Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:17

Россия гази учун рублда ҳақ тўлаш нимани англатади?        


Владимир Путин Россия табиий газини импорт қилувчилар тўловни доллар ва еврода эмас, рублда тўлашни талаб қилганидан сўнг Европада газ нархлари яна ошиб кетди.

Associated Press агентлиги газ учун рублда ҳисоб-китобнинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида ёзмоқда.

ПУТИН НИМАНИ ТАКЛИФ ҚИЛМОҚДА?

Европа уйларни иситиш, электр энергияси ва ёқилғи саноати учун катта миқдорда Россия табиий газини импорт қилади. Импорт Украинадаги урушга қарамай давом этмоқда.

Импортнинг 60 фоизга яқини еврода, қолгани эса долларда ҳисоб-китоб қилинади. Путин буни ўзгартирмоқчи ва газ импорт қилувчилардан рубль сотиб олиб, тўловни рублда амалга оширишни талаб қилмоқда.

БУ ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛИШИ МУМКИН?

Импорт қилувчилар евро ва долларни рублга алмаштирадиган банк топишлари керак бўлади. Аммо, бу ҳам осон эмас, негаки Россиянинг баъзи йирик банклари халқаро SWIFT тўлов тизимидан узилган.

Шундай бўлса-да, ҳозирча чекловлар киритилмаган баъзи банклар бор. АҚШ томонидан киритилган банк операцияларини тақиқловчи санкцияларда энергия тўловлари учун истиснолар бор. Бу Россия нефти ва газига қаттиқ боғланган ва газ узилиши оқибатларидан қўрқаётган Европадаги иттифоқчиларга берилган имтиёздир.

Корнел университетининг савдо сиёсати профессори ва Халқаро валюта жамғармасининг собиқ амалдори Эсвар Прасад, Россиянинг газ учун ўз валютасида тўлаш талаби молиявий санкциялардан қутулиш, рубль қийматини ошириш ва Россия иқтисодиётини ҳимоя қилишда бироз ёрдам беради.

"Хорижий импортчиларга Россия гази учун тўловни қиймати паст валютада тўлаш арзонроқ тушади, аммо рублни қўлга киритиш ва санкциялардан айланиб ўтган ҳолда тўловларни амалга ошириш қийин".

ЕВРОПАДА ПУТИН ТАЛАБИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ?

Европа ҳукуматлари ва энергетика компаниялари бу талабни рад этиб, газ импорти бўйича шартномаларда тўлов валютаси кўрсатилганини ва бир томон уни бир кечада ўзгартира олмаслигини айтмоқда. Улар тўловни евро ва долларда давом эттириш ниятида эканликларини билдирди.

Япония, АҚШ ва Канада, Германия, Франция, Италия ва Британиядан иборат катта еттилик (G7) Москванинг талабини рад этишга келишиб олди. G7 баёнотида айтилишича, Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари ҳам бу талабни рад этди.

Германия вице-канцлери Роберт Хабек душанба куни журналистларга "Барча G7 вазирлари бундай қадам "бир томонлама ва мавжуд шартномаларни аниқ бузиш" эканлигини таъкидлади", деди.

ПУТИННИНГ МАҚСАДИ НИМА?

Назарий жиҳатдан, рубль тўловларини талаб қилиш валютага бўлган талабни ва унинг курсини қўллаб-қувватлаши мумкин. Маълум бўлишича, "Газпром" ўзининг хорижий даромадларини алмаштирганда, евро ва доллардан рубль сотиб олиш учун фойдаланилмоқда.

Рубль можароси табиий газ таъминотидаги узилишларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди. Бу узоқ муддатли энергия шартномаларига риоя қилмаслик айбловлари Россия устидан иш очилишига сабаб бўлиши мумкин.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни бўлиб ўтган конференцияда Россия Европага газ етказиб беришни тўхтата оладими, деган саволга, “Биз газни текин етказиб бермаслигимиз аниқ”, дея жавоб берди.

“Бизнинг вазиятимизда Европага хайрия қилиш ниятимиз йўқ”, деди Песков.

БУ ХАВФ ҚАНЧАЛИК ҲАҚИҚАТГА ЯҚИН?

Россия талабидан кейин Германиянинг коммунал хизматлар ассоциацияси BDEW ҳукуматни кучли энергия танқислиги ҳақида "олдиндан огоҳлантириш" эълон қилишга ундади.

Бу Европа Иттифоқи ва Германия қонунчилигидаги энергия билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларнинг учта босқичидан биринчиси. Энг юқори фавқулодда босқичда ҳукумат уй хўжаликларини таъминлаш учун саноатни газдан узиб қўйиши керак.

Германия ҳукумати бундай қарор қабул қилишга эҳтиёж сезмаяпти, деди душанба куни матбуот котиби.

"Путин рубль талаб қилиши мумкин, аммо шартномалар аниқ", деди Нью-Йоркдаги “High Frequency Economics” компанияси бош иқтисодчиси ва бошқарувчи директори Карл Вайнберг. “Рублда тўлов қилишга мажбурлашнинг ягона йўли маҳсулот етказиб беришни тўхтатиш, аммо бундай бўлиши мумкин эмас: Россия қудуқларни беркитмасдан нефть ва газнинг чиқишини тўхтатиб туролмайди ва агар етказиб бериш тўхтаб қолса, сақлаш сиғими жуда тез тўлади ”.

"Россия маҳсулот жўнатишни тўхтата олмайди, бироқ Германия ва Европа Иттифоқи уни сотиб олишни тўхтатиши мумкин"

НЕГА ЭНЕРГИЯ УРУШДА МУҲИМ ОМИЛ?

Европа иқтисодиёти газ импортининг 40% ва нефтнинг 25% учун Россияга қаттиқ боғланганича қолмоқда.

АҚШ ва Буюк Британия Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишини маълум қилди. Европа раҳбарлари Россия нефть ва газини тўлиқ бойкот қилишдан ўзини тийиб турибди. Улар келгуси бир неча йил ичида табиатни муҳофаза қилиш ва имкон қадар тезроқ шамол ва қуёш энергиясига ўтиш орқали импортни камайтиришга эътибор қаратмоқда.

XS
SM
MD
LG