Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:49

"Халққа ҳисобдорлик камаяди". АҚШ элчиси президент муддати узайтирилиши ҳақида


АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Alter Ego дастури муаллифи Кирилл Альтман билан суҳбатда. Видео скриншоти.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Alter Ego дастури муаллифи Кирилл Альтман билан суҳбатда. Видео скриншоти.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм YouTube тармоғидаги Alter Ego дастурига берган интервьюсида мамлакат президентининг ваколатлари муддатини ўзгартиришга доир таклифга муносабат билдирди.

Умумхалқ муҳокамасига қўйилиши кутилаётган конституция лойиҳасида Ўзбекистон президентининг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф этилмоқда. Аввалроқ Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев янги конституция амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга президентлик сайловида яна қатнашиш ҳуқуқини беришидан баҳс этган эди.

Элчи Дэниел Розенблюм бу борада маҳаллий жамоатчилик ҳамда халқаро экспертлар фикрини инобатга олиш лозимлигини урғулаган.

“Жамоатчиликнинг муносабатини олиш жуда ҳам муҳим. Жамоатчилик фикрини ўрганишга устуворлик берилганидан хабарим бор. Айни чоқда, халқаро экспертларнинг нуқтаи назарига ҳам қулоқ тутмоқ даркор. Бу йўналишда айрим чоралар кўрилаётгандек. Лекин ҳар доим ҳам янада кўпроқ ҳаракат қилиш имкони мавжуд эканини унутмайлик”, – дейди дипломат.

Қайд этилишича, Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритилишидан қатъи назар, халқаро ҳамжамият барибир президентлик муддати ўзгаришига жиддий эътибор қаратади.
“Бу – диққат-эътибордаги масала, ҳозир ҳам, кейин ҳам. Истак-хоҳишлар қандай эканидан қатъи назар, халқаро миқёсдаги муносабат ана шундай бўлади. Ушбу масалада баҳс-мунозаралар кечаётганидан хабардорман, уларнинг айримларини кузатиб бормоқдаман. Мақбул ёндашувни топиш борасида мунозаралар бўлаётгани маъқул. Умид қиламанки, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари ваколат муддатининг ўзгариши билан боғлиқ хатар ва фойдани тош-тарозига қўйиб кўрадилар”, – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашади суҳбатдош.

Элчи “хатарли жиҳат” деганда нимани назарда тутганига ҳам ойдинлик киритган.

“Ваколат муддати бўйича чекловлар олиб ташланганда ёки ваколат узоқ муддатларга чўзилганда, пировардида халққа ҳисобдорлиги паст даражадаги ҳокимият юзага келади. Реал ҳаёт манзараси шу. Демак, Ўзбекистон халқи ва ҳукумати бу масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиши лозим”, – деб огоҳлантиради у.

Дипломат хулосасига кўра, конституцияга киритилаётган ҳар қандай ўзгартириш ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанат ва ўзаро тийиб туриш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилгандагина ижобий баҳога лойиқдир. Акс ҳолда, ҳаракатлар тескари натижа беради.

Д.Розенблюм суҳбат давомида сўз эркинлиги ва ислоҳотлар ҳолатига ҳам муносабат билдирган. Таъкидланишича, мамлакатда сўнгги 6 йил ичида сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ижобий ўзанга тушган, лекин ман этилган мавзулар сақланиб қолаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Мирзиёевни курсида қолдириш кампаниясига старт берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:09 0:00

“Ҳали ҳам қизиқ чизиқлар мавжудлиги сезилмоқда. Гарчи очиқ кўринмаса ҳам, одамлар қизил чизиқ қаердан ўтишини аниқ билишади. Бу ўринда гапириш ва тегиниш мумкин бўлган мавзулар назарда тутилмоқда. Мен буни сўз эркинлиги деб айта олмайман”, – дейди дипломат.

“Қизил чизиқ”ларга далил ўлароқ Украина заминида рўй бераётган шафқатсизликлар ўзбек матбуотида камроқ ёритилаётгани келтирилган.

Дипломатик ваколатхона раҳбарига кўра, Ўзбекистонда иқтисодиёт, таълим жабҳаларида ижобий ўзгаришлар кузатилаётган бўлса-да, катта марралар кўзланган ислоҳотлар ҳали натижа берганича йўқ. Хусусан, таълим тизимини ислоҳ этишда “катта муаммолар” сақланиб қолмоқда.

Дэниел Розенблюм яқин кунларда Ўзбекистонда уч йил давом этган элчилик фаолиятини якунлайди. Жорий йил 27 июль куни АҚШ Сенати дипломат Жонатан Ҳеникни Ўзбекистондаги янги элчи сифатида тасдиқлади. Розенблюм эса эндиликда Қўшма Штатларни Қозоғистонда тамсил этади.

Форум

XS
SM
MD
LG