Линклар

Шошилинч хабар
02 октябр 2022, Тошкент вақти: 01:30

Суриштирув: Санкцияга тушмаган "Газпромбанк" Украинадаги урушни молиялаштирмоқда


Озодлик радиоси украин хизмати рус ҳарбийлари ҳалигача Ғарбнинг санкцияларига учрамаган, мамлакатнинг энг йирик банкларидан бири орқали маош олаётганига оид далилларни қўлга киритган.

10 июнь куни Албина Абаева ВКонтакте ижтимоий тармоғида “Газпромдан ойлик келди”, дея рус тилида қисқа пост қолдирди.

Контекстдан маъно аниқ: Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашаётган эри, иш ҳақини олган ва "Газпромбанк" орқали жўнатган.

Давлат томонидан назорат қилинадиган табиий газ монополияси “Газпром”га тегишли банк Россияда Сбербанк ва ВТБдан кейин учинчи ўринда туради. "Газпромбанк" Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатларнинг қаттиқ санкцияларига учрамаган ягона банк саналади

Озодлик радиоси Украина хизмати ва "Схемалар" лойиҳасининг янги суриштирувида Украинага юборилган россиялик аскар ва хавфсизлик кучларининг катта қисми "Газпромбанк" орқали мунтазам маош ва мукофот олганини кўрсатувчи кўплаб далилларни тақдим этди.

Абаева телефон суҳбатида эрининг иш ҳақи ва ҳарбий тўловларни Газпромбанк орқали олганини тасдиқлади. Кейинчалик у ижтимоий тармоқдаги исмини ўзгартирди.

Яна бир аскарнинг рафиқаси Людмила Решетникова ҳам “ВКонтакте”да тўлов "Газпромбанк" орқали келганини хабар қилган. Ўз саҳифасида у эрини Александр Решетников деб кўрсатиб, у урушда эканлигини айтган. 2020 йилдан бошлаб унинг эри Россия армиясида радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя бригадасида хизмат қилиб келмоқда.

"Газпромбанк"нинг Қозондаги филиали. 30 май, 2022
"Газпромбанк"нинг Қозондаги филиали. 30 май, 2022

Россия ҳарбий хизматчилари ёки россиялик аскарларнинг қанча қисми "Газпромбанк" орқали тўлов олаётгани аниқ эмас. Сбербанк ва ВТБ билан бирга яна бир қанча банкларга ҳарбий тўловлар билан ишлашга рухсат берилган.

Агар Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи "Газпромбанк"ка нисбатан қаттиқ санкциялар қўлласа, бу тўловлар узилиб қоладими ёки йўқ, аниқ айтиш қийин. ВТБ ва Сбербанк каби санкцияга учраган банкларнинг доллар ва евродаги операциялари музлатиб қўйилган ва SWIFT глобал тизимидан узилган бўлса-да, Россия ўз тизимига эга ва ички рубль операцияларига Ғарб давлатлари Россияга нисбатан жорий қилган санкциялар умуман таъсир қилмайди.

Санкциялар "рублдаги ички тўловларга таъсир қилиши даргумон. Бундай тўловлар, одатда, АҚШ санкциялари доирасидан ташқарида бўлади", дейди Браян О'тул, АҚШ Ғазначилик департаментининг собиқ катта маслаҳатчиси.

Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқини истисноларсиз барча Россия банкларига нисбатан энг қаттиқ санкцияларни қўллашга чақирди.

“Бу биринчи навбатда Россия Федерациясининг Европага қарши сиёсатини молиялаштирувчи асосий ҳамёнларидан бири бўлган "Газпромбанк"ка тааллуқлидир. Албатта, ўз манфаати учун Европа Иттифоқи тезроқ ишлаши керак. Россия энергия ресурсларидан бутунлай воз кечиш керак”, деди Зеленский 11 июнь куни.

"Схемалар" лойиҳасининг "Газпромбанк"ка Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлиги бўйича изоҳ бериш сўрови жавобсиз қолди.

Бельгияда жойлашган Bruegel таҳлил марказининг катта илмий ходими Симоне Таглиапиетра июнь ойи бошида NBC News телеканалига берган интервьюсида "Газпромбанк"ка нисбатан санкциялар Россия газига нисбатан эмбаргога тенг бўлади, бироқ бу ҳозир муҳокамада эмас", деган эди.

Европа Иттифоқида бўлмаган ва бошқа Европа давлатларига қараганда Россиянинг энергиясига камроқ боғланган Британия "Газпромбанк"ка нисбатан қаттиқ санкциялар киритди.

Россиянинг бошқа банклари ҳам Украинада жанг қилаётган аскарларга маош тўлашда фойдаланилаётган бўлса-да, Киев "Газпромбанк"нинг санкциялардан қочиши уни янада кучлироқ ва молиявий жиҳатдан мустаҳкам қилиб қўяётганидан хавотирда.

Май ойида Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси Россия космик агентлиги Роскосмос "Газпромбанк" орқали халқаро ҳисоб-китобларни фаоллаштирганини маълум қилганди.

Айни пайтда, суриштирув доирасида тўпланган далиллар шуни кўрсатадики, 2016 йилда юлдузли ва "Россия армияси" сўзлари туширилган карталар чиқарган "Газпромбанк" ҳарбийлар билан иш ҳақи ва бонусларни тўлашдан ташқари чуқур алоқага эга.

"Газпромбанк" Россия кучлари томонидан Украинага ҳужум қилишда фойдаланилган ҳарбий техника учун тўловлар канали сифатида ҳам фойдаланилиш эҳтимоли йўқ эмас.

Украина ҳарбий разведка бошқармаси апрель ойида Россиянинг жангларда қатнашаётган 47‑гвардия танк дивизияси учун сотиб олинган ҳарбий техника учун тўловлар иккита банк орқали амалга оширилганини, улардан бири "Газпромбанк" эканини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG