Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:20

"Паспорт бизнеси": Тожик мигрантларидан ким ва қандай пул қилмоқда


Тожикистон паспорти. Иллюстратив сурат
Тожикистон паспорти. Иллюстратив сурат

Россиядан бадарға қилинган тожик мигрантларининг қарийб ярми мамлакатга бошқа исм ва ҳужжат билан қайтган. Ишчилар мамлакатга келишганидан сўнг паспортлари йўқолганини айтиб, янги исм билан қайтадан ҳужжат олмоқда. Айрим мигрантлар ҳатто 3-4 мартадан паспорт алмаштиргани маълум бўлди. Тожик ҳукумати аҳволни жамоатчиликдан яшириб келган.

Озодлик радиосининг тожик хизмати вазият бўйича махсус суриштирув ўтказди.

2021 йил январида Тожикистон фуқароларининг исм-фамилияларини ўзгартириш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати қонун йўли билан уч бараварга қисқартирилган эди.

Тожикистон Адлия вазирлиги статистикасига кўра, 2014 йилдан 2021 йилнинг биринчи ярмигача 235 минг фуқаро ўз исм-фамилиясини алмаштирган. Бунинг учун мулозимлар биргина расмий тўлов тариқасида 31 млн доллардан ортиқ пул олганлар.

Адлия вазири Музаффар Ашуриён вазиятни тожик мулозимлари анъанавий исмлар фойдасига руслаштирилган исм-фамилияларни рад этишаётгани билан изоҳлаган. Расмий қайдларда Тожикистонда давлат мулозимлари сони 19 минг нафарни ташкил қилиши айтилади.

Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги миграция хизмати, ўз навбатида, исм-фамилияларни ўзгартиришнинг авж олиши Россияда ишлаш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тасдиқламоқда. Хизмат вакили Озодлик билан суҳбатда мазкур тенденция тахминан 14 йил муқаддам, Россия ҳукумати тожикларни турли ҳуқуқбузарликлар учун оммавий депортация қилишга киришганидан сўнг бошланганини айтди.

Миграция хизмати маълумотига кўра, 2020 йил охирига қадар 272 мингдан зиёд тожик фуқаролари Россиядан депортация қилинган.

Убайдулло исмини Ғози қўйиб қамоққа тушди

Ҳуқуқбонлар маълумотига кўра, Россиядан бадарға қилинган тожик мигрантларининг салкам ярми паспортини алмаштиргач, Россия Федерациясига қайтиб кетган. Ва бу одамлар Россия ҳудудига ноқонуний киргани учун жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи остида қолмоқда. Фош бўлган тақдирда улар катта жаримага тортилиши, қамалиши ва қайтадан депортация қилиниши мумкин.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида туғилган 35 ёшли Убайдулло Алиназаров давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айблови билан Россия суди томонидан 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 2015 йилда Убайдулло Россия миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган. Тожикистонга қайтгач, дўстларининг маслаҳати билан Ғози Фирузов деган исм-фамилия билан янги паспорт олган ва яна Россияга жўнаган.

“Бу паспорт билан уч йил давомида Россияга бориб-келиб юрдим”, дейди Убайдулло. Мигрант 2019 йилнинг ёзида, РФ ҳудудига яна бир бор ўзгартирилган фамилия билан кирганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан ушланган.

“Ишлаш учун патент олиш чоғида бармоқ изларим орқали менга оид эски маълумотларни аниқлашди. “Убайдулло, нега исмингни алмаштиргансан?” деб саволга тутишди. Аввалига исм-фамилиямни ўзгартирганимни ишонч билан рад этдим, лекин эски паспортим нусхасидаги фотосуратимни кўрсатишганидан сўнг тихирлик қилишдан фойда йўқлигини тушундим”, деб ҳикоясини давом эттиради мигрант.

Убайдулло депортация қилинганидан сўнг ночор аҳволда қолиб, Россияга қайтиш учун бошқа исм-фамилия билан паспорт олишга мажбур бўлганини тушунтиришга уринганини айтади. Уни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322-моддаси (“Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш”) билан 6 ойга қамоққа олишди. Жазо муддатини ўтаб бўлгач эса, 2020 йил январда Убайдулло яна 5 йилга мамлакатдан депортация қилинди.

Озодлик суриштирув чоғида бир неча бор исм-фамилиясини алмаштириб, янги паспорт билан Россияга борган 12 тожик фуқароси билан мулоқотда бўлди. Уларнинг барчаси Россияда ишлаб пул топиш учун, ноиложликдан шундай йўл тутишганини тан олишмоқда.

Ҳуқуқбон Каримжон Ёровга кўра, кўплаб мигрантлар янги ҳужжатлар учун давлат мулозимларига 500 долларгача пора бермоқда. Бинобарин, масъул амалдорларнинг шундан кўраётган коррупцион даромадларининг ўзи тахминан 67.5 млн долларни ташкил қилиши мумкин.

Тожикистон паспортини олиш осонлиги мавзуси Россия ҳарбий разведкаси зобити Анатолий Чепига 2014 йилнинг октябрида тожик паспорти билан Чехияга кирганидан сўнг эътиборга тушган эди. Аммо Тожикистон ИИВ унга паспорт берганини инкор этган.

XS
SM
MD
LG