Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:19

"Охирги 80 йилдаги энг йирик табиий офат". Қозоғистон ва Россияда сув тошқинлари


Қулсари шаҳри, Атирау вилояти. Қозоғистон, 10 апрель, 2024.
Қулсари шаҳри, Атирау вилояти. Қозоғистон, 10 апрель, 2024.

Қозоғистон сўнгги бир неча ўн йилликдаги энг кучли сув тошқинини бошдан кечирмоқда. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 6 апрель куни мамлакатда охирги 80 йил ичида энг кучли сув тошқини кузатилаётгани, 10 та вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирди.

12 апрель куни Қозоғистонда кучли ёмғир ёққан. Бу эса тошқинлар хавфини янада кучайтирган.

Расмий хабарга кўра, тошқинлар апрелнинг иккинчи ўн кунлигида ҳам давом этиб, Ёйиқ ва Сақмар дарёлари тошиши хавфи бор. Ҳозирда Сақмар дарёсининг сатҳи кўтарила бошлаган. Ёйиқ дарёси сув сатҳи ҳам хавфли даражага яқинлашиб қолган.

Айни пайтда Шимолий Қозоғистонда тошқин билан боғлиқ вазият оғир дея баҳоланмоқда: катта сув оқими Петропавловск томонга келяпти, яна 219 та аҳоли маскани сув босиш зонасида қолаётир, айрим қишлоқларда муз палахсалари электр симларини узиб юборган. Бу орада эса Сергеев сув омбори 170 фоизга тўлгани хабар қилинмоқда.

Одамлар энг қимматли ва зарур нарсаларни олиб қариндошлариникига ёки маҳаллий ётоқхонада ташкил қилинган эвакуация пунктига йўл олишмоқда.

Қозоқлар Жабай деб атайдиган Урал дарёсида сув сатҳи кўтарилар экан, қутқарувчилар уйларни муҳофазалаш чораларини кўрмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача сув тошқини оқибатида Қозоғистондаги 60 дан зиёд аҳоли пункти ташқи дунёдан узилиб қолган, қариялар, аёллар ва болалар дохил 100 минг чоғли одам табиий офат ҳудудидан эвакуация қилинган. Тошқин туфайли мамлакатнинг 17 вилоятидан 10 тасида маҳаллий миқёсда фавқулодда вазият тартиби амал қилмоқда.

Тошқин Россиянинг Оренбург, Курган, Самара, Саратов, Ульяновск вилоятлари, Бошқирдистон, Мордовия ва Татаристон республикаларида уйлар, йўл ва бошқа инфратузилма объектларига шикаст етказган.

Табиий офат туфайли юзага келган энг мураккаб вазият Оренбург вилоятида қайд этилган. Бу вилоятда федерал аҳамиятдаги фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинган.

Сув остида қолган Оренбург

11 апрель тонгига келиб Оренбургдаги Урал дарёсида сув сатҳи 10 метру 60 сантиметрга кўтарилган, бу эса хавф даражасидан 1 метру 30 сантиметрга юқоридир.

Оренбург вилояти маъмурияти сув ҳажми кўпайишда давом этаётганини билдирган.

Оренбург вилоятида жойлашган Орск шаҳри кўчалари шу кунда кўпроқ канал ва дарёларни эслатади
Оренбург вилоятида жойлашган Орск шаҳри кўчалари шу кунда кўпроқ канал ва дарёларни эслатади

Вазиятнинг мураккаблашиб кетишига 5 апрель куни Орскдаги тўғоннинг ёрилиб кетгани сабаб бўлган. Кейинги уч кун ичида тўғон яна еридан ўпирилиш кузатилган.

Оренбургдаги сув тошқини оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлган. Айни пайтда ҳудудда қарийб 12 минг тураржой, 15 мингга яқин ҳовли жой ва қабристон сув остида қолган.

Табиий офатдан жабрланган ҳудудлардан 7800 киши эвакуация қилинган, улардан қарийб 1500 минг нафари вақтинча жойлаштириш пунктларида қолмоқда.

Орск тўғони ëрилганидан бир неча кун ўтиб маҳаллий аҳоли зарар кўрганларга компенсация тўланишини талаб қилиб намойишга чиққан. Улар эвакуацияни ўз вақтида эълон қилмаган расмийларга норозилик билдиришган.

Оренбург вилоят прокуратураси норозиларни намойишнинг ноқонунийлиги тўғрисида огоҳлантирган. Полиция намойишчиларни тарқатишга уринган, бироқ аҳоли кўрган талафоти учун тўлов миқдори оширилиши ва тўғон ëрилишида айбдор бўлган мансабдор шахсларга жазо берилишини талаб қилишда давом этган.

Оренбург аэропорти яқинидаги сув босган уйлар
Оренбург аэропорти яқинидаги сув босган уйлар

Маҳаллий аҳоли вакиллари фикрича, агар расмийлар табиий офат кўлами ҳақида одамларни олдиндан огоҳлантирганларида, кўрилган талафот кўлами бу қадар кенг бўлмаслиги мумкин эди.

Тўғон ўпирилиши ҳақида охирга қадар бехабар қолдик, мен эрталаб тўғонга боргандим – сув қанча кўтарилганини кўриш учун. Энг юқоригача икки метр қолганди, лекин сув сатҳи ҳамма жойда ҳар хил эди. Оқшом соат еттиларда болаларни ҳам олиб бордим, биз трассага чиқиб, тўғонга сув келишини томоша қилдик – ўпириладиганга сира ўхшамасди. Бир пайт махсус хизматлар етиб келди, тўғон устида одамлар тўпланишди. Ҳеч нимани тушуна олмадим, лекин қарасам, улар ҳар ёққа югургилаб қолишибди. Юрагимга ваҳима кирди, уч ёш болам бор ахир, эрим ишда, ёлғиз ўзим. Нима қилишни билмай қолдим. Яхшиямки машинамиз бор: болаларни ўтқизиб, дарҳол вокзалга ҳайдадим ва онамникига олиб келдим. Сўнгра, қош қорайганда қайтиб, уйдан қўлга илинган нарсаларни олдим, чунки қанча вақтим борлигини умуман билмасдим. Энг асосийси, ҳужжатларни унутмадим. Яхши қилган эканман, ҳозир аҳвол чатоқ: билсангиз, уйимизни томига қадар сув босган”, деди Орск турғуни Александра.

Тўғон ëрилиши натижасида Орскнинг Эски шаҳар қисмида минглаб уйларни сув босган. Расмийлар маҳаллий аҳоли тўғон ëрилишидан бир неча соат олдин огоҳлантирилганини айтмоқда.

Орск шаҳрида шу кунда қайиқлар асосий транспорт воситасига айланган
Орск шаҳрида шу кунда қайиқлар асосий транспорт воситасига айланган

Хабарга кўра, айни пайтгача Оренбург вилоятига Россиянинг бошқа ҳудудларидан 700 тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами етказилган. Тошқиндан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси сув, озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари учун навбатда турибди – уларга эҳтиёж моллари паспорт асосида тарқатилмоқда.

Оренбург расмийлари тахминига кўра, яқин суткалар ичида Уралда сув сатҳи кўтарилиб бораверади. Бунинг натижасида яна 3,5 минг уй сув остида қолиши мумкин. Тошқин федерал автойўлларга ҳам шикаст етказиши хавфи бор. Бу йўлларда ҳозирча транспорт ҳаракати тўхтатилган эмас.

“Янги Қозоғистон” дегани шуми?”

Табиий офат туфайли Қозоғистоннинг қатор вилоятларида ҳам фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган. Расмийлар баҳорги тошқин ҳали ўзининг юқори чўққисига етгани йўқлигини урғулашмоқда. Бу миллионлаб одам муҳтамал офат бўлгасида қолиши мумкинлигини англатади.

Тошқиндан зарар кўрган Кулсаридаги уйлар
Тошқиндан зарар кўрган Кулсаридаги уйлар

Сув босган қишлоқларда яшовчи аҳоли “Нима қилмоқ керак?” деган савол устида бош қотираркан, ҳукуматдагилар “Ким айбдор?” деган саволга жавоб беришга уринишмоқда.

Тошқин бўйича профилактик чоралар кўрмаган мулозимлар рўйхати аллақачон аниқланган. Бироқ Қозоғистон экология ва табиий захиралар вазири кимлар алоҳида жавобгарликка тортилиши лозимлигига эътибор қаратди.

"15 мартдан шу кунгача “Қазгидромет” маҳаллий ва марказий давлат органларига қаратилган 100 дан зиёд огоҳлантирув ёйинлади. Бироқ ҳокимиятлар бу прогнозларга етарли даражада эътибор беришмади, бу эса бўлажак тошқин хавфини реал баҳолашга халақит берди ва ўз вақтида превентив чоралар кўришга имкон бермади”, деди экология вазири Ерлан Нисанбаев.

Ақтўбе вилоятининг Берсиев қишлоғидаги уйлардан бири тошқиндан сўнг, 2024 йил 11 апрели
Ақтўбе вилоятининг Берсиев қишлоғидаги уйлардан бири тошқиндан сўнг, 2024 йил 11 апрели

Бўлар иш бўлиб ўтганидан кейин Қозоғистонда баҳорги тошқинга қарши, аввал айтилганидек, 15 миллион доллар эмас, бундан 2,5 баравар кам маблағ ажратилгани маълум бўлди. Харажат қисқарганини энг аввало сув остида қолган ҳудудлар аҳолиси ўз гарданида ҳис қилди — минглаб одам уй-жойидан, чорвасидан, мол-мулкидан айрилди ва уларни энди қутқариб бўлмайди. Агар олдинлари тошқин Қозоғистоннинг ғарбий ва марказий ҳудудларида кўп кузатилган бўлса, эндиликда эриган сув мамлакатнинг шимолий ҳудудларига ҳам етиб борди.

Баҳорги сув тошқинлари қозоғистонликлар биринчи марта кўриб турган офат эмас. Бу мавсумда мамлакатнинг турли ҳудудларида қишлоқларни сув босиши анъанага айланиб улгурган. Бунинг маҳаллий амалдорларнинг эътиборсизлиги, қорнинг аномал даражада кўп ёғиши каби бир қанча сабаблари бор. Ҳар сафар одамлар баҳорги тошқиндан сўнг ўз уйларини қайта тиклашга мажбур бўлишади, бироқ бу ҳолат кейинги йил баҳоригача давом этади. Сиёсатшунос Санжар Бокаев бундай амалиётдан воз кечишни таклиф қилмоқда.

“Бу уйлар аввал ҳам тикланган ва улар яна сув остида қолди. Шундай экан, бу ишдан воз кечиш керак. Биз хавф-хатарни аниқ баҳолаб, келажакда бу қишлоқларни барибир сув босишини билар эканмиз, бу уйларни ўша жойнинг ўзида қайта тикламаслигимиз керак. Ахир қор кўп ёққани ҳаммага аён эди, бу сув бир зумда йўқ ердан пайдо бўлиб қолмади-ку. Шунчаки, буни олдиндан тахмин қилиш лозим эди”, деди Санжар Бокаев.

Қўстанай шаҳридаги йўллардан бири, 2024 йил 10 апрели
Қўстанай шаҳридаги йўллардан бири, 2024 йил 10 апрели

Бокаевга кўра, кўплаб муҳандислик коммуникацияларига эга бўлган катта шаҳарлардан кўра қишлоқларни бошқа жойга кўчириш осонроқ. Бироқ бу “оламшумул ғоялар” ҳали ҳам ғоялигича турибди, амалий ишга ўтилгани йўқ. Қозоғистонликлар мавжуд шароитда муқаррар бўлган табиий офат учун ҳукуматни тобора кўпроқ танқид қилишмоқда. Мулозимлар ҳам буни билишяпти ва “ҳадларидан ошган”ларни жазолашга ваъда беришмоқда.

“Вазият ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиняпти, воқеа жойидан реал хабарларгина эмас, провокацион ва ёлғон маълумотлар ҳам тарқатилмоқда. Айрим фуқаролар маълумотнинг ёлғон-ростлигини аниқлаб ўтирмасдан тарқатиб юборишяпти, бу эса шундоқ ҳам иш шароити ва графиги оғир бўлган ФВ хизматларининг ўринсиз овора қилинишига сабаб бўляпти. Бу техник воситалар танқис бўлиб турган шароитда самарали иш олиб борилишига катта зарар бермоқда”, деб ёзган Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Аида Балаева.

Табиий офат туфайли юзага келган вазият аввалгиларидан оғирроқ эканини Қозоғистон президенти ҳам эътироф этган.

“Қор тез эриши натижасида пайдо бўлган баҳорги тошқинлар туфайли оғир вазият юзага келгани муносабати билан Сизларга мурожаат қилмоқдаман. Мамлакатимизда табиий офат юз берди, кўп йиллардан бери бунақаси бўлмаган эди. Кўлами ва оқибатларига кўра бу сўнгги 80 йилдан зиёд даврдаги энг улкан фалокат бўлса ажаб эмас”, деган президент Тоқаев.

Қўстанай шаҳридаги сув босган уйлар, 2024 йил 9 апрели
Қўстанай шаҳридаги сув босган уйлар, 2024 йил 9 апрели

Айни пайтда тошқин туфайли уй-жойларидан маҳрум бўлган минглаб одам ўзлари рўбарў бўлган сарсон-саргардончилик қачон тугаши ҳақида республика ва маҳаллий расмийлардан жавоб кутишмоқда. Бу жавоб кечиккани сари қозоғистонликларнинг тоқати тоқ бўлиб, улар орасида ҳукуматни танқид қилиш кучайиб боряпти. Ана шундай танқидчилардан бири сув босган Кулсари шаҳрида яшовчи Мухит Изтургановдир.

“Янги Қозоғистон, Янги Қозоғистон” деяверишади. “Янги Қозоғистон” дегани шуми? Қаерда ўша “Янги Қозоғистон”? Эски вазирларни у ёқдан олиб бу ёққа қўйишади, бунисини бошқасига алмаштиришади. Нима ўзгаряпти? Ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ. Ҳокимиятлар дрон учириб, клип суратга олиш билангина банд, улар бундан бошқа ҳеч нарсага тайёр бўлишган эмас”, деди Изтурганов.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 10 апрель куни тарқатилган маълумотга кўра, тошқин сабабли мамлакат бўйлаб 96 минг 400 киши эвакуация қилинган. Табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун эса 24 мингдан зиёд одам жалб этилган.

Форум

XS
SM
MD
LG