Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2021, Тошкент вақти: 15:56

Россия: Ишчи-мигрантларнинг мамлакатга киришини енгиллаштириш сўралди


Россия Қурилиш вазирлиги меҳнат муҳожирларининг мамлакатга киришини енгиллаштириш талаби билан ҳукуматга мурожаат қилди.

Россия давлат идоралари ва хусусий компаниялар бошқа соҳаларда ҳам ишчи-мигрантлар етишмовчилиги сезилаётганини айтмоқда.

Россия Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Минстрой) хорижлик ишчиларнинг Россияга енгиллаштирилган тартибда кириб келишига йўл очиб беришни сўраб, ҳукуматга мурожаат йўллади.

Россия Ички ишлар вазирлиги, Роспотребнадзор ва бошқа идоралар билан мувофиқлаштирилган ушбу таклиф Россия ҳукумати муҳокамасида қолмоқда, дейилади вазирлик расмий хабарномасида.

Ҳозирда Россия Қурилиш вазирлиги томонидан мамлакатнинг қатор қурилиш объектларидаги ишларга жалб қилинаётган меҳнат мигрантларига кириш шароитларини енгиллаштириш бўйича масалалар кўриб чиқилмоқда. Айни дамда Россия Федерацияси ҳудудига ишчиларни олиб кириш санитария-эпидемиология назоратини таъминлай оладиган ташкилотларгагина рухсат берилади”, дейилади идора матбуот хизмати эълонида.

Қурилиш вазирлиги Россияда коронавирус эпидемияси ортидан киритилган тақиқ сабаб йирик қурилиш объектларида ишчи кучи етишмовчилиги сезилганини хабар қилмоқда. Хусусан, вазирлик ҳисоб-китобига кўра, Россиянинг 77 минтақасидан 50тасида қурилишларда меҳнат муҳожирлари етишмовчилиги қайд этилган.

“Работа в России” нашри соҳа экспертлари биргина қурилиш фирмаларида камида 190 минг ишчига эҳтиёж борлигини қайд этганини ёзди.

Россиядаги қурилиш компаниялари, биринчи навбатда Ўзбекистон, Украина ва Тожикистондан келаётган қурилиш мутахассислари етишмовчилиги борлигини айтмоқда.

Минстрой матбуот хизмати 9 декабр куни Россия қурилиш раҳбариятининг Ўзбекистон қурилиш вазирлиги билан учрашув бўлиб ўтгани, унда «EXPO-RUSSIA UZBEKISTAN ONLINE 2020» лойиҳасида ўзбек қурувчи компанияларининг Россия ҳудудидаги қурилишларга ва рус қурилиш ширкатларининг Ўзбекистонда турар-жой барпо этишга жалб этилиши муҳокама этилганини хабар қилди.

Россия Савдо-саноат палатаси ҳам хорижлик ишчилар ва уларнинг оила аъзоларига Россияга киришни осонлаштириш таклифи билан чиқди. Бу тузилма, энг аввало енгиллаштирилган тартиб юқори малакали мутахассисларга жорий этилиши лозимлигини таъкидлади. Палата мутахассислари пандемия даврида меҳнат муҳожирларининг оммавий равишда Россиядан чиқиб кетиши давлат иқтисодиётида жиддий муаммоларни келтириб чиқарганини айтмоқда.

Россияда жойлашган Стратегик тадқиқотлар маркази олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ишчи кучи етишмаслиги Россиянинг тақрибан 40 фоиз ширкат ва корхоналарида кузатилмоқда. Бундан олдинроқ Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахтининг коммунал хўжалиги соҳасида ёлланма хорижлик мигрантлар сони ҳам 40 фоизга камайганини айтиб ўтганди.

Шаҳар ҳокими Россиядан чиқиб кетган мигрантлар чегаралар ёпиқлиги туфайли ортга қайтолмаётгани, москваликлар эса кам ҳақ тўланадиган фаррошлик касбига ошиқмаётганини билдирган эди.

Россияда фаолият юритаётган миграция мутахассислари турли соҳаларда ёлланма ишчилар етишмовчилиги 60 фоиздан зиёд компанияларда сезилаётганини гапирмоқда.

Хорижлик ишчиларни иш билан таъминлаш учун яратилган Migranto.ru портали асосчиси Светлана Саламова Озодликка иш берувчи ширкатлар иш суръати кескин пасайганидан арз қилаётганини билдирди.

- Нафақат хусусий, давлат корхоналари ҳам Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган ишчиларни ўз маблағлари эвазига Россияга олиб киришга тайёр. Меҳнат бозорида дефицит кузатилмоқда. Бугунга келиб кўплаб соҳаларда иш берувчилар ойликларни ошириш ва шароитларни яхшилаш эвазига ходимларни жалб этмоқда. Шу сабабли мигрантлар ҳам маошга бўлган талабларини оширмоқда, - дейди Светлана Саламова.

Шу йилнинг октябрида Москва шаҳар ҳокимлиги меҳнат муҳожирлари етишмовчилигини Россиянинг бошқа минтақаларидан жалб қилинажак ишчилар билан тўлиқ қоплаши тўғрисида баёнот берганди.

Озодлик коронавирус билан касалланиш ҳолатлари камаймаётган Россиядан чиқиб кетишга тайёр минглаб меҳнат муҳожирлари тўғрисида хабар бериб келмоқда.

12 декабрь куни Россиянинг Волжский шаҳридан яна 722 ўзбек муҳожири махсус поезд билан Ўзбекистонга жўнатилди.

Айни пайтда 14, 21 ва 28 декабрь кунлари Москва – Тошкент йўналишида ҳам поездлар қатнови амалга оширилиши режаланган.

XS
SM
MD
LG