Линклар

Шошилинч хабар
03 июн 2023, Тошкент вақти: 22:31

Халқаро хабарлар

Роскомнадзор Германиянинг Bild нашри ҳамда журналист Александр Невзоров сайтларини блоклади

Bild газетаси сайтида Украинадаги уруш ҳақида рус тилида ёйинланган мақолалардан бири

Роскомнадзор Россия ҳудудида Германиянинг Bild таблоиди сайтини ҳамда журналист Александр Невзоровнинг шахсий сайтини блоклаб қўйди. Тақиқланган сайтлар реестридаги янгиланишлар ҳақида “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатган.

Иккала сайт ҳам Бош прокуратуранинг 26 мартдаги қарорига кўра тўсилгани айтилмоқда.

Bild Германия ва Европадаги энг кўп нусхада чиқадиган газета саналади. У урушнинг илк кунларидан Россиянинг Украинага тажовузини кескин қоралаган. Таблоид Германияда яшаётган русзабон аудитория учун ўз сайтида рус тилида мақолалар бераётган эди.

22 март куни Россия Тергов қўмитаси ўққа тутилган Мариуполь туғруқхонасидаги қурбонлар суратларини эълон қилгани учун журналист Александр Невзоровга қарши жиноят иши очган. Мазкур иш Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатишга доир модда бўйича қўзғатилган бўлиб, Невзоров 15 йилгача муддатга қамалиши мумкин.

Журналист “фейклар ҳақида”ги моддага кўра ўзига ва ҳамкасбларига жиноят ишлари очилишини “уларнинг бутунлай томи кетган”лиги билан изоҳлаган.

Кун янгиликлари

Қирғизистон МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғида ИИВ зобитини ўлдирганликда гумонланган икки киши ушланганини билдирди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 2010 йил июнь воқеалари чоғида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдирганликда гумонланаётган икки нафар шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати МХДҚ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Махсус хизмат хабарномасида қўлга олинганлар “Жалолобод вилоятидаги оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этган”и, бироқ 2011 йилда уларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинмагани билдирилган.

“Қайта очилган жиноят иши доирасида қўлга олинган шахслар Қирғизистон МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бош бошқармаси тергов ҳибсхонасига олиб кириб қўйилди”, дейилган қўмита хабарномасида.

МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғидаги оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланганларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетмаслигини эслатган.

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Ўша пайтдаги қонли воқеалар натижасида 446 киши нобуд бўлган, 2 минг чоғли одам яраланган, 57 одам бедарак кетган. Маълумотларга кўра, бедарак йўқолганларнинг 17 нафари бугунгача топилмаган.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

Июнь воқеалари ортидан 100 дан зиёд одамга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тўқнашувларни уюштирганликда гумонланган 37 киши Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

Дефолт бўлмайди. АҚШ Сенати давлат қарзи ҳажмини ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

АҚШ Сенати давлат қарзи ҳажмини ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Сенаторлардан 63 нафари қонунни қўллади, 36 сенатор қарши овоз берди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини 31 май куни кўпчилик овоз билан маъқуллаган эди. Қонун имзоланиш учун президент Жо Байденга тақдим этилади.

“Қонунни қабул қилиш орқали биз дефолтнинг олдини олдик. Америка энди енгил нафас олса бўлади”,-деди Сенатдаги демократ кўпчилик раҳбари Чак Шумер.

29 майда Оқ Уй ва Конгрессдаги республикачилар вакиллари давлат қарзи миқдорини кўпайтириш ва бюджет масаласида принципиал келишувга эришгани айтилган эди. Музокара Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден ўртасида бўлиб ўтган.

Агар мазкур келишувга эришилмаганида АҚШни дефолт кутаётган эди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолатда жаҳон иқтисодиёти катта салбий таъсирга дучор бўлар эди. Федерал захира тизими раҳбарияти федерал ғазначиликдаги пул 5 июнда тугаши мумкинлигини билдирганди.

Бундан аввал АҚШ давлат қарзининг максимал даражаси 31 триллион 4 миллиард доллар миқдорида белгиланган эди. 2023 йилнинг январь ойида давлат қарзи бу миқдордан ошиб кетганди.

Интерфакс: “Урал” автозаводини сотган Дмитрий Стрежнев бизнесини Ўзбекистонда давом этирмоқчи

"Урал" автозаводида ишлаб чиқарилган автомашиналар.

Бизнесмен Дмитрий Стрежнев Россиянинг Челябинск вилояти Миасс шаҳридаги “Урал” автомобил заводи активларини ширкат менежментига сотди, деб хабар берди Интерфакс агентлиги. Бу хабарни “Урал” автозаводи матбуот хизмати тасдиқлади. Завод сотилишига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмади. “Урал” автозаводи 2022 йил 17 декабрда Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган корхоналардан биридир.

Заводнинг сотилиши жараёни билан яқиндан таниш бўлган манба агентликка Стрежнев ўз бизнесини Ўзбекистон ва Қозоғистонда давом эттириш ниятида эканини айтган. Манбанинг билдиришича, Стрежнев бу мамлакатларда йўл қурилиши, қишлоқ ҳўжалик техникаси ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқчи.

Forbes журналидаги маълумотларга қараганда, Стрежнев 2021 йилда Россиядаги бойлар рўйхатининг 167 поғонасида турган ва 750 миллион долларга эгалик қилган.

2022 йилнинг 24 февралида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Ғарб давлатлари санкциялари остида қолди. Бунинг ортидан, расмий статистика рақамларига ишонилса, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда Россия иштирокидаги корхоналар сони кўпайган. Масалан, 2023 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 243 та корхона ташкил этилган. Айни пайтда Хитой билан 118 та, Туркия билан 67 та корхона очилган.

Бундан ташқари сўнгги уч ой ичида Россия Ўзбекистон экспортида биринчи ўринни эгаллади. Жорий йил биринчи чорагида Ўзбекистондан Россияга 736,2 миллион долларлик, Туркияга 336,4 миллион долларлик, Хитойга 334,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташқиш билдирган эди. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.

Жорий йилнинг апрель 25 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун келган Россия бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашган эди. Учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаганди.

SpaceX Украинага сунъий йўлдош хизматини кўрсатишда давом этади

SpaceX ширкати асосчиси Илон Маск.

Пентагон 1 июнь куни Илон Маскка тегишли SpaceX ширкати билан Starlink терминалларини сотиб олиш ва Украинага сунъий йўлдош алоқаси хизматини кўрсатиш бўйича шартномани имзолаганини билдирди.

Пентагон “оператив хавфсизлик ва сотиб олинаётган тизимларнинг ўта мухим характерга эга экани”дан келиб чиққан ҳолда келишув шартларини очиқламади.

Starlink сунъий алоқа тизими Россия 2022 йилнинг 24 февралида Украинага бостириб кирганидан бери украин ҳарбийлари томонидан кенг мақсадларда, жумладан, жанг майдонида тезкор алоқа ўрнатиш учун қўлланилиб келинмоқда.

Илон Маскнинг ширкати паст масофадаги орбитада тўрт мингдан кўпроқ сунъий йўлдошга эгалик қилади. Мазкур тизим хусусий шахслар қилган хайр-эҳсонлар ҳисобига Украинани алоқа билан таъминлаб келган.

2022 йилнинг октябрида Илон Маск Starlink тизимини Украина учун давомли равишда молия билан таъминлай олмаслигини билдирган эди. Ўшанда Маск бунинг учун ойига 20 миллион доллар сарфланаётганини айтганди.

Россия Украинада интернет хизматларни, хусусан, Starlink алоқасини тўсиб қўйишга ҳаракат қилган. Бироқ SpaceX ўз сервисларига қилинган ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлган ва дастурий тизимларни мукаммаллаштирган.

Ҳуқуқбонлар Шарль Мишелни Чўлпонота саммитида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” форматидаги биринчи саммит 2022 йил 27 октябрда Остонада ўтказилган эди.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Чўлпонотада 2 июнь куни ўтадиган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида Европа кенгаши раиси Шарль Мишелни инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди. Бу борадаги мурожаат Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси, Қирғизистондаги “Лигал просперити” жамғармаси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан имзоланди.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва уларни кафолатлаш Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг асосий шартларидан бирига айланиши лозим, деган нуқтаи назарни билдиришди. Мурожаатда ҳукуматлар 2022 йилда Қозоғистон, Тоғли Бадахшон ва Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари куч билан бостиргани ва ўнлаб одам ҳалок бўлганига алоҳида эътибор қаратишди. Фаолларга кўра, бу воқеалар юзасидан терговлар холис ва адолатли бўлмаяпти.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Қирғизистонда сўнгги йилларда нодавлат ташкилотлари ва мустақил журналистлар фаолятини чеклашга қаратилган ташаббуслар кўтарилаётганидан ҳам хавотир билдирганлар.

Президент Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетгани ҳақида президент матбуот хизмати маълум қилди.

Саммитда Шавкат Мирзиёев билан бир қаторда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

Саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги режалар муҳокама қилинади. Халқаро майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилади.

“Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.

Байден йиқилиб тушди. Оқ Уй “президентнинг аҳволи яхши” эканини билдирди

Байден ҳарбий ҳаво кучлари академиялари битирувчиларига диплом топшириш маросимида йиқилиб тушган эди.

АҚШ президенти Жо Байден 1 июнь куни Колорадо штатида ҳарбий ҳаво кучлари академиялари битирувчиларига дипломларни топшириш маросимида иштирок этди.

Байден саҳнага чиқаётганида қоқилиб йиқилди. 80 ёшли сиёсатчига тансоқчилардан икки нафари ўрнидан туришга кўмаклашди. Бу воқеа тадбир иштирокчилари орасида бир оз хавотир пайдо қилди.

Ўрнидан турган Байден қоқилган жойига ишорат қилди. Оқ Уйнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Бен Лаболт твиттер саҳифасида президент қум тўлдирилган қопга қоқилиб йиқилганини ёзди. Лаболт ҳозирда “президентнинг аҳволи яхши” эканини таъкидлади.

Би-би-сининг хабар беришича, Байден 900 нафар битирувчининг ҳар бирига қўл бериб кўришган ва дипломларни топширган. У саҳнада бир ярим соат тик турган. “Ватанга хизмат қилиш йўлини танлаганингиз учун рахмат”, -деди Байден битирувчиларга.

Жо Байден АҚШ тарихидаги энг кекса президентдир.

МХДҚ: Қирғизистонда сохта Шенген визасини тайёрлаганлар аниқланди

Қирғизистон МХДҚ томонидан тарқатилган сурат

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) сохта Шенген визасини тайёрлаб сотган халқаро канал аниқлангани ҳақида маълумот тарқатди.

Сохта Шенген визаси асосида Қирғизистон орқали Европага транзит уюштириб юрган асосий ташкилотчилар топилди. Ноқонуний миграция канали ташкилотчилари хатти-ҳаракати туфайли жабрланган қирқдан зиёд хорижлик фуқаро аниқланди”, дея иқтибос келтирган Озодликнинг қирғиз хизмати қўмита хабарномасидан.

МХДҚ айни пайтда сохта ҳужжат тайёрлашга алоқадор шахслар аниқланаётганини маълум қилган. Хабарномада мазкур жиноят иши доирасида гумондорлар қўлга олиниб-олинмаганига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Гуля Қожоқулова Россиядаги Avito.ru эълонлар сайтида Қирғизистон паспорти бемалол сотилаётганини айтиб, МХДҚни бунга чора кўришга чақирган эди.

Мазкур сайтдаги эълонларда 120 минг рублдан 270 минг рублгача (тақрибан 1,5 минг доллардан 3,3 минг долларгача) ҳақ эвазига Қирғизистон фуқаролигини олиб бериш бўйича хизмат таклиф қилинган. Эълон муаллифлари Қирғизистон паспортини олиш учун Россия фуқаролигидан воз кечиш ва давлат тили мақомига эга бўлган қирғиз тилини билиш шарт эмаслигини урғулашган. Қирғизистон паспортини олишга рағбатлантириш учун улар бу паспорт билан хорижий ўлкалардаги банкларда ҳисобрақам очиш ҳамда Европа ва АҚШга виза олиш мумкинлигини урғулашган.

ФСБ россиялик дипломатларнинг айфонига ҳакерлик ҳужум уюштирилганини иддао қилмоқда

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) россиялик дипломатларга қарашли iPhone русумли бир неча минг телефонга ҳакерлик ҳужуми уюштирилганини иддао қилиб чиқди. Махсус хизмат хабарномасида Россиянинг НАТОга аъзо мамлакатлардаги, постсовет ўлкаларидаги, Исроил, Сурия ва Хитойдаги дипломатик хизматлари ходимларининг айфонларига вирус юқтирилгани айтилган.

ФСБ ҳужум тафсилотларига тўхталмаган. Иддаога кўра, ҳужумни амалга ошириш учун шу кунга қадар маълум бўлмаган дастурий таъминотдан фойдаланилган, у iOS операцион тизими кодидаги заифликдан фойдаланган. Ҳужумда АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги айбланган. Мазкур ҳужумни бартараф қилишда, иддао қилинишича, ФСБдан ташқари Россия Федерал қўриқчилик хизмати ҳам иштирок этган.

Федерал хавфсизлик хизмати россияликларнинг смартфонларига ҳужумда АҚШ махсус хизматларига iPhone телефонларини ишлаб чиқарадиган Apple ширкати ёрдам берганини билдирган, бироқ бунга бирорта далил келтирган эмас. Reuters агентлиги бу борада изоҳ сўраб Apple ширкати ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига мурожаат қилган, бироқ шу пайтгача улардан жавоб келмаган.

Apple ўз жиҳозларини ахборот сақлаш учун ишончли ашё ўлароқ тақдим этиб келади. Бироқ вақти-вақти билан махсус хизматлар ёки нияти яхши бўлмаган шахсларнинг ширкат телефонларидаги маълумотларни олишига имкон яратувчи заиф жиҳатлар топилгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

2021 йилда дунёдаги кўплаб ўлкаларда Apple жиҳозлари Исроилнинг NSO Group ширкати томонидан ишлаб чиқарилган Pegasus жосуслик дастури ёрдамида ёппасига нишонга олинган эди. Мазкур дастурдан турли мамлакатларнинг махсус хизматлари фойдаланиб келган. Apple ширкати бу жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил фирмаси билан ҳозиргача судлашмоқда.

Қатар бош вазири “Толибон” ҳаракати лидери билан махфий музокаралар ўтказди – Reuters

"Толибон" ҳаракати вакиллари (архив сурати)

Дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳаракати лидери Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида Қатар бош вазири билан махфий музокаралар ўтказган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, учрашувнинг асосий мавзуси халқаро ҳамжамият билан алоқалардаги тарангликни юмшатиш бўлган.

Агентлик қайдича, музокаралар 12 май куни Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ас-Соний билан толиблар лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасида бўлиб ўтган. Бу Толибон пешвосининг хорижлик сиёсий лидер билан илк учрашувидир.

Бу орада Қатарнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний АҚШга учиб кетган. Аввалроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Қаҳтоний АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст билан учрашгани ҳақида маълумот тарқатган.

“Толибон” ҳаракати билан халқаро ҳамжамият ўртасидаги таранглик ҳали ҳам сақланиб қолаётганига Афғонистонда толиблар томонидан инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани, айниқса қизларнинг таълим олиши ва аёлларнинг ишлашига тақиқланаётгани ҳамда “Толибон” вакилларининг инклюзив ҳукумат тузишни истамаётгани сабаб бўлмоқда.

Reuters хабарига кўра, Қатар бош вазири музокараларда, жумладан толибларга хотин-қизлар таълими ва ишлаши бўйича тақиқларни бекор қилиш зарурлигини билдирган. “Толибон” ҳаракати бу чақириққа қандай жавоб бергани ҳозирча маълум эмас.

Айни пайтда агентлик мулла Ҳайбатуллоҳ радикал диний арбоб бўлиб ҳисобланиши ҳамда жорий этилган чекловларни бекор қилишдан у қадар манфаатдор эмаслигини урғулаган.

Афғонистонда 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери “Толибон” ҳаракати маҳаллий хотин-қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда иштироки бўйича кескин чекловлар жорий этган, бу эса бутун дунёда салбий қарши олинган.

Reuters Қатар ҳукумати мазкур сафарнинг барча тафсилотларини АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти билан муҳокама қилганини ёзган. “Толибон” ҳаракати ва Қатар бу учрашув ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот тақдим этган эмас.

Қозоғистонда Назарбоевни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик бекор этилмоқда

Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистонда биринчи президент Нурсултон Назарбоевни ҳақорат қилганлик, обрўсини ва қадр-қимматини туширганлик учун жиноий жавобгарлик бекор этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда қозоқ парламенти қуйи палатаси депутати Снежанна Имашева маълум қилди.

Депутатнинг айтишича, Жиноят кодексидан бу борадаги модда чиқариб ташланади. “Ҳозирда Элбоши мақоми бекор қилинган, шунинг учун жиноий жавобгарлик ҳам эндиликда керак эмас ва у қўлланилмайди”,-деди Имашева.

Қозоғистон адлия вазирли бу маълумотни тасдиқлади.

2023 йил февралида президент Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистоннинг биринчи президенти-Элбоши” тўғрисидаги қонун кучини йўқотгани тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Мазкур қонунда Назарбоев ва оиласининг мақоми, уларнинг имтиёзлари белгилаб берилганди. Фармонга асосан Назарбоевнинг халққа мурожаат қилиш ва давлат органлари ҳамда амалдорларга таклиф киритиш ҳуқуқлари ҳам бекор қилинганди.

2022 йилнинг кузида Қозоғистонда Биринчи президент куни давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилган ва пойтахт Нурсултон номи яна Остонага ўзгартирилган эди.

Индонезияда наркотик савдосида гумонланган ўзбекистонликлар қўлга олинди

Индонезия полициячилари.

Индонезиянинг Бали оролида наркотик савдоси билан шуғулланган 7 киши қўлга олинди. Улардан 6 нафари хориж фуқаролари, 1 нафари эса индонезияликлардир. Бу ҳақда полицияга таянган ҳолда Kompas портали хабар берди.

Хабарда уч нафар ўзбекистонликнинг исми тилга олинади. Полиция расмийларига кўра, дастлаб Азамат исмли ўзбекистонлик қўлга олинган. Кейин унинг шериклари бўлган Ўзбекистон фуқаролари Ю.О., ва М.А., ушланган. Хабарда яна икки нафар россиялик - Денис Комаров ва Денис Романов ҳам ҳибсга олингани айтилади.

Полициянинг билдиришича, Азамат дастлабки терговда наркотиклар савдосига Денис Романов раҳбарлик қилганини айтган. Полиция уларнинг ёнидан 1678 грамм марихуана, 67 грамм наша топган. Терговда қўлга тушган россияликлар ўзларига билдирилган айбловни тан олган эмас ва наркотик савдосига алоқадор эмасликларини айтишган.

4 апрель куни Жакартада ўтказилган матбуот анжуманида Индонезия полицияси мулозими генерал Аҳмад Рамазон Индонезия полицияси “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террор гуруҳи ташвиқоти билан шуғулланган тўрт нафар ўзбекистонликни қўлга олгани ҳақида билдирган эди.

“Ўзбек жиҳодчи”ларини Индонезияга нима етаклади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:14 0:00

БМТ Халқаро суди Югославия махсус хизмати раҳбарларини 15 йилга озодликдан маҳрум қилди

Франк Симатович БМТ Халқаро судида. 31 май, 2023 йил.

Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди тарқалиб кетган Югославия давлатининг махсус хизмати собиқ раҳбарлари Йовиц Станишеч ва Франк Симатовични 15 йилданга озодликдан маҳрум қилди.

Югославияга Слободан Милошевич раҳбарлик қилаётган даврда Станишеч хавфсизлик хизмати бошлиғи, Симатович эса унинг ўринбосари бўлган. Улар 1990 йилларда Хорватия ва Босниядаги урушда кўплаб жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Жумладан, суд бу икки шахс серб қуролли кучлари томонидан 1992 йилда Босниядаги Босански-Шамац (ҳозирда Шамац) шаҳри босиб олинишига алоқадор эканини аниқлади. Босиб олинган шаҳарда серб ҳарбийлари оммавий талончиликларни содир этган, аёллар ва қизларни зўрлаган, аҳолини қийноқларга солган. Тинч аҳолидан бир неча киши ўлдирилган.

Югославия бўйича Халқаро трибунал Станишеч ва Симатовични 2003 йилда ҳибсга олинишига эришган эди. 2013 йилда суд уларни етарли далил-исботлар мавжуд эмаслиги ортидан оқлаганди. Бироқ апелляция истанцияси бу қарорга қарши чиққан ва иш қайта кўриб чиқилишига эришган.

2021 йилда БМТ Халқаро суди Станишеч ва Симатович Слободан Милошевичга хорватлар ва Босния мусулмонларини ҳайдаб чиқариш ҳамда Сербия ҳудудини кенгайтириш режасини амалга оширишда кўмаклашганликда айбдор деб топилганди. Ўшанда улар 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Станишеч ва Симатович суднинг бу қарори устидан шикоят аризаси киритган эди. 31 май куни Халқаро суд уларнинг апелляциясини кўриб чиқди ва 2021 йилда белгиланган жазо муддатини кўпайтирди. Бу ҳукм қатъий ва шикоятга ўрин йўқ.

Собиқ Югославия бўйича Халқаро трибунал 1993-2017 йилларда фаолият олиб борган. Ҳозирда унинг ўрнини БМТ Халқаро суди эгаллаган.

Олимлар сунъий интеллект инсониятнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Қатор технологик ширкатлар, жумладан, Center for AI Safety, OpenAI ва Google DeepMind етакчилари, таниқли олимлар сунъий интеллект инсониятнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Сунъий интеллект оқибатида инсониятнинг йўқ бўлиб кетиши хавфини камайтиришга пандемия ва ядро уруши каби глобал даражадаги устувор вазифа сифатида қараш лозим” — дейилади Center for AI Safety сайтида эълон қилинган баёнотда.

Баёнотни сунъий интеллектни яратиш бўйича тадқиқот олиб борган 350 нафарга яқин олим, инженер ва ширкатлар раҳбарлари имзолаган. Улар орасида ChatGPT дастури асосчиси бўлган OpenAI ширкати диретори Сэм Альтман ва “сунъий интеллект отаси” сифатида кўриладиган олим Жеффри Хинтон ҳам бор.

Бу илмий жамоатчиликнинг сунъий интеллектга боғлиқ биринчи баёноти эмас. Бундан аввал мингга яқин олим ва технолог, жумладан, Илон Маск сунъий интеллектни ривожлантириш ишларини кучайтирилган хавфсизлик дастурлари ихтиро қилингунига қадар олти ойлик муддатга тўхтатиб туришни таклиф қилганди.

Chat GPT - Чат-бот ёки одам билан мулоқот қила оладиган комьютер дастури бўлиб, у бир неча ой ичида интернетда инқилоб яратди. Сунъий интеллектга асосланган чат-бот ахборот излайди ва саволларга жавоб беради. Топшриқ берилса, бадиий асарлар ёзиши ва дастурлар кодини тузиши мумкин. Бундан ташқари чат-ботлар бизнес тақдимотлар ва реклама матнларини тайёрлаши мумкин.

Латвияда ташқи ишлар вазири Ринкевич президент этиб сайланди

Эдгар Ринкевич

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Ринкевич номзодини парламентнинг 52 нафар депутати қўллаган.

Президентликка сайланиш учун камида 51 нафар депутатнинг овози керак эди. Ринкевич овоз беришнинг учинчи раундида президент этиб сайланган. Унинг рақиби Улдис Пиленс номзодини депутатларнинг 25 нафари қўллаган. Амалдаги давлат раҳбари Эгил Левитс иккинчи муддатга ўз номзодини қўймаган.

Латвия нашрлари ҳукмрон коалициядаги партиялар президентликка ягона номзод масаласида келиша олмаганини ёзмоқда. Коалициядаги энг йирик бўлган “Янги бирлик” партияси Ринкевич номзодини, “Бирлашган рўйхат” эса Улдис Пиленс номзодини олға сурган. Пировардида қатор мухолифат партиялари дастаги туфайли Ринкевич президентликка сайланган.

Эдгар Ринкевич ТИВ раҳбари бўлиб турган пайтда Россиянинг Украинага қарши босқинини қаттиқ қоралаб, Украинани қўллаб чиққан.

Латвия парламент республикаси бўлиб, у ерда президент кўпроқ церемониал ваколатларга эга, бироқ у анъанага кўра жамият қулоқ тутадиган муҳим сиёсий фигура ўлароқ қабул қилинади.

Россияда дафн маросимлари бўйича хизмат ҳақлари 30-50 фоизга ошди

Россияда сўнгги бир ярим йил ичида дафн маросимлари бўйича хизмат ҳақлари 30-50 фоизга ошган. Бу ҳақда “Российская газета” нашри Росстат маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Масалан, кремация (мурда куйдириш) нархи ўртача 36 фоизга, яъни 21 минг рублдан 28,7 минг рублгача ошган. Қабр қазиш ишлари 13 фоизга (8765 рублгача), тобут ясаш эса 52 фоизга (6729 рублгача) кўтарилган.

Дафн маросимларини ташкил этиш билан шуғулланувчи “Похоронний дом №1” ширкати бош директори Елена Эльсалиевага кўра, металл ва ёғоч нархи ошиб кетгани туфайли хоч, тўсиқ ва тобутлар 2-2,5 баравар қимматлаган.

Дафн маросимлари ташкилотлари ва крематорийлар уюшмаси вице-президенти Владимир Родькин қайдича, сўнгги ойларда хомашё нархи пасаймоқда, бироқ логистика ва маошлар ортгани туфайли тайёр маҳсулот нархлари пасаймаслиги мумкин.

Эльсалиевага кўра, унинг ширкати хомашёни аввал Украинадан сотиб оларди, бироқ Россия қўшинлари бу мамлакатга бостириб кирганидан кейин раҳбариятнинг бошқа жойдан хомашё қидиришига тўғри келган. Родькин “бутун дунёда нефть ва бензин нархи ошиб кетгани туфайли” Хитойдан ҳам хомашё келтириш қийинлашиб кетганини, шу важдан ишлаб чиқарувчилар қабртошларини буюртма асосидан кўпроқ Карелиядан келтираётганини қўшимча қилган.

Таҳлилчиларга кўра, майитнинг қариндошлари дафн маросимлари учун пулни тежай бошлагани, дейлик, эман ёғочидан ясалган тобут ўрнига қарағайдан қилинган тобутни сотиб ола бошлагани учун умумий ҳисобда харажатлар у қадар ошиб кетмаяпти. Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин нархлар тақрибан 30 фоизга ошган, бироқ сўнгги йилда нарх барқарорлашган.

Россияда ўлим сони кўпайишига сабаб бўлган омиллардан яна бири Украинага қарши уруш бўлиб ҳисобланади. 2023 йил май ойида Би-би-сининг рус хизмати “Медиазона” нашри ва волонтёрлар гуруҳи билан биргаликда Украина босқини чоғида ўлган 24 мингдан зиёд россиялик ҳарбийнинг исмини аниқлашга муваффақ бўлган.

Тадқиқотчилар урушда ўлганларнинг ҳақиқий сони бундан 40-60 фоизга кўпроқ бўлиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги шахсий таркибдаги талафотларга оид маълумотларни очиқламаяпти, айни пайтда вазирлик журналистлар томонидан ёйинланган рақамлар юзасидан ҳам изоҳ бераётгани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG