Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2024, Тошкент вақти: 04:43

Reuters: Киев яқинидаги рус қўшинлари қайтадан гуруҳланмоқда


Харьковдаги жангларда ташлаб кетилган рус ҳарбий техникаси. 17 февраль, 2022
Харьковдаги жангларда ташлаб кетилган рус ҳарбий техникаси. 17 февраль, 2022

Reuters агентлигининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга таянган ҳолда хабар беришича, Киевга зарба бераётган Россия кучлари Украина пойтахтининг шимоли-ғарбида қайтадан гуруҳларга бўлинмоқда. Британия расмийлари фикрича, рус қўшинлари бир неча кун ичида шаҳарга ҳужум қилишга тайёр бўлиши мумкин.

Жума куни Украина Россия кучларини бутун мамлакат бўйлаб шаҳарларни бомбардимон қилишда ва ўққа тутишда айблади. Хусусан, Киев Россия Изюм шаҳри яқинидаги руҳий касаллар шифохонасига зарба берганини таъкидлади.

Россияда эса Facebook ва Instagram эгаси Meta Platforms холдингини «экстремистик» ташкилот деб эълон қилинди. Аввалроқ Meta босқинчи Россия қўшинларини ўлдиришга чақирувчи постларга рухсат беришга қарор қилган эди.

Россия Украина бўйлаб аҳоли пунктларига зарба бермоқда, аммо Киев шимолидаги асосий қўшинлар босқиннинг дастлабки кунларидан бери силжий олмаяпти. Ғарб давлатлари расмийлари сўзларига кўра, Киев яқинидаги рус қўшинлари Украина пойтахтини яшин тезлигида қўлга олишни режалаштирган бўлган.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Maxar хусусий сунъий йўлдош фирмаси томонидан эълон қилинган суратлар шуни кўрсатадики, Киевнинг шимоли-ғарбий чеккасида жойлашган аэропорт яқинидаги шаҳарчаларда Россиянинг зирҳли бўлинмалари ҳарбий манёврларни бошлаган. Россия урушнинг илк соатларида Киев аэропорти яқинига қўшин ташлаган эди.

Бошқа ҳарбий бўлинмалар эса Киев шимолдаги Лубянка аҳоли пункти яқинида позициясини ўзгартирган ва артиллерия гаубицаларини шай ҳолатга келтирган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига таянган ҳолда «Россия яқин кунларда янги ҳужумларни амалга ошириш учун ўз кучларини қайта тиклаш ва қайта жойлаштиришга интилмоқда. Бу, эҳтимол, пойтахт Киевга қарши амалиётларни ўз ичига олади», дея баёнот эълон қилди.

Баёнота ёзилишича, Россиянинг қуруқликдаги кучлари давомли логистика муаммолари ҳамда Украина қаршилиги туфайли чекланган ютуқларга эришди.

Президент Владимир Зеленский Украина можарода «аллақачон стратегик бурилиш нуқтасига етганини» таъкидлади.

- Украина ерларини озод қилиш учун яна қанча кунимиз бўлишини айтишнинг иложи йўқ. Лекин буни уддалаймиз, деб айта оламиз, - деди у телевидение орқали кўрсатилган мурожаатида.

Украина бош штаби ярим тунда баёнот эълон қилиб, Россия кучлари катта йўқотишлар ортидан қайта гуруҳларга бўлинаётганини билдирди. Бош штабга кўра, Украина Россия ҳарбийларини Беларусь чегараси яқинида «ноқулай позицияларга» чекинишга мажбур қилган.

«Уруш жинояти»

Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати мамлакат шарқидаги руҳий касаллар шифохонасига қилинган ҳужумда ҳеч ким жабрланмаганини, чунки беморлар ертўлада яширинган бўлганини маълум қилишди.

Аммо Харьков вилояти губернатори Олег Синегубов бинода 330 киши бўлганини айтиб, ҳужумни «тинч аҳолига қарши уруш жинояти» деб атади.

Руҳий касаллар шифохонасига ҳужумдан икки кун олдин Россия қамалда қолган Мариуполь шаҳрида туғруқхонани бомбардимон қилган эди. Украина ҳужумда жабрланганлар орасида ҳомиладор аёллар ҳам борлигини маълум қилди. Россия эса шифохона ёпилганини ва зарба пайтида у ерда украиналик жангчилар бўлганини иддао қилди.

Россия еттинчи марта тинч аҳоли Мариуполни тарк этиши учун ўт очишни тўхтатиш режасини эълон қилди. Шаҳарда юз минглаб одам озиқ-овқат, сув, иссиқлик ва энергиясиз қолган. Ҳар икки томон бир-бирини ўт очишни тўхтатиш қоидаларига риоя қилмасликда айбламоқда.

Россия-Украина: Урушга айланган 8 йиллик нафрат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:34:33 0:00

Украина одамларга шаҳарни тарк этишга йўл очишга яна бир бор уриниб кўришини билдирди.

- Умид қиламизки, бугун бу амалга ошади, - деди Бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук.

Россия Украинани «денацификация қилиш бўйича махсус амалиёт» бошлаганидан бери тинч аҳолини нишонга олганини рад этмоқда.

Путин «ижобий силжишларни» кўрмоқдами?

Президент Владимир Путин 24 февраль куни босқинга буйруқ берганидан бери ўзини сипо кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Жума куни Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Путин украиналиклар билан музокараларда «маълум ижобий силжишлар» бўлганини айтди, бироқ сўзини очиқламади.

Аввалроқ Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Яқин Шарқдан 16 минг жангчини ёллаш таклифини маъқуллаган эди.

Россия давлат прокуратураси суддан Meta холдингини «экстремист» деб топишни ва уни Россияда тақиқлашни сўради. Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси Meta ходимларининг «Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан ноқонуний ўлим ва зўравонлик чақириқлари» бўйича жиноят иши қўзғатганини маълум қилди.

Meta матбуот котиби пайшанба куни компания қоидаларини вақтинча юмшатиб, «рус босқинчиларига ўлим» каби постларга рухсат берилишини, аммо россиялик тинч аҳолига нисбатан зўравонлик чақириқлари ҳануз ман этилишини маълум қилди. Reuters контент модераторларига юборилган ички электрон мактубларга таяниб, ширкат платформаларида Путин ёки Лукашенконинг ўлимига чақирувчи баъзи постларга рухсат берилгани ҳақида хабар берди.

- Reuters хабарига ишонишни хоҳламаймиз. Бунга ишониш жуда қийин, - деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

- Умид қиламизки, бу чин эмас, чунки агар бу чин бўлса, бу ҳолат компания фаолиятини тугатиш учун энг қатъий чоралар кўриш кераклигини англатади.

Бу орада Европа Иттифоқи етакчилари Франциянинг Версаль саройида саммит ўтказди. Саммит давомида Россияни жазолаш, Украинага ёрдам бериш ва икки ҳафта ичида Украинани тарк этган 2,5 миллионга яқин қочқин тақдири масалалари муҳокама қилинди.

Босқиндан кейинги икки ҳафта ичида Ғарб давлатлари тез суръатда Россияни жаҳон савдоси ва глобал молия тизимидан ажратиб қўйиш йўлида мисли кўрилмаган чораларни кўрди.

Сўнгги хабарларга кўра, АҚШ президенти Жо Байден ривожланган мамлакатларни ўзига олувчи «Катта еттиталик» гуруҳи ҳамда Европа Иттифоқидан Россияни «энг яхши қулайлик режими» деб номланувчи глобал савдо-иқтисодий битимлардан чиқаришни сўрашни режалаштирмоқда.

Россиянинг Киевга юриши тўхтаб қолган ва мамлакат армияси ҳозиргача Украина шимоли ёки шарқида бирорта шаҳарни қўлга кирита олмаган бўлса-да, жанубда Россия қўшинлари сезиларли муваффақиятларга эришди. Жума куни Москва Украина жануби-шарқидаги айирмачилар Мариуполь шаҳри шимолидаги Волноваха шаҳрини эгаллаб олганини маълум қилди.

Украина шаҳарлари турғунлари метроларда бошпана изламоқдалар. Настя исмли ёш қиз Харьковдаги метро бекатидаги вақтинчалик каравотда ётганини айтар экан, бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери у ерда қолаётганини, кўп ҳаракат қила олмаётганини ва вирус билан касалланганини айтди.

- Уйимдан, дўстларимнинг уйларидан хавотир оляпман, бутун мамлакат ва, табиийки, ўзим ҳақимда қайғуряпман», - деди у Reuters мухбирига.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати жума куни марказий Днепр шаҳрида амалга оширилган уч ҳаво ҳужумида камида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Идора сўзларига кўра, ҳаво зарбалари болалар боғчаси яқинида амалга оширилган.

Луцк шаҳри мэри Игорь Полишчукнинг сўзларига кўра, шаҳардаги аэродромга уюштирилган ҳужумда тўрт киши ҳалок бўлган ва олти киши яраланган. Бу зарбага қадар асосий тўқнашувлар Украинанинг шимолий, шарқий ва жанубий ҳудудларига чекланиб қолаётган эди.

XS
SM
MD
LG