Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:26

Таниқли рус олими президент виртуал қабулхонасидан олган жавобдан қониқмади


 Тарихчи-олим Сергей Абашин
Тарихчи-олим Сергей Абашин

Россиялик таниқли этнолог, антрополог ва тарихчи олим Сергей Абашин бундан икки йил олдин Ўзбекистонга киритилмагани сабабларини аниқлаш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатига расмий жавоб олди.

Қабулхонадан келган жавоб хатида профессор Сергей Абашин Ўзбекистонда қайдга туриш тартибларини бузгани ва шу боис унинг “Ўзбекистон ҳудудига кириши мақсадга мувофиқ эмаслиги” билдирилган.

Санкт-Петербургдаги Европа Университети профессори,этнография ва миграция масалалари бўйича жаҳонда танилган россиялик олим, "Узбеки" тарихий монографияси ҳаммуаллифи, тарих фанлари доктори Сергей Николаевич Абашин икки йил вақт ўтиб нима сабабдан Ўзбекистонга киритилмаётганини аниқлаганини маълум қилди.

Ўзининг Фейсбук саҳифасида у Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига юборган мурожаатига келган жавоб матнини чоп этди.

Бу масалада Озодлик билан суҳбатлашган Сергей Абашин расмий хатда келтирилган жавобдан қониқмаганини айтади.

- Тўғриси, виртуал қабулхонадан жавоб олганимга таажжубландим. Раҳмат уларга, аммо жавобнинг ўзи мени қониқтирмади. Улар бу хатда менга тақиқ борлигини икки йил ўтиб биринчи маротаба тасдиқлашди. Иккинчидан, улар муаммо менинг Ўзбекистонда қайдга турмаганим билан боғлиқлигини билдирди. Буниси жуда қизиқ, чунки охирги маротаба мен у ерда 2013 йилда илмий анжуманда бўлганман, яъни меҳмонхоналарда қонунан яшаганман. Шу сабабли қайд қоидаларини бузишнинг иложи йўқ эди! 2009 йилда бўлганимда ҳам шу аҳвол эди. Учинчидан, агарда мен регистрация тартибларини бузганимда эди, менинг ҳужжатларимни чиқишда текширган чегарачилар буни кўрарди ва жаримага тортарди, деди профессор Абашин.

Тарихчи-олимнинг фикрича, у охирги маротаба Тошкент шаҳрида 2 кун яшагани ва унга қўйилган “миграция қоидаларини бузганлик” борасидаги айбловларда мутлақо асос йўқлигини билдирди.

- Қолаверса, агарда мен бирор қоидани бузган бўлсам, ўзлари кўрсатган Қонуннинг ўша бандларига биноан, мен ё жарима тўлашим, ёки 1 йилдан 3 йилгача киришга тақиқ олишим мумкин. Бу ерда улар мен қачон қоидабузарлик қилганим, қачондан бошлаб менга тақиқ қўйилгани ва у қачон тугаши тўғрисида ҳеч нарса аниқлаштирилгани йўқ. Агарда менга киришга тақиқ 2013 йилда қўйилган бўлса, демак Қонунга мувофиқ у 2016 йилда тугатилиши керак. 2015 йилда эса мен киришга уринганман ва мени киритишмаган. Кейин, мен неча йилга бадарға қилинганим муддати борасида ҳам лом-мим дейилмаган, деди Сергей Абашин.

Профессор Абашиннинг фикрича, Ўзбекистонда бўлаётган либерал ўзгаришлар фонида унинг мамлакатга киритилмаётгани янги ҳукумат ҳаракатларига шубҳа билан қараш ҳиссини уйғотмоқда.

C.Н.Абашиннинг 2015 йилги депортация қоғози
C.Н.Абашиннинг 2015 йилги депортация қоғози

Суҳбат сўнггида тарихчи олим Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти жўнатган бу хат Шавкат Мирзиёевнинг юқори минбарлардан туриб гапирган гапларига ҳам зид келаётганини маълум қилди.

- Мен яна виртуал қабулхонага ёзиб кўраман. Фақат билмайман – иккинчи маротаба жавоб қайтаришармикан?! Мен кўп йиллар Ўзбекистонга бориб-келиб юрардим, муаммо бўлмаган. Ўзбекистонга қандай хавф туғдиришим мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман. Биз Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни, гапирилаётган риториканинг ўзгариб бораётгани, мулоқот бошланганини кўраяпмиз. Аммо, атиги бир йил бўлди ва бирор хулоса чиқариш эрта, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, мен Ўзбекистон бошқа малакатларга очила боришига ишониб қоламан. Қолаверса, менинг Ўзбекистонга кўп ёрдамим теккан ва яна тегиши мумкин. Мен ўзимни жуда катта одам деб ҳисобламайман ва Ўзбекистон ҳукуматининг киришга рухсати улар томондан қилинган жуда катта “йўқотиш” бўлмаслигига ишонаман, деди профессор Сергей Абашин.

Профессор С.Абашин: Мен виртуал қабулхона жавобидан қониқмадим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:12 0:00
Бевосита линк

Таниқли рус олими Сергей Абашин 2015 йилнинг 29 августида Ўзбекистон ҳудудига киритилмаган ва Тошкент аэропортидан Москвага қайтариб юборилганди.

52 ёшли Сергей Абашин Марказий Осиё халқлари антропологияси ва этнографияси бўйича нафақат Россия, балки дунёдаги энг йирик олимлардан бири ҳисобланади. У Ўрта Осиё халқлари, хусусан, ўзбеклар тарихи ҳақида кўплаб мақола ва илмий рисолалар муаллифидир. Абашин ўнлаб ўрта осиёлик тарихчиларга устозлик қилган.

Кўзга кўринган шахсларнинг Ўзбекистонга киритилмагани илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик 2012 йилнинг феврал охирларида ВВС Жаҳон хизматининг Марказий Осиё бўйича мухбири Наталья Антелава¸ 2012 март ойида учиб борган “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, сентябр ойида учиб борган BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон), 2013 йилнинг июнида қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова ҳам сабаби кўрсатилмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтарилгани тўғрисида хабар берган эди.

2014 йил мартида эса россиялик таниқли фотокорреспондент, мустақил журналист Константин Саломатин Ўзбекистонга киритилмаганди.

XS
SM
MD
LG