Линклар

Ўзбек муҳожирига ўқ ўзган Тула полициячилари ҳибсга олинди


Россияда полиция ходимларининг муҳожирларга нисбатан зўравонлиги кенг кўламли жараëнга айланган.

7 апрель куни ҳужжат текшириш баҳонасида ўзбекистонлик муҳожирни ички ишлар бўлимига олиб келиб¸ уни қилмаган жиноятига иқрор бўлишга мажбурлаган¸ муҳожир бунга кўнмагач¸ унга ўқ узган икки полициячи ФСБ махсус гуруҳи томонидан қўлга олиниб¸ уларга нисбатан жиноий иш очилди.

Тула вилоят Тергов қўмитаси Ясногорск туман полициясиинг икки ходимини жиноий жавобгарликка тортди.

Тергов қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, полиция ходимлари ҳужжат текшириш баҳонасида кўчада ушланган ўзбекистонлик муҳожирни бўлимга олиб келган ва ўғирликка “иқрор” бўлишга мажбурлаган.

"Бу шахсдан рад жавобини олган полициячилар уни кишанланган ҳолда хизмат автомобилида Ясногорск тумани ташқарисига олиб чиқиб, ўрмонда қаттиқ калтаклаган. Улар “ўғирликка иқрор бўлиш” ва “шериклар ҳақида маълумот бериш” талаби билан жабрланувчи оëғига камида 5 маротаба травматик пистолетдан ўқ узган", дейилади расмий баëнотда.

Тула Тергов бошқармаси расмийси Татьяна Гризлова Озодлик мухбирига исми ошкор қилинмаётган ўзбекистонлик муҳожир полициячилар босими остида ўзига берилган барча ҳужжатларга қўл қўйганини билдирди.

Расмийга кўра¸ воқеа жорий йилнинг 7 апрелида содир бўлган:

- Жабрланувчи тирик¸ унинг кўрсатмаларига кўра¸ полициячилар унга ўқ отган¸ бироқ жароҳати жиддий эмас. Ҳозир соғлиғи жойида. Отиш ва калтаклаш бўйича суд-тиббий экспертизаси текширувидан сўнг хулоса чиқарамиз, деди Татьяна Гризлова.

Бу расмий¸ ўзбекистонлик муҳожирга нисбатан қўзғатилган сохта жиноий иш бекор қилинганини ҳам қўшимча қилди.

Тергов қўмитаси вакиласи 32 ва 48 яшар полициячиларнинг ФСБ махсус гуруҳи томонидан ҳибсга олинганини маълум қилди:

- Ўзбекистонлик ФСБга мурожаат қилибди ва улар томонидан махсус оператив амалиёт ўтказилиб, полициячилар ҳибс этилди. Бугун уларни тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш масаласи судда кўрилади. Тергов давом этмоқда, деди Тергов қўмитасининг Тула вилояти бўйича бошқармаси матбуот котиби Татьяна Гризлова.

Россия Тергов қўмитаси вакиллари тулалик полициячиларга нисбатан мамлакат Жиноят Кодексининг 286-моддаси, 3-қисми, “а” банди, яъни “зўравонлик ишлатган ҳолда ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиш” асосида жиноий иш очилганини маълум қилди.

Бу айб судда ўз тасдиғини топган тақдирда полиция ходимлари 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбек муҳожирининг полициячилар ҳужумига учраганига муносабат билдирган Россия Ички ишлар вазирлиги расмийси Ирина Волк¸ жиноят тасдиғини топса, нафақат ҳибсга олинган полиция ходимлари, балки бутун бошли туман полиция бўлими раҳбарияти ишдан кетиши мумкинлигини билдирди.

Россияда полиция ходимларининг муҳожирларни калтаклаши¸ уларга нисбатан турли зўравонлик қўллаши тез-тез учраб туради.

Хусусан, 2017 йилнинг 28 январига ўтар кечаси Санкт-Петербургнинг Пушкинский туман полиция бўлимида 39 яшар ўзбек муҳожири ўлдирилиши юзасидан жиной иш очилган эди.

Подмосковьенинг Солнечногорск шаҳрида 6 яшар қизчани зўрлаганликда гумонланиб, полиция бўлимига олиб келинган 39 ёшли Тожикистон фуқароси ўлиб қолган эди. Уни уриб ўлдирган, уч нафар полиция ходими жавобгарликка тортилди.

2011 йилнинг 5 декабрида Хабаровск шаҳар суди пост-патруль хизматининг собиқ ходимлари 33 ёшли Александр Телешин ва 27 ёшли Владимир Масловни Ўзбекистон фуқароси Акбар Сапаевни полиция бўлимида қийноққа солиб, уни табел қуролидан отиб ташлаганликда айбдор деб топган эди.

Суд ҳукмига кўра, Телешинга 11 йил, Масловга 3 йил қамоқ жазоси тайинланган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG