Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 13:33

Петербургда икки ўзбекистонлик аёл бола ўғирлаганликда айбланмоқда


Сурат иллюстратив ( расмдаги чақалоқнинг бу воқеага алоқаси йўқ).

Петербургда болалар шифохонасидан салкам бир ойлик ногирон чақалоқни ўғирлаб кетганликда айбланаётган икки ўзбекистонлик аёл қўлга олинди. Айтилишича¸ бола ўғирлангани тўғрисидаги ариза билан полицияга гўдакнинг онаси мурожаат қилган.

Икки ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

2018 йилнинг 18 ноябрида Санкт-Петербург полициясининг Жиноят-қидирув бўлими ходимлари ўтказган амалиëт натижасида 55 ва 36 ёшли икки аёл ҳибс этилди.

Ўзбекистон гражданлари экани аниқланган она-қиз шу йилнинг 16 октябрида Петербургнинг Авангардная кўчасида жойлашган 1-сонли Болалар шифохонасидан бир ойга тўлмаган чақалоқни фирибгарлик йўли билан олиб чиқиб кетганликда айбланмоқда.

Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Сергей Капитонов Озодликка аёлларнинг ҳибсда экани, тергов ишлари давом этаётганини билдирди:

- Уларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 126- моддаси 2-қисми, яъни “одам ўғирлаш” асосида жиноят иши қўзғатилди.Тергов иши тугаллангани йўқ, шу боис бошқа тафсилотлар ва жиноятда айбланаётганлар шахси борасидаги маълумотлар сир тутилмоқда, деди Сергей Капитонов.

Терговни олиб бораётган шаҳар Красносельский туман Тергов қўмитаси бўлинмасидан олинган дастлабки маълумотларга биноан, 16 ноябрь куни Петербургнинг полиция бўлимларидан бирига 24 ёшли ўзбекистонлик аёл боласи йўқолгани ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган.

Аризада ëзилишича¸ шу йил 20 сентябрида шаҳарнинг Орджоникидзе кўчасидаги туғруқхонада туғилган қиз чақалоқда юрак хасталиги борлиги аниқлангач¸ у Авангардная кўчасидаги 1-сонли Болалар шифохонасига ўтказилган.

Онага кўра¸ 14 ноябрь куни икки таниш аёл чақалоқни реанимация бўлимидан ўғирлаб кетган.

"Бола ўғирлаш" операцияси

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор ўзбекистонликларнинг Озодликка айтишича¸ чақалоқ ўғирланишига қўлга олинган 36 ва 55 ёшли аёл ҳамда ëш она ўртасидаги келишув сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, сентябрь ойида Орджоникидзедаги 9-сонли туғруқхонага шифокорларга 36 ёшли ўзбекистонлик аёлнинг ҳужжатларини тақдим этган 24 яшар аёл ётқизилган.

Аёллар ўртасидаги келишувга кўра, 24 яшар аёл қорнидаги боласини 36 яшар бепушт аёлга беришга розилик берган. Бунинг эвазига ёши катта икки аёл Россияда нолегал ҳолатда бўлган гўдакнинг онасига Петербургда ҳужжатларини тўғрилаб бериш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган.

Бироқ, юрак ҳасталиги билан туғилган боланинг бошқа шифохонага ўтказилиши жиноятда айбланаётганларнинг режаларини чиппакка чиқарган - узоқ кутишни истамаган 36 яшар аёл 55 яшар онаси билан бирга Авангардная кўчасидаги касалхонада ётган чақалоқни олиб кетишга қарор қилади.

Гўдак унинг номига расмийлаштирилганини билган 36 ёшли аёл петербурглик шифокорларга ҳужжатларни кўрсатиб, ҳеч қандай муаммоларсиз чақалоқни олиб чиқиб кетган.

Алданганини тушунган 24 яшар ўзбекистонлик аёл эса полицияга арз қилган ва 18 ноябрь куни фирибгарликда айбланаётган муҳожирлар қўлга олинган.

Красносельский туман Тергов бўлими ходимлари ушланганларнинг қаллоблик, одам ўғирлаш ва ҳужжат қалбакилаштиришда айблаётганини маълум қилди.

Терговчиларга кўра¸ жиноятлари судда ўз исботини топса, бола ўғирлашда айбланаётган ўзбекистонлик она ва унинг қизига 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Ҳозирча Россияда ноқонуний яшаб келаётгани аниқланган чақалоқ ва унинг онаси эса бола аҳволи яхшиланмагунига қадар шифохонада қолиши ҳам айтилди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG