Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2022, Тошкент вақти: 18:45

АҚШ ва Россия: Украина музокаралари олдидан келишмовчилик чуқурлашмоқда


Президент Байден ва Давлат котиби Блинкен Президент Путин билан видеоконференция тарзидаги мулоқотда. Оқ уй, Вашингтон, 7 декабрь, 2021

Жо Байден ва Владимир Путин ўртасида Украина чегарасида Россия қўшинлари тўпланиши масаласида ўтган кескин мулоқотдан сўнг, ҳар икки томон январь ойида бўладиган дипломатик музокаралар чоғида кескинлик юмшашига умид қилаётганликларини айтмоқда.

“Аssociated Press” агентлигининг ёзишича, тобора чуқурлашиб бораётган дипломатик инқироздан чиқиш йўлини топиш истиқболлари савол остида қолган.

Байден жума куни журналистларга билдиришича, бир кун аввал Путин билан бўлган мулоқотида “агар Россия етакчиси яқин кунларда “кескинликни пасайтирса” бўлажак музокаралар самара бериши мумкинлигини” айтган. Шунингдек, АҚШ президенти Путинга, агар руслар Украинага бостириб киришда давом этса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши санкциялар билан жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирган.

“Мен президент Путинга, агар у Украинага яна бир қадам қўйгудек бўлса, бизнинг қаттиқ санкцияларимиз билан рўбаро бўлишини аниқ тушунтирдим. Биз НАТО иттифоқчилари билан Европадаги ҳаракатларимиз кўламини оширамиз"- дея Байден сўзларидан иқтибос келтирмоқда АP .

2 январь куни Президент Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбат қилди. Унда АҚШ Украина чегараларида Россия ҳарбий кучлари тўпланиши масаласида Киевни қўллаб-қувватлашига, агар Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари бунга "қатъий жавоб қайтаради"- дея ишонтирди.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки икки етакчининг нутқидан сўнг берган баёнотида, Байден “АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади”- дея маълум қилди.

“Раҳбарлар келаси ҳафтадан бошлаб икки томонлама стратегик барқарорлик бўйича мулоқот, НАТО-Россия кенгаши, НАТО ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар”,- деди Псаки.

Зеленский Украина Қўшма Штатларнинг “иккиланмасдан” кўрсатаётган ёрдамини қадрлашини айтиб, Украина ва бошқа шериклар ўртасидаги “Европада тинчликни сақлаш, янада кескинлашувнинг олдини олиш, ислоҳотлар ва деолигархизация” борасидаги ҳамкорликни муҳокама қилганини қайд этди.

Бу Байден ва Зеленский ўртасидаги Оқ уй Россия Украина чегараси яқинида қўшинларини тўплаш масаласини ҳал қилишга уринишлари фонида уч ҳафта ичидаги ўтказилган иккинчи қўнғироқ бўлди. Разведка маълумотларига кўра, Россия 2022 йил бошида эҳтимолий босқинга тайёргарлик кўрган ва Киев расмийлари Россия яқин ҳафталарда Украинага бостириб кириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Адам Шифф Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш ниятидан ташвишланаётганини ва "Россияни мисли кўрилмаган қақшатқич санкциялардан бошқа ҳеч нарса тўхтата олмаслигини" айтди.

Унинг сўзларига кўра, "агар Россия бостириб кирса, бу (НАТО)ни Россиядан узоқлаштирмайди, аксинча янада яқинлаштиради”. Айнан шу факторни англашнинг ўзи ҳам етарлича тўхтатувчи омил бўлиши мумкин.

Байденнинг Зеленский билан суҳбати 30 декабрь куни Байден ва Путин ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг бўлиб ўтди. Унда Байден Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари унга қарши қаттиқ санкциялар қўллашини билдирган.

Қўнғироқ чоғида Байден Путинни Украинага бостириб киришдан огоҳлантирган, Кремл раҳбари эса Москвага қарши санкциялар “катта хато” бўлишини айтди. Бироқ ҳар икки етакчи дипломатияни давом эттиришни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Аввалроқ, Россия Қўшма Штатлар ва НАТОдан кенг қамровли хавфсизлик кафолатларини, жумладан, Украина ва бошқа собиқ Совет давлатлари НАТОга қўшилмаслигини ҳамда Марказий ва Шарқий Европада ҳарбий қуроллар жойлаштиришни тўхтатишни талаб қилди. Путин Ғарбни талабларни “зудлик билан” бажаришга чақирган.

Россия чегара яқинида ўз қўшинларини жойлаштирганини изоҳлар экан, Россия ўз "остонасига" бўлаётган НАТОнинг тажовузкорлигига бефарқ қараб турмаслигини билдирган.

АҚШ Россияни Москва ва Киев ўртасидаги кескин қарама-қаршилик бўйича бўлажак олий даражадаги музокараларда “мазмунли иштирок этишга” чақирди.

Музокараларнинг уч раундидан биринчиси 9-10 январь кунлари Женевада бўлиб ўтади. Томонлар икки тарафлама Стратегик Барқарорлик Мулоқоти доирасида қурол назорати ва Украинадаги кескинликни муҳокама қиладилар.

Шундан сўнг 12 январь куни Брюсселда Россия-НАТО Кенгашининг алоҳида йиғилиши бўлиб ўтади. Яна бир йиғилиш бир кундан сўнг Венада АҚШ, унинг Европадаги иттифоқчилари, Украина ва бошқа давлатларни ўз ичига олган ЙХҲТ доирасида бўлиб ўтади.

