Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:08

Москва яқинидаги "Вагнер" қабристони: Озодлик Украинада ўлган яна беш ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқлади


Москва вилоятидаги "вагнерчи"лар қабристони.
Москва вилоятидаги "вагнерчи"лар қабристони.

Озодлик Москва вилоятида бир нечта марказий осиёлик муҳожир кўмилган “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига тегишли қабристонни топди. Дафн этилган муҳожирларнинг барчаси "Вагнер"га Россия қамоқхоналаридан ёлланган. Уларнинг орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Аввалроқ Озодлик Украина урушида ўлган камида уч нафар ўзбекистонлик жасади оилаларига қайтарилганини тасдиқлаганди.

Москва вилоятидаги "Вагнер" қабристони

Шчёлково тумани Маврино қишлоғидаги қабристонда пайдо бўлган янги қабрлар устида“Вагнер” компанияси тамғаси босилган байроқ ва тасмалар ҳилпирамоқда.

Кўмилганларнинг ҳаммаси эркаклар экани, ҳар бир қабр устида ўрнатилган тахтачада уларнинг исми шарифлари ёзилган. Тахтачалардан эркаклар 2022 йилнинг октябр ойидан 2023 йилнинг январи оралиғида ўлганини кўриш мумкин.

Вагнерга асосан қамоқхоналардан жангчилар ёлланган.
Вагнерга асосан қамоқхоналардан жангчилар ёлланган.

Хоч эмблемали тасмалар остида ётганларнинг айримлари марказий осиёликлар эканига шубҳа қолмайди.

Маврино қабристонида ётганлар қаторида бундай исмларни учратиш мумкин:

Саидов Муродбег Султонбегович (05.04.1986 – 27.11.2022);

Айдралиев Аманс(27.08.1982-24.10.2022)

Джанибеков Боходир Буранович (19.08.1977-11.01.2023);

Гуламжанов Адахамжон Улукманжанович (16.09.1994-19.11.2022);

Авазов Эркин Садинович (20.12.1967-01.12.2022);

Юсупов Шухрат Адилжанович (07.04.1978-23.12.2022).

Озодлик улардан айримларининг шахсини тасдиқлашга муваффақ бўлди.

46 ёшда бўлган Боҳодир Жонибеков асли Жиззахнинг Пахтакоридан. Озодлик унинг Екатеринбургда яшаб, ишлаганини тасдиқлади.

Гуламжанов Адаҳамжон эса Қирғизистондан. 2019 йилда қамоққа олинишидан олдин Владимир шаҳрида яшагани маълум.

2019 йилнинг февраль ойида Владимир вилоят суди ва кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сотишда айбдор деб топиб, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддасига мувофиқ Ғуламжоновни қатъий режимли ахлоқ тузатиш колониясида ўташ билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Унинг шериги экани айтилган ўзбекистонлик Нишанова У.О. эса 11 йилга маҳкум этилган.

Яна бир қирғизистонлик Аман Жекшенович Айдралиев 2020 йилнинг июнь ойида бировга оғир тан жароҳати етказгани учун Калуга вилояти Людиновский туман коллегиал суди қарори билан узоқ муддатга қамалган.

Тожикистонлик 37 яшар Саидов Муродбек эса 2020 йилнинг ўрталаридан Россия қамоғида сақлангани ва 2022 йилнинг ноябр охирида ўлгани маълум.

Қабристонда ётганлардан яна бири – 45 яшар Шуҳрат Юсупов хитойлик тадбиркорни талон-торож қилганликда айбдор деб топилиб, 2022 июл ойида Сахалин вилояти Анивский туман суди қарорига кўра қамоққа ташланган. Вагнерга ёлланган Шуҳрат 2022 йилнинг 23 декабрида ўлгани қайд этилган.

Маврино қишлоғи қабристонига борган маҳаллийлар билан суҳбатдан бу жой ўзларини ҳарбий деб атаётган, аммо фуқаро кийимидаги шахслар томонидан қўриқланаётгани маълум бўлди. Уларнинг Озодликка айтишларича, видео ёки фотосуратга олаётган ҳар бир кимсани тўхтатиб текширилмоқда. Улар суратга олгани сабабларини аниқлаб, шахсий маълумотларини ёзиб олаётгани аниқланди.

Россия бўйлаб қабристонлар кўпаймоқда

Москва вилоятининг Шчёлково тумани яшовчиси Анна Соколова маҳаллий қабристонда 22та "вагнерчи" кўмилгани тўғрисида маълумотни биринчи бўлиб эълон қилганди. У келтирган рўйхатда айрим қабрларда хоч қўйилмагани, улар мусулмон экани тўғрисида ёзди.

Россия расмийлари ва Мудофаа вазирлиги ўз Қуролли Кучларининг Украинадаги йўқотишларини "арзимас" ёки "умуман йўқ" дея тақдим этаётган бўлса-да, тармоқларда ва ОАВда мамлакатнинг турли минтақаларида «вагнерчилар» қабрлари кўпайиб бораётгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Маълумки, Россия қамоқхоналаридан жумладан ўзбек, тожик ва қирғиз ватандошлари ҳам урушга оммавий тарзда ёлланмоқда.

Олдинроқ The New York Times Россиянинг Украинага чегарадош Кубан минтақасидаги “Вагнер” ширкатига тегишли қабристоннинг сунъий йўлдош ёрдамида олган суратларини эълон қилганди. Асосан ёлланма аскарлар кўмилган Краснодар ўлкаси Бакинский станицасидаги қабристон охирги икки ойда 7 баробарга кенгайгани қайд этилган. Maxar ўтган ой эълон қилган суратлардан қабрлар сони 170 тага ошганини кўриш мумкин. Вазиятдан хабардор манбалар нобуд бўлган босқинчиларнинг ҳаммаси ҳам кўмилмаётгани – кўплари крематорийларда ёқиб юборилаётганини айтмоқда.

Анатолий Штефан ўз саҳифасига қўйган 9 сонияли роликда Россиянинг яна бир ўлкасида экскаватор “вагнерчилар” қабрларини қазиётганини хабар қилди.

Луганскдаги қабрлардан биридаги тахтачада “Хаджиев Максадбег Маткурбонович, 23.09.1994 – 15.09.2022” деган ёзув бор.

Озодлик олган маълумотларга кўра, Иваново шаҳрида бўёқчи бўлиб ишлаган хоразмлик Мақсадбек Ҳожиев 130,5 грамм героин моддасини сотишда гумонланиб, ҳибсга олинган. Илгари судланмаган ва икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Ҳожиев 2022 йил бошларида узоқ муддатга қаттиқ режимли колонияга маҳкум этилган. Икки йил ўтиб, унинг Украина урушига қандай бориб қолгани ва қандай ўлим топгани тафсилотлари номаълум.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Ольга Романовага кўра, 2023 йил январ ҳолатига кўра, Вагнер ХҲК раҳбари Пригожин қамоқхона ва колонияларда ёллаган 50 мингдан ортиқ маҳбуслардан 10 минги фронтда жанг қилмоқда, 40 минг киши эса ё ўлдирилган ёки яралангани ё-да бедарак кетган. Улардан айримлари ташлаб кетилган ва таслим бўлган бўлиши мумкин.

Ҳозирча Ўзбекистон расмий идоралари Россия ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбекистонликлар тақдири билан қизиқаётгани тўғрисида бирор маълумот йўқ.

Озодлик бу борадаги саволлар билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига боғланди. Вазирлик Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик сўровига жавобан бу масалада "ваколати йўқлиги"ни айтди.

Унинг сўзларига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қамоқхонага киролмайди, бунга ваколати йўқ.

"Россияда 1 млн дан кўп одамимиз бор, уларнинг ҳар бирини бу хатардан ҳимоя қилишнинг жисмонан имкони йўқ, лекин кимнидир мажбурий олиб кетибди, деган маълумотимиз ҳам йўқ. Урушга даъватлар таъсирига айрим юртдошларнинг тушиб қолаётгани жуда ачинарли, албатта. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги «Груз-200»ни қайтариш учун, мавжуд қонунчиликка кўра, унинг меҳнат мигранти эканини тасдиқловчи бирор ҳужжати бўлиши керак", деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили.

Идора расмийлари меҳнат муҳожирларини урушга бормаслик ҳақида мигрантларни огоҳлантириб, бунинг оқибатларини тушунтиришга уринаётганини билдиришди.

Озодлик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа расмий идоранинг рус қамоқхоналаридаги маҳбуслар масаласи билан шуғулланаётгани тўғрисида маълумотга эга эмас.

Аввалроқ Озодлик Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинанинг жанг майдонида ўлгани айтилган икки ўзбекнинг жасади келтирилгани ҳақида ёзганди.

Шу кунларда Озодлик яна икки наманганлик йигит Украинанинг Макеевка қўрғонида йўқолгани тўғрисида хабар олди.

Бу йигитлардан бири Ҳамрохўжаев Мавлонжон Мамажон ўғли, 1992 йилда Наманган вилояти, Косонсой шаҳрида туғилган.

Ҳамрохўжаев Мавлонжон
Ҳамрохўжаев Мавлонжон

Мавлонжоннинг Пенза қамоқхонасида "Вагнер"га ёллангани ва шу кунларда дараксиз кетгани хабари келгани тўғрисида унинг холаваччаси, блогер ва жамоатчилик фаоли Умид Муйдинов Озодликка сўзлаб берди:

- Менинг бу қариндошим 1992 йилда Косонсойда туғилган. Бобоси ва момоси қўлида тарбияланган, чунки ёшлигида уни отаси ташлаб кетган. Яхши тарбия кўрган бола эди. 2011 йилда уни отаси Россияга олиб кетади. Шу пайтдан бошлаб у ёмон болларга қўшилади, тарбияси бузилади. Отасидан ҳам кетиб у Москвага келади ва спайс ва бошқа наркотиклар билан шуғулланган, ўхшайди. 2014-15 йилларда у 8 йилдан ортиқ муддатга қамоққа тушади. У мана 2023-24 йилда озодликка чиқиши керак эди, аммо сентябр ойида у Украина фронтида экани аниқланди. “Мен ярим йилга контракт имзоладим, яқинда қайтаман”, деди у. Уни Вагнерга Пензадаги қамоқхонада ёллашибди. Бир неча кун олдин Ўзбекистондаги қариндошлар қўнғироқ қилиб, уни фронтда ҳалок бўлганини хабар қилишди. У билан бирга қамоқдан кетган Икром деган косонсойлик йигит ҳам ҳалок бўлибди.

Озодлик Украинада ўлган иккинчи косонсойликнинг исми-шарифини ҳам тасдиқлади. Умид Муйдинов укаси Мавлонжоннинг ўлиги тўғрисида ҳозирча расмий тасдиқ олмаганини айтиб, у ярадор бўлгани ёки асирга тушганини ҳам инкор этмади.

Россия қамоғидан Украинадаги урушга - Самарқандга икки йигитнинг тобути келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:04 0:00

Вазиятни кузатиб бораётган суҳбатдош марказий осиёлик муҳожирларнинг аксар қисми ихтиёрий равишда ёлланаётгани - кимдир Россия ватандошлигини олиш, бошқаси қамоқдан тезроқ озод бўлиш, қолганлари эса мўмай даромад олиш мақсадида Вагнер ва бошқа ҳарбий компаниялар билан шартнома имзолаётганини айтади.

- Биз унинг қаерда эканини, на ўлик на тириклигини биламиз. Ўзбек консуллигига мурожаат қилиш бефойда - улар билмайди, қизиқмайди ҳам. Бу мавзу билан шуғулланаётган фаол сифатида урушга ёлланиб кетаётган ўзбек-тожик болларидан бирортаси тирик қайтгани ёки амнистия қилинганини эшитмаганман. Уларнинг қариндошлари ҳам улар урушга кетганидан кўпинча бехабар. Улар сонига оид маълумот ҳам йўқ.

Умид Мўйдиновнинг айтишича, "Вагнер"га ёлланиб, Украинада ўлган ўзбекларнинг яқинлари ДХХ босимидан қўрқиб, улардан юз ўгиряпти.

"ДХХ билан муаммолар бўлишидан чўчияпти, ҳатто ўликларини олиб кетмаяпти. Бу йигитлар яқинларига мурожаатим: уларни ташлаб қўйманг, воз кечманг, қамоқда бўлса урушга бормасликка ишонтиринг", дейди фаол.

Форум

XS
SM
MD
LG