Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2023, Тошкент вақти: 21:29

Халқаро хабарлар

Россияда беш ёшли тожик қизни зўрлаб ўлдирган шахс 24 йилга қамалди

2018 йилнинг 18 июлида Ҳувайдо Тиллазода уйи ҳовлисидан ўғирлаб кетилган эди

Москва вилоят суди Александр Семинни беш ёшли тожик қизи Ҳувайдо Тиллазодани жинсий зўрлаб, кейин ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд ҳукми билан у 24 йилга қамалди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати қизалоқнинг отаси Абдусалом Саидовга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Саидов суд ҳукмидан норози эканини ва қотилни “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш”ни талаб этаётганини айтди. У бу борада юқори инстанция судига шикоят аризаси киритмоқчи.

2018 йилнинг 18 июлида Ҳувайдо Тиллазода Москва атрофидаги Серпухов шаҳридаги уйи ҳовлисидан ўғирлаб кетилган эди.

Унинг жасади 24 соатдан кейин темир йўл станцияси олдидан топилган. Экспертиза Ҳувайдо олдин жинсий зўрланганини ва кейин пичоқ билан ўлдирилганини аниқлаган.

Мазкур жиноятда гумонланиб, Саидовнинг қўшниси Александр Семин қўлга олинган. Қўшнилари аввал ҳам Семин устидан бир неча бор полицияга шикоят қилишган. Лекин полиция бу шикоятларга эътибор қаратмаган.

Айбланувчи руҳий касалликлар клиникасида ётгани учун Тиллазода иши бўйича суд бир неча йилга чўзилиб кетди.

Кун янгиликлари

Туркманистоннинг иккинчи президенти шарафига қурилажак шаҳар учун 5 млрд доллар сарфланади

Орқадоғ шаҳри макети

Туркманистонда мамлакатнинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига қуриладиган шаҳар учун беш миллиард доллар маблағ харжланади. Бу ҳақда 29 март куни “France 24” телеканали туркман расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Шаҳар барпо қилишнинг биринчи босқичида 3,3 миллиард доллар, иккинчи босқичида эса яна 1,5 миллиард доллар маблағ талаб этилади”, дея иқтибос келтирган Давлат қурилиш қўмитаси раҳбари Дерягелди Оразов сўзларидан Франция телеканали.

Телеканал қайдича, Жаҳон банки маълумотига кўра Туркманистон ЯИМи 45 миллиард долларга етади. Шу тариқа, Орқадоғ шаҳрининг қурилиши асосан табиий бойликларни сотиш орқали пул топадиган мамлакат йиллик даромадининг 10 фоиздан кўпроғига тушади.

Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази бўлмиш Орқадоғ шаҳрини қуришга оид қарор 2019 йили Туркманистонда оғир иқтисодий инқироз кузатилаётган пайтда қабул қилинган эди. 2020 йил февралида туркман расмийлари бу қурилишга 1,5 миллиард доллар сарфланишини билдиришган. Шу кунда эълон қилинган рақамлар бундан уч баравар кўп.

Туркия парламенти Финляндиянинг НАТО аъзолигига қабул қилинишини қўллади

Туркия ва Финляндия президентлари.

Туркия парламенти 30 март куни кечқурун Финляндияни НАТО аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги протоколни маъқуллади. Депутатлардан бирортаси ҳам бу ҳужжатга қарши овоз бермади.

Туркия Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаган сўнгги ўттизинчи давлат бўлди. Бундан аввалроқ Венгрия парламенти ҳам Финляндиянинг ташкилотга қўшилишини қўллаган. Белгиланган тартибга кўра, НАТОга аъзо барча давлатлар ташкилотга қўшилмоқчи бўлган бошқа мамлакатлар юзасидан ўз фикрини билдириши шарт.

Финляндия июль ойида Литвада ўтадиган саммит доирасида НАТО аъзолигига қабул қилиниши кутилмоқда. Аммо НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган Швециянинг тақдири ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда. Венгрия ва Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун ҳозирча розилик берган эмас. Туркия Швеция Анқара террорчи деб ҳисоблайдиган курд фаолларини экстрадиция қилмаётганига норозилик билдирган.

Финляндия ва Швеция нейтрал мамлакат мақомида эди. Бироқ Россия Украинага бостириб киргани ортидан бу икки давлат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган.

Нью-Йоркнинг Катта суд ҳакамлари Дональд Трампга билдирилган айбловни маъқуллади

Дональд Трамп 2024 йилда ўтадиган сайловда президентликка ўз номзодини кўрсатган.

Нью-Йоркнинг Манхэттен тумани прокурори томонидан чақирилган Катта суд ҳакамлари ҳайъати собиқ президент Дональд Трамп порноактрисага жинсий яқинлик қилганини яшириш учун 130 минг доллар бергани юзасидан билдирилган айбловни маъқуллади. Бунинг ортидан мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилишига йўл очилди.

Айблов хулосасининг тафсилотлари Дональд Трамп Манхэттен судига чақиртирилганидан кейин маълум қилинади. Ҳозирча суд қачон бошланиши маълум эмас, лекин собиқ президент ҳибсга олиниши ва судга кишанбанд ҳолда олиб келиниши эҳтимоли мавжуд. Дональд Трамп АҚШда жиноят иши бўйича айблов эълон қилинган биринчи собиқ президентдир. Бунга қадар амалдаги ва собиқ президентлар жиноят иши юзасидан айбланмаган.

Дональд Трамп Катта суд ҳакамлари маъқуллаган айбловга муносабат билдирар экан, “менга нисбатан сиёсий айблов билдирилмоқда ва тарихда мисли кўрилмаган тарзда бўлажак президентлик сайловларига аралашилмоқда”, деб баёнот берди.

Республикачилар партиясидан президентликка номзодини кўрсатган Дональд Трамп айбловларга қарамай сайловда тўсиқларсиз иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Дональд Трамп яна тергов қилинаётган иккита жиноят иши доирасида айбланиши эҳтимол. Федерал прокуратура Трамп президентлик даврида махфий ҳужжатларни Оқ Уйдан олиб чиқиб, Флоридадаги резиденциясида сақлаганини тергов қилмоқда. Жоржия округ прокуратураси эса Трамп штатда президентлик сайлови натижаларига таъсир ўтказмоқчи бўлгани юзасидан жиноят иши очган.

Бундан ташқари Трампга ва унинг ширкатига фуқаролик даъволари юзасидан ўнлаб айбловлар билдирилган.

Қирғиз паспортини сотиб олмоқчи бўлган ўзбекистонлик қўлга олинди

Қирғиз паспортини сотиб олмоқчи бўлганликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик.

Ўзбекистон фуқароси Қирғизистон паспортини ноқонуний йўл билан олмоқчи бўлганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, қўлга олинган шахс “Ислом давлати” террор ташкилоти эмиссарларининг кўмаги билан Қирғизистон паспортини сотиб олиб, кейин Сурияга кетишни ва террор ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирган.

Қирғизистон махсус хизмати томонидан қўлга олинган шахс Ўзбекистонда қидирувга берилгани қайд этилган.

29 март куни Ўшда террорчилик фаолиятига алоқадор бўлган Ўзбекистон фуқароларига Қирғизистон паспортини тайёрламоқчи бўлган аёл қўлга олингани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Қирғизистон паспортини ноқонуний йўллар билан сотиб олмоқчи ва сотмоқчи бўлганлар тўғрисида бундан аввал ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўплаб хабарлар берилган.

Масалан, 2014 йилда Грузия жиноят олами авторитети Роман Барбакадзе қирғиз паспорти билан қўлга тушган. 2012 йилда эса грузиялик жиноят олами лидери Илья Самсония Бишкек аэропортида сохта қирғиз паспорти билан ушланиб, тўрт йилга қамалган.

2015 йилда Истанбулда ўлдириб кетилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватовнинг ёнидан ҳам қирғиз паспорти топилган.

2016 йилнинг 17 майида эса Истанбул аэропортида Қирғизистоннинг сохта паспортини сотиб олганликда гумонланган уйғур миллатига мансуб 98 нафар хитойлик ушланган эди.

Хитой Россияда YouTube’ни блокировка қилишга кўмаклашмоқда – “Октагон” нашри

Москва 2023 йилнинг тўртинчи кварталида Россияда YouTube видеохостингини блокировка қилишга ҳозирланяпти. Бу ишда россияликларга, Си Цзиньпиннинг Москвага ташрифидан кейин, хитойлик мутахассислар техник кўмак кўрсатишяпти, деб ёзган Россиянинг “Октагон” сайти.

Журналистлар иддаосича, Россияга Хитойдан 41 нафар техник мутахассис етиб келган. Улар россиялик мутахассислар билан биргаликда блокировка режасини тайёрлашмоқда. Хитойда YouTube видеохостингига кириш 2009 йилдан тўсиб қўйилганди.

Хитой Freedom House халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили чоп қилинадиган Интернет эркинлиги рейтингида охирги ўринда туради. Мамлакатда ғарбнинг кўплаб интернет-хизматлари ва ижтимоий тармоқларига тўсиқ қўйилган, тўсиқларни айланиб ўтиш методлари тақиқланган, мессенжерлар ва форумлардаги хабарлар эса цензурадан ўтказилади. Россия мазкур рўйхатдан охиргидан олтинчи ўринда.

“Октагон” блокировкани амалга ошириш учун Москвага нима учун техник ёрдам керак бўлиб қолганини изоҳлаган эмас.

Ўтган йилнинг март ойида Роскомнадзор ташкилоти YouTube эгаларидан видеохостингда “энг қисқа муддатда” россияликларга қарши “таҳдид тарқатиш”ни ҳамда “Россияга қарши роликлар” трансляция қилишни тўхтатишни талаб қилиб чиққан эди. Россиялик мулозимлар фикрича, YouTube маъмурларининг хатти-ҳаракатлари “террор характерига эга”. Давлатга қарашли РИА “Новости” агентлиги эса ўшанда исми ошкор этилмаган манбаси сўзларига таянган ҳолда Москва видеосервис блокировкаси ҳақида қарор қабул қилишга тайёрлигини иддао қилган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин YouTube Россиядаги давлат нашрлари ҳамда Кремлдан бошқариладиган оммавий ахборот воситалари, ўнлаб ҳарбий блогер ва журналистларнинг каналларини блокировка қилиб қўйган эди. Москва бу ҳаракатларни цензура деб атаган.

Россияда WSJ журналисти жосуслик айблови билан ҳибсга олинди

WSJ журналисти Эван Гершкович

Москванинг Лефортово туман суди The Wall Street Journal журналисти Эван Гершковични жосусликда айблаб, 29 майгача ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган. Бу ҳақда Россия давлат ахборот агентликлари хабар қилишди. Журналист Федерал хавфсизлик хизмати томонидан 29 март куни Екатеринбургда қўлга олинган.

Иддао қилинишича, АҚШ фуқароси бўлган журналист Қўшма Штатлар буюртмаси бўйича ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотларни йиғиб юрган. Айбловга оид бошқа тафсилотлар келтирилаётгани йўқ. Кремль Гершкович “ашёвий далиллар билан ушланган”ини билдирмоқда. Агар Гершковичга қўйилган айблов исботланган тақдирда, у 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. WSJ журналистга қўйилган айбловни қатъиян рад этмоқда. Нашр баёнотида таҳририят ўз ходими хавфсизлигидан чуқур хавотирда экани айтилган.

Гершковичнинг ёнига адвокатини қўйишмаган ва унга ҳимоячи аллақачон тайинланганини билдиришган. Маҳкама мажлисига журналистлар қўйилмаган. “Медиазона” нашри мухбири бошига капюшон кийган ва қўллари ортга қилиб кишанланган америкалик журналист қўриқчилар зинаси томон олиб ўтилганини кўришга улгурган, холос.

Жосусликда айбланган хорижий нашр журналистларини ҳибсга олиш камдан-кузатилган ҳолат бўлиб, одатда бунақа пайтда улар мамлакатдан бадарға қилинади. Гершкович билан боғлиқ ҳолат совуқ уруш тугаганидан бери кузатилаётган илк ҳолатдир. 1986 йили СССР Давлат хавфсизлик хизмати (КГБ) US News&World Reports журналисти Ник Данилоффни ҳибсга олган эди. Ўшанда унинг ёнига махфий материаллар ташлаб қўйилган. Бу воқеадан бир ой ўтар-ўтмас у жосуслиги учун ҳибсга олинган СССРнинг БМТдаги дипломатик миссияси ходими Григорий Захаровга алмаштириб олинган.

Ўтган йилнинг июль ойида Россия Венесуэла, Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Мянмар билан бир қаторда америкаликлар ноқонуний қўлга олиниши эҳтимоли катта бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган эди. Америкалик экспертлар Москвани Вашингтонга босим ўтказиш ҳамда жиноий моддалар, шу жумладан жосуслик қилгани учун ҳибсга олинган россияликларга алмаштириш учун учун одамларни гаровга олаётганликда тўғридан-тўғри айбламоқдалар.

Россияда WSJ журналистининг қўлга олинишига “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти муносабат билдирди. “Журналистлар нишонга айланмаслиги лозим!”, дейилган ташкилотнинг Твиттердаги саҳифасида.

Гершкович Россияда туғилган, бироқ болалик чоғида ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетган. WSJ нашригача у France-Presse агентлиги, The Moscow Times ва The New York Times газеталари билан ҳамкорлик қилиб келган.

ЖССТ Тожикистон билан Озарбайжонни безгакдан холи мамлакатлар деб топди

Лабораториядаги чивинлар (иллюстратив сурат)

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Озарбайжон ва Тожикистонни безгак хасталиги устидан ғалаба қозонган 42 та давлат ва ҳудуд рўйхатига киритди. Халқаро ташкилот сайтида бу икки собиқ совет ўлкасига ЖССТ томонидан безгакдан холи мамлакат сертификати берилгани қайд этилган.

“Сертификатлаш икки мамлакат аҳолиси ва ҳукуматларининг мазкур хасталикни йўқ қилиш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатлари самараси бўлди”, дейилган ЖССТ хабарномасида.

Бундай сертификатга эга бўлиш учун мамлакат камида сўнгги уч йил давомида бутун ҳудудлари бўйлаб безгак хасталигининг ёйилиш занжири узилганини намойиш қилиши лозим бўлади. Шунингдек, мамлакат инфекция юқиши қайталанишининг олдини олишга қодирлигини ҳам кўрсатиши керак.

Безгак Anopheles (безгак) чивинининг урғочиси чақиши натижасида одамларга юқадиган хавфли касаллик бўлиб ҳисобланади. Бу хасталик Тожикистонда совет замонида йўқ қилинган, бироқ фуқаролар уруши даврида яна мамлакатга кириб келган – 1997 йили, турли маълумотларга кўра, Тожикистонда безгакка чалинган 30 минг нафардан 120 минг нафаргача бемор бўлган. Хасталик халқаро ташкилотлар кўмаги билан бартараф қилинган. Тожикистонда безгакка чалиниш билан боғлиқ сўнгги ҳолат 2014 йили аниқланган.

Тожикистон Марказий Осиёдаги постсовет ўлкалари ичида шу пайтгача безгак хасталигидан тўла қутулмаган ягона ўлка бўлиб қолаётган эди. Бунгача 2010 йилда Туркманистон, 2012 йилда Қозоғистон, 2016 йилда Қирғизистон, 2018 йилда эса Ўзбекистон безгакдан холи мамлакат ўлароқ ЖССТ сертификатига эга бўлишган.

Байден Демократия саммитида “кескин ўзгаришлар” тўғрисида гапирди

АҚШ президенти Жо Байден 29 март куни Демократия саммитида янги тарихда глобал равишда демократиянинг ривожланиши натижасида “кескин ўзгаришлар” юз бераётгани ва “демократик давлатлар авторитар тизимларга қарши курашда кучсизланмай, аксинча, тобора кучга тўлаётгани” тўғрисида гапирди.

Байден ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур саммитда 121 давлат раҳбари иштирок этмоқда. Саммит асосан онлайн форматида ўтказилмоқда. Freedom House ташкилоти саммитга чақирилган барча давлатлар ҳам демократик эмаслигига эътибор қаратди. Бундан аввал демократия саммити 2021 йилда ўтказилган эди.

Freedom House, Швециянинг V-Dem каби қатор ташкилотлари эса жаҳонда авторитаризм кучайиб бораётгани ва демократик давлатлар сони камайгани тўғрисида бонг урмоқда. Саммитда нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш жаҳонда сўз ва матбуот эркинлиги чекланаётгани, ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига турли тўсиқлар қўйилаётгани тўғрисида гапирди.

Саммитда нутқ сўзлаган Украина президенти Владимир Зеленский бугунги кунда унинг давлати Россияга қаршилик кўрсатиш баробарида демократия учун курашнинг олдинги сафида турганини таъкидлади.

Москва ва Пекин расмийлари саммитга таклиф қилинмаган. Москва саммитни «икки юзламачилар йиғилиши» деб сифатлади ва танқид қилди.

Ўпка инфекциясига чалинган Рим папаси касалхонага ётқизилди

Рим папасининг сўнгги кунларда нафаси қиса бошлаган.

Рим-католик черкови раҳбари Франциск 29 март куни ўпка респиратор инфекциясига чалингани ортидан касалхонага ётқизилди. Associated Press агентлигининг хабар беришича, Рим папасининг сўнгги кунларда нафаси қиса бошлаган. У Римдаги Гемелли касалхонасида бир неча кун даволанади.

86 ёшли Франциск ёшлигида жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Жарроҳлар унинг ўпкасининг бир қисмини кесиб ташлашга мажбур бўлишган. Ватикан расмийси Маттео Брунига кўра, папа COVID-19 га чалинмаган.

Бундан аввал Рим папаси 2021 йилнинг июлида касалхонага ётқизилганди. Ўшанда унинг йўғон ичаги операция қилинган. У Гемелли касалхонасида 10 кун даволанган.

Францискнинг касалхонага ётқизилиши унинг саломатлиги ва пасха маросимида иштирок эта олиши ёки олмаслигига оид қатор саволларни келтириб чиқарди.

Илон Маск, Стив Возняк ва бошқалар сунъий интеллектни ривожлантиришни тўхтатишга чақирди

Илон Маск.

Tesla ва SpaceX бош директори Илон Маск, Apple асосчиси Стив Возняк ва бошқа мингдан ортиқ эксперт илғор сунъий интеллектни (AI) ривожлантиришни тўхтатишга чақирди. Бу борадаги очиқ хат матни Future of Life Institute томонидан чоп этилди.

Мактуб муаллифлари сунъий интеллект ишлаб чиқувчиларни OpenAI компаниясининг GPT-4 чатидан кучлироқ тизимларни ривожлантиришни камида 6 ойга тўхтатишга чақиришди.

Мактубни имзолаган экспертлар умумий хавфсизлик протоколлари ўрнатилгунга қадар ишлаб чиқиш жараёнлари тўхтатилиши керак, деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, ривожлантириш жараёнини тезда тўхтатиб бўлмаса, расмийлар «аралашиб, мораторий жорий этиши лозим».

Мактубни имзолаганлар ҳатто «қудратли рақамли онг»ни яратувчилар ҳам уларни бошқара олмайди ва замонавий сунъий интеллект тизимлари одамлар билан рақобатлаша бошлайди, деб ҳисобламоқда.

«Биз аниқлаб олайлик: машиналар бизнинг ахборот каналларимизни ташвиқот ва ёлғон билан тўлдиришига рухсат беришимиз керакми? Биз барча ишларни, жумладан, бизни қаноатлантира оладиган фаолиятни автоматлаштиришимиз шартми? Биз ноинсоний онгни ривожлантиришимиз зарурми? Улар охир-оқибатда сон жиҳатдан биздан ўзиб кетиши, бизни алдаши ва алмаштириши мумкин. Биз цивилизация устидан назоратни йўқотиш хатарига дуч келишимиз керакми?» дейилади мактубда.

Reuters хабарига кўра, OpenAI бош директори Сэм Альтман хатни имзоламаган.

Ўшда ўзбекистонликларга сохта Қирғизистон паспортларини тайёрлаётган аёл қўлга олинди

Ўшда террорчилик фаолиятига алоқадор бўлган Ўзбекистон фуқароларига Қирғизистон паспортини тайёрламоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Аёл қалбаки паспортларини тайёрлаш билан мунтазам шуғулланиб келган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳабарда айтилишича, Ўш вилоятида туғилган Қирғизистон фуқароси Х.У.О., ИШИД халқаро террорчилик ташкилотининг баъзи аъзолари илтимосига кўра, ўз алоқалари орқали террорчилик фаолиятида иштирок этганлик учун қидирувда бўлган ўзбекистонликларга Қирғизистон фуқаросининг қалбаки паспортларини тайёрламоқчи бўлган.

Гумонланувчининг яшаш жойида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Қирғизистон Республикаси фуқаросининг 2 дона паспорти топилди.

“Мазкур ҳолат юзасидан, юқоридаги паспортларнинг тайёрланиши ва берилиши қонунийлигини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўриляпти”, дейилади хабарда.

Қирғиз тадбиркорлари Беларусда ўзларига тегишли 500 автомобиль ушлаб турилганини билдиришди

Арманистоннинг Гюмри божхона масканида навбат кутаётган автомобиллар, 2023 йил 13 марти (иллюстратив сурат)

Йил бошидан буён Қирғизистонга олиб кирилиши лозим бўлган 500 дан зиёд автомобиль Беларусда тутиб турилибди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистонга автомашина олиб кириш билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бири Данияр Салякаев маълум қилган.

Тадбиркорнинг айтишича, Беларусь божхонаси автомобиллар юкланган вагонлар ва автотрейлерларни чегарадан ўтказмаяпти.

“Нима сабабдан тутиб туришганини айтишмаяпти, текширув муддатлари ҳақида ҳам маълумот беришмаяпти. Божхоначилар фақатгина оғзаки тарзда ҳужжатлар текширилаётганини айтишяпти. Бизга машиналар турган тураргоҳлар квитанцияларинигина беришди. Аввал 15 мартда ўтказворишларини айтишувди, энди апрель охирида, дейишяпти. Биз тураргоҳ учун катта пул ёки катта жарима тўлашни талаб қолишса, нима қиламиз, дея хавотирланяпмиз”, деган Салякаев.

Унга кўра, бундай муаммога Қирғизистонга АҚШ ва Европадан машина олиб келаётганлар дуч келишмоқда.

Тадбиркорлар илтимосига кўра, Қозоғистоннинг Минскдаги элчиси Эрмек Ибраимов Беларусь Божхона қўмитаси раиси Владимир Орловский билан учрашган. Дипломат 2022 йилнинг сентябрь ойидан буён Беларусь тарафи қирғизистонликлар томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳудудига олиб кирилаётган машиналарни текширишни бошлаганини маълум қилди. Текширувга ҳужжатларда транспорт воситаларининг қиймати пасайтириб кўрсатилгани сабаб бўлгани айтилган.

Қирғизистонлик тадбиркорлар расмийларни мазкур муаммога эътибор қаратиб, бу масалани ЕОИИ доирасида муҳокама қилишга чақиришган.

Қирғизистонга АҚШ ва Европадан автомобиллар аввалига Литва, кейин эса Беларусь орқали олиб ўтилади.

Қирғизистон ҳам, Беларусь ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўлиб, мазкур иттифоқда товарлар эркин айланиши кўзда тутилган. Қирғизистон расмийлар авваллари ҳам бир неча бор ЕОИИнинг ички бозоридаги (шу жумладан Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасидаги) мавжуд тўсиқлардан шикоят қилишган.

Норвегия ва АҚШ ЕИнинг асосий газ ва нефть таъминотчисига айланди

Польшага АҚШ газини етказиб берган биринчи танкер. Рольша, 2017 йилнинг 8 июни.

Норвегия Европага газ етказиб берувчи асосий таъминотчига айланди, АҚШ эса Европа Иттифоқига газ экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Европа Иттифоқида истеъмол қилинаётган табиий газнинг 31 фоизини Норвегия, 20 фоизини АҚШ етказиб бермоқда.

АҚШ Европа Иттифоқига нефть экспорт қилиш бўйича етакчи бўлган Россиянинг ўрнини босди. 2022 йил декабрида Европа Иттифоқига экспорт қилинган нефтнинг 18 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келди, деб хабар берди Евростат.

Яқин йилларгача Европанинг асосий нефть таъминотчиси бўлган Россиянинг ҳиссаси ўтган йилнинг январида 31 фоиз эди, декабрга келиб эса 4 фоизни ташкил қилди. Бир йил олдин АҚШ Европа нефть бозорининг 13 фоизига эга эди. ЕИга нефть экспорт қилиш бўйича Норвегия иккинчи ўринни эгаллади. Унинг ҳиссаси 17 фоиз.

Россиянинг Украинага босқини ортидан кўпчилик Европа давлатлари Россиядан нефть, табиий газ ва кўмир сотиб олишдан воз кечди. Бундан мақсад Россияни уруш олиб бориш учун керакли бўлган валюта захираларидан маҳрум қилиш эди. Декабрда ЕИ танкерлар орқали ташиладиган Россия нефтини импорт қилишни тақиқлади ва рус нефтининг энг юқори нархини 60 доллардан оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.

Россия ўтган йили нефтни Ҳиндистон ва Хитойга экспорт қилишни сезиларли даражада кўпайтирди. Бу давлатлар Россия нефтини анча арзон нархда сотиб олмоқдалар. Россия Энергетика вазирлигининг билдиришича, Европа тақиқи ортидан 2023 йилда нефть ва газ қазиб олиш озайиши кутилмоқда.

Франция парламенти Голодоморни украин халқининг геноцид қилиниши сифатида тан олди

Украина парламенти Голодоморни 2006 йилда геноцид сифатида эътироф этган.

Франция парламенти Украинада 1932-1933 йилларда юз берган оммавий очлик – Голодоморни геноцид деб тан олди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси сайтида маълум қилинди.

Мазкур резолюция 168 депутат томонидан маъқулланди, икки депутат қарши овоз берди. Резолюцияда Голодомор сунъий равишда уюштирилгани ва асосан деҳқонлардан бўлган тўрт миллион украин ўлгани қайд этилади.

Бундан аввал бу каби резолюцияларни Германия, Молдова, Руминия, Болгария парламентлари ва Ирландия сенати ҳам қабул қилган эди. АҚШ голодоморни геноцид сифатида 2018 йилда тан олган. Ўтган йилнинг декабрида Европа парламенти Голодоморни геноцид деб атади ва Россиянинг украин халқига нисбатан содир этаётган янги жиноятларини қоралади.

Украина ССРда Совет ҳукумати 1932–1933 йилларда ғалла тайёрлаш ва деҳқонлардан барча озиқ-овқат заҳираларини мажбурий равишда мусодара қилиш сиёсатини олиб борган. Бундай сиёсат оқибатида камида 5 миллион киши қурбон бўлгани айтилади. Голодоморда нобуд бўлганлар сони шу кунгача аниқ эмас.

Украина парламенти Голодоморни 2006 йилда геноцид сифатида эътироф этган. Россия ҳукумати бунга қарши чиқиб келмоқда.

Туркияда мухолифат Эрдўғон номзодини сайловдан чиқаришни талаб қилмоқда

Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркиянинг мухолифатдаги учта сиёсий партияси амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон номзодини президент сайловидан чиқариб ташлашни талаб қилишган. Бунга оид мурожаат Олий сайлов комиссиясига IYI, DEVA ва VATAN партиялари томонидан йўлланган. Мухолифат мазкур сайловларда Эрдўғоннинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғлини дастакламоқда.

Мурожаат муаллифлари фикрича, амалдаги президент номзодининг сайловга қўйилиши Туркия конституциясига зиддир, чунки унинг жорий муддати иккинчи муддат бўлиб ҳисобланади. Анқара иддаосича эса, 2017 йилдаги конституциявий референдумдан кейин Эрдўғоннинг президенлик муддати “нолланган”.

Туркияда президент сайлови 14 майга белгиланган. 50 мингдан зиёд киши ўлимига сабаб бўлган яқиндаги зилзилага қарамай, сайлов муддати кечиктирилгани йўқ.

Яна бир ярим ойдан кейин бўлиб ўтажак сайловда энг кўп овозлар Эрдўғон ва Қиличдорўғлига берилиши тахмин қилинмоқда. Ҳар икки номзоднинг сайловолди кампаниясида асосий мавзу зилзила мавзуси бўлади. Мухолифатнинг президент Эрдўғонга асосий эътирози расмийларнинг ер силкиниши оқибатларини олдини олишга яхши ҳозирланмагани ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишдаги камчиликларда акс этган.

Айрим социологлар фикрича, амалдаги президент билан мухолифатнинг ягона номзоди бўлажак сайловда бир-бирига жуда яқин фоиз овоз олишлари мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG