Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2024, Тошкент вақти: 22:15

Россия бўйлаб Сталин қатағони қурбонларига ўрнатилган ёдгорликлар йўқотилмоқда


1938 йилнинг 4 октябрида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган НКВД махсус полигонида ўзбек халқининг ўша вақтдаги фаол ва сара зиёлилари Ички Ишлар Халқ Комиссарлигининг “махсус учлиги” қарори билан отиб ташланган эди.

Ўша куни отилганлар орасида Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнус, Отажон Ҳошим, Зиё Саид, Худойберган Девон ҳам бўлган. Яширин суратда, айримларининг ҳатто ҳукмлари чиқмасдан отилган бу инсонлар кейинчалик оқланган ва уларга Сталиннинг аёвсиз қатағони қурбони сифатида қаралади.

Бу каби қатағон бутун СССР ҳудудидаги барча халқларнинг зиёлилари ва фаоллари бошига тушган эди.

Аммо сиёсий жараёнларнинг ўзгариши тарихга, тарихий ҳодисаларга муносабатнинг ҳам ўзгаришига сабаб бўлаётган кўринади. Буни айниқса Россияда Сталин қурбонлари хотирасига нисбатан бўлаётган айрим муносабатларда ҳам кўриш мумкин.

Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва яна ўнлаб зиёлилар НКВД томонидан бир кунда - 1938 йил 4 октябрь куни қатл қилинган.
Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва яна ўнлаб зиёлилар НКВД томонидан бир кунда - 1938 йил 4 октябрь куни қатл қилинган.

Москва марказидаги Большой Гнездниковский тор кўчаси, 10-уйдаги турар-жой биноси деворида 1938 йил 22 мартда ҳибсга олинган ва 10 июлда судсиз қатл этилган 1891 йилда туғилган профессор Трофим Юркевичнинг ҳаёти ва ўлимини хотирлатувчи қоғоз лавҳа бор.

Лавҳанинг шундай остида, қўлда ёзилган иккинчи бир лавҳада эса ўткинчилардан биринчисини йиртмаслик сўралган.

"Бу вандаллар томонидан вайрон қилинган тасдиқланган лавҳанинг ўрнига қўйилди", дейилади унда. "Виждонли бўлинг."

Россияда қатағон қурбонлари хотирасига қўйилган ёдгорликларга нисбатан вандализм кўринишлари ортмоқда.
Россияда қатағон қурбонлари хотирасига қўйилган ёдгорликларга нисбатан вандализм кўринишлари ортмоқда.

Қарийб ўн йил давомида “Сўнгги манзил” лойиҳаси фаоллари Сталиннинг миллионлаб қурбонлари яшаган биноларнинг фасадига оддий мемориал плиталар ўрнатиб келишди. Уларнинг айтишича, май ойидан бошлаб, айниқса, Москвада, балки бошқа шаҳарларда ҳам ёдгорликларга нисбатан вандализм ҳолатлари кўпайган.

"Мен қанча шундай воқеа бўлганини айта олмайман", дейди Москвадаги "Сўнгги манзил" фаоли Оксана Матиевская вандализмни лойиҳага "мақсадли ҳужум" деб атаб. "Аммо ҳозир деярли ҳар ҳафта биттаси йўқолаётганини эшитяпмиз."

Лойиҳа бошланганидан бери у вандализм ва қаршиликнинг турли шаклларига дуч келган бўлса ҳам, сўнгги воқеалар бошқача кўринади.

"Бу тасодифий эмас, – дейди Матиевская. – Биз нима учун шундай бўлаётганини жуда яхши тушунамиз. Бу 10 йил олдин лойиҳа бошланган пайтдаги билан солиштирганда янгича реалликдир... Айни дамда нима бўлаётганини ва нима учун шундайлигини ҳамма тушуниб турибди”.

Сталиннинг обрўси КГБнинг собиқ зобити бўлган президент Владимир Путин даврида аста-секин тикланди. Бу жараён 2022 йил февралида Москванинг Украинага бостириб кириши ва Россияда ўзгача фикрлар шафқатсизларча бостирилиши ортидан янада тезлашди.

Сталин қатағонини ҳужжатлаштириб, ўрганувчи, 2022 йилда Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ёпилди, унинг кўплаб фаоллари қамоққа ташланди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Фуқаролик жамияти фаоллари айтишича, Россияда Сталинга 110 та ёдгорлик, жумладан, 22 таси реал ўлчамдаги ҳайкаллар қўйилган. Шулардан 95 таси 1999 йилда Путин ҳокимият тепасига келгандан кейин ўрнатилган. Август ойида рус православ руҳонийси Псковдаги Великие Луки шаҳрида мустабид ҳайкалини зиёрат қилиб, дуо қилди ва айнан Сталиннинг шарофати билан "бизда кўплаб янги шаҳидлар пайдо бўлди, биз уларни дуо қиламиз ва ҳозир ҳаётимизда бизга ёрдам берадиганлар кўпроқ" деди.

Журналистлар сўнгги ойларда Сталин қурбонлари ёдгорликлари олиб ташланган ёки сезиларли ўзгартирилган камида 11 ҳолатни ҳужжатлаштирди.

Апрель ойида Перм ўлкасидаги Галяшор қишлоғи яқинидаги ўрмонда номаълум шахслар Сталин даврида у ерга мажбуран кўчирилган литваликлар ва поляклар учун қўйилган норасмий ёдгорликни бузиб ташлади.

Июнь ойида Челябинск вилоятининг иккита қишлоғида худди шундай кўчирилган полякларнинг қабр тошлари олиб ташланди. Бурятияда ҳам кўчирилган поляклар учун ёдгорлик демонтаж қилинган.

Аксарият ҳолларда ёдгорликларни ким бузиб ташлагани номаълум қолса ҳам, Иркутск вилоятининг Пивовариха қишлоғида расмийлар репрессияга учраган литваликлар ва поляклар учун ўрнатилган худди шундай ёдгорлик бузиб ташланганини тан олиб, уни “сақлаб қўйиш учун олинди” деб айтишди.

Матиевскаянинг айтишича, бундай ёдгорликларни бузиш расмийлар ташаббуси билан, эҳтимол Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Шарқий ва Марказий Европанинг бошқа мамлакатларидаги совет уруши ёдгорликлари демонтаж қилинишига жавобан амалга оширилган.

"Вандаллар сездирмай бутун ёдгорликларни бузиб ташлай олмайди, – дейди у. – Албатта, “Сўнгги манзил” лавҳалари билан бу анча осон. Менимча, бу борада ҳеч қандай буйруқ берилмаган. Бу шунчаки ҳозирги кунларда ҳукм сураётган кайфиятда одамларнинг хўжайинни хурсанд қилиш истаги натижаси."

"Аммо мен булар бир-бирига боғлиқ ҳодисалар эканига аминман, – дейди у. – Бу жамиятда содир бўлаётган воқеалар белгисидир: ғолиб жаҳолат, тарихга тик қарай олмаслик, тарихга ўзига хос призма билан қараш истаги ва культга айланган норозилик."

Қатағон қурбонлари: Каримов репрессия қилганлар ҳам оқланадими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:40 0:00

Беписандлик

Матиевскаянинг айтишича, Столешников кўчасида иккита "Сўнгги манзил" лавҳаси ўлчамлари аниқ белгиланган шаклда "ўзига хос беписандлик билан" жойлаштирилган хавфсизлик компанияси лавҳаси билан алмаштирилган.

Ўзини Алексей деб атаган “Арис” хавфсизлик компанияси ходими Озодлик радиосига "Сўнгги манзил" белгилари олиб ташлангани ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Бироқ, эртаси куни хавфсизлик компаниясининг лавҳаси ҳам олиб ташланди.

Матиевская унинг ташкилоти Станислав Козловский ва Елена Маковецкаянинг хотирасини имкон қадар тезроқ тиклаш устида иш олиб бораётганини айтди. Козловский 1938 йилда ҳибсга олинган ва 1942 йилда Узоқ Шимолдаги меҳнат лагерида вафот этган. Маковецкая эса 1937 йил августда ҳибсга олинган ва 1937 йил 15 ноябрида 49 ёшида қатл этилган.

Гнездниковский кўчасидаги бинога қўлда ёзилган белги, Матиевскаянинг айтишича, вандализмга қарши оддий одамларнинг муносабатини акс эттиради.

"Баъзи белгилар олиб ташланган жойда уларнинг қўлда ясалган нусхалари пайдо бўлди, – дейди у. – Бу мутлақо мустақил ташаббус ва “Сўнгги манзил” билан боғлиқ эмас. Бу одамлар ёдгорлик лавҳаси бор бўлиб, кейин йўқолиб қолганини кўрганлардир.

"Бу мен учун жуда кўп нарсани англатади, – дея қўшимча қилади у. – Менимча, бундай одамларнинг муносабати вандализм ҳаракатларидан кўра муҳимроқдир."

Унинг айтишича, вақт ўтиши билан барча лавҳалар қайта тикланади, чунки улар ҳақидаги ахборот лойиҳа маълумотлар базасида сақланади.

"Балки бир йил ўтар, эҳтимол икки, беш ёки 10 йил, – дейди Матиевская. – Биз уларни қайта тиклаймиз. Пўлат лавҳани алмаштириш қийин эмас, лекин унинг ортидаги инсон ҳаётини алмаштириб бўлмайди. Бизнинг асосий мақсадимиз ана шу бегуноҳ, қувғинга учраган инсонлар хотирасини асрашдир”.

Форум

XS
SM
MD
LG