Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 12:47

Халқаро хабарлар

Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.

Блинкен Россиянинг Саратов, Рязан ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.

“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.

6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.

Кун янгиликлари

Порт-о-Пренс қамоқхонасидан минглаб маҳкум қочиб кетди

Гаитидаги тартибсизликлар пайтида олинган сурат.
Гаитидаги тартибсизликлар пайтида олинган сурат.

Гаити ҳукумати мамлакат пойтахтидаги қамоқхонадан минглаб маҳкум қочиб кетгани ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

France-24 нинг хабар беришича, 3 март куни қуролланган жиноий гуруҳ Порт-о-Пренс қамоқхонасига “жуда қаттиқ ҳужум қилган” ва бунинг оқибатида "минглаб маҳкумлар қамоқдан қочган".

Гаити ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилиш билан бирга тунда комендантлик соати жорий этди. Комендантлик соати пойтахт Порт-о-Пренсда 6 мартгача соат 18 дан 05 гача давом этади. Шу вақтгача қамоқдан қочганлар қўлга олинмаса, комендантлик соати муддати узайтирилади.

AFP агентлигининг хабар беришича, қамоқхонага ҳужум пойтахтда "яхши қуролланган жиноий гуруҳлар" содир этган оммавий тартибсизликлар ортидан уюштирилди.

Хабарларда айтилишича, 3 мартга ўтар кечаси қуролли гуруҳлар Қамоқхоналар миллий бошқармасини босиб олган. Отишмада камида 10 киши ўлган.

Расман билдирилишича, Порт-о-Пренс қамоқхонасида 3800 маҳкум бўлган. Улардан фақат юз нафарга яқини қамоқхонада қолган.

Никки Хейли Вашингтондаги праймеризда ғолиб чиқди

Бу АҚШ тарихида Республикачилар партияси праймеризида аёл киши қўлга киритган илк ғалабадир.
Бу АҚШ тарихида Республикачилар партияси праймеризида аёл киши қўлга киритган илк ғалабадир.

Никки Хейли АҚШ пойтахти Вашингтонда ўтказилган Респуьликачилар партияси праймеризида 62,9 фоиз овоз олди. Унинг ягона рақиби Дональд Трампга 33,2 фоиз овоз берилди.

Хейли командасининг билдиришича, бу АҚШ тарихида Республикачилар партияси праймеризида аёл киши қўлга киритган илк ғалабадир.

Бундан аввал ўтказилган саккизта праймеризда ғалаба Дональд Трамп томонида бўлганди. Reuters республикачилар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровга таянган ҳолда, қолган праймеризларда ҳам Трамп ғолиб бўлиши кутилаётгани тўғрисида ёзди.

5 март куни АҚШда Суперсешанба бўлиб ўтади. Бу куни Демократик ва Республикачилар партияларининг праймеризлари АҚШнинг 15 та штатида ўтказилади.

Россия Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчисини халқаро қидирувга берди

Пётр Врублевский Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигида. Архив сурат.
Пётр Врублевский Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигида. Архив сурат.

Москванинг Басманний туман суди Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Пётр Врублевскийни сиртдан ҳибс қилиш тўғрисида қарор чиқарди. ТАССнинг билдиришича, собиқ элчи Россияда Жиноят кодексининг 282-моддаси 2 қисми "а" банди асосида экстремистликда айбланмоқда ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, жиноят иши қўзғатилишига унинг 2022 йилда берган интервьюси сабаб бўлган. Ўшанда Украинанинг Қозоғистондаги элчиси лавозимини эгаллаб турган Врублевский блогер Диас Кузаировга Россия босқини юзасидан ўз фикрларини айтган.

Элчи: “Уларни иложи борича кўпроқ ўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Биз русларни ҳозир қанча кўп ўлдирсак, бизнинг болаларимиз шунчалик озроқ ўлдиришади”, - деган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда элчи билан суҳбат ўтказилганини маълум қилган. Шундан сўнг Врублевский ўз гаплари учун кечирим сўраган. Россия дипломатни Қозоғистондан бадарға қилинишини талаб этган, Остона эса Врублевский меҳнат таътилига чиқишини билдирган.

Таътилдан сўнг Врублевский элчилик лавозимига қайтиши маълум бўлгач, Қозоғистоннинг Москвадаги элчиси Ермек Кошербаев Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Россия Врублевский Қозоғистондан бадарға қилинмаганига норозилик билдирган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Врублевский ўз лавозимини тарк этишини, аммо унга “мамлакатга кириш тақиқланмагани ва тақиқланмаслиги” тўғрисида баёнот берганди.

Украина президенти Владимир Зеленский Врублевскийни 2022 йилда лавозимидан бўшатган, Россия Тергов қўмитаси эса текширув бошлаган эди.

Одессада Россия зарбаси ортидан ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етди

Одессада 2 март куни Россия ҳужумидан вайрон бўлган уй.
Одессада 2 март куни Россия ҳужумидан вайрон бўлган уй.

Россия Одессага 2 март куни дронлар билан ҳужум қилгани ортидан ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 12 кишига етди. Қутқарувчилар вайроналар остидан яна икки бола – 10 ёшли ўғил ва 8 ёшли қизнинг жасадини топди. Бу ҳақда Одесса ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.

Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати 3 март куни кўп қаватли уй вайронаси остида яна камида 4 киши қолгани тўғрисида билдирган эди. Хизматнинг маълум қилишича, 3 март куни уларга уч киши телефон қилган ва тирик эканликларини айтган. Уларнинг исмлари ҳалок бўлгани таҳмин қилинаётганлар рўйхатида эди.

Бунга қадар 2 мартдаги ҳужум оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлгани билдирилганди. Улардан уч нафари бола, жумладан, икки нафари чақалоқ. 3 март Одессада мотам куни сифатида эълон қилинди.

Россия расмийлари ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади. Москва Украинада фуқаролик объектларига зарба бераётганини инкор қилиб келади.

Донецк вилояти ҳокимияти 3 март куни Россия Курахово шаҳрига зарба бергани ҳақида маълум қилди. Ҳужум оқибатида 16 киши яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.

Исроил “умуман олганда” Ғазодаги оташкесим бўйича таклифларни қабул қилди

Ғазода жанг қилаётган Исроил ҳарбийлари.
Ғазода жанг қилаётган Исроил ҳарбийлари.

Исроил “умуман олганда” Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС билан олти ҳафталик оташкесим ўрнатиш тўғрисидаги таклифни қабул қилди. Бу ҳақда CNN ва Financial Times Оқ Уй расмийсига таянган ҳолда хабар берди.

Режага кўра, оташкесим гаровда сақланаётган аёллар ва кексаларни, ярадорларни озод қилишга, шунингдек, Ғазога гуманитар ёрдам етказишга имконият яратади. Financial Times газетасининг таъкидича, ҲАМАС ҳозирча гаровда сақланаётганларни озод қилиш таклифини қабул қилмади.

Нашрларнинг ёзишича, музоқаралар ўтказиш учун Қоҳирага ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари етиб келди. Исроил делегациясининг ҳам келиши кутилмоқда.

Сўнгги марта 2023 йил ноябрида деярли бир ҳафталик оташкесим ўрнатилган ва гаровдагиларнинг бир қисми бўшатилганди. Бунинг эвазига Исроил қамоқларда сақланаётган фаластинликларни озод қилган. Исроилнинг билдиришича, ҳозирда ҲАМАС яна камида 130 кишини гаровда ушлаб турибди.

ҲАМАС Исроил унинг таклифларини қабул қилса икки сутка ичида оташкесим келишувига эришилишини маълум қилди. ҲАМАС Ғазо бўлгасининг шимолига кўчирилган аҳолини жанубий ҳудудларга қайтарилишини ва гуманитар ёрдам ҳажми кўпайтирилишини талаб қилмоқда.

Навальний дафн этилган қабристонга кириш учун 600 метрли навбат пайдо бўлди

Навальний 1 март куни Москванинг Борисов қабристонида дафн этилди.
Навальний 1 март куни Москванинг Борисов қабристонида дафн этилди.

Россияликлар Москванинг Борисов қабристонига 1 март куни дафн этилган Алексей Навальний қабрига гул олиб келишда давом этмоқда.

ASTRA нашрининг ёзишича, 3 март куни гул қўйиш учун келганлардан иборат бўлган 600 метрли навбат пайдо бўлган.

Қабристонга кириш учун юзлаб кишилардан иборат навбат пайдо бўлгани тўғрисида бошқа нашрлар ҳам ёзди. Жумладан, The Insider “Навальний қабрига қўйилган гуллар қабр атрофидан бир неча метр четга чиқиб кетгани ва гулларнинг кўплигидан қабрга ўрнатилган хоч кўринмай қолгани” тўғрисида хабар берди.

“Белий счётчик” лойиҳасининг маълум қилишича, 1 март куни Москвада бўлиб ўтган сиёсатчи Алексей Навалний жанозаси ва дафн маросимига камида 16,5 минг киши келган.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Европарламент Навальний ўлими учун масъулиятни Путин зиммасига юклади

Европа парламенти Алексей Навальний ўлими юзасидан резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда Навальнийнинг ўлими “қотиллик” экани, бунинг учун “жиноий ва сиёсий жавобгарлик” шахсан президент Владимир Путин зиммасида экани таъкидланган. Резолюцияни Европарламентнинг 547 депутатидан 506 нафари қўллади.

Бундан ташқари Москвадан зудликда ва ҳеч қандай шартларсиз сиёсий маҳбусларни ва маҳкумларни озод этиш талаб қилинган. Резолюцияда келтирилган ўнлаб сиёсий маҳбуслар орасида сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза, Илья Яшин ва Алексей Горинов, тарихчи Юрий Дмитриев, Навальний штабларининг ходимлари Лилия Чанишева ва Ксения Фадеева, рассом Саша Скочиленко, журналист Иван Сафронов, драматурглар Евгения Беркович ва Светлана Петрийчуклар бор.

Резолюцияда Россия сиёсий тузуми “жиловланмаган коррупцияга дучор бўлган авторитар режим” томонидан назорат қилинаётгани ва бу режим ҳокимиятни “сайлов натижаларини сохталаштириш” воситасида эгаллаб тургани таъкидланган.

Мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний қамоқхонада вафот этгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда билдирган эди. Расман унинг ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани айтилган. Бироқ Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини иддао қилиб келмоқда.

1 март куни Алексей Навальный Москвадаги Борисов қабристонига дафн этилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Борисов қабристони атрофида полиция назорати кучайтирилди.

Ғазода гуманитар ёрдам олиш учун навбатда турган ўнлаб киши Исроил ҳужумидан ҳалок бўлди

Ғазо шаҳрида 29 февраль куни гуманитар ёрдам олиш учун навбатда турган ўнлаб киши Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида Associated Press агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Аш Шифа касалхонаси ходимларидан олинган маълумотга қараганда, камида 50 киши ҳалок бўлди ва 250 киши яраланди.

Камол Адвон касалхонасига ҳалок бўлган 10 киши ва яраланган 160 киши олиб келинган. Ал Ауда касалхонасига етказилганлардан уч киши ўлган, 90 киши жароҳатланган.

Исроил бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрида Исроил ҳудудига ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдиргани ва 250 кишини гаровга олгани ортидан Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган эди.

Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлгада шу кунгача 30 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирган.

Қатор давлатлар Исроил Ғазода тинч аҳоли ўлимига йўл қўйганини кескин қораламоқда ва бу ҳолатни геноцид сифатида талқин қилмоқда. Исроил эса бу айбловларни рад этиб, ҲАМАС тинч аҳолини тирик қалқон сифатида қўллаётганини айтмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден 26 февралда келаси ҳафтанинг бошларида Исроил ва ҲАМАС оташкесим келишувига эришиши мумкин эканини билдирган эди.

Навальний дафн этиладиган Борисов қабристонида полиция назорати кучайтирилди

Москванинг Борисов қабристони ва унинг атрофида полиция назорати кучайтирилди. Мазкур қабристонга 1 март куни қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальний дафн этилиши кутилмоқда.

Қабристон ва "Борисово" метро бекати атрофини ҳозирдан бошлаб икки-уч полициячидан иборат патрул гуруҳлари назорат қилмоқда. Бу ҳудуддаги ҳар бир фонарга видеокузатув камералари ўрнатилди. RusNews нашрининг ёзишича, бу ерга темир тўсиқлар ҳам олиб келинган.

Полициячилар қабристонга келганларнинг паспортларини текширмоқда ва бу ерга нега келганини суриштирмоқда. "Можем объяснить" телеграм каналининг ёзишича, полициячилар қабристонга келаётганларнинг шахсий буюмларини текширмоқда ва буни "террор амалиётининг олдини олиш амалиёти" сифатида тушунтирмоқда.

Алексей Навальний билан видолашув 1 март куни Москванинг Марьинодаги “Утоли моя печали” черковида ўтказилиши, диний маросимдан сўнг унинг жасади Москва жануби шарқидаги Борисов қабристонида ерга берилиши кутилмоқда.

Аввалроқ сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаётганини билдирган эдилар. Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари тадбирни ўтказишдан бош тортган.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Путин Федерал йиғинга қилган мурожаатида яна “Ғарбни огоҳлантирди”

Федерал йиғинга 29 февралда мурожаат билан чиққан Россия президенти Владимир Путин нутқини Украинага босқин мавзусидан бошлади.

"Россия ҳозир ўз суверенитет ва хавфсизлиги учун адолатли курашни олиб бормоқда", - деган Путин “махсус ҳарбий амалиётни” (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай деб атайди – муҳаррир) “россияликларнинг аксарияти қўллаётгани”ни иддао қилди.

Путин нутқи давомида Ғарб давлатларини яна бир бор кескин танқид қилди. "Ғарб бизнинг ривожланишимизни тўхтатиб қолишгагина интилмаяпти, уларга Россия ўрнига йўқликка маҳкум ҳудуд керак”,- деди Путин.

У сўзида давом этар экан: "Ғарб Россия Европага ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёлғон гапиришда давом этмоқда. Бу алаҳсираш. Украинага НАТО контингентини жўнатиш ҳақида гапира бошладилар. Уларга бизга контингентлар жўнатганларнинг тақдири нима бўлганини эслатамиз. Энди интервентлар учун оқибатлар аввалгиларидан кўра фожиалироқ бўлади. Бизда уларнинг ҳудудларидаги нишонларга зарба бера оладиган қурол бор”, - деди.

Ўтган ҳафтада АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, Британия ва қатор бошқа давлатлар Москвага нисбатан янги санкцияларни жорий этган эди. Жумладан, АҚШ Россияга нисбатан 500 та қўшимча чеклов киритди. Санкциялар Путиннинг ашаддий танқидчиси ўлароқ кўриладиган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоқда ўлгани ва Украинага босқиннинг икки йиллиги муносабати билан киритилди.

Айни пайтда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Associated Press агентлигига берган интервьюсида, ҳарбий иттифоқ Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Столтенберг бу баёнотни Ғарб давлатлари гўёки Украинага қўшин жўнатиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бир пайтда берди.

Федерал йиғинга қиладиган йиллик мурожаатида президент давлат сиёсатининг келажакдаги асосий йўналишлари тўғрисида мужда беради. «Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, Путиннинг бугунги мурожаати «моҳиятан унинг сайлов олди дастурини шакллантиради».

Россияда президентлик сайлови 15 мартдан 17 мартгача ўтказилади. Путин ўз номзодини кўрсатган ва бешинчи марта президентлик лавозимини эгаллашни ният қилган. Қонунчиликка асосан барча номзодлар ўз дастурларини 6 мартгача эълон қилиши шарт.

Европа Кенгаши Украинага 50 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади

Европа Кенгаши биноси.
Европа Кенгаши биноси.

Европа Кенгаши 2024-2027 йиллар давомида Ukraine Facility дастури доирасида Украинага ЕИ бюджетидан 50 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда Европа Кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.

Тасдиқланган ҳужжатга асосан, кейинги тўрт йил ичида ЕИ бюджетидан Украинага беминнат ёрдам қаторида 17 миллиард евро берилади. Қолган 33 миллиард евро эса узоқ муддатли имтиёзли қарз сифатида тақдим этилади.

Европа Кенгаши Украинага бериладиган грант маблағларининг бир қисмини музлатилган Россия активлари ҳисобидан бермоқчи.

Аввалроқ Европа парламенти Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган эди.

Ukraine Facility дастури доирасида Украинага 50 миллиард евро ажратиш тўғрисида Европа Иттифоқига аъзо бўлган 27 давлат лидерлари 1 февралда Брюсселда ўтган саммитда келишувга эришганди.

“Мазкур дастур Украинани барқарор равишда, узоқ муддатга ва кутилган тарзда молия билан таъминлайди. Европа Иттифоқи Украинани дастаклаш бўйича масъулиятни ва лидерликни ўз қўлига олмоқда”,- деди Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель.

Юлия Навальная Европа парламентида нутқ сўзлади

Юлия Навальная ўз нутқида Путинни "криминал гуруҳ лидери" деб атади.
Юлия Навальная ўз нутқида Путинни "криминал гуруҳ лидери" деб атади.

Қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальнийнинг хотини Юлия Навальная 27 февралда Европа парламентида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Россия президенти Владимир Путинни “криминал гуруҳ лидери” деб атади ва унга ҳамда атрофидагиларга нисбатан босимни давом эттиришга чақирди. Навальная нутқини “Настояшчее время” канали трансляция қилди.

Навальная Путин “Алексей Навальнийга ва ажойиб қўшни давлатга нисбатан ҳаракатлари учун жавоб бериши лозим”, деб айтди. “Қўшни давлат” деганда у Украинани назарда тутди. Унинг нутқи Европарламентда гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Навальная Европа сиёсатчиларини Украина ва бошқа масалаларда Кремль билан музокаралар олиб бормасликка, аммо Путин ва унинг атрофидагиларга тааллуқли бўлган молиявий оқимлар юзасидан терговлар ўтказишга чақирди.

“Айнан Путиннинг буйруғи билан Алексейни уч йил қийноқларга солдилар. У ҳар қандай алоқадан, қўнғироқлардан ва хатто хатлардан маҳрум қилинган ҳолда камерада сақланди. Кейин уни ўлдирдилар ва хатто шундан сўнг ҳам унинг жасадини ва онасини таҳқирлашда давом этдилар”,- деди Навальная.

28 февралда Европарламентда Навальний ўлими юзасидан резолюция муҳокама қилина бошланди. Резолюция лойиҳасида Навальнийнинг ўлими қотиллик деб баҳоланган.

Резолюцияда Россия ҳукумати Навальнийнинг дафн маросими ўтказилишига тўсқинлик қилмасликка, Европа Иттифоқи эса сиёсатчига нисбатан суд қарорларини чиқарган ва унинг ўлимига масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирилган.

Иллинойс суди Трамп исмини сайлов бюллетенига киритишни тақиқлади

Трамп Жанубий Каролинада ўтказилган праймеризда.
Трамп Жанубий Каролинада ўтказилган праймеризда.

Иллинойс суди 28 февралда штатда ўтадиган партиялар праймеризда Дональд Трамп исмини сайлов бюллетенидан ўчириб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Судья Трэйси Портер штат сайлов комиссиясининг Трампни овоз беришда иштирок этишига рухсат берувчи қарорини бекор қилди. Судьянинг билдиришича, собиқ президент исёнга ва тартибсизликларга алоқадорлиги ортидан давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари президентлик сайловида Жо Байден ғалаба қилгани тасдиқланишига йўл қўймаслик мақсадида Конгрессни босиб олишга уринганди.

Трамп суд ҳукми устидан бир неча кун ичида юқори инстанцияга шикоят қилиши мумкин. Иллинойсда праймериз 19 март куни ўтказилади.

Дональд Трамп расмий вакили мазкур қарорни чиқарган судьяни сиёсий тарафкашликда айблади. Расмий вакил бу қарор устидан шикоят қилинишини билдирди.

Иллинойс Дональд Трамп исмини овоз бериш бюллетенига киритишни тақиқлаган учинчи штат бўлди. Бундан олдин Колорадо Олий суди ва Мэн штати давлат котиби ҳам мана шундай қарор қабул қилган.

Дональд Трамп бу қарорлар устидан АҚШ Олий судига ариза киритган. Яқин кунларда Олий суд бу масалани кўриб чиқиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Молдова суверенитетини дастаклашини билдирди

Тирасполдаги "Советлар уйи". 2019 йилда олинган сурат.
Тирасполдаги "Советлар уйи". 2019 йилда олинган сурат.

АҚШ тан олинмаган Приднестровье минтақаси Россияга кўмак сўраб мурожаат қилганидан сўнг вазиятни диққат билан кузатмоқда, деб билдирди давлат департаменти расмий вакили Мэтью Миллер.

“Россиянинг Европадаги агрессив ролини эътиборга олган ҳолда, Россиянинг Приднестровьедаги ҳаракаларини ва умуман вазиятни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Қўшма Штатлар Молдованинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегаралари доирасида унинг ҳудудий яҳлитлиги ва суверенитетини дастаклайди. Биз Кишенёв ва Тирасполни Днестрнинг ҳар икки томонида муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш йўлларини излашга чақиришда давом этамиз”,- деди Миллер.

28 февралда Приднестровьенинг россияпараст депутатлари ўзларининг еттинчи съездида Мосвадан минтақани Молдова “босимидан ҳимоя қилиш” илтимоси билан мурожаат қабул қилди.

Тан олинмаган Приднестровье СССР тарқалиб кетганидан бери россияпараст кучлар томонидан назорат қилиб келинади, бироқ халқаро ҳамжамият уни Молдова ҳудуди сифатида тан олади.

Сўнгги марта депутатлар съезди 2006 йилда ўтказилган эди. Ўшанда депутатлар Приднестровьени Россияга қўшилиши юзасидан референдум ўтказиш қарорини қабул қилган. Референдумда Приднестровье овоз берувчиларининг кўпчилиги бу таклифни қўллаган.

Москва Украинага бостириб кирганидан бери Кишинёв Кремль Приднестровьени Одесса йўналишига ҳужум қилиш мақсадида янги фронт қатори қўллашидан ташвиш билдириб келади.

Приднестровьеда Россиянинг бир ярим мингта аскари жойлаштирилган.

Қайта қуриш йилларида СССР ҳукумати раҳбари бўлган Николай Рижков вафот этди

Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.
Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.

1991 йилда тарқалиб кетган СССРнинг собиқ ҳукумат раҳбари Николай Рижков 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.

Рижков қачон ва қаерга дафн этилиши ҳозирча аниқ эмас. ТАССнинг хабар беришича, дума юқори палатаси дафн маросимини уюштириш ва ўтказишда иштирок этади.

Рижков 1985-1991 йилларда Коммунистик партия Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг аъзоси ва СССР Министрлар кенгаши раиси бўлган. Бу СССРда туб ўзгаришларни бошлаб берган қайта қуриш даврлари эди. Бу даврда бозор иқтисодиётига йўл очган муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилган.

Бироқ Рижков раҳбарлигидаги ҳукумат изчил бўлмагани ортидан 1989-1990 йилларда мамлакат кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз тутди.

1991 йилда Рижков РСФСР президентлигига сайловда иштирок этган ва Борис Ельцинга мағлуб бўлган.

СССР тарқалиб кетганидан сўнг у давлат думасида депутатлик қилди. 2003 йилдан 2023 йилгача Федерация кенгашида Белгород вилоятидан сенатор бўлган.

Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG