Линклар

Шошилинч хабар
08 феврал 2023, Тошкент вақти: 18:31

"Муҳожирнинг боласи бўлиш икки ҳисса қийин". Россиядаги ноқонуний мигрант боғчалари


Россиядаги мигрантлар учун давлат боғчасига болаларини жойлаштириш деярли имконсиз. Иллюстратив сурат.

Россияда меҳнат қилаётган юз минглаб муҳожирлар билан бирга уларнинг фарзандлари ҳам болалигидан муҳожирликнинг аччиқ нонини татиб кўрмоқда.

Ишга кетган меҳнат муҳожирининг мактаб ёшидаги фарзанди аксар ҳолларда ўқишдан мосуво қолиб, уйда ота-онасининг келишини кутиб ўтиради. Ёши кичикроқлари эса ё таниш-билишлари ёки "яширин" боғчалардаги энагалар қаровига қолдирилади.

Россияда яшаб келаётган айниқса, мактабгача тарбия ёшидаги болаларнинг на сонига ва на уларнинг яшаш шароитларига оид бирор тадқиқот ўтказилган.

"Жим бўлмасанг яна уради!"

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Россиядаги меҳнат муҳожирлари фарзандлари учун тузилган хуфёна “болалар боғчаси”дан бирида тасвирга олингани айтилган видео тарқалди.

Унда энагалик қилаётган аёллардан бири йиғлаётган болани тинчлантириш ўрнига унинг бошига тепаётганини кўриш мумкин.

Қўл телефонига тасвирга олаётган иккинчи аёл “ҳамкасбига” “тепманг!” деб, болани шу тарзда юпатишга уринади.

“Жим бўлмасанг ҳозир яна уриб ташлайди, айтиб қўяй”, дейди у.

Тасвирда бошқа хоналарда ерга тўшалган матрасларда болалар ётганини кўриш мумкин.

Бундай "яширин" болалар боғчалари Россиянинг меҳнат муҳожирлари кўп бўлган барча шаҳарларида мавжуд. Россияга болалари билан келган мигрантлар фарзандларини бошқа муҳожирларга қолдириб, ишлашга мажбур.

Охирги йилларда мухожирлар фарзандлари билан боғлиқ бундай ҳодисалар кўплаб учрамоқда.

Озодлик ёритган бошқа бир ҳодисада қирғизистонлик 11 яшар қизчани ўз юртидан Москвага бошқа болаларга қараб ўтириш учун олиб келишган. Лекин ўзганлик экани аниқланган бу қизалоқ ўзи ҳам уни олиб келган қариндошлари томонидан мунтазам калтакланиб келинганини жамоатчилик фаолларига сўзлаб берганди.

"Метро бекатидаги боғчалар”

Аҳолиси камайиб бораётганига қарамай, Россиядаги болалар боғчаларида ўринлар етишмаслиги муаммоси мавжуд.

Айрим ҳолатларда россияликларнинг ўзлари фарзандларини боғчага бериш учун йиллаб навбатда туради.

Айрим тадбиркор шахслар эса бу вазиятдан фойдаланиб, болалар учун “боғчалар” ташкил қилган. Антисанитария ва назоратсизлик ҳукм сураётган бу қўлбола “боғчалар”да оз маошга ишлашга рози бўлган истаган одам ишлаши мумкин.

Мутахассислар мигрантларнинг ўзлари мутлақо ҳуқуқсиз бўлиб турган бир пайтда, уларнинг фарзандлари ҳам шундай ҳолатга маҳкум эканини гапиришмоқда.

Меҳнат мигрантлари муаммолари билан шуғулланувчи Суянч.уз гуруҳи раҳбари Жўрабек Амоновга кўра, юзага келган вазиятга мигрантларнинг ижтимоий ҳимояланмагани сабаб.

- Биринчидан, мигрантларимиз ҳужжатсиз юради. Шу сабабли боғчага жойлаштира олмайди. Илгари қўшнига ташлаб кетарди. Ҳозир ҳар бир метрода “боғча” очиб олишган. Бу ишларни кўпроқ ўзида боласи бўлган аёллар ташкил қиляпти. Масалан, 3 хонали квартирани ижарага олади, фақат болаларни сақлашади. Бу нарса анчадан бери мавжуд. Бошқалари болаларини арзон нянкаларга беришади: калтак еб катта бўлади муҳожир боласи.

"Мигрант боласи бўлиш икки баробар қийин"

Мигрантлар ҳуқуқлари бўйича юрист Зарнигор Омонуллаева кўп ҳолларда ота-оналарнинг ўзлари болаларни уришга рухсат бериб қўйган, деган фикрда.

- Россияда давлат боғчасига мигрантларнинг фарзандларини бериш жуда қийин. Имконсиз ҳисоб. Бундан авваламбор демографик инқирози бўлган Россия ютқазяпти. Хусусий давлат рўйхатга олган боғчалар қиммат. Оддий мигрантлар кўтара олмайди. Шунда мигрантлар мажбур болани ўзича уй боғча қилиб олган бошқа мигрантларга беради. Бу аксарият ҳолларда болани Ватанидаги қариндошларига ташлаб келгандан кўра яхши... Лекин болалар ота онасидан бошқа чиндан ҳеч кимга керак эмас... Мигрантлик қийин. Лекин мигрантнинг БОЛАСИ бўлиш унданам қийин. Россиядаги мигрантнинг боласи бўлиш икки баробар қийин, деб ёзди ўзининг Телеграм-каналида Зарнигор Омонуллаева.

Муҳожир аёл болакайни оёғи билан тепаётгани видеосига таниқли ўзбек актрисаси Фируза Сабитова ҳам изоҳ берди.

- Афсуски, шунақа аёллар орамизда бор. Кўриб турибман, видеодаги аёлни “чемпион” деб ном қўйишибди. Уни ҳаққи йўқ, Оллоҳ томонидан албатта жазоси бўлади! Болани ўрганда билингки, таёқ еган болада келажакда турли блоклар пайдо бўлади. Босим остида ўсган болада қўрқувлар пайдо бўлади. Ва бу қўрқув ва блоклар унинг тақдирига жуда катта таъсир қилади. Биз болани урсак ўзимиз билмаган ҳолда заиф ва кучсиз болани ўстирамиз. Бунақа аёлларни ўзларини даволаш керак. Болани урмасдан ҳам тарбияласа бўлади. Биз Совет даврида босим остида катта бўлганимиз етар!

Ўтмишда Россияда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик оналарнинг болаларини сотишга уринган пайт қўлга олингани, болаларини кўча-куйда ёки болалар уйига ташлаб кетган ҳолатлар қайд этилган.

Россия Маориф вазирлигининг 2022 йилга берган маълумотига биноан, мамлакатдаги мактаб ёшидаги 15 миллион россияликлар орасида 140 мингга яқин хориж давлатларидан келган болалар ўқийди.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатга 800 мингга яқин вояга етмаган хорижлик кириб келади. Уларнинг аксар қисмини ўзбек, тожик ва қирғиз мигрантларининг болалари ташкил қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG