Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:33

Россия-АҚШ музокаралари: Путиннинг Украинага таҳдиди ва хавфсизлик талаблари


Путин Ғарбни Россия талабларини «беҳуда музокаралар» га кўмишга уринмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирган.
Путин Ғарбни Россия талабларини «беҳуда музокаралар» га кўмишга уринмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

Жорий ҳафтада АҚШ ва унинг НАТОдаги ва иттифоқчилари ҳамда Россия расмий вакиллари иштирокида Москва талаб қилаётган хавфсизлик кафолатлари ва Украина яқинида рус қўшинларининг тўпланиши масаласида музокаралар бўлиб ўтади.

10 январь куни Женевада Россия - АҚШ музокаралари раундига старт берилади. Ундан кейин Брюсселда Россия-НАТО музокаралари бўлиб ўтади. Қолаверса, шу ҳафтанинг ўзида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Венадаги учрашуви режалаштирилган. Associated Press агентлиги музокалар кун тартибидаги энг асосий масалаларга эътибор қаратмоқда.

Россиянинг бостириб кириш таҳдидлари

Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасини Украина билан чегара яқинига жойлаштирилиши Киев ва Ғарбда Москва эҳтимолий босқинни режалаштираётгани ҳақида хавотирларни уйғотган.

Москва бу иддаоларни рад этар экан, ўз навбатида Украина ҳукуматини мамлакат шарқида Россия дастаклайдиган айирмачилар назоратидаги ҳудудларни қайтариб олиш учун ҳужум режалаётганликда айбламоқда. Украина ҳам бу даъволарни инкор қилиб келади.

Ўтган ой айни шу масала юзасидан АҚШ президенти Жо Байден Россия етакчиси билан икки марта мулоқот қилган эди. Ўшанда Байден агар Россия Украинага ҳужум қилса, Москва бунинг «оғир оқибатлари», мисли кўрилмаган иқтисодий ва молиявий санкциялар билан юзлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим оролини аннексия қилган. Ўша йили мамлакат шарқида бошланиб, етти йилдан зиёд давом этган жангларда 14 мингдан кўпроқ инсон ҳалок бўлган. Россия бу можарода бўлгинчи исёнчиларни қўллаб келмоқда. Ғарб бунга иқтисодий санкциялар билан жавоб берди, лекин бу Москвани ўз йўлидан қайтариш учун етарли бўлмади.

Москванинг хавфсизлик талаблари

Путин Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини ва альянснинг у ерда қурол-яроғ жойлаштириш эҳтимолини Москва «қизил чизиқ»дан ўтиш дея баҳолашини айтди. Кремль Вашингтон ва унинг иттифоқчиларидан НАТОнинг Украина, Грузия ёки бошқа собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ҳудуди томон кенгаймаслигини кўзда тутувчи қонуний кафолат талаб қилмоқда.

Москва, шунингдек, АҚШ ва альянсдан Украина ва бошқа собиқ Иттифоқ давлатларида қурол-яроғ жойлаштирмасликни ёки ҳеч қандай ҳарбий фаолият олиб бормаслик кафолатини ҳам талаб қилган.

Кремль муозакаралар олдидан Россия-АҚШ хавфсизлик шартномаси ва Россия-НАТО келишуви бўйича ўз лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳада НАТОга аъзо бўлмаган собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларига ҳеч қандай қўшин жойлаштирмаслик мажбурияти юклангани келтирилган Associated Press мақоласида.

Москва шунингдек, чегаралар яқинида Россия ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ва қирувчи самолётлар патруллари фаолиятига чек қўйишни ҳам таклиф қилган. Лойиҳада бундан ташқари Болтиқбўйи ва Қора денгизда Россия ва НАТО ҳарбий кемалари ва самолётлари билан боғлиқ можароларни камайтириш; ҳарбий машғулотлар кўламини қисқартириш; ошкораликни ошириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишга чақирилган.

АҚШ ва НАТО муносабати

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинани НАТО аъзолигига қабул қилмаслик ҳақидаги талабни кескин рад этиб, иттифоқнинг асосий тамойили бу аъзолик талабга жавоб берадиган ҳар қандай давлат учун очиқ эканлигини, учинчи томон вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади.

Украина ва Грузия НАТОга аъзо бўлишга ҳали тайёр эмас ва тез орада аъзоликка таклиф қилиниш умиди мавжуд бўлмасада, Ғарб НАТО эшиклари иттифоқчилари учун очиқ қолиши кераклигини таъкидламоқда. 2008 йилда НАТО икки давлатни аъзо қилишга ваъда берган. Бироқ, уларга аъзолик учун аниқ йўл харитаси таклиф қилинмаган.

Иттифоқчилар НАТОнинг ҳали бошланмаган кенгайишини тўхтатиш талабини қатъиян рад этган бўлса ҳам, Вашингтон ва НАТО агар Россия конструктив ёндашувни танласа, қурол-яроғ назорати, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чоралари, ошкоралик ва хавфларни камайтириш масалаларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.

АҚШ расмийлари шуниндек, агар Россия Украинадан воз кечишга тайёр бўлса, Украинада келгусида ҳужумкор ракеталар жойлаштирилишини чеклаш ва Шарқий Европада Америка ва НАТО ҳарбий машғулотларига тўхтатиш бўйича музокараларга очиқ эканлигини баён қилди.

Оқ уй Россияни Украина яқинидан қўшинларини олиб чиқиб кетиш орқали бўлажак музокаралар олдидан ижобий муҳит яратишга чақирди. Москва бу таклифни рад этиб, қўшинларини ўзининг ҳудудида исталганча жойлаштиришини айтди ва буни НАТОнинг «душманлик» ҳаракатларига жавоб сифатида таърифлади.

Вақт чекловлари

Путин АҚШ билан музокараларни «ижобий» ҳаракат деб атаб, натижаларга тезроқ эришмоқчилигини айтди. Бироқ у Ғарбни Россия талабларини «беҳуда музокаралар» га кўмишга уринмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

Ўтган ой матбуот анжумани чоғида Путинга «Россия Украинага бостириб кирмаслигига кафолат бера оласизми?» дея берилган саволга у ғазаб билан «Ғарб биз сўраган кафолатларни дарҳол бериши керак» деб жавоб қайтарган.

Хавфсизлик бўйича музокараларда Россия делегациясига бошчилик қилаётган ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков НАТОнинг Украина ва бошқа собиқ Иттифоқи мамлакатларига кенгаймаслик талабини «мутлақо муҳим» лигини урғулади. У АҚШни буни муҳокама қилишдан бош тортиши кейинги музокараларни зое кеткизиши ҳақида огоҳлантирди.

«Биз у ерга қўл чўзган ҳолда эмас, балки биз белгилаган шартлар асосида ҳал қилиниши керак бўлган аниқ белгиланган вазифалар билан боряпмиз»,- деди Рябков. У Россия ҳеч қандай таҳдид ва босимларга ён бермаслигини айтиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳамкорлик қилмаса, музокаралар биринчи раунддан кейиноқ якунланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Кремлнинг қўпол талаблари ва тезроқ натижа учун интилишлари АҚШнинг «Москва музокаралар барбод бўлиши учун қабул қилиб бўлмас талаблар билан чиқаётгани ва бундан тажовузкор ҳаракатлар учун баҳона сифатида фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги» шубҳаларини кучайтирди. Россия дипломатлари бу даъвони рад этди.

Ҳарбий-техник чоралар

Москва Украинага ҳужум қилишни режалаштираётганини инкор этса-да, Путин агар Ғарб унинг хавфсизлик талабларини инобатга олмаса, «ҳарбий-техник чоралар» кўришга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

У бошқа тафсилотларга тўхталмасдан, “бу бўйича Россиянинг жавоби турлича бўлиши мумкин ва бу ҳарбий экспертларимиз менга қандай таклифлар киритишига боғлиқ бўлади"- деб таъкидлаган.

Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Путин Байденга Россия ўз чегаралари яқинида ҳужумкор қуроллар жойлаштирилганини кўрса, АҚШга ҳам худди шундай ҳаракат билан жавоб берлишини айтган.

Путиннинг таъкидлашича, янги гипертовушли «Зиркон» қанотли ракетаси, агар нейтрал сувларга жойлаштирилган ҳарбий кемаларга ўрнатилса, бу Россияга мисли кўрилмаган аниқ зарба бериш салоҳиятини беради. Декабрь ойи охирида «Зиркон» қурилмасининг ишга туширилиши янги қуролнинг синовлари якунланганини англатади. Путиннинг айтишича, у 1000 километрдан (620 миля) ошиқ масофага товуш тезлигидан тўққиз баравар тезроқ уча олади.

НАТО атиги беш дақиқада Москвага етиб борувчи ракеталарни жойлаштириш учун Украина ҳудудидан фойдаланиши мумкинлигини билдирар экан, Путин «Зиркон» Россияга ҳам худди шундай имконият беришини таъкидлаб, «бунга буйруқ берганларга етиб бориши учун ҳам атиги беш дақиқа вақт кетади»,- дея жавоб қилган.

XS
SM
MD
LG