Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 08:53

Россиялик блогер "Путин - афсонавий *****", деб ёзгани учун жазоланди


Блогер Юрий Картижев

Россиянинг Новгород вилоятида яшовчи 34 яшар Юрий Картижев “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида эълон қилган видеоси тагига “Путин - афсонавий ****” (Путин - сказочний *****") деб ёзгани учун 30 минг рубллик жаримага тортилди.

У Россия парламенти томонидан қабул қилинган ҳокимиятни ҳақорат қилганларни жазолаш тўғрисидаги янги қонун бўйича судланган биринчи россиялик бўлди.

Суднинг бу қароридан норози бўлган россияликлар тармоқларда “Путин - афсонавий ******” флешмобини бошлаб юборди.

2019 йилнинг 23 апрель куни Новгород вилоят, Чудово шаҳар суди Малие Вишери шаҳарчасида яшовчи 34 ёшли Юрий Картижевни иккита видеороликни "ВКонтакте"да эълон қилиб, кейин ўзининг YouTube-каналида репост қилгани ва видеоларига “Путин - афсонавий ****” деган тагхат ёзгани учун жавобгарликка тортилди.

“Суд томонидан аниқландики, 2019 йилнинг 31 мартида Картижев Интернет тармоғидаги эркин фойдаланиш саҳифасига инсон қадри ва жамоатчилик маънавиятини ҳақоратловчи ҳамда жамият, давлат, Россия Федерацияси давлат ҳокимияти ваколатли органларини камситувчи иккита видеоёзувни жойлаштиргани учун 30 минг рубль маъмурий жавобгарликка тортилди”, дейилади суд расмий хабарномасида.

Ҳукм чиқарган судья Юрий Картижев давлат органига тенглаштирилган Владимир Путинни ҳақорат қилганликда айбдор топди. Энди блогер бу суммани тўлаш учун пул йиғаётгани маълум.

Новгородлик блогер Россияда ҳукуматни ҳақорат қилгани учун жаримага тортилган биринчи одам бўлди. Жорий йил апрели бошларида “Роскомнадзор” “Путин - ****” деган ёзувли фотосуратни чиқарган қатор сайтларни блоклаганди. Путинни ҳақоратланган, деб баҳоланган фотограффитилар олиб ташланганидан кейин, сайтлар яна ишлашга изн олди.

Озодлик билан суҳбатлашган блогер Юрий Картижев анча йиллардан бери адолатсизликка қарши курашиб келаётгани, “ВКонтакте”даги аккаунти махсус хизматлар томонидан бузилгани ва у ердаги бошқа мазмундаги ёзув ўзгартирилганини билдирди.

- Улар қамоқхона қоидалари бўйича яшашади, қонунлар асосида эмас. Улар менинг саҳифамни ёриб кириб, “Путин - афсонавий ****” сўзларини ёзиб қўйган, ваҳоланки мен у ерда “Путин - афсонавий до***” сўзларини ёзиб, охирига кўп нуқта қўйгандим, дея иддао қилди Юрий.

Судланган Картижев Интернетда кенг тарқалган “Даун Хаус” комедиясидан олинган цитатадан фойдалангани маълум.

Блогер уни судлашга асос бўлган ҳокимиятни ҳақорат қилганларни жазолаш тўғрисидаги қонунни ҳам ноқонуний деб атади ва суднинг бу қарори устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилганини айтди.

Ижтимоий тармоқларда, жумладан Твиттерда, #ПутинСказочный******* флешмоби (флешмобнинг деярли ҳамма иштирокчилари нуқта ўрнига ҳақоратли сўзни ишлатмоқда) авж олиб кетди. Тармоқ акциясига қўшилганлар бу хештег остида мавзуга доир турли ҳазил-мутойибаларни жойлаштириб, уни Твиттернинг топ мавзуларига олиб чиқишга уринмоқда.

Россияда блокланган “Грани.ру” нашри бу жумлани инглиз тилига қандай ўгириш мумкинлиги юзасидан сўров бошлаган бўлса, сиёсатчи Алексей Навалний бу жумлани ўзининг янги дастурида бир неча маротаба такрорлади.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзоси, “Агора” халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Павел Чиков ва политолог Екатерина Шульман Юрий Картижевга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишини билдирди.

Жорий йилнинг 13 мартидан бошлаб россияликларга ўз ҳукуматларини танқид қилиш ёки ҳақоратлаш тақиқланганди.

Янги ўзгартишларга кўра, ижтимоий тармоқларда тилига эрк берган шахс аккаунти блокланиши, жаримага тортилиши ёки ҳатто қамоққа ташланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG