Линклар

Шошилинч хабар
23 июл 2024, Тошкент вақти: 03:39

"Нотаниш рақамдан чиқиб, фуқаролик таклиф қилишди". Россия мигрантларни урушга қандай тортаётгани ҳақида


Россия ҳукумати Марказий Осиёдан келган мигрантларни Украинага қарши урушга тарғиб қилишдан тўхтамаяпти. Сўнгги пайтларда уларга қўнғироқ қилиб, Россия фуқаролигини таклиф этишаётгани ҳоллари қайд қилинмоқда. Мигрантларга кўра, мулозимлар уларни Россия фуқаролигига киритиш учун турли йўллар билан босим ўтказишда давом этаётир.

“Менга нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб Россия фуқаролигига киришни таклиф этишди. Илгари бунақа эмасди. Россия паспортини олишга талабгорлар ойлаб, йиллаб сарсон бўларди. Энди вазият буткул бошқача. Чунки мигрантни Россия фуқаролигига кириши билан урушга жўнатишади”.

Россияда ишловчи қирғизистонлик мигрантга бир ҳафта олдин шундай қўнғироқ бўлган экан. У исми сир қолиши шарти билан “Настояшчее время”га интервью беришга рози бўлди.

Занглаган қурол, оч ва яланғоч рус аскарлари. "Дунёнинг иккинчи армияси" қандай урушмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:48 0:00

Мигрантларни кучайтирилган тартибда текшириш май ойи охирида бошланган бўлиб, ҳануз давом этмоқда. Полиция уларни кўча-кўйдан, иш жойидан, уйидан тутиб кетяпти. Кучишлатар ходимлар мигрантлар кўп бўладиган тамаддихоналар, масжидлар ва спорт залларига ёпирилиб кириб, уларни тўдалаб қўлга олаётир.

“Қўлларини бир-бирининг елкасига қўйдириб, сафга тизишади. Эркак-аёл аралаш. Худди қамоқдан хавфли жиноятчиларни олиб чиқаётгандек. Инсон ҳуқуқларини оёқости қилишяпти”, дейди қирғизистонлик мигрант.

Россияда ишлайдиган мигрантлар полициянинг зўравонликлари ортида аниқ мақсад ётганини айтадилар. Марказий осиёликларга Россия армиясига хизматга кириш тўғрисида шартнома имзолашни рўй-рост таклиф қилишмоқда, кўнмаганларни эса турли ҳийла-найранг билан қўл қўйдиришга уринишяпти.

“Тунов куни бир йигитни элтиб қўйдим. Қирғизистонлик экан. Уни Краснодардаги қамоқхонадан урушга жўнатишган. Олти ой урушда қатнашиб, Москвага келибди. Россия паспортини олганга ўхшайди, яна медал ва пул ҳам олган”, ҳикоясида давом этади “Настояшчее время” суҳбатдоши.

2022 йил 21 сентябрда Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик ўтказилиши ҳақида эълон қилган эди. Шундан сўнг юз минглаб Россия фуқаролари мамлакатни тарк этишди. Эндиликда Кремль мигрантларни урушга жалб қилиш учун турли босим ўтказиш усулларидан фойдаланмоқда.

“Масалан, хитойлар ва вьетнамликларга муносабат бошқача. Уларни қирғиз, ўзбек ва тожик мигрантларини қийнагандек қийнашмайди. Чунки бизнинг ҳукуматимиз, давлатимиз заиф. Марказий Осиёдан келган мигрантлар Россияда тинч яшаш, ишлаш учун ҳам паспорт олишга интилади. Аммо уруш яқин бир-икки йилда тугамайди, ҳали анчага чўзилади. Паспорт олганлар мигрантлар эса эртами-кечми, фронтга жўнатилади”, дейди қирғизистонлик мигрант.

Россия-Украина: Урушнинг тасодифий қурбонлари - мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

“Важние истории” нашри ҳамда Conflict Intelligence Team томонидан ўтказилган тадқиқот сафарбарлик йўли билан урушга йўлланган ҳар беш россияликдан бири фронтда икки ой ўтар-ўтмас ҳалок бўлганини кўрсатади. Урушга жўнатилган марказий осиёликлар одатда фронтнинг олдинги чизиғига ташланади, деган хабарлар бор.

“Мен юк ҳам ташиб тураман. Бир куни 20-25 ёшлар чамалик йигитга буюртма қилган мотоциклини етказиб бердим. У бир йил урушда бўлган экан. “Сиз бўлган жойларда қирғиз, ўзбек ёки тожик миллатига мансуб одамлар ҳам бор эдими?” деб сўрадим. “Йўқ, бизнинг отрядимизда фақат руслар бор эди”, деб жавоб берди. Мен яна: “Одамлар 1-2 ойдан сўнг ўлиб кетишяпти, жасадлари келяпти”, дедим. У эса: “Бизни оғир жанглар бўлаётган ҳудудларга жўнатишмади. Биз айти-мутахассислармиз”, деди. Жанг майдонида бўлмаган, порох ҳидини ҳидламаган йигит экан. Уларнинг сиёсати шунақа. Ўзлариники аяшади, жаҳаннам қаърига бизга ўхшаган мигрантларни, бурятларни жўнатишади”, дейди қирғизистонлик.

Россия ҳукумати армия билан шартнома имзолаганлар сони 300 минг кишига етганини маълум қилган эди. Янги йилгача яна 120 минг кишини шартномавий ҳарбий хизматга олиш режаланган.

Британия разведкасига кўра, Россия ҳукумати 2023 йил майдан бошлаб марказий осиёлик мигрантларни урушга жалб қилишга зўр бермоқда. Уларга Россия фуқаролиги ва мўмай пул ваъда қилиняпти.

Форум

XS
SM
MD
LG