Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2022, Тошкент вақти: 17:44

Халқаро хабарлар

Россия Одесса бандаргоҳига ракета отганини тан олди

Россия Мудофаа вазирлиги Одесса бандаргоҳига 23 июль куни ракета зарбаси берилганини тан олди. Одесса бандаргоҳига ракета отилиши жаҳонда катта резонанс пайдо қилган ва Россия украин буғдойини олиб чиқиш бўйича шартномани бузишга ҳаракат қилаётганликда айбланган эди.

23 июль куни Россия мазкур ҳужумга алоқаси йўқлигини ва Одессага ракета отмаганини расман билдирганди. Аммо 24 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги “Одесса бандаргоҳи ҳудудидаги кемасозлик заводида юқори аниқликда мўлжални урадиган ракеталар воситасида ҳарбий кема ва Harpoon ракеталари сақланадиган омбор йўқ қилингани”ни билдирди.

Украина ракета ҳужуми оқибатида бандаргоҳ инфраструктурасига зарар етганини маълум қилган. Бироқ украин томони баёнотида ҳарбий кема ва ракеталар омбори йўқ қилингани тўғрисида маълумот берилмаган.

24 февраль куни бошланган босқиндан кейин Россия Қора денгиздаги Украина портларини тўсиб қўйиши натижасида ўн миллионлаб тонна дон Украина портларида тиқилиб қолган эди.

Асосий глобал буғдой етказиб берувчилар Россия ва Украина ўртасидаги уруш глобал озиқ-овқат нархини кўтарилишига олиб келди. Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, инқироз 47 миллионга яқин одамни "ўткир очлик" ёқасига олиб келди.

22 июль куни Россия ва Украина Туркия ҳамда БМТ воситачилигида Украинанинг дон экспортини тиқлаш тўғрисида келишувга эришган эди. Одесса бандаргоҳига ракета отилиши мазкур келишувнинг амалга оширилишини хавф остига қўяди.

Кун янгиликлари

Нобель тинчлик мукофоти россиялик, украиналик ва беларуслик ҳуқуқ фаолларига берилди

Нобель тинчлик мукофоти 2022 йилда Украинанинг “Фуқаровий эркинликлар маркази” ташкилоти, Беларуснинг “Весна” ҳуқуқбонлик маркази раҳбари ва асосчиси Алесь Беляцкий ҳамда Россиянинг “Мемориал” ташкилотига берилди. Мазкур қарор 7 октябрь куни Норвегия пойтахти Ослода Нобель қўмитаси вакиллари томонидан очиқланди.

Беларуслик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Алесь Беляцкий 2021 йил июлидан бери қамоқда. “Хорижий агент” деб тан олинган “Мемориал” ташкилоти эса ўтган йил охирида Россия суди қарори билан ёпилган.

2021 йили Нобель тинчлик мукофоти икки журналистга – “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва Филиппиндаги Rappler нашри муассиси Мария Рессага берилган эди.

Пашинян ва Алиев Прагадаги учрашувда бир-бирларининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олишларини тасдиқлашди

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев (чапдан ўнгга), Прага, 2022 йил 6 октябри

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан 6 октябрь куни Прагада ўтказилган тўрт томонлама учрашув якунлари бўйича изоҳ берди, дея хабар қилди Туркиянинг Anadolu агентлиги.

“Озарбайжон президенти, Арманистон бош вазири ва Франция президенти билан Прагада ЕИ дастаклашга тайёр бўлган барқарор деэскалация ва тинчлик саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдик”, деб ёзган Мишель Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида.

Учрашув якунларига кўра қўшма баёнот қабул қилинган, унга мувофиқ, Арманистон ва Озарбайжон бир-бирларининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олишган.

Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида содир бўлган отишма ортидан икки мамлакат чегарасида вазият таранглашиб кетган эди. Ўзаро тўқнашувлар чоғида Ереван томони 100 дан зиёд арманистонлик ҳарбий, Боку тарафи эса ўзининг 50 нафар аскари ҳалок бўлгани тўғрисида билдирган.

Жапаров МДҲ лидерларининг норасмий саммитида қатнашмайди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 октябрда Санкт-Петербургада ўтадиган МДҲ норасмий саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниязалиев Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.

Россия матбуотининг ёзишича, норасмий саммитда Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 70 йиллик юбилейи нишонланиши, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Расман Садир Жапаровнинг саммитда иштирок этишдан бош тортиши сабаблари айтилган эмас. Бироқ кузатувчилар бу Тожикистон билан муносабатларнинг совуқлашиб кетгани билан боғлиқ эканини айтишмоқда.

Путин 4 октябрда Раҳмонни II -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлаган эди. 5 октябрда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустебаев бу воқеани шарҳлар экан Фейсбук саҳифасида “мукофот ўз айбдорини топди”, деб ёзган эди.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна ўқ отилган эди. Отишмаларда қирғиз томонидан 63 киши ҳалок бўлган, 200 киши яраланган. Тожикистон эса 41 киши ҳалок бўлгани ва 200 га яқини яраланганини билдирган. Бироқ Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда, ҳалок бўлган 74 кишининг рўйхатини эълон қилган.

Зеленский НАТОни Россия бўйлаб “огоҳлантирувчи зарбалар” беришга чақирди

Украина президенти Владимир Зеленский Москвани ядровий қуролни ишлатиш имкониятидан маҳрум қилиш учун НАТОни Россия бўйлаб зарбалар беришга чақирди. Украин президенти бу баёнотини Австралиянинг Лоуи институтида видеоалоқа орқали қилган чиқишида айтди.

“НАТО нима қилиши мумкин? Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини йўқ қилиши керак. Муҳими, мен 24 февралдан олдин айтганимдай, яна халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилмоқчиман: огоҳлантирувчи зарбалар, улар қурол қўлласа нима бўлишини англаб етиши керак. Бунинг акси ўлароқ Россиянинг ядровий зарбасини кутмаслигимиз ва кейин:”Ие, ҳали шундайми, энди ўзингдан кўр” демаслигимиз керак”, деди Зеленский.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг бу сўзларига муносабат билдирар экан, жаҳоннинг барча мамлакатлари, айниқса АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи украин президенти сўзларига аҳамият қаратиши лозимлигини айтди. Песковнинг айтишича, Зеленскийнинг сўзлари “жаҳон урушига чақириқдир”. Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Зеленскийнинг чиқишини қоралади.

Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров украин президентининг Россияга “огоҳлантирувчи зарбалар” тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирар экан, Россияга нисбатан ҳарбий тажовуз назарда тутилмаганини айтди.

Никифоровга кўра, президент Россия Украинага бостириб киргунича бўлган даврда, яъни 24 февралдан олдин айтган гапларини жаҳон ҳамжамияти ёдига солди: ўшанда у Россияга нисбатан санкциялар жорий этилишини илтимос қилган эди. Унга кўра, ядро уруши билан Украина эмас, Россия таҳдид қилмоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан бери Владимир Путин бир неча марта ядровий қурол қўллаши мумкинлиги билан жаҳонга таҳдид қилди.

АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Путинни “Европага очиқ-ошкора ядровий таҳдид қилаётганликда” айблади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотига франциялик ёзувчи аёл муносиб топилди

Франциялик ёзувчи Анни Эрно

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти 2022 йилда франциялик ёзувчи Анни Эрнога берилди. Нобель қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида айтилишича, ёзувчи аёл мазкур мукофотга “бегоналашиш ва шахсий хотиранинг жамоа томонидан чекланиши маншаини очиб беришдаги жасорати ва тўғри тадқиқ этганлиги” учун лойиқ топилган.

1940 йилда туғилган Анни Эрно Нормандиянинг Ивето деган шаҳарчасида улғайган. Ўз ишларида ёзувчи “жинс, тил ва синф нисбатида катта фарқлар қайд этилмиш турмушни изчиллик билан ва ҳар томонлама тадқиқ этади”, дейилган Нобель қўмитаси постида. У “Мубтало”, “Ҳодиса”, “Аёл” кабилар дохил ўттиздан зиёд адабий асарлар ёзган.

Эрнога кўра, “ёзувчилик бу ижтимоий тенгсизликка кўзимиз очилишига сабаб бўладиган сиёсий актдир”.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини 2021 йили танзаниялик ёзувчи Абдулраззоқ Гурна, 2020 йилдаги мукофотни эса америкалик шоира Луиза Глюк олган эди.

ЕИ Россия иқтисодиётига қарши санкцияларнинг саккизинчи пакетини маъқуллади

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинадаги уруш туфайли Россия иқтисодиётига қарши киритилган санкцияларнинг саккизинчи пакетини маъқуллади.

Галдаги пакетга нефтни ўрнатилган нархдан юқори баҳода транспортировка қилишга тақиқ, пўлат маҳсулотлари ҳамда пластмасса ва химикатларнинг айрим турларини импорт қилишга чеклов кабилар кирган. Шунингдек, россияликларга Европанинг криптоҳамёнларидан фойдаланиш ман қилинади.

Европа ширкатларига эса Россияга IT ва юридик хизматлар кўрсатиш, бу мамлакат учун меъморий ва муҳандислик лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади, дейилган Европа кенгаши сайтида.

Таиландда собиқ полициячининг болалар марказига қилган ҳужуми оқибатида 30 дан зиёд киши қурбон бўлди

Болалар марказига ҳужум қилган собиқ полиция ходими

Таиландлик собиқ полициячи 6 октябрь куни Накланг шаҳридаги болалар марказида одамларни ўққа тутиши натижасида 22 нафар бола дохил камида 34 киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, собиқ полициячи тўппонча ва пичоқ билан қуролланган бўлган. Уни ҳужумга ундаган сабаб ҳозирча маълум эмас.

Ҳужумчи воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган, уни полиция қидирмоқда.

Болалар марказида одамларни ўққа тутган шахс яқинда полициядан бўшатилгани айтиляпти. Айрим хабарларга кўра, ҳужум ортидан у хотини, уч боласи ва ўзини ўлдирган.

WSJ: Россия армияси Украинага ғарб мамлакатлари берганидан кўра кўпроқ ҳарбий техника ташлаб кетди

Украиналик ҳарбийлар томонидан урушда ғанимат олинган Россия БТРлари

Шу йил февралида уруш бошланганидан буён Россия армияси жанггоҳларда Украинага ғарб мамлакатлари берганидан кўра ҳарбий техника ташлаб кетган. Россия ўзи истамаган ҳолда Киев учун асосий қурол-аслаҳа “етказиб берувчи”га айланиб қолгани ҳақида The Wall Street Journal нашри Oryx таҳлилчилари ва ҳарбий мансабдорлар сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Oryx вакиллари Украина уруш давомида Россиянинг 460 та танки, 92 та ўзиюрар гаубицаси, 448 та пиёдалар жанговар машинаси (БМП), 195 та БТР ва 44 та реактив ракета тизимини қўлга киритганини аниқлашган.

Айни пайтда украиналикларга ташлаб кетилган ҳарбий техниканинг ҳақиқий сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлиги, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам таҳлилчилар ҳисоб-китобига асос бўлган видео ва фотоматериалларда акс этмагани айтилмоқда.

Қозоғистондаги ҳукмрон партия президентликка Тоқаев номзодини кўрсатди

Қурилтой иштирокчилари Тоқаев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Қозоғистонда ҳукмрон "Аманат" партияси раиси Ерлан Кошанов амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевни бўлажак сайловда президентликка номзод сифатида кўрсатишни таклиф қилди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг ёзишича, Кошанов партия қурултойида: “Биз эски даврга қайтмаслигимиз керак. Кен кўламли ўзгаришлар ўзининг қонуний давомийлигига эга бўлиши лозим. Давлат олдида турган буюк мақсад ва идеалларга эришиш учун муносиб лидер зарур. Шунинг учун Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевни президентликка номзод сифатида таклиф қиламан”, деб айтди.

Қурултой иштирокчилари Тоқаев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

"Аманат" партияси қурултойи Остонада ўтказилмоқда. Унда 1,2 минг киши иштирок этяпти.

Тоқаев 1 сентябрда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилишини билдирган эди. Сайлов 20 ноябрда ўтказилади. Тоқаев имзолаган конституцияга ўзгартишларда жорий йилдан бошлаб президент фақат бир марта 7 йиллик муддатга сайланиши қайд этилган.

Айни пайтда президентликка бошқа партиялар ҳам ўз номзодларини олға сурмоқда. “Ауил” партиясидан Жигули Дайрабаев, ОСДПдан Нурлан Ауесбаев, "Аманат" касаба уюшмаларидан Мейрам Кажикен номзодлари кўрсатилган.

Қозоғистон президентлигига келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган Польша фуқароси Балли Мажец (Балжан Науризбаева) ҳам номзодини кўрсатган. У Марказий сайлов комиссиясига бир неча марта ҳужжатларини жўнатган. Бироқ комиссия уни рўйхатга олишдан бош тортган.

Путин Рамзан Қодировнинг туғилган кунига генерал-полковник унвонини совға қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг туғилган кунида Россия президенти унга генерал-полковник унвонини берганини билдирди. 5 октябрда Рамзан Қодиров 46 ёшга тўлди. Қодиров ярим йил аввал, яъни 28 мартда генерал-лейтенант унвонини олганди.

Қодиров навбатдаги ҳарбий унвонга эга бўлгани тўғрисида телеграм каналида ёзди. Унга кўра, Путиннинг шахсан ўзи телефон қилиб, уни янги унвон билан табриклаган ва бу борадаги президент фармони 709- сон остида эканини айтган.

Кремль расмий сайтида Қодировнинг ҳарбий унвони оширилгани тўғрисидаги фармон эълон қилинмаган. Қодировга генерал-лейтенант унвони берилганида ҳам фармон эълон қилинмаганди.

Рамзан Қодировга 2004 йилда Россия қаҳрамони унвони берилган эди. У биринчи генераллик унвони - генерал-майорга 2009 йилда эришган эди.

Совет Иттифоқи тарқаганидан сўнг Қодиров генерал унвонига сазовор бўлган учинчи чечендир. Бундан аввал Чеченистон мустақиллиги учун кураш лидери Жоҳар Дудаев (1989 йилда) ва Чеченистоннинг 1995-1996 йиллардаги ҳарбий комиссари Ибрагим Сулейманов генерал-майор унвонига эга бўлган.

Камчаткада Россияда алеут тилида гаплашган сўнгги одам вафот этди

Суратда алеут тилида сўзлашган сўнгги одамлар Вера Тимошенко ва Геннадий Яковлев.

Камчаткада алеут тилида сўзлашувчи сўнгги киши бўлган Геннадий Яковлев вафот этгани тўғрисида "Кам-24" Алеут округи думасининг раиси Галина Королевага таянган холда хабар берди.

Яковлев 86 ёшда бўлиб, Командор ороллари архипелагидаги Беринг оролида жойлашган Никольское қишлоғида яшаган. Сўнгги йилларда Россияда алеут тилида сўзлашадиган икки киши қолган эди. Улардан бири алеут тилининг беринг диалектида сўзлашган Вера Тимошенко 2021 йилда 93 ёшида вафот этган.

Геннадий Яковлев эса алеут тилининг медновск диалектида гапирган. У болалигида Медновск оролида яшаб, 7-синфни тамомлаган ва радистлик касбини танлаган. У "Командорские шутники" ансамблида баян, гитара, балалайка, контрабас чалар эди. У "Унанган" ансамблига ҳам раҳбарлик қилган.

Командор ороллари архипелаги Россияда алеутлар зич яшайдиган ягона ҳудуддир. Бу ерда ўз тилини унутган 500 алеут яшайди. Алеутлар АҚШ шимолида ҳам яшайдилар.

CPJ тожикистонлик журналист Абдуллоҳ Ғурбатийнинг қамалишини кескин қоралаб чиқди

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Тожикистон расмийларини журналист Абдуллоҳ Ғурбатийни зудлик билан озод қилиш ва унга чиқарилган ҳукмни ноқонуний деб топишга чақирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Душанбе суди Ғурбатийни 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилишга оид ҳукм чиқарган. Мамлакат Жиноят кодексининг учта моддасида айбланган Абдуллоҳ Ғурбатий билан бирга унинг ҳамкасби Далер Имомали ҳам ҳибсга олинган, бироқ унинг суди ҳали бўлиб ўтгани йўқ.

Ғурбатийнинг ўзи судда айбловни тан олган эмас. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Тожикистон расмийларига Ғурбатийнинг ижтимоий журналистика соҳасида машҳур бўлиб кетгани ёқмаган, шу важдан унга мазкур ҳукм чиқарилган.

26 ёшли мустақил журналист ва блогер Абдуллоҳ Ғурбатий сўнгги ойларда Далер Имомали билан биргаликда ижтимоий мавзуларда танқидий видеолавҳалар тайёрлаш билан шуғулланган, фуқароларнинг расмийлардан шикояти ҳамда ижтимоий муаммоларни ёритиб келган.

CPJ қайдича, Ғурбатий ва Имомалининг маҳаллий турғунлар муаммоларига оид репортажлари ёйинланиб келган Youtube-канали Тожикистон учун ғайриодатий бўлиб, ойдан-ойга машҳур бўлиб борган ва ҳозирда 150 минг чоғли обуначига эга.

Аввалроқ Ғурбатий “Азия-Плюс” ахборот агентлиги, “Пайк” ҳафталиги мухбири бўлган, Тожикистон Журналистик тадқиқотлар марказида ишлаган. 2020 йил май ойида у тасвирга олиш чоғида икки марта ҳужумга учраган.

Тожикистонда сўнгги беш ой ичида 7 нафар блогер ва журналист қўлга олинган, улардан икки нафари қамалган. Бошқа бир қанча журналист ўзи ва оиласига босим бўлаётгани, мобил телефон ва ноутбуклари ноқонуний равишда мусодара қилингани ҳамда “огоҳлантирув” олганларидан шикоят қилган.

АҚШ Украинага яна 625 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади, янги пакет ичида тўртта HIMARS тизими ҳам бор

Украина президенти Владимир Зеленский ва АҚШ президенти Жо Байден

Вашингтон Киевга 625 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот чоғида билдирган, дея маълумот тарқатди Оқ уй сайти.

Қайд этилишича, Украинага қўшимча қурол-аслаҳа ва жиҳозлар етказиб берилади, улар орасида яна тўртта HIMARS тизими, ўқ-дори, зирҳли техника ва транспорт воситалари бор. Reuters агентлиги хабарига кўра, Киев АҚШдан мина портлашига дош бера оладиган 200 та тактик машина (MRAP) олади.

Кечаги суҳбат чоғида Байден Зеленскийга Вашингтон Россия томонидан Украина ҳудудларини аннексия қилиб олишини ҳеч қачон тан олмаслигини урғулаган.

Владимир Путин Эмомали Раҳмонни орден билан мукофотлади

Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонни III -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади.

Путин фармонида қайд этилишича, тожик президентига бу орден “Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ҳамда минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” берилди.

Июль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Путиндан Россиянинг Александр Невский орденини олишдан воз кечган эди. Буни қозоқ президенти ўз ваколати якунлангунига қадар маҳаллий ва хорижий мукофотларни олишдан бош тортгани билан изоҳлаган.

23 июль куни Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ҳам Александр Невский ордени билан тақдирлаган. Мирзиёев бу орденни қабул қилган.

Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.

Эмомали Раҳмон 2020 йилнинг октябрида бешинчи бор президентликка сайланган эди. У Тожикистонни 28 йилдан бери бошқармоқда.

Физика бўйича Нобель мукофоти лауретлари аниқланди

Франциялик физик Ален Аспе.

Нобель қўмитаси 4 октябрь куни физика бўйича мукофот франциялик Ален Аспе, америкалик Жон Клаузер ва австриялик Антон Цайлингерга берилишини эълон қилди. Улар чалкаш фотонлар билан тажриба ўтказгани, Белл нотенгламаларидаги бузилишларни тадқиқ қилгани ва квант информатикаси соҳасидаги фаолияти учун мукофотланди.

Олимлар чалкаш квант ҳолатидан фойдаланган ҳолда икки зарра алоҳида-алоҳида бўлган ҳолида ҳам ҳудди битта заррадай ҳаракатланишига оид новаторча тажрибаларни ўтказишган. Квант механикасига асосан, зарралар бир вақтнинг ўзида турли жойда ва ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.

Нобель ҳафталиги анъанага биноан Стокҳолмда октябрь ойида бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот одатда иккинчи бўлиб берилади. Биринчи бўлиб тиббиёт ва физиология соҳаси лауреати номи эълон қилинади. Жорий йилда бу соҳа бўйича мукофот швециялик 67 ёшли генетик Сванте Паабога берилди. У қадимий одамлар ДНКси ва инсон эволюциясини тадқиқ қилган.

5 октябрда химия бўйича, 6 октябрда адабиёт бўйича лауреатлар номи эълон қилинади. 7 октябрда эса Ослода Нобель тинчлик мукофоти совриндори аниқланади.

Альфред Нобель хотираси учун 1969 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича мукофот 10 октябрда топширилади.

Ҳар бир соҳа бўйича бериладиган мукофот пули 900 минг долларни ташкил қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG