнинг депутатлик мандатини топшириши мустақил Ўзбекистон парламенти тарихида иккинчи шов-шувли истеъфо бўлиб ҳисобланади.

Илк истеъфо 1992 йилнинг 2 июлида “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ томонидан берилган эди. Муҳаммад Солиҳ ўша пайтда ўз истеъфосини “мухолифатга қарши бошланган сиёсий репрессияларга норозилик” ифодаси дея изоҳлаганди.

Кушербаевнинг истеъфосига муносабат билдирган мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов, "афтидан, Олий Мажлис деб аталган циркда масхарабозлик қилиш унинг жонига теккан", деб ёзди.

Форум

XS
SM
MD
LG