АҚШнинг етакчи расмийлари бошчилигида ўтадиган Женева музокаралари ортидан Россия-НАТО Кенгаши ва Россия-Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Собиқ президентлар Барак Обама, Жорж Буш ва Билл Клинтоннинг Шарқий Европа бўйича бош маслаҳатчиси ва АҚШнинг Полшадаги собиқ элчиси бўлиб ишлаган Дениел Фрид “Келгуси икки ҳафта оғир бўлади. Байден маъмурияти музокараларни йўлга қўйиш бўйича жуда ишончли қадам ташлади. Аммо, энг оғир синов ҳали олдинда, чунки Путин бизнинг қанчалик қатъиятли эканлигимизни кўриш учун таҳдид қилишда давом этади”-дея ўз фикрини билдирди.

Байден Россияни жиддий санкцияларни қўллаш ҳақида яна бир бор огоҳлантирган эди. Ўз ўрнида Кремл расмийлари бу АҚШнинг "катта хато"си бўлишини ва шундоғам қил устида турган АҚШ-Россия муносабатларини барбод қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Жума куни Путиннинг ёрдамчиси Россия хавфсизлик кафолатлари талабларида қатъий туришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москва НАТОнинг келажакдаги ҳар қандай кенгайиши Украина ва бошқа собиқ иттифоқ давлатларини четлаб ўтишини хоҳлайди. Шунингдек, алянсни Россияга қўшни давлатлардан ҳужум қуролларини олиб ташлашини талаб қилади.

“Биз илгари сурган ташаббусларимиз охири йўқ муҳокамалар билан қолиб кетишига йўл қўймаймиз. Агар конструктив жавоб қайтарилмаса ва Ғарб ўзининг агрессив йўналишида давом этса, Россия стратегик мувозанатни сақлаш ва ўз хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўриши керак бўлади”- деди ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Байден маъмурияти ва НАТО иттифоқчилари Россиянинг талаблари бўйича ҳаракат бошланмаслигини аниқ баён қилди.

Вашингтондагиларнинг айримлари музокаралар самарали бўлиши мумкинлиги борасида ишончи комил эмас.

Байденнинг Путин билан мулоқотидан сўнг, 24 нафар собиқ АҚШ миллий хавфсизлик амалдорлари ва Россия бўйича экспертлардан иборат гуруҳ, Обама Жорж Буш ва Клинтон маъмуриятининг бир неча расмийларини ўз ичига олган гуруҳ – баёнот чиқарган. Унда Байдендан агарда Путин курашни давом эттирса, Россияга қандай чоралар кўрилишини очиқлаш сўралган.

"Биз Қўшма Штатлар НАТОдаги иттифоқчилари ва Украина билан яқиндан маслаҳатлашган ҳолда, Россия раҳбарияти ҳарбий кучларни янада кучайтирмасидан олдин, Кремлнинг харажатлар ва фойда бўйича ҳисоб-китобларига таъсир қилиш учун зудлик билан чоралар кўриши керак деб ҳисоблаймиз", - деб ёзади гуруҳ ўз баёнотида.

“Бундай жавоб, агар Россия Украинага ҳужум қилса, дарҳол қўлланиладиган жиддий ва қақшатқич санкциялар пакетини ўз ичига олади. Кремл иқтисодий зарбалар кўламини аниқ тасаввур қилиши учун санкциялар режаси Москва эътиборига ҳавола қилинади”

Ўз навбатида руслар Украина билан экзистенциал таҳдидга дуч келаётганликларини даъво қилишда давом этмоқдалар.

Жума куни Лавров Украинага қурол етказиб бериш ҳажми ортганини ва Ғарб давлатлари томонидан Украина билан ўтказилаётган қўшма ҳарбий машғулотлар сони ва кўлами ошиб бораётганини даъво қилди. “Киев режими бу ёрдамни табиий равишда куч ишлатиш учун восита сифатида қабул қилади”,- дея иддао қилган Лавров. Унинг қўшимча қилишича, Россия Украина шарқида яшовчи ўз фуқароларини ҳимоя қилади.

"Юз минглаб фуқароларимиз яшайдиган Донбас аҳолисига келсак, Россия уларни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради. Киевнинг Донбасга қарши эҳтимолий ҳарбий провокацияларига муносиб жавоб берилади"- деди у.

Украина: Мустақилликнинг 30 йили, инқилоблар, Евромайдон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:43 0:00

Россия Донбас минтақаси шарқидаги 2014 йилдан бери 14 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган айирмачилар исёнини қўллаб-қувватлаб келади. Сўнгги йилларда Россия минтақада яшовчиларга фуқароликни таклиф қилган.

Дюк университетининг Совуқ уруш бўйича дипломатик ва халқаро тарихчиси Саймон Майлснинг айтишича, Оқ уйнинг "Россия бир томонлама равишда содир бўлаётган воқеалар суръатини белгилашига" имкон бергани хато.

"Қўшма Штатлар Россияни тийиб туриш ва Кремлга кун тартибини белгилашга имкон қолдирмаслик учун қиладиган ҳар қандай чора ижобий ечимни таъминлаш учун муҳим бўлади",-дейди Майлс.

XS
SM
MD
LG