Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:12

Андижонлик Россиядан 20 йилга бадарға қилинди. Хотини ва 4 боласи Россияда қолди (АУДИО)


Нигора Қурбонова кичик фарзандлари билан
Нигора Қурбонова кичик фарзандлари билан

Россиянинг Тверь шаҳрида оиласи билан қўним топган андижонлик Нурбек Қурбонов Россиядан 20 йилга бадарға қилинди. Ҳозирда Туркияда туриб, 4 фарзанди ва аёлини боқишга уринаётган муҳожир Мосгорсуд ўзига Россияга кириш тақиқлангани сабаблари тушунтиришдан бош тортаётганини билдирди.

Нурбек Россияга киришга тақиқ маҳаллий участка нозири томонидан уюштирилганига ишонишини айтмоқда.

Нурбек Қурбонов ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат Озодлик билан суҳбатда Россия ҳукумати Нурбекни нимада айблаётганини сир тутаётгани ва янги қонунларга биноан бу ҳақда ҳатто айбланувчининг ўзига ҳам маълумот берилмаслигини билдирди.

"Болаларимни 8 ой бўлди кўрмаганимга..."

Туркиянинг Истанбул шаҳридан Озодликка телефон қилган 51 ёшли андижонлик Нурбек Қурбонов асоссиз Россияга киритилмаганини сўзлаб берди.

Нурбек Қурбонов:"Фарзандларимни 8 ой бўлди бағримга босмаганимга"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:33 0:00
Бевосита линк

Нурбекнинг айтишича, у бундан 5 йил олдин Андижондаги уйини сотиб, 4 фарзанди ва аёли учун Россиянинг Тверь шаҳрида эски уй ўрнида том солгани, азоб-уқубатлар билан ўзига ва фарзандларига вақтинчалик яшашга рухсатнома расмийлаштирган:

- Мен 1987 йилдан бери Россияга келиб-кетиб ишлардим. Савдогарлик қилардим, уйланганимдан сўнг – қурилишга кирдим. 2005 йилда Андижонда қўзғолон бўлганда аёлим иккита фарзандим билан “Мени олиб кетинг”, деди. Москвада квартира ижарага олиб яшадик, болаларим мактабга борди. Ҳамма ҳужжатларимиз жойида эди.

Қурбоновлар оиласи Андижонда
Қурбоновлар оиласи Андижонда

2014 йилгача яна иккита фарзанд кўрдик. Уй эгаси ўлиб қолганида, унинг яқинлари чиқиб кетасан, деб ёш боламиз борлигига қарамасдан газ-светларни ўчириб кетишди. Шунда қарз олиб, Андижондаги 3 хонали квартирамни сотиб, 40 минг долларга Твердан оилам учун уй сотиб олдим. Болаларимга “Вид на жительство” қиламан деб, УФМС мени шундай қийнади – умримнинг охиригача эсдан чиқармайман! Охири пулини тўлаб ВНЖ олдик. Болаларимни эса, “регистрацияси тугади”, деб мактабидан ҳайдаворишди.

Андижонлик муҳожир “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти ва шахсан Светлана Ганнушкина кўмагида фарзандларини ўқишга тиклаганини эслади.

Нурбек Қурбонов 2017 йилда маҳаллий миллатчиликнинг яна бир кўриниши қурбони бўлганини гапириб берди:

- Дўстим билан арманилар устахонасига бордик. Мен соқолда, дўппи кийиб юраман. Улар ҳақорат қилди. Гап қайтарсам – 4 кишилашиб уришди, машинамни буклаб ташлашди. Милицияга арз қилсам, аризани қабул қилишмади: Ризвон деган участковой билан устахонага жўнатишди. Участковой уларни таниши экан – “Эркакчиликда бўлиб туради. Машинангни тўлайди, арз қилсанг сени депорт қивораман!”, деб бақирди. Хуллас, мен барибир “Гражданское содействие” кўмагида ариза ташладим. Участковойга берган ҳамма оригинал экспертиза ҳужжатларини йўқ қиворган экан.

2018 йилда оилам билан машинамда Андижонга бордим паспорт алмаштиргани. 2018 йилнинг августида қайтаётиб, чегарачилар мени қўймади Россияга. Шунда мен хотиним ва иккита кичкина боламни автобусда жўнатвордим. Ўзим ўзбек элчихонасига бордим, Белоруссияга киришга уриндим – бефойда. Машинамни сотиб, Туркияга келдим. Бу ерда ҳам ишнинг тайини йўқ. Ўз уйимга боролмасам, болаларимни бағримга босолмасам... Энди Ўзбекистонга кўчиб кетамиз деган мақсадим бор. Бунинг учун мен Россияга кириб, уйимни сотишим керак, деди Нурбек Қурбонов.

Нурбек Қурбоновга Россия чегарасида берилган ҳужжат
Нурбек Қурбоновга Россия чегарасида берилган ҳужжат

Ўзбекистонлик муҳожир Россия ФСБси чегарада унга 20 йилга “запрет” қўйилгани акс этган ҳужжатни Озодликка тақдим этди. У 2018 йилнинг 22 декабрида Москва шаҳар суди ўзининг ёпиқ маҳкамасида бадарға қилиш тўғрисида берилган аризасини қондирмагани ва ФСБ қарорини кучда қолдирганини маълум қилди.

"Нурбек иши ёпиқ судда кўрилди!"

Нурбек Қурбонов ҳуқуқларини судда адвокат Даниил Хаймович ҳимоя қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда у Россия ҳукумати Нурбекни нимада айблаётганини сир тутаётгани ва янги қонунларга биноан бу ҳақда ҳатто айбланувчининг ўзига ҳам маълумот берилмаслигини билдирди.

- Нурбек нимада айдланаётгани ва уни депортация қилиш сабаблари давлат сири экан ва судда уни ҳуқуқларини ҳимоя қилган одам сифатида мендан сир тутиш тўғрисида тилхат олинган. ФСБ бу ишни Москва шаҳар судига ўтказвориб, маҳкамани ёпиб ташлади. Бу давлат сирини мен ҳатто Нурбекнинг ўзига айтишга ҳаққим йўқ экан. Биз суд қарори устидан Олий судга апелляция бердик – март ойларида жавоб чиқиши керак. Афсуски, Нурбек Қурбоновга ўхшаб, депортация қилинганлар жуда кўп. Янги қонунларда одамни шу тариқа тушунтирмасдан бадарға қилиш ҳеч гап эмас! ФСБ бундай ишларни ёпиқ шаклга ўтказиб, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ташкилотлардан яширишга ўтмоқда. Истаган одамингизни қамаш ёки чиқариб юбориш учун жуда қулай! – деди ҳимоячи Даниил Хаймович.

Адвокатнинг фикрича, одатда Олий суд ҳам ФСБ тарафини олиб, шикоятларни қондирмасдан келади. Нурбек Қурбонов иши Олий судда ҳам ўзгаришсиз қолдирилса, Даниил Хаймович навбатдаги шикоят Страсбургдаги Инсон ҳақлари судига юборилишини билдирди.

Кичкина Абубакрнинг Қорбобога ёзган хати
Кичкина Абубакрнинг Қорбобога ёзган хати

Айни пайтда, Озодлик Твердаги Нурбекнинг оила аъзолари жуда қийин аҳволда қолганини аниқлади. Нурбекнинг рафиқаси Нигора Қурбонова ҳали талаба бўлган катта ўғиллари оила боқишга мажбур бўлаётганини айтди:

- Ўғилларим каттаси университетда, кичиги – коллежда. Коллеждагисини сиртқига ўткизволдик, чунки эплолмай қолдик. Ресторанда официант бўлиб ишлайди. Катта ўғлим ҳам соат 5 гача ўқийди, кейин кечаси 3 ларгача ишлайди. Бугун ҳам кечаси келди... Шанба-якшанба куни ҳам ишлаяпти. Тирикчилигимиз шу, - деди Нигора.

Озодлик 8 ойдан буён боқувчисиз қолган Қурбоновлар оиласи билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилга қадар миграция қонунчилигини бузган деб топилган 540 минг хорижлик депортация қилинган, яна 2 миллиондан зиёд муҳожирга Россияга кириш турли муддатларга тақиқланган.

XS
SM
MD
LG