Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2020, Тошкент вақти: 04:07

Ульяновскда полиция бўлимига чақиртирилганидан уч кун ўтиб йўқолган урганчликни яқинлари қидирмоқда


Урганчлик Темур Қурбонов 2018 йилнинг 24 декабрида Димитровградда йўқолган

Россиянинг Димитровград шаҳрида йўқолган 37 яшар ўзбекистонлик Темур Қурбоновни яқинлари қидирмоқда. Озодлик билан суҳбатда Темурнинг яқинлари намозхон бўлган бу муҳожир декабрь охирларида маҳаллий полиция назоратига тушганидан кейин йўқолганини айтди.

Маълум бўлишича, олдинроқ полиция Темурнинг укаси Мансурни Санкт-Петербургда қўлга олиб, Россиядан депортация қилган.

Ульяновск область, Димитровград шаҳрида яшаётган 1982 йилда туғилган урганчлик Қурбонов Темур Одилбековичнинг 2018 йил, 24 декабридан буён қаердалиги номаълум.

Озодлик билан суҳбатда Темурнинг хотини Гулнора Қутлиева Россияга 3 яшар қизи ва эри билан келгани, Новая Маликла қўрғонида яшаб келган амакиси ҳовлисида қайдга турганини айтади.

- Қариндошимизнинг уйига регистрация бўлдик, ҳужжатларни қилдик. РВП (Разрешение на временное проживание - таҳр.) олмоқчи эдик. Яна кирди-чиқди қилдик. Кейин патентларга пул тўлагандан кейин шаҳарда квартира ижарага олдик, хўжайиним “Аврора” мебель фабрикасига токарми, слесарми бўлиб ишга кирди расман. Эрталаб 6 ларда ишга чиқиб кетарди. 2018 йилнинг 21 декабрь куни ишдан қайтиб келди ва “Бизни участковой чақираяпти, срочно боришимиз керак!”, деди. Бориб нима учун шаҳар четидаги регистрация жойимиздан чиқиб кетганимиз тўғрисида тушунтириш хати ёздик. Бизни мобил телефонига расмга туширди. Душанба, 24 декабрь куни эрим ишга чиқиб кетди, аммо ўша куни ишга етиб бормаган. Интернет, телефонлари ўчган, хуллас тополмадик, - дейди Гулнора.

Икки кун ўтиб Гулнора қўл телефонига эрининг номеридан СМС хабар келиб тушганини ёдга олди.

Унда хоразмча шевада “Ассалому алайкум, Гульнор. Ман Питерга срочно кетишимга тўғри келиб қолди. Мансурни проблемаси чиқиб қолибди – ҳаммаси жой-жойига тушганида ўзим телефон қиламан”, деб ёзилган эди. Суҳбатдош аёл турмуш ўртоғи уни ҳеч қачон “Гульнор” деб чақирмагани, ёзиш услуби уникига мутлақо ўхшамаслигини айтди.

Темурнинг укаси Мансур ҳам, Гулноранинг айтишича, декабрь ўрталарида Петербургдаги иш жойида қўлга олинган, ҳозирда суд қарори билан 5 йилга Россиядан депортация қилинган.

Темур Қурбонов бедарак йўқолганидан бир неча кун ўтиб, унинг хотини Гулнора полицияга арз қилган.

- 3-4 кундан кейин қидирувга ариза бердим. Лекин чегарадан чиқмагани аниқланди. Хўжайинимнинг дўсти розискка бермоқчи бўлиб милицияга борганида, “Ўзбекистонлик йўқолди”, деса, “1982 йилда туғилганми?”, деб сўраган милиция ходими. Димитровградда бир масжид бор экан. Хўжайиним шу масжидга бориб турарди, якшанба кунлари араб тилидан дарс оларди, - деди Гулнора Қутлиева.

Темур Қурбоновнинг йўқолганига оид аризани қабул қилган Ульяновск область, Новая Маликла қўрғони полиция бўлими терговчиси Алексей (фамилиясини айтишни истамади) Озодликка иш юзасидан бундай деди:

- Ҳа, хотинидан қидирув тўғрисида ариза олганмиз. Ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ. У одамнинг излари ҳам топилмади. Бу гапни айтган терговчи бошқа саволларга жавоб беришни истамади.

Гулнора Қутлиева ҳозир Ўзбекистон президенти, Россия президенти ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига хат ҳозирлаётганини ҳам билдирди.

Маълум бўлишича, “Аврора” мебель фабрикасида ишлаб келган 37 яшар Темур Қурбоновнинг Ўзбекистонда 4 яшар қизи ва 9 яшар ўғли қолган.

Озодлик 2017 йилнинг апрелида Санкт-Петербург метросида содир бўлган портлаш ортидан шаҳарда ва Россиянинг бошқа минтақаларида кўплаб меҳнат мигрантлари, жумладан ўзбекистонликлар қўлга олингани, бир қанчаси терактга алоқадорликда гумонланиб тергов қилингани, яна бошқалари дом-дарксиз йўқолганини батафсил ёритиб келади.

Бу ҳужумларга алоқадорликда гумонланганларнинг аксари ва уларнинг яқинлари ФСБ назоратидаги тергов ишлари қўпол қонунбузарликлар билан олиб борилгани, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини иддао қилиб келмоқда.

Озодлик Темур Қурбоновни кўрган-билганлардан Озодлик таҳририятига хабар беришни сўрайди.

XS
SM
MD
LG