Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2022, Тошкент вақти: 09:52

Халқаро хабарлар

Рим папаси Украинада тўқнашувлар олдини олишга чорлади 

Рим папаси Франциск

25 декабрь куни Рим папаси Франциск коронавирус пандемияси даврида келишмовчиликлар олдини олиш учун мулоқот қилишга чақирди.

«Халқаро миқёсда ҳам диалогдан қочиш хавфи бор... Лекин фақат мана шу йўл можароларни ҳал қилишга етаклаши ва барча учун доимий манфаат олиб келиши мумкин», деди Рождество куни тақводорлар олида сўзлаган папа.

Хусусан, Рим папаси Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги зиддият кучайиб бораётган бир пайтда Украинада узоқ вақтдан бери давом этаётган можаро аланга олишидан огоҳлантирди.

Ғарб давлатлари Москвани Украина чегараси яқинида 100 мингга яқин аскар тўплаганликда айбламоқда.

«Украинада узоқ вақтдан бери давом этаётган можаро янгидан авж олишининг олдини олинг», деди папа.

Рим папаси Франциск, шунингдек, можаролар давом этаётган Сурия, Яман ва Ироқдаги «катта фожиалар сукунатда давом этаётганини» айтди.

Кун янгиликлари

Россия бойлари йил бошидан бери 94 миллиард доллар йўқотди

Йил бошидан бери 9, 8 миллиард йўқотга “Северсталь” бош директори Алексей Мордашов.

Жорий йил бошидан бери Россия миллиардерлари умумий ҳисобда 94 миллиард доллар йўқотди. Бу зарарнинг учдан бир қисми сўнгги ойга тўғри келди, деб хабар берди Bloomberg Billionaires Index.

Bloomberg рейтингида қайд этилишича, пул йўқотганлар орасида биринчиликни “Северсталь” бош директори Алексей Мордашов эгалламоқда. Бойлиги ҳозирда 19,1 миллиард долларга баҳоланаётган миллиардер 2022 йил бошидан бери 9,8 миллиард доллар йўқотди.

Энг кўп пул йўқотганлар рўйхатининг иккинчи поғонасида президент Путинга яқин бўлган тадбиркор Геннадий Тимченко ўрин олди. Volga Group инвестиция ширкати асосчиси 9,7 миллиард долларни, яъни бойлигининг деярли ярмини қўлдан бой берган.

Forbes Россияда 2022 йилнинг энг бой одами деб эълон қилган Владимир Лисин 9,1 миллиард доллар йўқотган. Шундан сўнг унинг бойлиги 18,9 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Фоиз ҳисобидан олганда “Ренова” ширкати директорлар кенгаши раиси Виктор Вексельберг бойлигининг 60 фоизини йўқотиб, эндиликда 11,2 миллард долларга эгалик қилаяпти.

Роман Абрамович ҳам пулларининг деряли ярмини йўқотган. Йил бошида 18 миллиардга эгалик қилган Абрамовичнинг бугунги кундаги бойлиги 9,7 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Самарқанд саммитида Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлади

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг байроқлари.

Самарқандда 11 ноябрь куни ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммитида Туркманистон тўлақонли аъзоликка қабул қилинади. Бу ҳақда ўтган пайшанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билдиргани тўғрисида “Анадўлу” агентлиги хабар тарқатди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтишини тасдиқлади. Аммо билдирувда Туркманистон тўғрисида маълумот берилмади.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бокуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

Илон Маск урушни тўхтатиш учун Қримни Россияга беришни таклиф қилди

Илон Маск тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи тадбиркордир.

Америкалик миллиардер Илон Маск Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У твиттер саҳифасида урушни тўхтатиш юзасидан тўртта таклифни ёйинлади.

Маскнинг фикрича, аннексия қилинган ҳудудларда БМТ назорати остида шаффоф ва демократик референдумлар ўтказилиши зарур. Агар Россия аннексия қилган ҳудудлар Украинада қолишни истаса, Россия ортга чекиниши лозим. Маск Қримни Россияга беришни таклиф қилди. Ярим орол сув таъминоти бўйича кафолатларни олиши зарур. Маск, шунингдек, Украина нейтрал мақомни сақлаб қолиши кераклигини айтди.

Маскнинг фикрича, уруш ниҳоясида томонлар мана шундай муросага келадилар. Бироқ бу иш бугунги кунда амалга ошса, томонлар камроқ талафот кўрган бўларди, деб ҳисоблайди Маск. Миллиардернинг фикрича, урушнинг муқобил якуни ядровий уруш бўлиши мумкин.

Маскнинг таклифига муносабатлар

Маск твиттер саҳифасидаги урушни тўхтатиш бўйича фикрлари остига овоз бериш функциясини очди. Ҳозиргача камида 700 минг киши овоз берди. Улардан 59,6 фоизи Маскнинг фикрларига қарши эканини, 40,4 фоизи қўллашини билдирди.

Украина президенти офиси бошлиғининг маслаҳатчиси Михаил Подляк Маск фикрларига муносабат билдирар экан, урушни тугатишнинг уч тезисини эълон қилди: Украина ўз ҳудудларини, жумладан, Қримни ҳам озод қилади. Россия демилитизация қилинади ва ядровий қуролдан воз кечтирилади. Ҳарбий жиноятчилар суд қилинади.

Украина президенти Владимир Зеленский телеграм каналида ўз обуначиларига қайси Илон Маск сизга кўпроқ ёқади, деган саволга жавоб беришни таклиф қилди. Овоз берувчилар “Украинани қўлловчи Маск” ёки “Россияни қўлловчи Маск” деган жавобдан бирини танлаши лозим.

Маскнинг бу баёноти ортидан унга қарашли Tesla ширкати акциялари нархи камида 8 фоизга тушиб кетди.

Илон Маск SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси, жаҳоннинг энг бой одами. У тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи тадбиркордир.

Европа Иттифоқи Украина бюджетини дастаклаш учун 5 миллиард евро беради

Жорий йил охиригача Европа Иттифоқи Украинага 5 миллиард евролик макромолиявий ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбарининг ўринбосари Валдис Домбровскис маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур пакетнинг биринчи қисми октябрь ойи ўрталаридаёқ Украинага етказилади, қолган қисми эса ноябрь ва декабрь ойларида берилади.

Домбровскисга кўра, мазкур маблағлар бюджетда кўзда тутилган энг зарур эҳтиёжлар, жумладан ойлик маош ва пенсияларни тўлаш учун йўналтирилади.

Украина бош вазири Денис Шмигаль молиявий кўмак учун Европа кенгашига миннатдорлик билдириб, мазкур қадам урушда ғалабага эришишни дастаклаш учун берилаётганини урғулаган.

Россия “Биринчи канал”ининг собиқ муҳаррири қидирувга берилди

Марина Овсянникова Москвадаги судда, 2022 йил 11 августи

Россия Ички ишлар вазирлиги “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянниковага нисбатан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда “Медиазона” нашри хабар берди.

Овсянникова Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай “Биринчи канал” эфирида урушга қарши плакат намойиш қилгани билан танилган. Шу йил август ойида унга нисбатан Россия армияси тўғрисидаги “фейклар” моддаси бўйича жиноят иши очган, суд аёлга уй қамоғига йўллаган.

Яқинда Овсянникованинг собиқ эри унинг 11 яшар қизи билан биргаликда уй қамоғидан қочиб кетганини билдирган эди.

Дума Украинанинг тўрт вилояти аннексиясини маъқуллади

Москвадаги Давлат думаси биноси

Россия Давлат думаси Украинанинг ишғол этилган тўрт вилоятини Россия таркибига қўшилишини маъқуллади.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни депутатларнинг аксарияти ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган айирмачи “ДХР” ва “ЛХР” ҳамда қисман ишғол этилган Херсон ва Запорожье вилоятлари аннексиясини ёқлаб овоз беришган.

Аввалроқ Россия Конституциявий суди ишғол этилган ҳудудлар аннексиясини қонуний деб топган эди. Эндиликда мазкур ҳужжатлар Федерация кенгаши (Россия парламентининг юқори палатаси) томонидан ҳам маъқулланиши лозим.

Эрондаги норозилик акцияларида қурбон бўлганлар сони 133 нафарга етди

Эрон кўчаларидаги норозилик акцияларидан бири

Эронда давом этаётган норозилик чиқишларида камида 133 нафар одам ҳалок бўлган. Уларнинг қирқдан зиёди Зоҳидон шаҳрида полиция бошлиғини 15 ёшли қизни зўрлаганликда айблаб, норозилик билдириб чиққан пайтда полиция томонидан отиб ўлдирилган. Бу ҳақда Iran Human Rights инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли ҳуқуқ фаоли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.

Мазкур воқеадан бир ҳафта ўтиб норозилик акциялари пойтахт Теҳрон дохил Эроннинг ўттиздан ортиқ шаҳрига ёйилган. Аксилҳукумат акциялари авж олиши манзарасида норозилар Эроннинг олий руҳоний раҳбари Али Ҳоманаийни назарда тутган ҳолда “Ҳоманаий ағдарилади” ва “Диктаторга ўлим!” деган шиорлар билан кўчаларга чиқа бошлаганлар.

Россиялик дипломатлар ўзбек мигрантлари Украинага урушга жалб қилинаётганига оид хабарларни рад этди

Ҳарбий сафарбарликка жалб қилинган россияликлар (иллюстратив сурат)

Россия Федерациясида Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган меҳнат муҳожирлари дохил чет эллик фуқаролар ҳарбий хизматга мажбуран чақирилаётгани тўғрисида Интернет тармоғида тарқалаётган мишмишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Дипломатлар иддаосича, “бадният кимсалар” Россия ИИВнинг сохта буйруғини асос қилиб олган ҳолда Россияда вақтинча юрган ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонликлар ҳам қисман мобилизацияга жалб қилинажаги ҳақида ёлғон хабарлар тарқатмоқдалар. Мазкур хабарларга кўра, мигрантлар шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, гўё иш учун рухсатномаси бекор қилиниб, ватанига депортация қилинади.

Элчихона Россияда юрган ўзбекистонликларни турли провокацияларга берилмасдан, фақат расмий маълумотга қараб иш тутишга чақирган.

Жорий йилнинг 21 сентябрида Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган. Президент фармонида Украинадаги урушга Россия паспортига эга бўлмаган хорижликларни жалб қилиш кўзда тутилган эмас.

Путинпараст раққос Полунин: Россия ТИВ Ўзбекистонга “эгилди”

Жаҳоннинг йирик театрларида раққослик қилгани ортидан танилган Сергей Полунин Украинанинг Херсон вилоятида 1989 йилда туғилган.

Раққос Сергей Полунин 30 сентябрда Украинанинг Херсон, Запорожье, Донецк ва Луганск вилоятлари Россия томонидан аннексия қилинганига бағишлаб Қизил майдонда ўтказилган концертда ўзининг чиқиши тақиқлангани учун Россия Ташқи ишлар вазирлигини айблади.

Полунин инстаграм каналида концертдан бир кун олдин унга Украинада ҳалок бўлган рус аскарларига бағишлаб ёзилган “Встанем” қўшиғига рақс тушиш таклиф қилинганини, аммо кейинроқ ҳеч қандай тушунтиришларсиз унинг чиқиши бекор қилинганини ёзди. Полунинга кўра, унинг чиқиши Ўзбекистон шикояти ортидан Россия ТИВ ташаббуси билан бекор қилинган.

“Йигитлар, мен сизларни ҳимоя қилдимку” деб рус амалдорларига эмоционал тарзда мурожаат қилган раққос Россия ТИВ “Ўзбекистонга эгилиб бергани”ни иддао қилди.

Россиялик раққос Сергей Полунин 28 сентябрь куни Instagram саҳифасида Тошкентдаги гастроли пайтида ҳалок бўлган рус аскарларига бағишланган Встанем” қўшиғига рақс тушишгани учун Ўзбекистон расмийлари унга қўпол равишда танбеҳ бериб, шартномани бузганини айтган эди.

Ўзбекистон расмийлари эса Полунин келишилган дастурдан четга чиққани учун огоҳлантирилганини айтмоқда.

Ўшанда у: “Биз улар билан муроса қилмаслигимиз керак, биз уларга рус санъаткорлари ва рус маданиятига бундай муносабат қилинишига йўл қўймаслигимиз керак”, деб баёнот берганди.

Ўз баданига президент Путиннинг учта суратини ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полунин Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида 25-26 сентябрь кунлари Satori балетини намойиш этган эди.

Украинанинг Херсон вилоятида 1989 йилда туғилган ва кейинчалик жаҳоннинг йирик театрларида раққослик қилгани ортидан танилган Сергей Полунин 2018 йилда кўкрак қисмига президент Путиннинг татуировкасини чиздирган эди. Август ойида эса у ўз баданига Путиннинг учинчи татуировкасини чиздирганини эълон қилган.

Россия ва Ўзбекистон ТИВ Полуниннинг бу иддаоларига муносабат билдирмади.

Қирғизистон элчихонаси Россияда қирғиз мигрантлари мобилизация қилинаётганини рад этди

Қирғизистон элчихонаси Россияда вақтинча ишлаш учун келган қирғиз мигрантлари мобилизация қилинаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотларни рад этди.

Элчихона Россия Ички ишлар вазирлиги 1 ноябрдан бошлаб Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини мобилизация қилиш механизмини ишлаб чиқишга оид ҳужжатни фейк деб атади. Мазкур ҳужжат ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди. Унда мобилизациядан бош тортган мигрантларнинг ишлаш ҳуқуқи бекор қилиниши ва Россияга 5 йилгача кириш тақиқланиши айтилган эди.

“Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Элчихона қирғизистонликларни тасдиқланмаган маълумотларни қўлламасликка ва ҳақиқатга зид ахборотларни тарқатмасликка чақиради”, дейилади элчихона билдирувида.

21 сентябрда Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Ундан олдинроқ Россия армиясида хизмат қилишни истаган мухожирларга енгиллаштирилган тарзда фуқаролик берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Россиядаги Қирғизистон элчихонаси муҳожирларни хориж давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.

Расман билдирилишича, шу кунларда 1 миллион 118 минг қирғизистонлик хорижда меҳнат қилади. Уларнинг 1 миллион 63 минги Россияда ишламоқда.

Арманистон Озарбайжонни ҳарбий асирларни қийноққа солиш ва қатл қилишда айблади

Архив сурат.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжонни ҳарбий асирларни қийноққа солиш, қатл қилиш ва қабрларни вайрон этишда айблади. Халқаро ҳуқуқда бу каби ҳаракатлар ҳарбий жиноят сифатида кўрилади. Ереван шу муносабат билан Европа судига ва БМТ халқаро судига мурожаат қилганини билдирди.

"Озарбайжонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан изчиллик билан тарқатилаётган қатор видеороликлар Озарбайжон қуролли кучларининг ҳарбий жиноятларига гувоҳлик бермоқда”, дейилади Арманистон баёнотида.

2 октябрь куни Арманистон омбудсвумени Кристина Григорян экспертлар Озарбайжон билан чегарадаги вазият кескинлашгани ортидан асирга олинган 7-8 нафар арман аскарининг судсиз қатл қилиниши акс этган видеонинг сохта эмаслигини тасдиқлашганини айтди. Арманистон баёнотида қайд этилишича, бу воқеа 13 сентябрда содир этилгани ҳам аниқланган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 36 ёшли арман ҳарбий аёлининг жасади кўрсатилган видео тарқалган эди. Бу аёл асирга олинганидан сўнг зўрлангани, шундан сўнг унинг кўзлари ўйилиб, панжалари чопиб ташлангани, кўкрагига эса Озарбайжон махсус отряди номи “Яшма” ўйиб ёзилгани хабар қилинган. Арманистон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Эдуард Асрян бу воқеа 16 сентябрда содир этилгани аниқланганини билдирган.

Озодлик радиоси Озарбайжон хизмати Бокунинг бу хабарларга муносабати акс этган баёнотдан иқтибос келтирган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги арман томони баёнотини “иккиюзламачиликнинг намунаси” деб баҳолаган ва Арманистоннинг ўзини ҳарбий жиноятларни содир этишда айблади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларнинг ҳақиқийлигини ҳарбий прокуратура ўрганаётгани айтилган.

Президент Мирзиёев АҚШ ва Индонезия президентларига таъзия билдирди

"Иэн" тўфони оқибатида аҳолига катта миқдорда зарар етди.

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШда юз берган «Иэн» тўфони оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан президент Жо Байденга ҳамдардлик билдирди.

«Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

АҚШнинг Флорида ва Шимолий Каролина штатларида юз берган «Иэн» тўфони оқибатида 77 киши ҳалок бўлди ва ўн мингдан кўпроқ киши бедарак йўқолди.

2 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Индонезия президенти Жоко Видодага ҳам таъзия йўллади.

Шавкат Мирзиёев Индонезиянинг Маланг шаҳридаги ‘Канжурахан’ футбол стадионида юз берган тартибсизликлар натижасида вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганлар тез орада шифо топишини тилади.

Сўнгги хабарларга қараганда тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 174 кишига етди. Яна 11 кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Индонезиянинг Arema ва Persebaya Surabaya футбол жамоалари 1 октябрда ўтказган учрашувда Arema 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Бундан норози бўлган жамоа ишқибозлари футбол майдонига югуриб чиқишган ва талотумда кўплаб кишилар оёқ остида қолиб кетишган. Полиция тартиб ўрнатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади. Бунинг оқибатида вазият янада мураккаблашган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар, болалар, икки полициячи ҳам бор.

Запорожьеда гуманитар карвон ўққа тутилгани оқибатида 20 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Запорожьедаги ҳужум қурбонлари, 2022 йил 30 сентябри

Украинанинг Запорожье вилоятидан чиқишда 30 сентябрь тонгида тинч фуқаролар кетаётган гуманитар колонна ракета зарбаларига нишон бўлди. Украина расмийларига кўра, ҳужум оқибатида 23 нафар одам нобуд бўлиб, 28 киши яраланган.

Киев мазкур ҳужумда Россия қўшинларини айблади. “Одамлар яқинларини олиб келиш ва уларга ёрдам юки етказиш учун вақтинча ишғол этилган ҳудудга кириш учун навбатда турган эдилар”, деб ёзди Запорожье вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух. Ҳодиса ортидан 1 октябрь Запорожье вилоятида мотам куни деб эълон қилинган.

Украина томонининг дастлабки маълумотларига кўра, Запорожьега “С-300” зенит-ракета мажмуаларидан 16 та ракета отилган.

Ўз навбатида, Россия томони мазкур ҳужумда Украинани айблаб чиқди. Запорожьенинг ишғол этилган ҳудудларига Москва томонидан раҳбар этиб тайинланган Владимир Роговга кўра, тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлиб, 34 нафар одам жароҳат олган.

Россиялик полициячиларга мамлакатни тарк этиш тақиқланди

Россияда полиция ходимларига мобилизация даврида мамлакатдан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Ленинград вилоятида фаолият юритувчи 47news.ru ҳамда “База” нашрлари хабар қилди. Россия Саёҳат операторлари ассоциациясидан олинган мазкур маълумотни ИИВдаги икки манба тасдиқлаган.

Ленинград портали хабарига кўра, полициячиларнинг хорижга чиқишини тақиқловчи буйруқ ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев томонидан берилган. Агар чипта Россияда мобилизация эълон қилинган кун – 21 сентябргача олинган бўлса, бундай чипта эгаларининг чет элга чиқиши ман қилинмайди. “База” хабарига кўра, буйруқ 23 сентябрь куни имзоланган.

Нашр, ИИВ ходималаридан бири ўз чиптасини мобилизация эълонидан аввал сотиб олганига қарамай, у Россиядан чиқарилмагани ҳақида ёзган. Бундан ташқари, давлат сиридан бохабар полиция ходимларига ўзларининг хорижга чиқадиган паспортларини топшириш буюрилган.

Доғистон муфтийсининг хотини Путиндан ҳарбий сафарбарликни ярим йилга кечиктиришни сўради

Доғистон маркази Махачқалъадаги чақирув пункти ёнида турган одамлар

Доғистон муфтийсининг хотини ва маслаҳатчиси Айна Гамзатова Россия президенти Владимир Путиндан республика аҳолиси учун мобилизацияни ярим йилга кечиктиришни сўради. Гамзатовага кўра, бу муҳлат доғистонликларга ўқув марказларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун керак. Бу эътирофи билан у республикадан ҳарбий хизматга чақирилаётганлар Украинадаги жанггоҳларга ҳозирликсиз йўлланаётганини феълан тан олди.

Муфтият телеграм-канали орқали ёйинланган мурожаатномада Гамзатова “Россия Федерацияси субъектлари сони ва 300 минг киши сафарбар қилинажаги эълон қилинганидан келиб чиққан ҳолда” Доғистон ҳам Чеченистон каби мобилизация бўйича режани бажариб бўлганини билдирган.

“Бугунги кунда республикадан жанггоҳларга жанг техникасини ҳам билмайдиган, қурол-аслаҳанинг бирор тури билан ҳам таниш бўлмаган мутлақо тайёргарликсиз ёшлар кетяпти”, дея қўшимча қилган Гамзатова.

Мазкур мурожаатномани шу пайтгача телеграм-канал муштарийларидан 2 минг 200 дан зиёди маъқуллаган.

Путиннинг мобилизация эълони ортидан 25 ва 26 сентябрь кунлари Доғистонда норозилик намойишлари кузатилган. “Кавказ.Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, якшанба кунги акция чоғида 120 нафар, душанба кунги акция чоғида эса 130 киши полиция томонидан тутиб кетилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG