Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2022, Тошкент вақти: 07:14

Рубль кўтарилди. Ўзбекистонлик мигрантларни олдинда нима кутмоқда?


Миграция мутахассислари Ғарб санкциялари боис Россияда авж олаётган ишсизлик ва рубль қадрининг тушиши мигрантларни бошқа ўлкаларга кўчиш ёки ватанларига қайтишга ундашини тахмин қилмоқда.

Бироқ охирги ҳафтада Россия ҳукумати киритган молиявий чекловлар туфайли доллар ва еврога бўлган талаб кескин тушди ва рубль бироз барқарорлашди. Аммо таҳлилчилар узоқ муддатда вазиятнинг ёмонлашишини башорат қилмоқда.

Рублга ишонаётган мигрантлар

Чироқчилик 28 яшар Самандар Эгамбердиевнинг асли касби санъатшунос.

У Ўзбекистонда ўз мутахассислиги бўйича ишлаган, аммо маош камлиги уни иш излаб Россияга йўл олишга мажбур қилган. Россияда экан, режиссёрлик курсларида ҳам ўқишни кўнглига туккан Самандар учун меҳнат муҳожирлиги узоқ давом этмади.

Украинадаги урушнинг илк ҳафталарида Россия рублининг кескин қадрсизланиши ортидан у ватанига қайтди.

- Мен охирги 3-4 ой Россиянинг Сочи шаҳрида декорациялар қилдим, буюртмага фильм олдим. Кейин қурилишда ишладим. Минг долларлик ойлигим ярмига тушиб кетди. Патент тўлаш, еб-ичиш, йўлкира... Ва уруш сабабли қайтиб келдим. Атрофдагиларим аксари урушга салбий муносабатда эди. Лекин баъзилари рублга ишониб, ишлашни давом этяпти. Лекин мен билган 60-70 фоиз мигрант ватандошларимиз қайтиш истагида. Тасаввур қилинг, сиз ишлаяпсизу, ишлаган ойлигингиз ярмига тушиб қоляпти уруш бошланганидан кейин. Мигрантларнинг асосий мақсади пул топиш, пул ярмига тушганидан кейин ҳамма норози бўлади-да! Мен у ерда киномактабда ўқимоқчи эдим, қайтиш ниятим йўқ эди. Лекин бунақа Россиядек фашист мамлакатда ўқишни истамайман мен! Россия орзулар мамлакати эмас биз учун.

Миграция эксперти: "Инқироз ҳали олдинда"

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилнинг 1-чорагида 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида хабар берди. Расмий хабарда айтилишича, биргина март ойининг ўзида Россиядан 50 минг мигрант Ўзбекистонга қайтган.

Тожикистон Меҳнат вазирлиги ҳам 2022 йилнинг биринчи уч ойида мамлакатга 60 минг ишчи қайтгани ва бу ўтган йилга нисбатан 2,6 баробарга кўп эканини хабар берди.

Ташқи меҳнат миграцияси ўтказган сўровномага кўра, 40 фоиз фуқаро ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.

Бироқ охирги бир ҳафтада Россия ҳукумати киритган молиявий чекловлар туфайли доллар ва еврога бўлган талаб кескин тушиб кетди. Натижада бир доллари 120 га етган рубл охирги пайтларда яна барқарорлаша бошлади.

“Мигрант.моби” портали асосчиси, миграция эксперти Ботиржон Шермуҳаммад рублнинг барқарорлашиши қайтаётган муҳожирлар сонини кескин камайтирди, дейди.

Бироқ у Россиядаги инқироз вазияти ҳали тўла намоён бўлмаган, иқтисодий таранг ҳолат бироз кейинроқ юзага келиши мумкин, деган фикрда.

Б.Шермуҳаммад
Б.Шермуҳаммад

- Бундай ҳолатнинг юзага келишига асос бор эди. Биринчидан, рубль қадрининг тушиб кетгани ва Россияда ишлашнинг муҳожирлар учун қизиғи қолмагани. Иккинчиси, феврал ойи охирларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзининг телеграм каналида мигрантлар орасида сўров ўтказди. У ерда қатнашганларнинг деярли 40 фоизи Россиядан қайтиш нияти борлигини билдирган. 15 фоизи ишсиз қолгани учун, 25 фоизи эса рубль курсининг кескин тушиб кетган сабабли қайтиш ниятини билдирган. 40 фоиз жуда катта сон бўлади, дейилган. Ҳукумат ҳам шунга тайёргарлик кўраётганини айтганди. Ҳатто президент ўша селектор йиғилишида қўшимча 100 минг ишчи ўринларини яратишга буйруқ берди. Ҳозирги кунда қанча одам келганини ўлчаб берадиган тизим йўқлиги учун сонини айтиш қийин. Фақат ўша чегарадан ўтганларни ҳисобини олиш мумкин. Улардан қачаси меҳнат муҳожири, қанчаси ўз иши билан борган – айтиш қийин.

Миграция эксперти рублнинг охирги ҳафтада мустаҳкамланиши қайтаётган муҳожирларни шаштидан қайтарган бўлиши мумкин, деган фикр билдирди:

- Йил бошидан бери 133 мингдан зиёд муҳожир Россиядан қайтганлиги айтилди. Лекин биз билганлар орасида жиддий қайтиш ҳақида гап йўқ – одамлар тармоқларда ишчиз-пулсиз қолганлар қайтиш ниятини билдиряпти. Лекин охирги кунларда рубл курсининг мустаҳкамланиши Россиядаги муҳожирларнинг ишлашга қизиқишини оширди. Шу сабабли кимдир қайтиш ниятидан қайтган бўлиши мумкин. Қиска вақт ўтди, бу вақт ичида жиддий ва кескин қарор қабул қилишга етарли бўлмаслиги мумкин. Бошқа томондан кўплаб савдо марказлари Ғарбдан келган компаниялар кетгани боис ёпилиб кетяпти, бу бевосита меҳнат мигрантларига таъсир қилади. Чунки уларнинг кўпи «Ашан» ёки шу каби савдо марказларида ишлайди. Бирор бир қурилиш компаниясининг 2-3 объекти бўлса, тугалланиши яқин бўлган қурилиш объектларига барча кучларини шунга ташламоқда. Яъни янги объектларга инвестиция йўқ! Яқин келажакда кўплаб соҳаларда ишларнинг камайиши, кўпчиликнинг ишсиз қолиши кутиляпти.

Россия мигрантларни тўхтатишга уринмоқда

Россия ҳукумати меҳнат мигрантларининг оммавий кетиши мавжуд ишлаб чиқариш соҳалари коллапсини юзага келтириши мумкинлигини англаган ҳолда, жавоб чораларини кўришни бошлаган.

Муҳожирларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олиш учун Россия ишчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги усулларини топмоқда. Хусусан, Санкт-Петербург аҳолисининг меҳнат ва бандлик қўмитаси раиси Дмитрий Чернейконинг айтишича, Россиянинг шимолий пойтахтида биринчи марта келган мигрантлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари 30 дан 14 кунгача қисқартирилди. Қайта келганлар учун эса бу муддат ҳатто 5-7 кунгача қисқартирилгани айтилди.

Бундан ташқари, Россияда чет эл ватандошлари бармоқ изларини қайд этиш, суратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтиш талаблари кенгайтирилган эди. Бироқ, 1 мартдан бошлаб коронавирус анализларини топшириш талаби зарурий ҳужжатлар рўйхатидан чиқарилди. Шунингдек, Россия Ўзбекистонга рублда пул ўтказмаларини юбориши мумкинлиги эълон қилинди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек муҳожирлари Россиянинг турли минтақаларида маош бермаслик ёки ойликни кечиктириш ҳолатлари ортаётгани тўғрисида хабар қилишмоқда. Русларнинг айрим марказий нашрлари “ўзбек-тожик гастарбайтерлари” ўрнига Украинадан келган “славян”ларни ишга ёллашга чақириқлар пайдо бўлганига эътибор қаратмоқда.

Юз минглаб марказий осиёлик мигрантлар санкциялар остидаги Россияни тарк этаркан, Путин ҳукумати Украинанинг бўлгинчи ЛХР, ДХР ҳудудларидан бўлган аҳолига патентсиз ишлашга рухсат берди.

Ишсизлар сонининг Россия меҳнат бозорида кўпайиши муҳожирлар ўртасида иш жойи учун курашларни ҳам авж олдиргани айтилмоқда.

Апрель бошида Москвада меҳнат муҳожирлари ўртасида содир этилган муштлашувда иштирок этганликда гумонланган 41 тожикистонлик ва 85 ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 6 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расман маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Москвадаги “Сердце столици” турар жой мажмуаси қурилиши ҳудудида мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир этилгани ва воқеа жойига етиб келган полиция 125 кишини қўлга олгани хабар қилинганди.

Мигрантларнинг қайтиши Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда меҳнат бозорида ҳам жиддий ўзгаришларни келтириб чиқариши табиий.

А.Ташанов
А.Ташанов

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам ҳозирча Ўзбекистон ичкарисида муҳожирларнинг оммавий қайтиши кузатилмаётганини айтади:

- Агар ўзбек муҳожирлари оммавий тарзда қайтадиган бўлса, албатта, ишсизлик кўлами каттариши мумкин. ОАВда ҳозирча муҳожирларни қабул қилиш учун бирор режалар ҳақида гапирилганини кўрганимиз йўқ. Ҳар ҳолда, ўша эҳтимолий вазиятга Ўзбекистон ҳукумати тайёрланаётган бўлса керак, деган умиддамиз. Ўтган куни мен энди очилган Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига бориб, қайта Россияга кетаётганлар сони кўп эканига гувоҳ бўлдим. Россиядан оммавий қайтишлар ҳозирча кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон мигрантларни қабул қилишга тайёрми?

Россия Мигрантлар федерацияси расмий маълумотларига кўра бугунда мамлакатда 8-9 миллион меҳнат муҳожири бор. Уларнинг асосий қисмини ўзбекистонлик ишчилар ташкил этади. Ташқи миграциядан Ўзбекистон иқтисодига келаётган пуллар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизини ташкил қилади. Олдинроқ Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов уруш бошлангани ва Россияга санкциялар жорий этилиши, рублнинг қадрсизланиши ва келажак мавҳумлиги мамлакатга бўлган пул оқимини кескин камайтирганини эътироф қилган эди.

Ўн минглаб меҳнат муҳожирлари ватанга қайтаркан, Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига улар учун қурилишларда қўшимча 100 минг иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берди.

Нима учун айнан қурилиш, нега завод ёки фабрика эмас, деган савол очиқ қолмоқда. Ҳокимлар назоратидаги ва Россиядагига нисбатан бир неча баробар кам ҳақ тўланадиган бу қурилишларда мигрантлар ишлашни қанчалик хоҳлаши ҳам савол остида.

Аммо гап фақат пул оқими ҳақида эмас.

А.Илҳомов
А.Илҳомов

Лондонда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон ҳукуматида муҳожирлар оқимини қабул қилишга ҳозирлик бўлиши кераклигини таъкидлайди

- Конвертация қилинмайдиган валютага айланиб бораётган рубль атрофидаги мавҳум ҳолат муҳожирларнинг ҳам хавотирларини оширмоқда. Бозорда рубль бироз барқарорлашди, аммо бу сунъий чоралар эвазига. Валюта сотиб олиш кескин чекланди ва муҳожир олдида пулни қайси валютада олиб чиқиш муамммоси юзага келди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг ўзида ҳам янги вазиятни юзага келтирмоқдаки, бу мамлакатда ижтимоий тангликни юзага келтириши мумкин. Кўп сонли ишсизлар ёки қисман бандлар давлатда норозилик кайфиятини ошириши мумкин. Бундай ҳолатдан, одатдагидек радикал диндорлар фойдаланиши хавфи бор. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати олдида керагидан ортиқча ишчи кучини ҳазм қила оладиган иқтисодиётни ўстириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

Мирзиёев ҳукумати ҳозирга қадар Россиядан қайтаётган мигрантларни иш билан таъминлаш борасида бирон маънили режани эълон қилган эмас.

Ўтган йилларда ҳукумат мамлакатнинг ўзида янги иш ўринлари яратишдан кўра кўпроқ Россияга меҳнат муҳожирларини юборишга кўмаклашиш билан шуғулланиб келган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шу кеча-кундузда ҳам кунига бир неча юз ўзбек мигранти Россияга ишлаш учун юборилаётгани ҳақида ҳисобот бермоқда.

Аммо бу мигрантлар Россияда ишларини йўқотганлари тақдирда уйга ўз йўллари билан қайтишларига тўғри келади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG