Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Миграция эксперти: Мигрантлар Россиядаги вазиятни сергаклик билан кузатмоқда


Профессор С.Н.Абашин Россиянинг миграция масалалари бўйича энг йирик мутахассисларидан бири.
Профессор С.Н.Абашин Россиянинг миграция масалалари бўйича энг йирик мутахассисларидан бири.

Россиянинг Украинага тажовузи боис жорий қилинган санкциялар манзарасида меҳнат муҳожирларининг Россиядан оммавий равишда чиқиб кетиши кутилганди. Биринчи ҳафталарда рус рублининг кескин қадрсизланиши айрим мигрантларни Россияни тарк этишга ундаган эса-да, ҳозирга келиб катта сондаги меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши кузатилмаяпти.

Украинадаги уруш рус жамоатчилиги эътиборини мигрантлар муаммосидан чалғитган, миллатчи рус сиёсатчиларининг аксилмуҳожир оҳангидаги баёнотлари ҳам аввалгидек бот-бот янграётгани йўқ. Рус матбуотида мавжуд муаммоларда мигрантларни айбдор қилувчи чиқишлар камайгани кузатилади.

Москвадаги Олий иқтисодиёт мактабининг Демография институти эълон қилган ҳисоботга кўра, 2022 йилда Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар сони камаймаган.

Келтирилган рақамлардан 2022 йилнинг май ойига келиб Россияда мигрантлар сони қарийб 6 миллион киши экани, ўтган 2021 йилда бу кўрсаткич 5 млн 660 мингни ташкил этганини кўриш мумкин. Тадқиқотчилар Россияда қолаётган муҳожирларнинг 91 фоизини МДҲ, хусусан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганлар ташкил этганини қайд этишган.

Россияда меҳнат мигрантлари умумий сонининг камайиши 2019 йилда коронавирус пандемиясидан кейин бошланганди.

Бироқ социологларга кўра, бошқа мамлакатлардан келаётган хорижликларнинг камайиши манзарасида ўтган бир йилда ўзбекистонлик мигрантлар сони 37% , тожикистонликлар 56% ва қирғизистонлик мигрантлар сони 9 фоизга ошган.

Шу йил февралида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан кўплаб миграция мутахассислари меҳнат муҳожирлари сонининг кескин камайишини башорат қилганди. Ўзбекистон ҳукумати ҳатто мигрантларнинг оммавий ортга қайтиши масаласини муҳокама қилган ва президент Мирзиёев уларга хусусан, қурилиш секторида иш ўринлари яратиш ҳақида ҳукуматга топшириқ берган.

Аммо рақамлар бошқа натижаларни кўрсатмоқда.

Хўш, мигрантлар нега қайтмади? Қандай омиллар уларни Россияда қолиш ундамоқда?


Озодлик бу ва бошқа саволларни йирик миграция эксперти, Санкт-Петербургдаги Европа университети Антропология факультети профессори Сергей Абашинга берди.

- Россияда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ умумий вазият ҳақида қандай фикрдасиз?

С.Абашин
С.Абашин

- Пандемия даври қийинчиликларидан сўнг аҳвол энди ўнгланиб келаётганди. 2022 йил бошидаги воқеалар Россияда миграция учун янгича воқеликни вужудга келтирди: кўплаб корхоналар ёпилди, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида инқирозли вазият пайдо бўлди, орада рубл курси қулади. Мигрантлар муҳитида безовталик бошланди, улар уйга қайтсакми, йўқми, дея тараддудланиб қолишди. Аммо, кўряпмизки, Россияни оммавий тарк этиш кузатилмаяпти. Чунки Россия, ҳарқалай, катта мамлакат, ишчи кучига эҳтиёж бор, мигрантлар эса жуда ҳаракатчан тоифа – улар иш ўринлари ва иш ҳақига қараб бир соҳадан бошқасига ўтиб кетишмоқда.

Иккинчи омил шуки, рубл курси “эпақага келди”, ҳатто февралдаги ҳолатига кўра анча мустаҳкамланди ҳам. Натижада мигрантларнинг даромади кўпайиб, Марказий Осиё республикаларига пул ўтказмалари ҳажми ошганини эшитяпмиз. Лекин инқироз хавфи аригани йўқ, кузга бориб санкциялар таъсири тўлиқ сезилади, деган хавотирлар бор. Мигрантлар вазиятни сергаклик билан кузатиб туришибди.

-Сизнинг-ча, “махсус амалиёт” мигрантлар ҳаётида нақадар акс этди? Россия ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг мигрантларга 20 кунгача расмий рўйхатдан ўтмасдан юриш ва шунга ўхшаш кичик эркинликлар берган эди...

- Бунақа майда имтиёзлар миграцияга дерли ҳеч қанақа таъсир этгани йўқ. Аммо муносабат ўзгаргани рост: “махсус амалиёт”дан олдин миграция масаласи Хавфсизлик кенгаши ваколатига берилган, бу борада қаттиқроқ сиёсат юритилиши кутилаётганди. Бироқ Украинадаги воқеалар бу режаларни кун тартибидан олиб ташлади, ҳозирда меҳнат мигрантлари Россия жамияти, сиёсатчилари, ОАВлари учун бош мавзу эмас.

- Россия кўплаб чет эл ширкатлари мамлакатни тарк этиши натижасида ишсиз қолган фуқароларини ҳозирда асосан, меҳнат мигрантлари эгаллаб турган соҳалар ҳисобига банд қиладиган вазият вужудга келиши мумкинми?

- Россияда вазият қанақа бўлишидан қатъий назар мигрантлар ёппасига мамлакатдан чиқиб кетишмайди, бу ерда иш ҳақи Марказий Осиё республикаларига қиёсан барибир юқори бўлиб қолади. Тўғри, рубл курси тушиб кетса, иқтисодий вазият оғирлашса, меҳнат мигрантлари сони камайиши мумкин, албатта. Аммо улар оммавий кетишига ишонмайман. Дейлик, мигрантларнинг кўпчилиги бошқа мамлакатларга ўтиб кетса ёки ватанига қайтса, бу Россия учун жиддий муаммога айланади. Муаммонинг, назаримда учта ечими мавжуд.

Биринчиси – ишчи кучини Россия фуқаролари ҳисобига таъминлаш. Аммо россияликлар бугун мигрантлар бажариб келаётган ишларда ишлаши учун уларнинг турмуш даражаси кескин тушиб кетиши керак. Қолаверса, Россияда аҳоли ва шунга яраша ишчи кучи камайиб боряпти.

Иккинчиси – Украинадан келган “қочқинлар”ни жалб қилиш.

Учинчиси – бошқа мамлакатлардан меҳнат миграциясини йўлга қўйиш. Яқинда Россия мулозимларидан бири “биз шу пайтгача Россия учун меҳнат ресурслари манбаи сифатида кўрилмаган айрим мамлакатлар, чунончи, Ҳиндистондан ишчи кучини жалб этиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз”, деб айтган эди.

- Одатда меҳнат мигрантларининг аксари сиёсатдан йироқ. Россиянинг Украинага қарши уруши уларнинг қарашларига қандай таъсир қилган, деб ўйлайсиз?

- Менимча, мигрантларнинг аксари барибир сиёсатдан узоқлигича қолади. Чунки улар сиёсат билан шуғулланаман, деб эмас, ишлаб пул топаман, деб келишади Россияга. Сиёсий фаоллик улар учун катта хатар туғдиради. Чунки деярли ҳар бирининг ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолари бор. Қолаверса, улар ҳамиша давлат институтлари, полиция ва жамиятнинг маъмурий ва ксенофобик босими остида бўладилар.

Тўғри, меҳнат мигрантлари орасида ўқимишли, фаол фуқаролик позициясига эга одамлар ҳам бор. Улар сиёсий мавзуларда фикр билдиришлари, ҳатто сиёсий чиқишларда иштирок этишлари мумкин. Лекин, юқорида айтганимдек, мутлақо кўпчилиги Россиядаги сиёсий жараёнлардан ўзини четга олишда давом этади.

- Россия халқаро майдонда яккаланиб қолганидан сўнг ҳукумат вакиллари ва сиёсатшуносларнинг мигрантларга нисбатан риторикаси ўзгардими?

- Риторика ўзгаради, деган умид бор. Лекин айни пайтда бутун сиёсий элитанинг диққат-эътибори Украинадаги воқеалар билан боғлиқ вазиятга қаратилган, мигрантлар мавзуси эса иккинчи, учинчи планга тушиб кетди. Бу мавзу жамиятда мутлақо муҳокама қилинмаяпти, яқин-орада бирон жиддий баёнот бўлганини эслолмайман. Миграция масаласида ҳукумат муносабатини ифодалаб турадиган спикерлардан бири – Жириновский оламдан ўтди, сўнгги воқеалар эса мавзуни сиёсий майдондан суриб ташлади.

Айни чоғда расмийларнинг, полициянинг, аҳолининг меҳнат мигрантларига муносабатида ҳам ўзгариш йўқ. Ва буни тушуниш мумкин: Россия жамиятида маркази осиёлик меҳнат мигрантларига нисбатан ўта ксенофобик қараш мавжудки, вазият бирданига 180 даражага ўзгариши амримаҳол.

Профессор С.Абашин 7 йиллик танаффусдан кейин Тошкентда. 06/22/2022
Профессор С.Абашин 7 йиллик танаффусдан кейин Тошкентда. 06/22/2022

Сергей Абашин - 1987 йилда Москва давлат университетининг тарих факультети, этнография бўлимини тамомлаган.

1990 йилда СССР ФА Этнография инститьтининг Ўрта Осиё ихтисослиги бўйича аспирантурасини тамомлаган ва илмий ходим лавозимига қабул қилинган, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда тадқиқотлар билан шуғулланган.

1997 йилда “Замонавий ўзбек қишлоғида ижтимоий муносабатлар: Фарғона водийси материаллари асосида” мавзусида тарих фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

2008 йилда “Ўрта Осиёда этнографик билимлар ва миллий қурилиш: XIXXXI аср бошларидаги сартлар муаммоси” мавзусида тарих фанлари доктори номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

2009 йилда Саппородаги (Япония) Хоккайдо университетида хорижлик ходим сифатида ишлаган. 2013 йилдан Сергей Абашин Санкт-Петербургдаги Европа университетининг профессори. Асосий тадқиқот мавзуси - миграция масалалари.

Ўзбекистонга киритилмасдан келинган Сергей Абашин 2022 йилнинг 22 июнида ниҳоят Ўзбекистонга борди. 2015 йилнинг 29 августида тарихчи олим Тошкент аэропортидан Москвага сабаби тушунтирилмасдан қайтариб юборилганди.

XS
SM
MD
LG