Линклар

Шошилинч хабар
09 июл 2020, Тошкент вақти: 06:17

Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекларнинг яна 500 нафари транзит йўлаги орқали Ўзбекистонга қайтмоқда


Қозоғистон чегарадан машиналар ўтишига рухсат бермагани боис ҳайдовчилар автомобилларини трейлерларга ортишди

19 май куни Россия- Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган яна 500 ўзбекистонлик чегарадан ўтказилди. Кеча чегарадан ўтказилган 600 ўзбекистонлик 10та автобусда олиб кетилганди.

Қозоғистон чегарада икки ҳафтадан буён уйига қайтиш учун тўпланиб турган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб берди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан ўзбек муҳожирларига чегарадан ўтишга рухсат берилган.

Россиянинг турли ҳудудларида яшовчи ўзбек муҳожирлари 30 апрелдан бошлаб Қозоғистон чегарасига йиғила бошлаган эди.

19 май: 500 муҳожир чегарадан ўтказилди

Сешанба куни Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда вақтинча яшаётган ўзбек муҳожирларининг қолгани ҳам чегарадан ўтказилди.

Расмий маълумотга кўра, Россиянинг Оренбург областидаги “Маштаково” чегара пунктидан 18 май куни 600 нафар ўзбек муҳожири, 19 майда эса яна 500 ўзбекистонлик Қозоғистонга ўтказилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Россия ва Қозоғистондаги элчихоналар кўмагида чегарага тўпланган ватандошлар рўйхати тузилган.

Қозоғистон истисно тарзида очган транзит йўлагидан фақат ушбу рўйхатга кирган жами 1100 ўзбекистонлик ўтказилмоқда.

“Маштаково” пунктидаги ўзбек муҳожирларидан бирининг 19 май куни туш пайти Озодликка айтишича, улар Қозоғистон чегарасидан ўтказилган:

"Биз кеча яна лагерда қолдик. Бугун эрталаб Ўзбекистондан яна 10та автобус келди. Автобуслар келгач, бизларни чегарадан ўтказа бошлашди. Автобуслар чегарадан рўйхатдаги ҳамма ўтиб бўлгач, колонна бўлиб, кетар экан. Шунга энди бошқаларни кутиб ўтирибмиз".

Машинаси билан уйига қайтаётган ўзбек муҳожирига кўра, у автомобилини трейлерга ортган, ўзи эса Ўзбекистондан келган автобусда кетади:

"Қозоғистон машиналар билан ўтишга рухсат бермагач, биз 40 минг рубль (тахминан 550 доллар) дан пул тўлаб, трейлер ёлладик. Ҳозир машиналарни трейлерга юклаб бўлдик. Энди чегарага бориш учун Газелни кутяпмиз. Автобус бизларни кутиб туришини айтишди. Бир неча киши трейлерга пули йўқлигини айтиб, Москвага қайтиб кетди".

Чегарага тўпланган ўзбек муҳожирлари вақтинча яшаши учун лагерлар ташкил қилинди
Чегарага тўпланган ўзбек муҳожирлари вақтинча яшаши учун лагерлар ташкил қилинди

18 май: 600 муҳожир чегарадан ўтказилди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, “Маштаково” чегара назорат пунктида тўпланган ўзбек муҳожирлари учун истисно тарзида 18-19 май кунлари транзит йўлаги очиб берилган.

"Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон томони чегарага тўпланган ўзбекистонликлар борасида расман мурожаат қилди. Айни дақиқаларда уларни чегарадан ўтказиш бошланди", деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси 18 май куни Тошкент вақти билан соат 15:30да.

“Маштаково” чегара пунктидаги ўзбек муҳожирларидан бирига кўра, уларни олиб кетиш учун 18 май куни Ўзбекистондан 10та автобус келган:

"Чегарадан одамларни ўтказиш 18 майда туш пайти бошланди. Россия томони Газел машиналарига одамларни ўтказиб, чегара яқинига олиб боришди. Уёғига чегарадан пиёда ўтгач, автобусларга миндириб олиб кетишяпти. Жами 600 нафар одам чегарада ўтди. Ҳаммамизни 10та автобусга чиқариб, колонна қилиб олиб кетишяпти. Лекин яна 500 одам чегарада қолди. Уларни лагерга жойлаштиришди. Эртага яна Ўзбекистондан автобуслар келиб, қолганларни ҳам олиб кетишар экан. Автобусга пул бермадик, текинга олиб кетишяпти".

Машинаси билан уйига қайтаётган ўзбек муҳожирига кўра, чегарадан фақат одамлар ўтказилган, бироқ автомобилларга рухсат берилмаган:

"Машинаси борлар қолдик. Қозоғистон машиналарни ўтказишга рухсат бермади. Чегарадан фақат катта трейлерлар ўтиши мумкин экан. Ҳозир йигитлар пулга трейлер гаплашаяпти. Машиналарни трейлерлар орқали олиб кетамиз. Трейлерга пул бергиси келмаганлар Москвага қайтиб кетяпти".

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 18 май кечқурун эълон қилган хабарга кўра, 2 кун давомида “Маштаково” чегарасидан жами 1100 нафар ўзбекистонлик олиб келинади:

“Ватандошларимизнинг Россия-Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб келиш истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган. Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз”.

Вазирликка кўра, 1100 ватандош Ўзбекистонга олиб келингач, 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Озодлик дастлаб 30 апрель куни Россиянинг турли минтақаларида гуруҳ бўлиб тўпланган муҳожирлар енгил машина ва автобусларда Россия-Қозоғистон чегараси томон колонна бўлиб йўлга чиққани ҳақида хабар қилган эди.

Пандемия чекловлари боис чегаралар ëпиқ қолаëтгани ортидан ўзбек муҳожирлари Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланиб қолди.

Озодлик чегарада қолиб кетган ўзбек муҳожирлари вазиятини мунтазам кузатиб борди.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Озодлик орқали ҳукуматга мурожаат қилиб, Қозоғистон орқали ватанларига қайтишлари учун коридор очиб беришни илтимос қилган эди.

Россия-Қозоғистон чегарасига йиғилган ўзбекистонликлар Мирзиëевдан транзит йўли очиб беришни сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:14 0:00

Ўтган ҳафта Қозоғистон ​Миллий хавфсизлик қўмитаси¸ агар Ўзбекистон Россия билан чегарада тўпланган юзлаб ўзбек муҳожири учун транзит йўлаги сўраб мурожаат қилса, улар чегарадан ўтказилиши мумкинлигини айтган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан 18 май куни олинган маълумотга кўра, вазирликнинг Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазият бўйича Республика махсус комиссиясига мурожаат қилган. Комиссия қарорига биноан, чегарадаги ўзбекистонликлар учун транзит йўлаги сўраб Қозоғистонга мурожаат қилинган.

Айни пайтда Самара вилояти Большечернигов туманида ҳам ўнлаб ўзбек муҳожири Ўзбекистонга қайтиш учун чегаралар очилишини кутиб турибди.

ТАССнинг хабар беришича, Самарадаги ўзбек муҳожирлари учун лагерь-обсерватор ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG