Линклар

Шошилинч хабар
23 феврал 2024, Тошкент вақти: 19:49

"Қамоқдан чиқишим керак эди, бошқа нарсани ўйламасдим". "Вагнер" сафида жанг қилган ўзбек маҳкум ҳикояси


Видео скриншоти.
Видео скриншоти.

Украинада марказий осиёлик мигрантлар Россия тарафида жанг қилмоқда: уларнинг аксари – Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган собиқ маҳкумлар, аммо ўз ихтиёри билан ёлланганлар ҳам бор.

Маҳкумлар – олти ойдан сўнг озодликка чиқиш имконияти туғилганига қизиқиб қўлларига қурол олишган бўлса, ихтиёрий ёлланганлар бунга Россия фуқаролигига киришнинг осон йўли ва, албатта, пул топиш имконияти деб қарашмоқда. Ўз ватанларида – Ўзбекистонда, Тожикистонда ва Қирғизистонда бундай хатти-ҳаракат “ёлланиш” дея баҳоланиши ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги уларни фикридан қайтара олмаяпти.

Дилшод – Украина урушида иштирок этган Ўзбекистон фуқароси: у “Вагнер” ХҲШ таркибида Россия учун жанг қилган. Россияда судланиб, қамоққа тушган ва муддатидан олдин озод бўлиш учун фронтга жўнаган. Дилшоднинг омади бор экан – ўлмади, ярим йилдан сўнг фронтдан тинч ҳаётга қайтди. У Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳаётини ёритувчи “Мигрант.Медиа” лойиҳаси журналистларига ўз саргузаштларини сўзлаб берди.

Украина урушида Россия томонида жанг қилган ўзбекистонлик собиқ маҳбус билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:32 0:00

Дилшод Россияга ишлагани келганида коронавирус пандемияси ҳали бошланмаганини айтади. Йигит пандемия туфайли Москвада ишсиз қолиб кетади, чегаралар ёпилгани учун уйига ҳам қайта олмайди. Ноиложликдан курьер бўлиб ишлашга рози бўлади, бироқ биринчи кундаёқ қўлга олинади: у манзилга етказиши керак бўлган пакет ичидан қорадори топилади. Ўзбекистонликни гиёҳванд моддалар савдосида айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум қиладилар.

Ўзи айтишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан бир неча бор ёрдам сўраган, ватанига экстрадиция қилишларини илтимос қилган, аммо жавоб ололмаган. Шундан сўнг хоҳ қонуний, хоҳ ноқонуний бўлсин, қамоқдан қутулишга қарор қилган.

Мен туш кўряпман, мен аслида бу ерда эмасман, деб ўзимни овутишга уринардим. Ҳанузгача у ёқларда бўлган воқеаларни эсламасликка ҳаракат қиламан...

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг кўп ўтмай у ўтирган колонияда “Вагнер” ХҲШ тавочилари пайдо бўлади: улар маҳкумларга штурмчи отрядлар таркибида олти ой жанг қилиш эвазига озодлик ваъда қиладилар.

Дилшод кўп ўйлаб ўтирмай рози бўлганини айтади: ўша пайтда йигит жазо муддатининг атиги 2 йилини ўтаб бўлган, яна 10 йил “ўтириши” керак эди. У 10 йиллик умрини панжара ортида кечиришни истамайди.

“Оилада ёлғиз ўғилман. Ота-онамнинг кўз ёшлари юрагимни эзиб юборди... Бўлганича бўлар, дедим. Чиқишим керак эди, бошқа нарсани ўйламасдим. Урушга боришга қарор қилдим. Нима бўлиши мени қизиқтирмасди. Калламда биргина фикр бор эди – озодликка чиқиб, ота-онамни кўриш”, дея ҳикоя қилади Дилшод.

Шартнома имзолаганидан кейин Дилшод бир ярим ой ҳарбий тайёргарликдан ўтади, сўнгра Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрига жўнатилади: “Вагнер” ХҲШ ушбу шаҳар учун кўп ойлар қақшатқич жанглар олиб борган.

“Менга “АГС” деган қурол (советларнинг 30 мм калибрли автомат гранатомёти) беришди, пулемётдан каттароқ нарса эди. Уни қўлимга олгач, ўзимни бу шаҳарнинг жиноятчисидек ҳис қилдим. Менга ўйинчоқ беришди, деб ўйладим. Қўлимда ростакам қурол ушлаб турганимга ишонгим келмасди. Урушни шахмат тахтаси деб тасаввур қиладиган бўлсак, мен худди асп каби эдим. Вазифам – сакраб, қуролдан отиш эди”, ҳикоясида давом этади Дилшод.

Бахмут учун жангларда ниҳоятда кўп қон тўкилади, бироқ Россия талафотларга парво қилмайди: “Вагнер” ХҲШга нима қилиб бўлса-да, шаҳарни ишғол этиш буюрилган эди. Турли маълумотларга кўра, Бахмут учун кечган жангларда қарийб 20 минг ёлланма аскар, асосан маҳкумлар ҳалок бўлган. Дилшод ўзи ўтирган колонияда у билан бирга 93 маҳкум “Вагнер” билан шартнома имзолаганини, шундан фақат ярмидан камроғи омон қолганини айтади.

“У ёқда фақат ўликларни кўрасиз. Тасаввур қилиш қийин. Бунақа бўлиши етти ухлаб тушимга кирмаганди. Кимнингдир жигарбандлари ҳалок бўлаётганини кўриш жуда оғир. Мен туш кўряпман, мен аслида бу ерда эмасман, деб ўзимни овутишга уринардим. Ҳанузгача у ёқларда бўлган воқеаларни эсламасликка ҳаракат қиламан... Истамайман эслашни!” дейди Дилшод урушда кўрган-кечирганлари ҳақида сўзларкан.

“Вагнер” қамоқхонадан ёллаган яна бир ўзбек муҳожири дараксиз кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:43 0:00

Олти ойдан сўнг Дилшод, ваъда беришгани каби, афв этилади ва тинч ҳаётга қайтиб, қора ишчиликни давом эттиради. Россия ҳукумати унга фуқаролик ва орден беради. Пул беришмайди, чунки бу ваъда қилинмаганди. Фақат озодлик ваъда қилинганди.

“Бегона юрт учун урушиш ва бегона юрт қаҳрамони бўлиш ғалати туюларкан. Биз илгари жиноятчи эдик. Энди бўлса бизни қаҳрамон деб эълон қилишди”, дейди йигит янги аҳволига ақли бовар қилмай.

Дилшодга кўра, ҳозирда Россия қамоқхоналарида минглаб Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари мавжуд. Ўзбекистонликларни жазо муддатини ўташ учун ватанларига жўнатишмайди, чунки икки мамлакат ўртасида тегишли битим йўқ. Бу Ўзбекистон фуқароларини Россиядаги маҳкумларни урушга жалб этувчиларга осон ўлжа қилиб бермоқда.

“Мен президентимиздан Россия қамоқхоналаридаги ватандошларимизни мамлакатимизга олиб келишни илтимос қилган бўлардим. Бу ерда уларнинг қариндошлари, яқинлари йўқ. Улар азоб чекишини хоҳламайман. Қанча керак бўлса, шунча жазо беришсин, лекин жазони ўз ватанларида ўташсин!” дейди Дилшод.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, бошқа давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят саналади. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини бу ҳақда бир неча марта огоҳлантирган эди. Шунга қарамай, ОАВлар Россия тарафида Украинага қарши урушган ўзбекистонликлар ҳақида бот-бот хабарлар бериб турибди.

Форум

XS
SM
MD
LG